Қайднома

Қидирув

Мисрлик моҳир мерган – Муҳаммад Салоҳ

Мисрлик моҳир мерган – Муҳаммад Салоҳ

  23.12.2017 06:28
  0
  1711
Мисрлик моҳир мерган – Муҳаммад Салоҳ

6 декабрь куни у «Спартак»нинг додини берган беллашув («Ливерпуль» - «Спартак» - 7:0)да сўнгги нуқтани қўйди, тахминан ярим йилдан кейин Россия термаси дарвозасини ҳеч бўлмаганда бир марта забт этишга уриниб кўришига шубҳа йўқ.

Жорий мавсум моҳир мерганлигини 18 марта намойиш этган Муҳаммад Салоҳ 12та гол билан АПЛ тўпурарларига йўлбошчилик қилмоқда. Унга қарши майдонга тушадиган жамоаларга юксак эҳтиёткорлик тавсия этилади.

Учқур ҳужумчини дунёга келтирган Ногриг қишлоғида Муҳаммад Салоҳ номи билан юритиладиган мактаб бор, тез орада фаолият бошлайдиган ёшлар маркази ҳам шундай номланади. Бу бадавлат футболчининг манманлиги ёки қандайдир йирик бизнес лойиҳаси маҳсули эмас.

Салоҳ кўпчилик қатори ўз юртини севади ва қўлидан келганича мамлакат ривожига ҳисса қўшмоқда. Қишлоқ мэри Моҳир Шодия ўз тасарруфидаги машҳур фуқаро билан фахрланади: «Салоҳ туфайли қишлоғимиз бутун дунёга танилди. У мунтазам равишда хайрия тадбирларига маблағ ажратади. Бизга баҳоси миллионларга тенг бўлган мактабни совға қилди.

Базиундаги шифохона ходимлари ва фуқаролар вентиляция хонаси, препаратлар ва тез ёрдам машинаси учун миннатдорлар». Муҳаммаднинг юриш-туриши, хулқ-одобидан қишлоқдагиларнинг ёшу-қариси бағоят мамнун.

Ҳужумчининг ўз юртидаги обрў-эътиборидан хабардор бўлиш учун Нагригга ташриф буюрган Хитойнинг «Синхуа» агентлиги журналистлари бунга шахсан гувоҳ бўлишди: Салоҳ маҳаллий болакайлар ва уларнинг ота-оналари учун - эталон!

Уни барчага ибрат қилиб кўрсатишади, унга бўлган ҳурмат юзасидан спорт телеканалини томоша қилишади, болажонлар фақат унинг исм-шарифи туширилган либосларни кийишади.

8 ёшли Салоҳ уйида Play Stationда Хюйпя, Каррагер ва Жеррард билан «Ливерпуль» шарафини ҳимоя қиларди. Орадан 17 йил ўтгач, у болалик орзусини рўёбга чиқарган ҳолда чинакам «Ливерпуль» сафида тўп сурмоқда.

Сўл қанот ҳимоясида

Юлдузлик мақомига Салоҳ ўнг қанот ярим ҳимоячиси позициясидаги шиддатли ҳужумлари эвазига эришди. Бироқ рақиб дарвозасига яқинроқ чизиққа ўтиши осон бўлмади

. Боиси, бундан 10 йил аввал барча жамоалар қатори Салоҳнинг «Ал-Мокавлун» ёшлари ҳам ўша даврда Африка қиролига айланган Миср терма жамоасидан ибрат олишган ва 3-5-2 схемасида тўп суришарди.

Муҳаммад ўз жамоасида асосан чап қанот ва марказий ҳимоячи ролини бажарарди. «Бир пайт­лари шогирдларим асосий рақобатчи жамоага қарши ўта оғир учрашувни ўтказишганди. Ана шу баҳсда 4:0 ҳисобида зафар қучгандик. Ечиниш хонасида барча ўйинчилар ғалабани нишонлашга киришдилар. Биргина Муҳаммад хурсандчиликка қўшилмасди.

Аксинча, у йиғлаб ўтирарди. Ке­йинчалик билсак, у шундай муҳим беллашувда гол уролмаганидан қаттиқ ранжиган экан. Ваҳоланки, Салоҳ ўйин пайтида ҳаммадан кўпроқ тер тўккан, ҳимоядан ҳужум чизиғига етиб келиш мақсадида узоқ масофани босиб ўтганди. Ана шу воқеадан кейин Муҳаммадда гол уришга жуда катта иштиёқ борлигига амин бўлганман», - дейди U-16 жамоаси устози Саид ал Шошоний.

