Қайднома

Қидирув

Бриньоли биринчиси эмас ёхуд италиялик тўпурар дарвозабонлар

Бриньоли биринчиси эмас ёхуд италиялик тўпурар дарвозабонлар

  17.12.2017 00:20
  0
  1264
Бриньоли биринчиси эмас ёхуд италиялик тўпурар дарвозабонлар

Қарангки, «Беневенто» «А» сериясидаги очколари ҳисобини «Милан»га қарши ўйин (2:2)да очди, боз устига, дурангни таъминлаган гол 90+5-дақиқада жамоа дарвозабони (!) Альберто Бриньоли томонидан урилди.

Лекин Италия чемпионатида голкиперларнинг рақиб дарвозасини ишғол этишлари авваллари ҳам етарлича кузатилган. Яъни Бриньоли бу борада биринчи футболчи эмас.

Тарихга назар солсак, 1940-1950 йиллар оралиғида фаолият юритган Лучидио Сентименти (Сентименти IV, чунки унинг оиласида 5 нафар ака-ука футболчи бўлиб етишган)  футбол тарихида 11 метрли жарима зарбасини ижро этган илк дарвозабонлардан бири бўлган.

Ўтган асрнинг 70-йилларига келиб, «Комо» дарвозасини қўриқлаган Антонио Ригамонти «нуқта»дан нақ 6та гол урган, хусусан, «А» серияси ўйинларида 3та пенальтини муваффақиятли бажарган.

Италиялик кипернинг ўйин ҳолатидан гол уриши эса илк марта 1990 йилдан кейин кузатилган.

Микеланжело РАМПУЛЛА

Қачон туғилган? 1962 йилнинг 10 августида.

Қайси жамоаларда ўйнаган? «Паттезе» (19та ўйин), «Чезена» (96та ўйин), «Варезе» (73та ўйин), «Кремонезе» (249та ўйин) ва «Ювентус» (49та ўйин)да.

Ҳозир нима билан банд? Марчелло Липпи бошқарувидаги Хитой миллий жамоасида дарвозабонлар мураббийи сифатида ишламоқда.

Қачон гол урган? 1992 йилнинг 23 февраль куни «Кремонезе» сафида «Аталанта» дарвозасига (ҳисоб - 1:1).

«А» сериясида дарвозабоннинг ўйин ҳолатидан урган илк голи жуда эффектли чиққанди. Рампулла стардарт вазият амалга оширилишидан олдин рақиб дарвозасига яқинлашади ва ҳужумчиларга хос ҳаракатланади:

ҳаводаги тўп учун курашда ҳимоячидан устунлик қилиб, уни боши билан дарвозага йўллайди. Бироқ бу ажиб голи «Кремонезе»га наф бермайди - жамоа чемпионат якунида элитадан тушиб кетади, барибир. Тўғри, Рампулланинг ўзи мавсум тугагач, «Ювентус» билан шартнома тузади.

Микеланжелонинг Туриндаги фаолиятига келсак, у Анжело Перуцци ўринбосари роли билан чекланиб, скудеттонинг 4 карра соҳибига айланишдан ташқари, ЧЛда ҳам ғалаба нашидасини суради. Нима бўлишидан қатъий назар, Рампуллани асосан ўша голи туфайли кўпроқ эслашади.

Массимо ТАИБИ

Қачон туғилган? 1970 йилнинг 18 февралида.

Қайси жамоаларда ўйнаган? «Личата» (1та ўйин), «Тренто» (23та ўйин), «Комо» (34та ўйин), «Пьяченца» (177та ўйин), «Милан» (17та ўйин), «Венеция» (34та ўйин), «МЮ» (4та ўйин), «Реджина» (52та ўйин), «Аталанта» (131та ўйин), «Торино» (49та ўйин) ва «Асколи» (47та ўйин)да.

Ҳозир нима билан банд? Палермода шахсий болалар футбол мактаби ишлари билан шуғулланмоқда.

Қачон гол урган?  2001 йилнинг 1 апрель куни «Реджина» сафида «Удинезе» дарвозасига (ҳисоб - 1:1).

Дарвозабонлар голи классикаси. Охирги дақиқа, ҳисобдаги фарқ 1та голга тенг, бурчак тўпи, рақиб жарима майдонига борган кипер ҳаммадан баланд сакраб, боши билан зарба йўллайди - чинакам мўъжиза!

Навбатдаги қаҳрамоннинг биографияси анча қизиқарли. Таиби фаолияти давомида нақ 11та жамоада ўйнаган ва улар орасида «Милан» ҳамда «МЮ»дек грандлар бор. Тўғри, унинг Англиядаги саргузашти катта омадсизлик билан якун топган.

Петер Шмейхелга ўринбосар қидирган Алекс Фергюсон номзодлар орасида итальянни танлайди ва бу энг ёмон вариант бўлиб чиқади.

Зеро, Массимо «Челси»га қарши ўйинда нақ 5та гол қўйиб юборади (0:5). Боз устига, у «Саутгемптон» билан баҳс (3:3)да АПЛ тарихидаги энг кулгули хатолардан бири муаллифига айланганди.

Франческо ТОЛЬДО

Қачон туғилган? 1971 йилнинг 2 декабрида.

Қайси жамоаларда ўйнаган? «Тренто» (38та ўйин), «Равенна» (31та ўйин), «Фиорентина» (266та ўйин) ва «Интер» (148та ўйин)да, шунингдек, Италия терма жамоаси дарвозасини 28та учрашувда қўриқлаган.

Ҳозир нима билан банд? «Интер»да тизимида клубнинг турли лойиҳалари билан шуғулланмоқда.

Қачон гол урган? 2002 йилнинг 19 октябрь куни «Интер» сафида «Ювентус» дарвозасига (ҳисоб - 1:1).

Буниси жуда баҳсли ҳолат. Навбатдаги «Италия дербиси» охирида «Интер» бурчак тўпи тепиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Табиийки, ўйинни қутқариш учун жамоанинг барча футболчилари, хусусан, Франческо Тольдо ҳам рақиб жарима майдонига талпинади. Натижада мисли кўрилмаган пала-партишлик юзага келади ва охир-оқибат, тўп меҳмонлар дарвозасига бориб тушади.

Тольдо ўша вазиятда фаоллик кўрсатиб, зарба йўллайди. Бироқ гол Кристиан Вьери номига ёзилади, чунки тўп охирги лаҳзада майдонда ётган ҳужумчига тегинганди.

Туринликлар эътирозларига кўра эса, «нерадзурралар» ўша вазиятда Жанлуижи Буффонни яққол туртиб юборишган, яъни ҳакам голни инобатга олиб, катта хато қилган.

Марко АМЕЛИЯ

Қачон туғилган? 1982 йилнинг  2 апрелида.

Қайси жамоаларда ўйнаган? «Ливорно» (167та ўйин), «Лечче» (13та ўйин), «Палермо» (34та ўйин), «Женоа» (30та ўйин), «Милан» (29та ўйин), «Перуджа» (1та ўйин), «Люпа Кастелли Романи» (2та ўйин) ва «Виченца» (4та ўйин)да, шунингдек, Италия термаси дарвозасини 9та учрашувда қўриқлаган.

Ҳозир нима билан банд?  Таиби каби шахсий футбол мактабига эга.

Қачон гол урган? 2006 йилнинг  2 ноябрь куни «Ливорно» сафида «Партизан» дарвозасига (ҳисоб - 1:1).

Амелия «А» серияси эмас, еврокубок ўйинида ўзини кўрсатган. Ҳа, «Ливорно» халқаро турнир, аниқроғи, УЕФА кубогидаги дебют ва ягона мавсумида ноодатий лавҳа билан эсда қолган.

Итальянлар гуруҳ босқичи 2-турида «Партизан» меҳмони бўлишади ва охирги дақиқаларда белградликларни ўз жарима майдонларига «қамаб» қўйишади.

«Қамал»да дарвозабон ҳам бевосита иштирок этади ва айнан унинг антиқа зарбасидан сўнг тажрибали Ивица Краль ожиз қолади - 1:1. Айтганча, Марко гол урган паллада ҳакам томонидан қўшиб берилган вақт эмас, атиги 87-дақиқа ўтиб бораётганди.

«Ливорно» якунда шу дуранг туфайли «Осер»дан бир очко кўп жамғариб, «плей-офф»га чиқади, «Партизан» эса охирги ўрин билан чекланади.

Амелия - ўз иқтидорини тўлиқ намойиш этолмаган кипер. У жаҳоннинг амалдаги чемпиони мақомида гол урган (ЖЧ-2006да Буффон ўринбосари эди), аммо «Милан» сафига қўшилганидан кейин фаолиятида пасайиш кузатилганди.

Альберто БРИНЬОЛИ

Қачон туғилган? 1991 йилнинг 19 августида.

Қайси жамоаларда ўйнаган? «Монтикьяри» (62та ўйин), «Люмеццане» (31та ўйин), «Тернана» (102та ўйин), «Сампдория» (1та ўйин), «Леганес» (1та ўйин) ва «Перуджа» (18та ўйин)да.

Ҳозир нима билан банд? «Беневенто» шарафини ҳимоя қиляпти.

Қачон гол урди? 2017 йилнинг 3 декабрь куни «Беневенто» сафида «Милан» дарвозасига (ҳисоб - 2:2).

«А» серияси 15-тури қаҳрамони. Асосийси, Бриньолининг голи тарихий аҳамият касб этди. Ахир «Беневенто» «А» сериясидаги дебют мавсумида илк 14та ўйинда фақат мағлубиятга учради.

Қарангки, жамоа дарвозабон урган гол эвазига илк очкони расмийлаштирди. Боз устига, Альберто «Милан» бош мураббийи ролида дебют қилган Женнаро Гаттузони ранжитди.

Қолаверса, «Беневенто» жорий мавсум илк марта битта ўйинда 2та гол уришга муваффақ бўлди. Яна бир фарқли томони, италиялик тўпурар дарвозабонлар бунгача фақат ҳисоб 0:1лигида ўзларини кўрсатишганди.

Бриньоли шу голга қадар алоҳида кўзга ташланган эмасди. Ҳа, дарвозабон трансфер бўйича «Ювентус»га тегишли, аммо у «синьора» сафида бирор марта кўриниш бермаган. Умуман, Альберто асосан қуйи дивизионларда ризқ терган.

Унинг «Сампдория» ва «Леганес» таркибига киришга уриниши эса бесамар кетган. Яъни «Сампа»даги ягона ўйинида «Ювентус» вакилларидан 5та гол қабул қилган бўлса, Испанияда «Эспаньол» томонидан 3та аниқ зарба билан «сийланган».

Дарвоқе, Бриньоли жорий мавсумни «Беневенто»да ҳам захирачи ролида бошлаганди. Фақат янги бош мураббий Роберто де Зерби унга асосий таркибдан жой ажратди.

Эндиликда Бриньолини «Милан» дарвозасига урган голи ва «Кўзимни юмдим, сакрадим» ибораси билан таърифлашади...

Сўз

- Буни сўз билан таърифлаш қийин. Шунчали, таваккал қилиб, олдинга чиқдим ва фақат яхши томонини ўйладим. Ахир сўнгги сониялар ўтиб бораётган ва биз 1:2 ҳисобида ютқазаётгандик. Яъни йўқотадиган ҳеч нарса қолмаганди.

Шунинг учун рақиб жарима майдонига бордим, кўзимни юмдим ва сакрадим. Бу ҳаракатим ҳужумчи эмас, айнан дарвозабонникига ўхшади, менимча!» Альберто БРИНЬОЛИ («Милан»га қарши ўйиндан сўнг).

Жаҳон футболида дарвозабонлар томонидан урилган энг аҳамиятли голлар

«МЮ» - «Ротор» - 2:2

26.09.1995. УЕФА кубоги. 1|32 финал (жавоб ўйини)

Гол: Петер Шмейхель (89).

«Велес Сарсфилд» - «Ривер Плейт» - 3:2

22.03.1996. Аргентина чемпионати (клаусура)

Гол: Хосе Луис Чилаверт (62).

«Боруссия» Д. - «Шальке» - 2:2

19.12.1997. Германия чемпионати

Гол: Йенс Леманн (90).

«Шальке» - «Байер» - 2:3

17.04.2004. Германия чемпионати

Гол: Ханс-Йорг Бутт (76-пен.).

«Шахтёр» - «Севилья» - 2:3 (қ.в.)

15.03.2007 УЕФА кубоги. 1|8 финал (жавоб ўйини)

Гол: Андрес Палоп (90+4).

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz