Қайднома

Қидирув

Профессионал футбол лигаси: Муаммо ва истиқбол

Профессионал футбол лигаси: Муаммо ва истиқбол

  21.12.2017 06:21
  0
  1280
Профессионал футбол лигаси: Муаммо ва истиқбол

Маълумки, сифатли футбол чемпионати миллий терма жамоанинг муваффақиятли ўйнаши учун замин яратади.

Шу боис ҳам футболи ривожланган мамлакатларда миллий чемпионатларни ривожлантириш учун яхши шароитлар яратишга жиддий бел боғлашган.

Ўзбекистонда ҳам бу борада ўзгаришлар қилиб борилмоқда. Бироқ ҳозирги вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, бу борада бажариладиган ишлар кўп.

Нимага эгамиз?

Мана бир неча йилдирки, Ўзбекис­тонда Профессионал футбол лигаси деб аталмиш ташкилот бор. Ўйлашимизча, у номигагина фаолият юритади.

Негаки, олиб борилаётган ишлар, зерикарли тадбирлар, мотивациянинг йўқлиги айнан шу ташкилотга тегишли. Бутун дунёда кенг кўламли иш кетаётган бир пайтда ПФЛ бир ерда тўхтаб тургандек тасаввур уй­ғотмоқда.

Албатта, ПФЛ раҳбарлари ўзига хос тизим яратишга уринишди. Лекин биз кутилган натижага гувоҳ бўлмадик. Агар ПФЛнинг муваффақиятсизликлари ҳақида гапирадиган бўлсак, қу­йидаги вазиятларга эътибор қаратишимиз лозим:

- футбол клубларини моддий рағбатлантириш услублари ишлаб чиқилмади;

- клублар ўртасида ҳақиқий рақобатни юзага келтирадиган қулай ва ихчам Ўзбекистон чемпионати формати ишлаб чиқилмади;

- биринчи ва иккинчи лигага керакли эътибор берилмади. Натижада, бу олий лига фаолиятига салбий таъсир ўтказди;

- маркетинг соҳасида ривожланиш механизми ишлаб чиқилмади. Бу эса клубларнинг оз бўлсада ўз харажатини қоплаши учун замин яратарди;

- ОАВ билан етарли даражада ҳамкорлик ўрнатилмади.

Худди бошқа спорт ташкилотлари каби, ПФЛ ҳам юқорида кўрсатилган йўналишларда иш олиб бориши лозим эди. Шу орқали мамлакатда футболнинг нормал тарзда ривожланишига имкон яратиларди.

Ишга бу каби ёндашиш эса қайсидир маънода инқирозга сабаб бўлди. Якунда ПФЛ шу даражага етдики, катта ўзгаришлар қилиш эҳтиёжи ошди. Ташкилот структура ва чемпионат борасида ҳаттоки, Осиё талабларини ҳам бажара олмади.

Раҳбарият ўзгарганидан сўнг...

Албатта, раҳбариятда ўзгаришлар қилиниши кутилган ҳолат эди. ПФЛнинг ҳозирги директори Омон Ғофуров ҳар қандай янги раҳбар сингари қатор ваъдаларни берди.

Бугунги кунда ПФЛ тузилмасини тиклаш учун ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Кадрлар масаласи ҳал қилинмоқда. Энг асосийси, олий ва биринчи лиганинг янги формати ишлаб чиқилди.

Турнир номини Суперлига ва Про-лигага алмаштиришди. Бу эса янги раҳбариятнинг ўз ишига ижодий ёндашаётганидан далолат.

Формат ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда барчаси силлиқ эмас. Олий дивизионда 12та жамоанинг қолдирилиши бу идеал вариант. Чунки, сифат ортади. Аммо Суперлигада 38та тур ўтказилиши клублар ишини бироз қийинлаштиради.

Биринчидан, Ўзбекистон чемпионатида фаолият юритаётган футболчиларнинг жисмоний ҳолати бундай юкламаларга бардош бериши сўроқ остида. Иккинчидан, клубларнинг сафар ўйинлари учун харажатлари ортади.

Боз устига, чемпионатнинг 3-давраси борасида саволлар бисёр. Унга кўра, айрим жамоалар уйдагидан кўра, сафарда кўпроқ ўйин ўтказишларига тўғри келади. Бу эса бироз мантиққа тўғри келмайди.

Нима қилган тақдирда ҳам, уринишлар кўзга ташланмоқда. Бундан нима чиқишини вақт кўрсатади. Бир сўз билан айтганда, футболимиз кутган ўзгаришлар кузатилмоқда.

Ҳозир бошланган ишларнинг қандай натижа беришини кутишдан ўзга чорамиз йўқ. Шундан кейингина ушбу мавзуда яна мулоҳаза юритсак бўлади.

Жасур Саломов


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz