Қайднома

Қидирув

«Боксинг дэй» остонасидаги қизғинлик

«Боксинг дэй» остонасидаги қизғинлик

  21.12.2017 20:02
  0
  690
«Боксинг дэй» остонасидаги қизғинлик

Ўтган ҳафта ўтказилган қўшалоқ турлар топ-чемпионатлардаги тиғиз тақвимнинг маҳсули сифатида айрим мухлисларни шошириб қўйган бўлса, ажабмас. АПЛ вакиллари шу тариқа янги йил арафасидаги кескин беллашувларга шай эканликларини намойиш этган бўлсалар, бундеслигадагилар бошқа мусобақаларда ҳам муносиб тўп суриш имкониятини яратиш пайида бўлишди.

Англия. «Сити»нинг 16-зафари

Ҳисобот турида «шаҳарликлар» фанатларидан таш­қари барча мухлислар пешқадамнинг қоқилишини кутишганди. Чунки Кейндек моҳир тўпурарга эга бўлган «Тоттенхэм» рақибининг мағлубиятсиз сериясига чек қўйиш учун бор кучини ишга солиши тайин эди. Бироқ Гвардиола шогирдлари бунга йўл қўймай, шунчаки ғалаба эмас, балки шубҳага ўрин қолдирмайдиган йирик ҳисоб қайд этишди. Агар Жезус пенальтини голга айлантира олганида, ҳисоб янада йирикроқ кўриниш оларди. Қаторасига 16 марта зафар қучган «шаҳарликлар» Моуриньонинг «автобуси»га бағишланган қўшиқни ижро этиш билан муваффақиятни «ювдилар».

Азалий рақиб ҳисобланган «МЮ» ҳам «Вест Бромвич»­дан устун келиб, навбатдаги уч очкога эга бўлди. Лондоннинг «Арсенал» ва «Челси» клублари мос равишда «Ньюкасл» ва «Саутгемптон»дан кичик ҳисобда устун келдилар. «Ливерпуль» эса Борнмутда мезбонларни 4та жавобсиз гол билан «сийлаб», АПЛнинг янги рекордини ўрнатди - Юрген Клопп жамоаси қаторасига тўртинчи сафар учрашувини йирик ҳсобда ўз фойдасига ҳал қилди!

Турнир жадвалининг қуйи поғоналарида сезиларли ўзгаришлар қайд этилмади: Лестерда «тулкилар»ни йирик (3:0) ҳисобда маҳв этган «Кристал Пэлас» аутсайдерлар ҳудудини тарк этди. Мавсум стартида 7та учрашувни бой берган лондонликлар Рой Хожсон раҳбарлигида вазиятни ўнглашди. Лондоннинг яна бир жамоаси - «Вест Хэм» ҳам сафарда қўлга киритилган қиматли 3 очко («Сток Сити» - 3:0) эвазига «Пэлас» ортидан юқорига кўтарилди.

Испания. Паулиньонинг «дубл»и,

Мессининг омадсизлиги

«Қироллик клуби» БААда навбатдаги тожини кўз-кўз қилаётган паллада «Барселона» Ла лига тахти сари нав­батдаги қадамни ташлади. «Камп-Ноу»да Суарес билан Паулиньо навбатма-навбат икки мартадан «Депортиво» дарвозасини забт этишди. Бразилиялик футболчининг «дубл»и шу билан эътиборлики, жорий мавсумда ўз ҳисобига 8 (6}2) баллни ёзиб қўйди. Бу борада фақат Суарес ва Месси ундан яхшироқ натижага эгалар. Ваҳоланки, Паулиньонинг «Гуанжоу Эвергранд»дан «Барселона»га ўтишини Испанияда ҳазил-мазах билан қарши олинган, клуб дўконида сотилган ягона футболкани футболчининг ўзи харид қилгани ҳақида латифа тўқишганди. Бироқ Паулиньо дунёнинг энг кучли жамоасида ҳам муносиб тўп сура олишини амалда исботлади. Унинг номдор жамоадоши - Месси эса майдонни голсиз тарк этди. Ҳа, баъзан Мессидек мерган ҳам ўз мағлубиятини тан олишга мажбур. Тўғри, Лео «нуқта»дан тўққизликни аниқ нишонга олган ҳолда кучли зарба йўллади. Бироқ рақиб дарвозабони фантастик «сэйв» эвазига уни бартараф этишга эришди.

 Шу турга қадар асосий таъқибчи бўлиб келган «Валенсия» сафарда «Эйбар»га имкониятни бой бериб, иккинчи поғонани бўшатишга мажбур бўлди. Боиси, Мадридда «Алавес»дан устун келган «Атлетико» олдинга ўтиб олди. «Ҳиндулар» устози Диего Симеоне эса ўзининг 145-ғалабасини қўлга киритиб, Ла лига мураббийлари рейтингида кучли 20таликдан жой олди. Рейтинг етакчиси Луис Арагонес эса фаолияти давомида 344 марта зафар қучганди.