Шу воқеадан сўнг мураббий Салоҳни олдинги чизиқда синаб кўра бошлади. Шогирди эса U-16 ва U-17 жамоалари сафида 35та гол уриш билан жавоб қайтарди.

Кейинчалик ал Шомоний ўз касб­доши Муҳаммад Разван билан ҳамкорликда Салоҳ учун алоҳида машғулотлар дастурини ишлаб чиқди. Чунки Муҳаммад тўпни ортиқча ушлаб қолар, уни қабул қилишда ҳам камчиликлари кўп эди.

Бу салбий жиҳатлар ҳужум суръати ва сифатини тушириб юборарди. Секин-аста Салоҳнинг техник маҳорати ошиб, тўп билан югуриш тезлиги жадаллашди. Шунга қарамай, айрим камчиликлари ҳатто «Базел»га ўтганида ҳам бартараф этилмаганди.

«Муваффақиятли мавсумдан сўнг мен уни ва жамоа сардорини ҳузуримга чақириб, Европа саҳнасига чиқиш пайти келганлигини айтдим. Салоҳ яна бир йил етакчи ролида ўйнаш истагини билдирди», - дея эслайди «Ал-Мокавлун» бош мураббийи Муҳаммад Разван.

Бироқ Порт-Саидда юз берган фожиа туфайли Миср чемпионати тўхтатилди, қаҳрамонимиз мамлакат ёшлар терма жамоасида тўп суриш билан кифоя­ланди.

Кейинчалик АМК турнирига тайёргарлик кўраётган Миср термаси таркибида Муҳаммад Салоҳ ҳам Швейцариядаги ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

Жумладан, чемпионликка эришган «Базел»га қарши баҳсда «дубл»га эришди, жамоаси эса 4:3 ҳисобида устун келди. «Базель» эса бир неча кун ичида Салоҳни ўз таркибига қўшиб олди.

Уч ойдан сўнг футболчи Олимпиадада ёрқин ўйинлар кўрсатиб, Швейцария клуби омадли харидни амалга оширганини исботлади.

Базелда Муҳаммад ЕЧЛ саралаш бос­қичида майдонга тушиб, «Мёльде» дарвозабонидан яккама-якка вазиятда устун кела олмагани учун қаттиқ ўкинди. Унинг бахтига Ян Зоммер ўз дарвозаси томон белгиланган пенальтини бартараф этиб, «Базел»ни кейинги босқичга олиб чиқди.

Руминиянинг «Клуж»ига имконият бой берилганида Салоҳ ўз қароридан афсуслана бошлади - у айнан ЕЧЛда тўп суриш учун «Базель» таклифини қабул қилганди. Амалда эса Швейцария чемпионатида тер тўкишига тўғри келди.

Мавсум давомида ўз ҳисобига 10та гол ва 11та самарали узатма ёзиб, жамоанинг шоҳсупага кўтарилишига муносиб улуш қўшди, ўзи Швейцариянинг энг яхши ёш футболчиси унвонига лойиқ топилди.

Тақдирлаш маросимида индивидуал совринни топширган қизнинг юзидан бўса олгани учун ватандошларининг жиддий танқидларига дуч келди. Гўёки, унинг миннатдорчилик белгиси сифатида амалга оширган ҳаракати миллий қадриятларга зид экан.

Салоҳ журналистлар норозилигига эътибор бермади: «Швейцариянинг қайси бурчагига бормай, мени қарсаклар билан кутиб олишади. Ватандошларим эса негадир нафрат кўзи билан қарашмоқда».

Казино туфайли қизининг исмини ўзгартирди

Исломий ва сиёсий қадриятлар баъзан Салоҳнинг ўзига ҳам айрим ноқулайликлар туғдиради. 2012 йил «Базель» ЕЧЛ саралаш босқичида Исроилнинг «Маккаби»си билан куч синашишига тўғри келди.

Мамлакатлар ўртасидаги можаро туфайли мисрлик футболчи исроиллик касбдошлари билан қўл бериб саломлашмаслигини маълум қилди. Аввалига у майдонга тушмасликни режалаштирганди. Лекин Миср ОАВнинг бир қатор мақолалари уни фикридан воз кечишга мажбур этди.

Шундай бўлсада, Салоҳ ўз ваъдасининг устидан чиқди: майдондаги саломлашиш пайти бутсасининг боғичини боғлаш баҳонасида энгашиб олди ва ҳеч ким билан саломлашмади.

Учрашувда «Базель» ғолиб чиқди ва Муҳаммад шундай хитоб қилди: «Сионистларга хос қарашлар ЕЧЛга доғ туширмаслиги керак!». Швейцариядан Салоҳ бир масжидни топиб, мунтазам равишда ибодатга қатнарди. Учрашув танаффусларида сув ичишдан бош тортиб, рўзадор эканлигини айтарди.

Жамоа ошхонасида тамадди қилишни ўзига мослаб олганди. Ўзининг никоҳ тўйига Муҳаммад Нагригдаги барча ҳамқишлоқларини таклиф этди.

Тўнғич қизига «шаҳарлар онаси» - Макка номини бермоқчи бўлди. Лекин бу исм «Макка Бинго» казинолар тармоғи билан оҳангдош бўлиб қолишини ўйлаб, фикридан қайтди.

«Салоҳ Пицца»

Муҳаммад Салоҳ ўз ўрнини тополмаган ягона жамоа - «Челси». Роман Абрамовичнинг тамоман ўзгача диний қарашларга эгалиги омадсизликка дахлдор эмас.

Футболчининг эътирофига кўра, у ёшлигида Лондонга келган, Жозе Моуриньо унга улғайиш имконини бермаган - дебют мавсумдаёқ АПЛнинг энг тезкор (20 км.|соат) ўйинчисига айланган бўлсада, майдонда жуда кам кўриниш берганди.

Мураббийнинг фикрича, Салоҳда ҳимояланиш қобилияти талаб даражасида эмасди. Дарвоқе, Юрген Клоппнинг ҳам мисрлик шогирдидан айнан шу масалада кўнгли тўлмаяпти.

Хуллас, бир йилдан сўнг «Челси» Хуан Куадрадони Салоҳдан афзал кўриб, Муҳаммадни Флоренцияга бериб юборди. Буни қарангки, Апеннинда мисрлик футболчининг ишлари юришиб кетди, ҳар икки учрашувда ҳеч бўлмаганда битта гол ура бошлади.

«Ювентус»ни «дубль» билан «сийлади», ҳар бир голдан сўнг сажда қилиб, 74 рақамига ишора қиларди. Порт-Саид фожиаси шунча кишининг ҳаётига зомин бўлганди.

Февралга келиб флоренциялик мухлислар Салоҳ шарафига қўшиқ ёздилар, пиццерийлардан бири унинг номи билан маҳсулот ишлаб чиқара бошлади. 2015 йил ёзда Винченцо Монтелла «фиалкалар»ни тарк этгач, Салоҳ ҳам Спалеттининг «Рома»сига ўтиб кетди.

Римдаги икки йилик фаолиятдан сўнг «Ливерпул»га ўтди-ю, яна ёрқин нур тарата бошлади. Тўғри, «қизиллар» ўйинида камчиликлар етарли. Аммо тезкор ҳужумлар жорий мавсумда жамоага яна совринли ўринлар учун курашиш имконини бермоқда. Муҳаммад эса олдинги чизиқнинг сермаҳсул бош ижодкори.

Декабрь ойига қадар 17 марта рақиблар дарвозабонларини ранжитди. Ваҳоланки, Луис Суаресдан кейин мерсисайд­ликларнинг ҳеч бири 15тадан ортиқ гол уролмаганди. «Салоҳ жуда ақлли, боз устига, ҳечким уни тўхтатолмайди», - дейди Садио Мане.

ЕЧЛ гуруҳ босқичининг дастлабки 3та турида Муҳаммад икки марта учрашувнинг энг яхши ўйинчиси мақомига сазовор бўлди. Фақат Москвадаги беллашувда у фахрли унвондан бенасиб қолганди. Ўшанда ҳам Салоҳ «Спартак» футболчиларига етарли қийинчилик туғдирганди.

«Салоҳни қувиб етиш вазифасини ҳатто душманимга ҳам раво кўрмайман», - деганди Георгий Жикия ўйиндан кейин. «У шундай чопқирки, худди «Москва - Петербург» тезюрар поездига ўхшайди. Салоҳ тезлик олдими, тамом, қувишдан фойда йўқ», - дея қўшимча қилганди Илья Кутепов. «Энфилд»­даги беллашувда бу фикр­лар тўла исботланди.

Кузда Муҳаммад Салоҳ ватандошларининг эзгу орзуларини рўёбга чиқариб, Миср термасига Россия мундиали йўлланмасини туҳфа этди. У ҳал қилувчи голни 96-дақиқада Конго дарвозасига урганида бутун мамлакат ақлдан озаёзди.

Маҳаллий нефть магнатларидан бири Салоҳга шоҳона вилла совға қилди. Муҳаммад эса такаллуф билан совғадан воз кечиб, унинг қийматига тенг маблағни она қишлоғи - Нагригга беришни илтимос қилди!

Ҳақиқат шуки, Муҳаммад Салоҳ шахсий бойликдан кўра олий жаноб орзулари сари тезроқ ва кучли иштиёқ билан югуради!


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz