Қайднома

Қидирув

Галинг келди, Сане ёхуд бу футболчи билан танишинг ва эслаб қолинг!

Галинг келди, Сане ёхуд бу футболчи билан танишинг ва эслаб қолинг!

  18.12.2017 06:24
  0
  2020
Галинг келди, Сане ёхуд бу футболчи билан танишинг ва эслаб қолинг!

Ушбу саҳифани сенегаллик Салиф Санега бағишлашимизнинг асосий сабаби шуки, у «Ганновер»да ўта ишончли тўп сурмоқда.

«Ол-а, шунга шунчами, Бундеслиганинг ўртамиёна жамоасида ўйнайдиган, боз устига, кўпчиликка нотаниш ҳимоячи кимни ҳам қизиқтирарди?» дейишга ошиқманг.

Зеро, бу йигит жорий мавсумда «Ганновер» рақиблари учун ўтиб бўлмас девордек таассурот қолдирмоқда.

Хуллас, football.ua сайти ижодкорлари унга бежиз алоҳида эътибор қаратишмади. Ҳарқалай, Салиф шу кетишда кучлироқ жамоа сафидан жой олиши ҳам ҳеч гап эмас.

2 декабрь оқшоми «Альянц-Арена»га тўпланган мухлислар кайфиятини тушуниш қийин эмасди - ҳамма «Бавария» Мюнхенгладбахдаги мағлубиятдан кейин қандай ўйин кўрсатишига қизиқарди.

Табиийки, Юпп Хайкесс жамоаси фақат ғалаба эвазига ўзини оқлаши мумкин эди ва мюнхенликлар буни уддалашди. «Бавария» ғазабига айнан қаҳрамонимиз жамоаси дуч келди - «Ганновер» 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Лекин бу омадсизлик Салиф Саненинг жорий мавсум тўплаган обрўсига путур етказолмайди.

Қаранг, ҳимоячи бундан олдинги 13та учрашувнинг 6тасида энг яхши футболчи сифатида эътироф этилди. Оддий айтсак, сенегаллик йигит бу борада Бундеслига-2017|2018да энг яхши натижа кўрсатиб турибди.

Таққослаш учун айтсак, унинг энг яқин таъқибчилари 3 мартадан энг яхши мақомини олишган, холос. Сане Whos Cored рейтингида эса 7,76 балл билан чемпионатдаги барча футболчилар орасида 2-ўринни эгаллаб турибди.

 Қизиқ, Сане нима учун аввалроқ эътиборга тушмаган? Мавжуд шарт-шароитлар сабаб. 27 ёшли футболчи «Ганновер» сафига 2013 йили қўшилганди. Жамоа эса 2011|2012 йиллар мавсумида халқаро майдонда муваффақиятли тўп суриб, ЕЛ чорак финалига чиққанди. «Ганновер» ярим финал йўлланмаси учун курашда Мадрид «Атлетико»сидан енгилди.

Салифнинг дебют мавсумида ҳам жамоа нуфузли турнирда қатнашди. Лекин бу сафар 1|16 финалда Гус Хиддинк бошқарувида ўйнаган «Анжи» тўсиғидан ўтолмади. Натижада мавсум ўртасида бош мураббий Мирко Сломка истеъфога чиқарилди. У сенегаллик ҳимоячига асосий таркибдан жой бермаганди.

Хуллас, Сане аввалига ўринбосарлар сафида майдонга тушиш билан чекланди - 13та ўйин. Ўша пайт африкалик легионернинг шимолий шаҳар жамоасида бунчалик узоқ вақт ушланиб қолиши тасаввурга ҳам сиғмасди. Ҳаммаси бош мураббий лавозимига Андре Брайтенрайтер келганидан кейин ўзгарди.

Қуйи дивизиондан Бундеслигага қайтган мутахассис дарҳол ҳимоячи салоҳиятини тўғри баҳолади. Ваҳоланки, кўпчилик Сане сўнгги чемпионликни бундан 60 йил аввал нишонлаган жамоага ўтганида, у ўз фаолиятини барбод қилганини айтганди.

Зеро, Францияда туғилиб-улғайган асли сенегаллик ҳимоячи бунгача «Бордо» ва «Нанси» жамоаларида тўп сурганди. «Ганновер» эса уни 2 миллион еврога сотиб олди.

 Салиф фақат 2015|2016 йиллар мавсумидан эътиборан «Ганновер»нинг асосий ўйинчилари қаторига қўшилди. Тўғри, қаҳрамонимиз Бундеслиганинг 31та ўйинида иштирок этган мавсум охирида клуб қуйи дивизионга тушиб кетди.

Салиф 2-бундеслигада ҳам айтарли кўзга ташланмади. Футболчи шунинг баробарида 2013 йили Сенегал термаси таклифини қабул қилиб, 7та ўйинда марказий ҳимоячи вазифасини бинойидек бажарди.

Хуллас, шу пайтга қадар тақдир тақозосига кўра, мухлислар «радар»ларидан йироқда юрган ҳимоячи эндиликда ўта ёрқин ўйин намойиш этмоқда. Буёғига Салиф Сане тез-тез эътибор марказига тушса, ажабмас.

Чунки Сенегал термаси ЖЧ-2018 саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, мундиал иштирокчилари қаторига кирди. Демак, қандайдир фавқулодда ҳодиса юз бермаса, россиялик мухлислар ёзда  нафақат Салиф, балки унинг акаси - Ламин билан ҳам яқиндан танишишлари мумкин. Ҳозир «Вердер»нинг асосий ҳимоячиси ролини бажараётган тўнғич Сане нисбатан тажрибалироқ - терма жамоа сафида 25 марта майдонга тушган.

 Салифга қайтсак, у Бундеслигадаги энг ишончли марказий ҳимоячилардан бири сифатида жавлон урмоқда. Дейлик, 6та ўйинда энг яхши футболчи мақомини олган Сане яккакурашлардаги устунлик бобида ҳам Бундеслига етакчисидир (ҳар ўйинда  ўртача ҳисобда 6,3 марта устун чиқмоқда).

Шунингдек, у рақиблардан тўпни олиб қолиш бобида чакки эмас - битта ўйинда ўртача 8,3 марта. Бундан ташқари, ҳимоячи тўпни эгаллаб олиш рейтингида лига бўйича 4-яхши кўрсаткич соҳибидир.

Бу борада етакчилик «Гамбург»нинг «юнон бульдоги» - Кириакос Пападопулосга тегишли. Лекин сенегаллик ҳимоячида самарали ҳаракатлар коэффициенти юқори - 80 фоиз.

Хуллас, навбатдаги трансфер мавсумида Салиф Сане ҳам бирор кучлироқ клуб томонидан харид қилинса, ажабмас. Ҳар ҳолда, «қалқон» ҳимоячининг «Ганновер»да қолишига кафолат йўқ...

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz