Қайднома

Қидирув

Қирол артуроми ёки жанжалкашлар қироли

Қирол артуроми ёки жанжалкашлар қироли

  24.12.2017 06:28
  0
  706
Қирол артуроми ёки жанжалкашлар қироли

Чили термаси етакчиси, «Бавария» клубининг энг яхши футболчиларидан бири бўлган 30 ёшли Артуро Видаль сўнгги пайтларда машмашалар гирдобида қолаётгандай - ажойиб оила эгасининг алкоголга ружу қўйгани ҳақидаги гап-сўзлар аллақачон ҳамманинг оғзига тушган. Қуйида қирол Артуро фаолиятидаги шунга ўхшаш воқеаларга тўхталамиз.

САМПАОЛИНИНГ ИҚРОРИ

Жанубий Американинг амалдаги чемпионлари ЖЧ-2018 саралашида муваффақиятсизликка учрашганидан сўнг Видаль мавзуси яна кун тартибидан ўрин олди. Ҳаммаси Карл Пардонинг «Инстаграм»даги чиқишидан сўнг бошланди.

Голкипер Клаудио Бравонинг турмуш ўртоғи исм-шарифларга тўхталмаган ҳолда қуйидагиларни ёзганди: «Айримлар машғулотларда борини беришганда, қолганлар кўнгилхушлик қилишдан бўшашмади. Энди эса, бутун мамлакатда мотам».

Видаль Бразилияга қарши ўтган ҳал қилувчи баҳсни дисквалификация туфайли ўтказиб юборганига қарамай, кўпчилик яна у тўғрида гапирмоқда.

Ҳатто икки йил олдин Чили термасини бошқарган Хорхе Сампаолининг ўша пайтларда берган интервьюси ҳам четда қолмади - ўшанда чилиликлар собиқ мураббийи футболчига самолётда пиво ичишни тақиқлаб қўйганида Артуро автобус ҳайдовчиси билан бир шиша вискини бўшатган ва Видаль ўз устидан назоратни йўқотгани боис, Сампаоли уни шифокорлар кўригига олиб бориш кераклигини айтганди.

ШИША БИЛАН БОШГА

Бу мавзу аста-секинлик билан эсдан чиқа бошлаганида эса Видалга оид янги машмашалар ҳақида Sport1.de маълумот тарқатди. Унда айтилишича, футболчи акаси ва ўртоқлари билан Мюнхендаги Crown~s Clubда кўнгилхушлик қилган.

Бундай жойларда уруш-жанжаллар тез-тез содир бўлишини эътиборга олсак, улар билан ҳам шундай ҳодиса юз берганига ҳайрон қолмаслигингиз табиий. Аммо жанжал иштирокчиларидан бирининг бошига шиша билан уришгани ва қонун устуворлиги билан ажралиб турадиган Германия­да бундай воқеаларга осонликча кўз юмиб кетилмаслигини инобатга олсак...

полиция дарҳол воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишларини бошлаб юборди. Айримлар, жумладан, жабрдийда ҳам жанжалнинг асосий айбдори сифатида Видални кўрсатди, бироқ кафе хўжайини футболчининг қўлида шиша идиш бўлмагани ва у фақат ўзини ҳимоя қилганлигини айтиб кўрсатма берди. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу каби воқеалар Видални бутун футболчилик фаолияти давомида таъқиб қилаётандай.

ОҒИР БОЛАЛИК

Руҳшуносларнинг фикрича, бу каби муаммоларнинг илдизи оғир ўтган болаликка бориб тақалади. Видалнинг болалиги ҳам ўта оғир кечгани маълум.

Алкоголга ошно тутинган отаси оиласини ташлаб кетган, кетар чоғида эса уйқуда бўлган 5 яшар Артуро, унинг 3 нафар акаси ҳамда уларнинг ётган кроватини ёқиб юборган.

Уйда доим егулик етишмас ва кейинчалик футболчининг тан олиб айтишича, отаси ҳамиша нимадандир норози яшарди. Чилидаги от клубларидан бирида ҳар куни 9 соат ҳайвонлар тезагини тозалаш билан машғул бўлсанг, кайфият қандай бўларди?

Кейинроқ Видаль айнан ўша клубдан 90 минг еврога тойчоқ сотиб олди, онаси - Жаклинга эса Сантьяго марказидан уй совға қилди.

КАНАДАДАГИ ЖАНЖАЛЛАР

Видаль шахси билан боғлиқ даст­лабки можаро 2007 йили ёшлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатига бориб тақалади - ўшанда чилиликлар бронза медали соҳиби бўлишганди.

Эътиборлиси, «плей-офф»нинг старт ўйини «Даҳолик ва ёвузлик» мавзусидаги мақолага асос бўла олади. Видаль дастлаб Португалия дарвозасига ҳал қилувчи тўпни киритди, учрашув охирида эса қаҳр-ғазаб билан малайзиялик ҳакамга ташланганида иккинчи сариқ карточка, ортидан «қизил»ни олди.

Кейинчалик маълум бўлишича, бу Артуро характеридаги жанжалкашликларнинг гуллари экан, холос. Мевалар Аргентинага қарши ярим финалда кўринди.

Агуэро, Ди Мария ва Колар томонидан тор-мор этилган чилиликлар (0:3) баҳс ниҳоясига етгач, канадалик полициячилар билан муштлашиб кетишди. Полиция участкасида ҳам Артуро тинчланмади: тартиб посбонларини ҳақоратлашда давом этди, куч ишлатди ва уни резина таёқ ҳамда кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган ҳолда тинчлантиришга тўғри келди.

ТЕРМАДАН ҲАЙДАЛИШ

2011 йили Чили термасининг 5 нафар футболчиси 10та ўйинга миллий термадан четлатилишди. Табиийки, улар орасида Видаль ҳам бор эди. Бунга сабаб Хорхе Вальдивиянинг ўғлини чўқинтириш маросими бўлди.

Тадбирга таклиф этилган терма устози Клаудио Борха кетиши билан юқоридаги бешликни тўхтатиб бўлмай қолди - натижада, оёқда аранг турган футболчилар машғулотларга нақ 45 дақиқа кечикишди.

ТУРИНДАГИ МАШМАШАЛАР

«Ювентус»да ҳам Видалга нисбатан икки бор санкция қўлланди. Даст­лабки молиявий жазо ва бунга қўшимча равишда 3 ўйиндан четлатишни Антонио Конте талаб қилди - чилиликлар ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритишганини каттагина байрам қилиб юборган Артуро самолётга кечиккани боис клубда айтилган муддатда пайдо бўлмаганди.

Массимилиано даврида эса, Жанубий америкалик футболчи «Кекса синьора» тарихидаги энг катта жаримага тортилди - 100 минг евро. Видаль тунги клубда тонггача кайф-сафо қилгани етмаганидай, муштлашувда ҳам иштирок этган ва унинг ҳаракати камерага тушиб қолганди.

КАЗИНО ВА АВТОҲАЛОКАТ

Чилида майдон эгалари учун ўта муваффақиятли тарзда якунига етган Америка кубоги-2015 ўйинлари ҳам жанжалсиз ўтмади. Бутун мамлакатни қувонтирган илк тарихий ғалабага қадар эса... Гуруҳ бос­қичининг 2-туригача Видаль Эквадор дарвозасига ғалаба тўпини киритди, аммо Мексикага қарши ўйин­да «дубль» қайд этган футболчига «раҳмат» ўрнига ҳамма кирдикорларини эслатишди - ҳатто отаси ноқонуний равишда қурол сақлаганлиги учун турмага ташланганини ҳам.

Барчасига терма футболчиларига дам олиш куни деб эълон қилинганда Видаль Сантьягодаги маълуму машҳур казинога боргани ва уйга қайтаётганида маст ҳолда рулга ўтиргани сабаб бўлганди. Оқибатда, автоҳалокат юз берди, Ferrari мажақланди, футболчи ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлиб, яна бир каттагина жанжалнинг келиб чиқишига сабабчи бўлди.

Дарвоқе, ўшанда Сампаоли уни термадан ҳайдаб юборишга чақираркан, Видаль келгуси баҳсда - Боливияни 5:0 ҳисобида мағлуб этилиши орқали чилиликлардан муносиб тарзда кечирим сўрашини хаёлига ҳам келтирмаганди.

Ғолиблар танқид қилинмаслиги эса барчага маълум. Аммо ОАВларнинг маълум қилишича, айнан ўша можародан сўнг «Реал» ва «МЮ» бу футболчини сотиб олишдан қатъий бош тортишган.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz