Қайднома

Қидирув

ОЧЛ-2018: аввал учрашганмидик?

ОЧЛ-2018: аввал учрашганмидик?

  22.12.2017 00:13
  0
  1914
ОЧЛ-2018: аввал учрашганмидик?

6 декабрь куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида ОФК клублари учун нуфузи бўйича биринчи ўринда турувчи Осиё Чемпионлар Лигасининг янги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Маълумки, 2018 йилги мавсум учун мамлакатимизга «1+2» кўринишида квота ажратилган. Олий лига ўйинлари якунига кўра, Тошкентнинг «Локомотив» клуби мамлакат чемпиони сифатида тўғридан-тўғри гуруҳ босқичи йўлланмасига эга чиққан бўлса, «плей-офф» баҳсларида кумуш ва бронза медали соҳиблари - «Насаф» (Қарши) ва «Пахтакор» (Тошкент) клублари иштирок этиб, гуруҳ босқичи йўлланмаси учун кураш олиб борадилар. Қўйида жамоаларимиз ўрин олган ва олиши мумкин бўлган гуруҳлардаги рақиблар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Қуръа натижасига кўра, чемпионимиз «Локомотив» жамоаси «B» гуруҳидан жой олди. Дастлабки икки ўрин учун курашда «темирйўлчилар»га Қатарнинг «Дуҳайл», Бирлашган Араб Амирликларининг «Ал-Ваҳда» ва «плей-офф» босқичида ўзаро тўқнаш келадиган Эроннинг «Зоб-Оҳан» ҳамда Ҳиндистоннинг «Аизавл» жамоалари қарама-қаршилигида ғолиб бўлган жамоа қаршилик кўрсатади.

Мирко Йеличич шогирдлари учун асосий рақиб сифатида ўтган мавсум Қатар чемпионлигини қўлга киритган «Лаҳвия» ва тўртинчи ўринни эгаллаган «Ал-Жаиш» клублари бирлаштириб юборилганидан сўнг ташкил топган «Дуҳайл» жамоасини кўрсатиш мумкин.

Айни пайт чемпионатнинг 10та тури ортда қолган бир пайт­да 9та ғалаба ва битта дуранг билан турнир жадвалида якка пешқадам бўлиб турган дохаликлар ОЧЛда гарчи илк марта иштирок этишаётган бўлсада (янги жамоа сифатида), ўз олдиларига юқори мақсадларни қўйишгани аниқ.

БАА чемпионатининг 2016|2017 йиллар мавсумида 5-ўринни эгаллаган Абу Дабининг «Ал-Ваҳда» клуби эса жорий мавсум ҳозирча кучли учликдан жой олиб келмоқда ва бир хил очко тўплаб, қўшҳокимлик қилаётган «Ал-Васл» ҳамда «Ал-Айн»дан 2 очко ортда бормоқда.

Жамоа чемпионатнинг 10та тури ортда қолган бир пайтда 6та ғалаба, 2тадан дуранг ва мағлубият қайд этган. ОЧЛ-2017да гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаган (1та ғалаба, 1та дуранг, 4та мағлубият). Таркибида БААнинг машҳур футболчиси Исмоил Матар тўп сурадиган бу жамоа ҳам гуруҳдан чиқишга ҳаракат қилиши аниқ.

Гуруҳга «плей-офф» орқали йўлланма олишга шайланган Эроннинг «Зоб-Оҳан» жамоасини ҳам ҳисобдан чиқармаслик лозим. Гарчи, исфахонликлар жорий мавсум 15та ўйиндан кейин 4та ғалаба, 7та дуранг ва 4та мағлубият қайд этиб, 19 очко билан турнир жадвалининг 10-ўрнида бораётган бўлсаларда, ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқишга астойдил уриниб кўришади.

Чемпионатда совринли ўринлардан бирини эгаллашга деярли имкони қолмаётган жамоа бор эътиборини ОЧЛ баҳсларига қаратиши табиий. Қайд этиш лозимки, эронликлар ОЧЛ-2017да «С» гуруҳида қатнашиб, 2та ғалаба, 1та дуранг ва 3та мағлубият билан 7 очко тўплаган ҳолда ўз квартетларида 3-ўринни банд этишган. Айтганча, эронликлар олдинги мавсум тўртинчи ўринни эгаллаш орқали ОЧЛ «плей-офф»ида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишган.

«Зоб-Оҳан»нинг гуруҳ босқичига йўл олишига тўсқинлик қилиш ҳуқуқи Ҳиндистоннинг «Аизавл» жамоаси чекига тушган. Футболи унча ривожланмаган ҳинд диёри вакили 2017 йилги мавсум миллий футбол лигасида иштирок этиб, 10 жамоа орасида 1-ўринни қўлга киритган. Биласиз, Ҳиндистонда суперлига ҳам мавжуд.

«Аизавл» эса гарчи миллий футбол лигаси чемпиони бўлсада, яқинда бошланган суперлига баҳсларида иштирок этмаяпти. Қолаверса, амалдаги чемпионлар суперлига билан параллель бошланган миллий футбол лигасининг навбатдаги чемпионатида ҳозирча битта баҳс ўтказиб, дурангга эришишди ва 5-ўриндан жой олишган.

Қайд этиш лозимки, Ҳиндистон миллий футбол лигасида 3-тур ўйинлари бўлиб ўтган, «Аизавл» захирасида эса 2та ўйин бор. Фикримизча, «Аизавл» ва «Зоб-Оҳан» жуфтлигининг сўзсиз фаворити эронликлар ҳисобланишади. Қолаверса, ўтиш ўйини Исфахонда ўтказилиши форсларга қўшимча устунлик беради.

Шундай экан, исфахонликларни бемалол «В» гуруҳининг тўртинчи жамоаси сифатида қайд этсак бўлаверади. Фақат буни расмийлаштириш қолди, холос.

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби «плей-офф» босқичида Қатарнинг «Ал-Гарафа» клубини сафарда мағлуб этишни уддаласа, «А» гуруҳидан жой олади. Бу квартетда эса БААнинг «Ал-Жазира», Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» ва Эроннинг «Тракторсози» жамоалари ўрин олишган.

Таркибида Сардор Рашидов тўп сураётган ҳамда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган Абу Дабининг «Ал-Жазира» клуби ОЧЛ гуруҳ босқичида ўз мамлакатининг амалдаги чемпиони сифатида қатнашади.

Айтиш лозимки, ўтган мавсум ғолиби 2017|2018 йилги чемпионатнинг 10та тури ортда қолган бир пайтда 4та ғалаба, 4та дуранг ва 2та мағлубият қайд этиб, 16 очко билан ҳозирча 4-ўринда бормоқда.

Таркибида марокашлик Муборак Буссуфа, бразилиялик Ромариньо ҳамда БААнинг машҳур ўйинчилари Аҳмад Ҳалил ва Али Мабҳутлар тўп сурадиган «Ал-Жазира» клуби гуруҳ ғолиблигига даъвогарлардан бири бўлиш орқали ўтган мавсумдаги муваффақиятсиз иштирокни унутишга ҳаракат қилиши аниқ.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилги мавсумда «В» гуруҳидан ўрин олган Сардор Рашидов жамоаси 6та ўйинда 2та дуранг ва 4та мағлубият қайд этиб, сўнгги поғонани эгаллаганди.

Жидданинг «Ал-Аҳли» жамоасини гуруҳ фаворити, десак муболаға бўлмаса керак. ОЧЛ-2018да кумуш медаль совриндори сифатида иштирок этиши кутилаётган бу клуб сўнгги уч чемпионатда барқарор ўйин кўрсатиб келаётганлиги билан мақтана олади.

Жиддаликлар 2015|2016 йиллар мавсумида чемпионликка эришган бўлсалар, 2016|2017 йиллар мавсумида «Ал-Ҳилол»ни олдинга ўтказиб юборган ҳолда 2-ўринни қўлга киритишган.

Ҳозирда давом этаётган чемпионат баҳсларида ҳам Сергей Ребров шогирдлари 12-турдан сўнг 7та ғалаба, 3та дуранг ва 2та мағлубият билан 24 очкони қўлга киритиб, турнир жадвалида 2-ўринда боришмоқда.

Бу сафар ҳам Саудиянинг энг машҳур клуби «Ал-Ҳилол» пешқадамлик қилмоқда. 2017 йилги ОЧЛ баҳсларида чорак финалгача бориб, Эроннинг «Пирузи» клубига мағлуб бўлган жиддаликлар бу сафарги баҳсларга жиддий ҳозирлик кўришлари тайин.

Эроннинг «Тракторсози» жамоаси ҳам гуруҳдаги дастлабки икки ўриндан бирини эгаллашга даъвогарлардан ҳисобланади. Табриз шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган бу клуб бўлажак баҳсларга ўз мамлакати бронза медали соҳиби сифатида киришади.

Айтиш лозимки, ОЧЛ-2017да қатнашмаган Табриз жамоаси жорий йил ўз чемпионатида муваффақиятли иштирок этолмаяпти: 1-давра якунига кўра, ҳисобида 4та ғалаба, 5та дуранг ва 6та мағлубият мавжуд. Шунга монанд, 17 очко билан турнир жадвалининг 11-поғонасидан жой олган.

Қаршининг «Насаф» клуби «плей-офф» босқичини ўз майдонида Иорданиянинг «Ал-Файсали» жамоасига қарши ўтказади. «Аждарлар» ушбу рақибни мағлуб этиш орқали «С» гуруҳидан жой эгаллашлари мумкин.

Умид қиламизки, Рўзиқул Бердиев шогирдлари бу вазифани қийинчиликсиз уддалай оладилар. Қаршиликларни «С» гуруҳида Эроннинг «Пирузи», Қатарнинг «Ал-Садд» ва БААнинг «Ал-Васл» жамоалари кутиб туришибди.

Сўнгги йилларда Эроннинг энг кучли жамоасига айланиб бораётган Теҳроннинг «Пирузи» жамоаси бўлажак баҳсларга амалдаги чемпион сифатида киришади.

Қайд этиш лозимки, 2016|2017 йиллар мавсуми чемпиони бўлган Бранко Иванович шогирдлари 2017|2018 йиллар мавсумида ҳам 1-даврадан кейин пешқадамлик қилиш­япти. Бу жамоа ҳисобида 14та ўйиндан кейин 33 очко мавжуд бўлиб (10та ғалаба, 3та дуранг ва 1та мағлубият), энг яқин таъқибчиси «Форс Жануби Жем» клубидан (15та ўйин ўтказган) 4 очко олдинда бормоқда.

Яқиндагина якунига етган ОЧЛ-2017 ярим финалида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клубига мағлуб бўлган эронликлар (ўз майдонида 2:2, сафарда 0:4) финал йўлланмасидан маҳрум бўлишганди.

Шундай экан, бу клуб ҳам бошланажак мавсумда ўз натижаларини яхшилаш ҳамда турнир бош совринини қўлга киритишга ҳаракат қилиши табиий.

Таркибида машҳур Хави тўп сураётган Қатарнинг «Ал-Садд» клуби бўлажак турнирда ўз мамлакатининг «кумуш» жамоаси сифатида иштирок этади. Ўтган мавсум юлдузлар лигасида 2-ўринни қўлга киритган клуб 2017|2018 йиллар мавсумида ҳозирча 10та ўйиндан кейин 21 очко билан (7та ғалаба ва 3та мағлубият) 3-ўринни банд этиб турибди.

ОЧЛ-2017 «плей-офф» босқичида Эроннинг «Истиқлол» жамоаси тўсиғидан ўтолмаган дохаликлар бу сафар турнирда узоқроққа боришга уриниб кўрадилар. Эътиборга молик жиҳати, «Ал-Садд» ОЧЛ тарихида бир бор, яъни 2011 йилги мавсум финалида Жанубий Кореянинг «Чонбук Моторс» жамоасини пенальтилар сериясида 4:2 ҳисобида мағлуб этиб (асосий вақтда 2:2 ҳисоби қайд этилган), бош совринни қўлга киритган.

Гуруҳнинг яна бир вакили - БААнинг «Ал-Васл» клуби ҳам амирликларнинг таниқли жамоаларидан бири ҳисобланади. Бошланажак турнирда ўз чемпионатининг 2-ўрин соҳиби сифатида иштирок этишга ҳозирлик кўраётган Дубай клуби 2017|2018 йиллар мавсумида 10та ўйиндан сўнг 22 очко тўплаган ҳолда (6та ғалаба ва 4та дуранг) машҳур «Ал-Айн» жамоаси билан мусобақа турнир жадвалида қўшҳокимлик қилмоқда.

Таркибида бразилиялик Кайо ва Лима, португалиялик Угу Виана ҳамда маҳаллий Исса Али ва Файсал Халиллар бўлган клуб ОЧЛ мусобақасида сўнгги бор 2008 йилда қатнашиб, гуруҳ босқичида 3-ўринни қўлга киритган.

Катта танаффусдан кейин яна халқаро майдонга қайтган Дубай жамоаси бу сафарги иштироки муваффақиятли чиқиши учун бор имкониятини ишга солиши, шубҳасиз.

Юқорида вакилларимизнинг ОЧЛ-2018даги бўлажак рақиблари ҳақида фикр юритиб, имкон қадар уларнинг ҳозирги ҳолатлари билан яқиндан таништиришга ҳаракат қилдик. Тўғри, мусобақанинг гуруҳ баҳс­лари бошланишига 2 ой вақт бор.

Бу давр ичида клубларда сезиларли ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Бундан ташқари, февралга келиб, уларнинг қандай жисмоний ҳолатда эканлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ўйлаймизки, 2-3 йилдан бери ОЧЛда тузукроқ натижа кўрсатолмаётганимизни яхши англаган клубларимиз бўлажак баҳсларга имкон қадар юқори даражада ҳозирлик кўрадилар.

Биринчи навбатда, январь ойининг сўнгги кунларида «плей-офф»да иштирок этадиган «Насаф» ва «Пахтакор»дан зафарлар кутиб қоламиз. Ҳаммаси биз учун ижобий якунланса, гуруҳ босқичида уч нафар вакилимиз иштирокидан баҳраманд бўлиб, уларга чин дилдан мухлислик қиламиз.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz