Умуман, профессионаллар ҳам ўз формаларидаги рақамга асло бефарқ қарамайдилар. Айримлар ҳаттоки, шартнома тузишдан олдин қайси рақам остида ўйнашлари ҳақида клуб раҳбарияти олдига талаб ҳам қўйишади.
Битта ёрқин мисол, 2016 йили ёзда «МЮ» билан шартнома тузган швециялик ҳужумчи Златан Ибрагимович «9»ни бўшатиб қўйишларини сўради, ваҳоланки, бу рақам Антони Мартиалга тегишли эди.
Натижада ёш француз бироз ранжиган, бироқ машҳур жамоадоши хоҳишига қарши боролмаганди, барибир. Лекин айрим клублар муайян рақамни қайсидир футболчи ёки мухлисларга абадий берганки, Ибрагимович тугул, бошқаси ҳам уларни ололмайди.
Қуйидаги фотожамланмада айнан ўйинчилик рақамининг абадий соҳиблари ҳақида сўз боради.
«Вест Хэм» ҳимоячиси Бобби Мур - 6-рақам. Жаҳон чемпиони ва Европа чемпионати бронза медали совриндори Бобби Мур «Вест Хэм» таркибида 500 мартадан кўп майдонга тушган ва ҳақли равишда клубнинг буюк юлдузи саналади.
Шунинг учун ҳам, 1993 йили афсонавий футболчи ҳаётдан кўз юмгач, Лондон жамоаси раҳбарияти 6-рақамли футболкани ҳеч кимга бермасликка қарор қилган. Хуллас, «Вест Хэм»нинг 6-рақамли формаси орқасида ҳамон «Мур» ёзуви порлаб туради.
«Гонвед» ҳужумчиси Ференц Пушкаш - 10-рақам.Ференц Пушкаш нафақат камтарин «Гонвед», балки «Реал Мадрид» клуби ва Венгрия терма жамоасининг чинакам афсонасига айланди.
У аввалига нақ 24 мавсум давомида футбол ўйнаб, мухлисларини сеҳрли чап оёғида берилган зарбалар билан қувонтирди, кейин мураббий сифатида мамлакат чемпиони бўлди, Европа Чемпионлар кубоги финалчисига айланди.
Беқиёс голеадор 79 ёшида ҳаёт билан видолашгач, Венгрия клуби 10-рақамни «музлатиб» қўйди, аниқроғи, буюк футболчи хотирасини шу йўл билан абадийлаштирди.
ЦСКА дарвозабони Сергей Перхун - 16-рақам. Украина миллий жамоаси ва Москванинг ЦСКА клуби голкипери «Анжи»га қарши кечган ўйинда махачқалъалик Будун Будунов билан тўқнашиб кетиш натижасида мия чайқалишига учради ва 2 кундан сўнг шифохонада абадий кўз юмди. «Ҳарбийлар» раҳбарияти бундан таъсирланиб, ЦСКАнинг 16-рақамини унинг фамилиясига абадий расмийлаштирди.
«Севилья» ҳимоячиси Антонио Пуэрта - 16-рақам. Яна бир кўнгилсиз воқеа - Антонио «Реал»га қарши ўйин чоғи юрак хуружига учради. Кийиниш хонасида бу ҳол такрорланди ва футболчи дарҳол шифохонага етказилди.
Бироқ фойдаси сезилмади - Пуэрта 3 кундан сўнг ҳаёт билан хайрлашди. Орадан 2 ой ўтиб, футболчининг турмуш ўртоғи ўғилчали бўлди. «Севилья» раҳбарияти совға сифатида чақалоқ номига бир умрлик мавсумий абонемент расмийлаштирди.
Шунингдек, у келажакда отасига тегишли 16-рақамни мерос қилиб олиши мумкин. Бордию, кичик Пуэрта футбол йўлини танламаса ёки «Севилья»да ўйнамаса, унда «16» отаси номида қолаверади.
«Рубин» ҳимоячиси Ленар Гильмуллин - 17-рақам. «Рубин» тарбияланувчиси ва Россия ёшлар терма жамоаси сардори футбол майдонидаги тўқнашув эмас, автоҳалокат оқибатида ҳаётдан кўз юмди.
Ўша вақт Ленар атиги 22 ёшли йигитча эди. Қозон клуби раҳбарияти ўта иқтидорли ҳимоячини эслаб юришни хоҳлаб, 17-рақамни дахлсиз қолдирди.
«Вольфсбург» ярим ҳимоячиси Жуниор Маланда - 19-рақам. Бельгиялик футболчи 2015 йили автоҳалокатга йўлиқди. У ўша вақт ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун таҳсил олаётганди.
Гарчи Жуниор клуб тарбияланувчиси ҳисобланмасада, раҳбарият қарорига кўра, 19-рақам тамомила унинг номига бириктирилди. Ваҳоланки, Бельгия вакили «бўрилар»нинг асосий таркибида ўйнашга ҳам улгурмаганди.
«Сан-Паулу» дарвозабони Рожерио Сени - 1-рақам. Рожерио Сени Бразилиянинг донгдор клуби сафида 1000тадан кўп ўйин ўтказгани билан мақтаниши мумкин.
Қолаверса, у ФИФА томонидан футбол тарихида энг кўп гол урган дарвозабон сифатида расман тан олинган. Хуллас, дарвозани қўриқлаш баробарида 135та голдан хирмон тўплаган Рожерио бу хизматлари эвазига клубнинг 1-рақамли либосини бутунлай ўзиники қилди. Дарвоқе, у айни пайт «Сан-Паулу» бош мураббийидир.
«Милан» ҳимоячиси Паоло Мальдини - 3-рақам. Милан жамоаси тизимига узоқ 1978 йили қўшилган Паоло ёшлар таркиби вакилидан «россонерлар»нинг чин афсонаси ва Италия миллий термаси таянчи даражасигача бўлган йўлни шараф билан босиб ўтди.
Италиянинг 7 карра чемпиони, ЧК|ЧЛнинг 5 карра ғолиби, Европа суперкубоги соҳиби... Ортиқча таърифга ҳожат йўқ. Асосийси, «Милан»нинг олтин даврида кичик Мальдинининг хизмати жуда катта. Шунга яраша клуб 3-рақамни унинг ихтиёрига топшириб қўйган.
«Интер» ҳимоячиси Хавьер Занетти - 4-рақам. Аргентиналик ҳимоячи «Интер» шарафини деярли 20 йил давомида муносиб ҳимоя қилди, нафақат клуби, балки терма жамоасида ҳам сардор даражасигача кўтарилди.
Табиийки, «қаримас» Занетти итальян жамоаси билан еврокубокларда ғалабалар нашидасини суриш баробарида омадсиз мавсумларни ҳам бошдан ўтказди.
Муҳими, бошқа грандларнинг катта қизиқишларига қарамай, охирига қадар «Интер»га содиқ қолди. «Нерадзурралар» эса бундай фидокорликни муносиб баҳолаб, 4-рақамни аргентиналикка тақдим этишди, шунингдек, уни клуб тизимидаги лавозимлардан бирига таклиф қилишди.
«Брешия» ҳужумчиси Роберто Баджо - 10-рақам. Аслида «сеҳрли думча» фаолияти давомида Италиянинг деярли барча кучли клубларида ўйнаб чиққан - «Фиорентина», «Ювентус», «Интер» ва «Милан»... Лекин энг олий ҳимматни сўнгги жамоаси - камтарин «Брешия» томонидан кўрди. Ҳозиргача жамоанинг 10-рақамли либоси бўш - у Баджога тегишли.
«Наполи» ҳужумчиси - Диего Марадона - 10-рақам. Аргентиналик даҳо фаолиятининг катта қисмини айнан Неаполь клуби таркибида ўтказиб, унинг абадий афсонасига айланди. Натижада «Наполи» «10»ни унинг номига расмийлаштирди.
Чунончи, Марадона шу рақам остидаги формада буюкликка эришган. Эътиборлиси, Диего узоқ дисквалификациядан сўнг Неаполга қайтишни хоҳламаган бўлсада, клуб уни ҳамиша ўзгача қадрлайди.
«Нью-Йорк Космос» ҳужумчиси Пеле - 10-рақам. Футбол қироли «Сантос» таркибида деярли 50 марта майдонга тушиб, 150тадан кўп гол урган, бироқ унинг номи 10-рақамга Бразилияда эмас, балки АҚШда муҳрланган.
Пеле фаолиятининг охирги 2 йилини «Нью-Йорк Космос»га бағишлайди ва америкаликлар бунга «10»ни мутлақ холи қолдириш, тўғрироғи, бразилиялик афсунгарга бириктириш асносида жавоб беришади.
10-рақам ва Пеле ўртасидаги яна бир боғлиқлик шуки, у ҳар қандай клубда одатда энг яхши ҳужумкор футболчига берилади.
«Аякс» ярим ҳимоячиси Йохан Кройфф - 14-рақам. Кройфф - ўтган асрнинг 70-йиллари «Аякс» клуби ва Голландия терма жамоаси томонидан кўрсатилган тотал футболнинг асосий ижрочиларидан бири.
Дейлик, у «Аякс» билан Чемпионлар кубоги турнирида кетма-кет 3 марта ғолиблик нашидасини сурган. Йохан АҚШ ва Испаниядаги фаолиятидан кейин «Аякс»нинг ашаддий рақиби - «Фейеноорд» сафига қўшилиб, мамлакат чемпиони бўлганига қарамай, Амстердам клуби уни хизматларини муносиб баҳолаб, севимли рақами - «14»ни ҳеч кимга бермай келмоқда.
Яъни бу рақам айнан Кройффга тегишли.
«Хельсингборг» ҳужумчиси Хенрик Ларссон - 17-рақам. Хенрик Ларссон ҳақли равишда Швеция футболи тарихидаги энг яхши ҳужумчилардан бири саналади. Златан Ибрагимович катта саҳнага чиқишига қадар эса энг яхши мақоми айнан унга тегишли эди.
Хенрик «Фе-йеноорд», «Селтик» ва «Барселона»да ўйнаб, етарлича гол урди. Швециянинг «Хельсингборг» жамоаси хўжайинлари эса унинг номини форма воситасида абадийлаштиришни лозим кўришди.
«Челси» ҳужумчиси Жанфранко Зола - 25-рақам. Итальян футболчиси «А» серияси билан хайрлашгач, қисқа вақт ичида Лондон жамоасининг энг асосий ўйинчиларидан бирига айланди.
Битта факт: Зола тўлиқ мавсум ўйнамаган ҳолда, АПЛнинг энг яхши футболчиси мақомига эришган ягона лауреат ҳисобланади. Тўғри, Жанфранко «Челси» билан хайрлашиб, «Кальяри»га йўл олган пайт Роман Абрамович ҳали «аристократлар» соҳибига айланмаганди.
Шунга қарамай, россиялик бизнесмен унинг ўйинчилик рақами - «25» дахлсиз қолишига қаршилик қилгани йўқ. Хуллас, «Челси»нинг 25-рақамли футболкаси италиялик катта ижрочи - кичик Зола ихтиёрида.
«Марсель» ярим ҳимоячиси Матьё Вальбуэна - 28-рақам. Бўйи нисбатан паст, аммо техник салоҳияти жуда баланд ярим ҳимоячи «Марсел»да 8 йил ўйнаб, клубнинг асосий футболчиларидан бири сифатида гавдаланди.
2014 йилга келиб, Вальбуэна Москва «Динамо»си таклифини қабул қилди, Марселда эса 28-рақам унинг номига «ёпиштирилди».
Матьё атиги бир йилдан кейин Франция чемпионатига қайтди, аммо жонажон клуби - «Марсель» эмас, «Лион»га.
Тахмин қилиш мумкинки, вақт ўтгани сайин клублар томонидан қайсидир рақамга абадий муносиб кўрилган футболчилар сафи кенгайиб бораверади.
Дейлик, бундай шарафга яққол номзодлар бор. Хусусан, қуйидаги 3 нафар футболчи яқин орада абадий рақамга эга бўлса, ажабмас:
«Ювентус» дарвозабони Жанлуижи Буффон - 1-рақам
«Рома» ярим ҳимоячиси Франческо Тотти - 10-рақам
ЦСКА дарвозабони Игорь Акинфеев - 35-рақам
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади
Манба: www.iff.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20