Италия. «Наполи» яна чўққида

«Интер»нинг «А» сериясидаги пешқадамлиги давомли бўлмади. «Наполи» устидан эришилган ғалабадан сўнг «нерадзурри» кутилмаганда ўз уйида «Удинезе»дан енгилди - 1:3. Жамоа мағлубиятини Лучано Спаллетти иккинчи бўлимдаги хатоликлар билан изоҳлади. «Наполи» эса юзага келган вазиятдан унумли фойдаланиб, биринчи ўринга қайтди. «Торино» майдонидаги баҳснинг биринчи бўлимида 3та гол урган меҳмонлар ғалабани ортиқча қийинчиликсиз сақлаб қолишди - майдон эгалари фақат битта гол билан жавоб қайтара олишди, холос. Словакиялик Марек Гамшик эса навбатдаги голи эвазига афсонавий Марадона билан тенглашиб олди. Диего ўз вақтида Марек каби «Наполи» сафида 115та гол урганди. Табиийки, Гамшик тез орада «Қирол»дан ўзиб кетади.

Болоньядан йирик ғалаба (3:0) билан қайтган «Ювентус» иккинчи ўринга кўтарилди. «Рома» эса ўз уйида «Кальяри»нинг жиддий қаршилигига дуч келди. Ҳатто пенальти ҳам мезбонларнинг олдинга чиқиб олишларини таъминлай олмади. Фақат ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтнинг сўнгги сонияларида Фасио қимматли уч очкони келтирган ягона гол муаллифига айланди.

Номдор жамоалардан бири ҳисобланмиш «Милан» эса яна мухлисларни ранжитди. Аутсайдер - «Верона»дан қабул қилинган йирик (0:3) мағлубият ҳатто бош мураббий Женнаро Гаттузога ҳам оғир ботди. У ўз шогирдларини жиддий танқид қилди.

Германия. Омадли «Бавария»,

Ганновердаги спектакль

Охирги икки турда чемпион катта қийинчиликлар эвазига ғалабага эришди. Аввалига янги бош мураббий раҳбарлигида майдонга тушган «Кьёлн»ни 1:0 ҳисобида аранг енгган бўлса, Штутгартда омад ҳам «Бавария» томонида бўлди. Акс ҳолда, қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқасида 11 метрли жарима зарбасини тепиш ҳуқуқини қўлга киритган мезбонлар мағлубиятдан қутулиб қолишлари ҳеч гап эмасди. Аммо «дуэл»да Чадрак Аколо Свен Ульрайхдан енгилди. Жароҳатдан сўнг сафга қайтган 29 ёшли дарвозабон учун бу учрашувнинг аҳамияти катта эди - 2015 йилга қадар «Штутгарт» шарафини ҳимоя қилганди. Эҳтимол, пенальтини бартараф этишида посбонга собиқ жамоадошларининг ўйин услубидан яхши хабардорлиги қўл келгандир? Лекин нима бўлганда ҳам, пенальтини қайтариш кўпинча омад мақомида эътироф этилади.

Петер Бошни Петер Штегерга «бошма-бош» қилган «Боруссия» Д. эса қаторасига икки марта юз фоизлик натижани қайд этди. Бу гал жамоа «Хофенхайм»дан 2:1 ҳисобида устун келишди.

«Кёльн» ҳам янги бош мураббийдан мамнун эканлигини ғалаба орқали («Вольфсбург») ифода этди. Ганноверда эса «голлар ёмғири» спектакли намойиш этилди - муросасиз кечган «Ганновер»-«Байер» қарама-қаршилиги 4:4 ҳисобидаги дуранг билан якун топди. Аввал «Боруссия» Д.-«Шальке» баҳсида ҳам худди шундай ҳисоб қайд этилганди.

Франция. Фаворитлардан голлар шоуси

1-дивизион етакчилари навбатдаги турда сермаҳсулликни намойиш этишди. Даставвал «Монако» Сент-Этьендан йирик ғалаба (4:0) билан қайтди. Амалдаги чемпион савия борасида мезбонлардан устунлигига шубҳа йўқ. Лекин «қаттиқ ёнғоқ» жамоа - «Сент-Этьен»нинг курашсиз таслим бўлгани бироз ажабланарли. «Монако»дан эстафетани қабул қилган «ПСЖ» шанба оқшомида Реннга сафар қилиб, мезбонларга 4та гол «совға» қилиб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай билмади. Эътиборлиси, пойтахт клубининг барча голларида Неймар бевосита иштирок этди - 2та голни ўзи амалга ошириб, икки марта ассистентлик вазифасини адо этди. Шу тариқа ҳисобига 19 (11+8) баллни ёзиб қўйган бразилиялик ҳужумчи Франция майдонларида ўзини сайр қилгандек ҳис этмоқда.

Турнинг марказий беллашуви Лионда бўлиб ўтди. ЕЧЛ йўлланмасини берадиган совриндор учликдан жой олиш учун курашаётган «Олимпик»лар дербисида мезбонларнинг қўллари баланд келди - 2:0. Шу тариқа «Лион» «Монако» билан очколарини тенглаштириб олиб, «Марсел»дан уч очкога узоқлашишга эришди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz