Қайднома

Қидирув

Қуръа маликалари: Софи Лорендан Мария Команднаягача (фотогалерея)

Қуръа маликалари: Софи Лорендан Мария Команднаягача (фотогалерея)

  22.12.2017 06:21
  0
  5182
Қуръа маликалари: Софи Лорендан Мария Команднаягача (фотогалерея)

Жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросимини олиб боришни қайси ҳурлиқоларга ишониб топширишган?

Россия-2018 мундиали ташкилий қўмитаси қарори билан журналист Мария Командная жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросимида ишлаган таниқли актриса ва профессионал моделлар қаторига қўшилди.

Ҳа, бунгача шар айлантириш-тортиш маросими бош ролларидан бирига жаҳон миқёсида машҳурликка эришганларни жалб этишарди.

Руслар эса бу масалада сал бошқача иш тутишди. Хўш, Мариядан олдин бундай шарафли вазифани кимлар бажаришган?

Мария Командная - ЖЧ-2018 қуръаси бошловчиси. Бутун жаҳон эътиборидаги маросимда биринчи марта спорт журналисти бошловчилик қилди: 29 ёшли Мария Команднаяга саҳнада Англия миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси Гари Линекер шерик бўлди.

Мария 12 йилдан буён спорт йўналишидаги ОАВда ишламоқда. У хусусан, «Биринчи канал», «Россия 2» ва «Матч ТВ»да тажриба тўплаган. Ўтган йили Конфедерациялар кубоги вақтида эса АҚШнинг FOX телеканали билан ҳамкорлик қилди.

Айтиш ўринли, Командная кийиниш масаласида аввалги машҳур бошловчилардан фарқланиб турди. Зеро, ташкилотчилар ундан тадбир учун ўта очиқ либос танламасликни алоҳида сўрашганди.

Фернанда Лима - ЖЧ-2014 қуръаси бошловчиси. Бразилиялик модель ва актриса 2013 йилги қуръа ташлаш маросимини олиб борди. Ўша вақт 36 ёшда бўлган Лима хоним мамлакат ташқарисида таниқли эмасди.

Қуръадан кейин эса чинакамига машҳурликка эришди. У саҳнага ўта очиқ кийимда чиққан ва бунинг натижасида Эронда тадбир трансляцияси узиб қўйилганди.

Эҳтимол, шу туфайли эронлик мухлислар навбатдаги ЖЧ ташкилотчиларидан бошловчини тузукроқ кийинтиришни сўрашгандир. Айтганча, Лима ўша тадбирда футбол раҳбарлари эътиборини қозонганди, барибир.

Ҳар ҳолда, кейинроқ уни «Олтин тўп» топшириш маросими ва ҳаттоки, ФИФА Конгресси бошловчилик ролига ҳам таклиф этишди.

Шарлиз Терон - ЖЧ-2010 қуръаси бошловчиси. ЖАР мезбонлик қилган ЖЧ ташкилотчилари қуръа ташлаш маросимига таниқли актриса, «Оскар» ва бошқа кўплаб нуфузли киномукофотлар соҳибаси Шарлиз Теронни таклиф қилишди.

Гап шундаки, жаҳон киносида ўз ўрнини топган актриса айнан Жанубий Африка Республикасининг Бенони шаҳрида туғилган. Демак, ташкилотчилар танловида ҳеч қандай ҳайратланарли томони йўқ эди.

Хуллас, 34 ёшли юлдуз маросимни ФИФАнинг собиқ бош котиби Жером Вальке билан бирга ажойиб тарзда олиб борди. Яъни Шерон хоним ҳазиллашишни ҳам ўрнига қўйганди. Қизиқ, Шарлиз футбол ҳақида нима билади? Айтарли ҳеч нарса.

Тўғри, актриса вақтида «Челси» томонидан уюштирилган хайрия акциясида қатнашган, бир сафар ўз фильми премьерасида Мадрид «Атлетико»си футболкасини совға сифатида олган. Шундай бўлсада, у мухлиса эмас, барибир.

Хайди Клум - ЖЧ-2006 қуръаси бошловчиси. Германиялик супермодель ва актриса немислар юртида ташкиллаштирилган мундиалнинг қуръа ташлаш маросими безагига айланган.

32 ёшли Хайди ўша вақт дунёдаги энг машҳур ва бой моделлардан бири эди. ФИФА шунинг учун ҳам айнан унинг номзодини ёқлаган бўлса керак. Клумга саҳнада немис телебошловчиси Рейнхольд Бекманн шерик вазифасини ўтаганди.

Хайди гарчи Германия термасига бефарқ қарамасада, доимий мухлиса эмас. Дейлик, немислар ЖЧ-2014да Бразилия термасини 7:1 кўринишида тор-мор этишганида, у «Германия» ёзувини кўз-кўз қилганди.

Лекин бу шунчаки, ўзини кўрсатиш ҳаракати эди, холос. Чунончи, Клум хоним одатда стадионларга бормайди. Тўғри, ўғилларидан бири АҚШда америкача футбол билан шуғулланади.

Софи Лорен - ЖЧ-1990 қуръаси бошловчиси. ЖЧ-2006гача 3та мундиалнинг қуръа ташлаш маросими аёл бошловчиларсиз ўтган. Лекин тарихни чуқурроқ «кавласак», Италия-90 финал раунди учун қуръа ташлашда афсонавий актриса ва хонанда, «Оскар»нинг икки карра соҳибаси Софи Лорен иштирок этгани ойдинлашади.

55 ёшли юлдузга саҳнада ФИФАнинг собиқ президенти Зепп Блаттер ассистентлик қилганди. Қизиқ ҳолат шуки, Диего Марадона хонимни Италия термаси учун атайин енгил гуруҳ шакллантиришга ҳисса қўшганликда айблаганди.

Ваҳоланки, Шерон «Наполи»нинг ашаддий мухлисаси эканлигини ҳеч қачон яширмаган. Римда туғилган бўлажак актриса болалигида Неаполда яшаган ва «Наполи»га унинг сафида айнан Диего Марадона ўйнаган вақтлар бошқача меҳр билан қараган бўлса, ажабмас.

Абдуллохон Исроилхонов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz