Қайднома

Қидирув

Лоқайдликка бетоқат юлдуз – Гонсалу Гуэдеш

Лоқайдликка бетоқат юлдуз – Гонсалу Гуэдеш

  16.12.2017 06:26
  0
  1033
Лоқайдликка бетоқат юлдуз – Гонсалу Гуэдеш

Мавсумни муваффақиятли ўтказаётган «Валенсия»нинг жўшқин ўйинларини кузатар экансиз, хаёлингиздан бир фикр ўтиши аниқ: дастлабки мавсумдаёқ «кўршапалаклар» етакчисига айланган Гонсалу Гуэдеш нима учун Париждаги шоҳона ҳаётдан воз кечиб, Ла-лигада базўр илиниб қолган жамоа шарафини ҳимоя қилишга рози бўлди?

Ҳа, қишда Гонсалу ди Мария, Дракс­лер, Лукас Моура, Франциянинг иқтидорли ёшлари ҳамда парижлик бойваччалар билан баҳслашиш учун «Барселона»ни тарк этганди.

Пойтахтдаги ярим йил мобайнида футболчи ва унинг агенти Жорже Мендеш Париждан жўяли иш чиқмаслигини тушуниб етишлари лозим эди. Балки амалда шундай ҳам бўлгандир?!

«ПСЖ» Гуэдешни янги Роналду сифатида харид қилган, лекин Гонсалу Криштиануга хос фазилатларни намойиш этиш ўрнига, қуруқ шов-шувдан бошқа ҳеч нарсани амалга оширмади.

Роналду фаолиятининг илк давридаёқ ёш иқтидор соҳибининг миясига ёрқин ўйин­лар дастурини жойлай оладиган ижодкор мураббий ва юксак нуфуз ҳамда чексиз имкониятларга эга бўлган клуб тасарруфига ўтганди.

Гуэдешни эса тақдир тактик машғулотларида ҳатто Неймар ҳам мудраб ўтирадиган Унаи Эмери ва «чала битган иншоот»га рўпара қилди. Бар­қарор руҳиятга эга бўлмаган пойтахт жамоаси 4:0 ҳисобидаги йирик ғалабадан сўнг «Барселона»дан 1:6 ҳисобида мағлуб бўлган, мураббийдаги иштиёқ эса батамом бўлмасада, анчайин сўниб қолганди.

Табиийки, бундай шароит юксак марраларни кўзлаётган иззатталаб иқтидор соҳиби учун муносиб трамплин вазифасини бажара олмади. Қолаверса, бевосита Гу­эдешнинг ўзи билан боғлиқ ўта жиддий муаммо ҳам беркинмачоқ ўйнашга ишора қиларди.

«Ишдан кўнгли тўлмай қолган кезлари ўжар бўлиб қоларди. Бир куни битта нокни кун бўйи кўтариб юрди, ейишдан бош тортди. Фақат мураббийлар уни таркибдан четлатиш билан қўрқитишганидан кейингина мевани ейишга мажбур бўлди», - дея ҳикоя қилганди эркаклар футболидаги камсонли аёл мураббийлардан бири Элена Кошта.

Катта футбол сари элтадиган трамплинни Гуэдеш Парижда топди. «Бенфика»да асосий таркибга ўтиш билан боғлиқ масалаларда Жорже Жезушнинг кўрсатмалари асқотар, мутахассис шогирдига тактик вазиятлар моҳияти, тўғри ҳимояланиш, қулай позиция танлаш сирларини эринмай тушунтирарди.

Ҳатто мураббий алмашганида, уни ўзи учун ноқулай бўлган ҳужум чизиғига ўтказишганида ҳам Гонсалуни захирага ўтқазиб қўймай, ўз ўйинини топиб олишини кутишганди.

Ана шундай катта эътиборга кўникиб қолган футболчи Парижда совуқ лоқайдликка дуч келди. Ҳеч ким уни Жезушдек қўллаб-қувватламади, Фергюсон Роналдуга сабоқ берганидек устозлик қилишни истамади. Хуллас, Гуэдеш Парижни айни пайтида тарк этди - Неймар, унинг ортидан Мбаппе жой олган жамоада ўз позициясининг 5- ёки 6- номзоди бўлиб ўтиришдан не фойда? Жорже Мендеш эса мижозига жуда мос вариантни тавсия эта олди.

Сўнгги пайтларда таниқли агент учун бозори касодга учраган португалиялик футболчи ва мураббийларни тиқиштириш нуқтасига айланган «Валенсия» Гонсалунинг ташрифига эътироз билдирмади.

Шунингдек, жамоа ёзда ўзидаги ношудлик ва сусткашликни таг-томири билан қурита оладиган ҳаётбахш восита - Марселино Торални сафига қўшиб олишга муваффақ бўлди.

Ўзига хос фалсафага эга бу мураббий учун тезлик, тўпни имкон қадар илдамлик билан олдинги чизиққа етказиш ва ҳужумчилардаги универсализм муҳим аҳамиятга эга эди.

Шу боис олдинги чизиқнинг ҳар икки қаноти ва марказда ўз маҳоратини синовдан ўтказган Гонсалу Марселино услубига узукка қўйилган кўздек мос тушди. Оқибатда, Ла-лигада «Барселона» ва «Реал»­га муносиб қаршилик кўрсатишга қодир янги куч пайдо бўлди.

Дарҳақиқат, Марселинонинг «Валенсия»си Симеоненинг «Атлетико»сидан ўзиб кетди. Гуэдеш эса гранд­лар кўнглига ғулғула соладиган қудратли кучга айланди.

Бир ой ичида амалга оширилган келишув барчага манфаат келтирди. Гуэдеш ажойиб шаҳарда мунтазам изланувчан, шогирдлари билан алоҳида суҳбатлашиш ва ўз услуби учун тактик кузатувлардан эринмайдиган ижодкор мураббий қўл остида тўп сурмоқда.

Марселинонинг «Валенсия»си аввалги прагматик жамоага умуман ўхшамайди: футболчиларнинг чизиқ бўйлаб жойлашувида тез-тез узилишлар кўзга ташланади, Кондогбиянинг таянч ҳудуди аввалгидек панд бериб туради. Аммо олдинги чизиқ ҳозирда «кўршапалаклар»нинг фахрига айланди.

Жамоа чемпионатнинг 14та учрашувида 33та гол урди! Фақат пешқадам «Барса» учта голга олдинда. Муваффақиятнинг сири шундаки, Марселино шогирдлари ҳужумни тезкорлик билан амалга оширадилар, узатмалар кескинлиги юқори, орқа чизиқдан уюштириладиган рейд­лар кўп.

Мураббий учун югуриш ва тезлик зарбалар сифатидан ҳам муҳимроқ. Ҳужумкорлик самараси асосан олдинги чизиқдаги квартет - Гуэдеш, Родриго, Заза ва Солер ёки Перейранинг ҳаракатларига боғлиқ. Улар навбатма-навбат ҳужумга ташланишади, қулай позицияларда «очилишади», уюшқоқлик билан жой алмашиб туришади.

Гонсалу ана шу ҳужумкор тўртликдаги асосий тутқич бермайдиган ижрочи. Мураббий уни олдинги чизиқнинг барча нуқталарида синаб кўрди, Гуэдешдаги тезкорлик ва дриблинг ҳамма позицияларда ўз самарасини берди. У ўзи хуш кўрмайдиган чап қанотда кўпроқ манфаат келтиришига мураббийнинг ишончи комил.

Одатда, ўнг оёқда ўйнайдиган футболчи сўл қанотда муайян ноқулайликларга дуч келади. Бироқ Марселинога айнан шу керак: қисқа вақт ичида марказий ҳудуддан ўтиб, тўпни «ишчи» оёғига ўнглаб олиш муҳимроқ.

Гонсалунинг тезкор рейдлари рақиб ҳимоячиларини чалғитади, натижада шериклари олдида бўшлиқ юзага келади. Марселино жамоасининг асосий кучи ана шунда. «Бетис», «Севилья» ва «Реал Сосьедад»нинг ҳимоя чизиғи парчаланишида Гуэдеш бош ролни ижро этганди.

Албатта, Гонсалуни зарарсизлантириш борасида рақиблар анча бош қотирдилар. «Севилья» устози Эдуардо Бериццо ўнг қанот ҳимоя чизиғида аввал Маркадони, кейин Коршьяни Гуэдешга қарши қўйиб, ундан икки метр масофада юришларини ва Гонсалунинг тўпни қабул қилишига имкон бермасликларини уқтирганди.

Гуэдеш эса ўз йўналишини ўзгартириб, марказдан олға интилди ва дарвозани забт этди. «Леганес»нинг ҳимоя чизиғи ҳам бу чаққон етакчини тўхтата олмади. Ҳозирча Гонсалу ўз ҳисобига 3та гол ва 5та самарали узатмани ёзиб қўйди.

Шунчалик кўкларга кўтариб мақтанаётган «янги Роналду» учун бу кўрсаткич етарли эмас, албатта. Бироқ ушбу футболчининг тезкор рейдлари ва ҳайратомуз комбинациялари эвазига «Валенсия» пешқадамни изма-из таъқиб этмоқда.

Айнан каталонияликлар билан кечган марказий баҳсда ҳам Гуэдеш муҳим роль ўйнади. «Валенсия»нинг собиқ юлдузларидан бўлган Давид Альбелда дастлабки кунлардаёқ Гонсалунинг маҳоратига юксак баҳо берганди:

«У яшиндек тезкор футболчи. Ана шу фазилати эвазига нафақат «Валенсия», балки Ла-лиганинг энг самарали ўйинчиси бўлиб олди».

Тўғри, самара кўламини янада ошириш лозим - Марселинонинг ҳисоб-китобларига кўра, шоҳсупага кўтарилиш учун 90 очко жамғариш керак.

Бу барчага яхши таниш бўлган Роналдудек юлдуз учун ҳам анчайин мушкул вазифа, унинг янги издоши эса янада қийналиши аниқ. Гуэдеш қайтадан гуркираб қад ростлаётган «Валенсия»да иштиёқ билан тўп сурмоқда, ортида таъқибчилари йўқ.

Қолаверса, Марселинодек изланувчан мураббийнинг кўмаги, диққат-эътибори ва ғамхўрлигидан етарлича баҳраманд бўлмоқда.

Шундай экан, ўтган мавсумни жадвалнинг иккинчи ярмида якунлаган, лекин ҳозир чемпионликка даъвогарлик қилаётган «Валенсия»дан янада шиддатлироқ парвозни кутиб қоламиз.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz