Қайднома

Қидирув

Суперлига (Олий лига): Мухлислар масаласида ўсиш борми?

Суперлига (Олий лига): Мухлислар масаласида ўсиш борми?

  24.12.2017 11:43
  0
  684
Суперлига (Олий лига): Мухлислар масаласида ўсиш борми?

Soccerway.com интернет порталида Осиёнинг қатор миллий биринчиликлари қатори Ўзбекистон олий лигаси ҳақида ҳам турли маълумотлар берилган. Дейлик, стадионларга мухлислар ташрифига боғлиқ қисқа ва лўнда статистика ҳавола этилган.

Демак, чемпионат-2017 доирасидаги ўйинлар жами 21та стадион (ўтган йили ҳам шунча эди)да бўлиб ўтди. «Ғузор» аренаси мавсум давомида бирданига 3та клубга уй стадиони вазифасини ўтади. Бизнингча, айрим клублар битта стадионни олиб, яхшилаб қайта реконструкция қилиши ва унда уй учрашувларини навбатма-навбат ўтказиши керак.

Ҳар ҳолда, вақтинча шундай тизим йўлга қўйилса, стадионларимиз ҳолати янада яхшиланади, ҳудудий жиҳатдан бир-бирига яқин жамоалар ортиқча харажатдан қутулади.

Мисол учун, Миландаги «Сан Сиро» ёки Мюнхенда жойлашган муҳташам «Альянц Арена»ни олайлик, улардан фойдаланишда кучли клублар  муроса қилишяпти-ку. Биздаги айни ҳолатда бундай тежамкорлик фақат фойда берармиди? Зеро, айрим ҳудудларда мухлислар ташрифи ҳаддан зиёд даражада паст.



«Бухоро»нинг уй аренасида ўтказилган ўйинларда кузатилган манзарани олий лигадаги аксарият клубларга намуна сифатида кўрсатиш мумкин. Савол туғилади, нега бошқа шаҳарларимизда бундай кўтаринкилик сезилмаяпти? Жавоб оддий: ҳамма ҳам ўз ишини профессионал даражада йўлга қўйган эмас. Стадионларни мухлислар билан тўлдиришнинг йўллари кўп. Лекин асосий шарт барчага маълум: клуб лоақал совринли ўринлар учун чинакамига курашиши керак. Мисол учун, якунланган мавсум «Қўқон-1912», «Қизил-қум», «Бухоро» ва «Динамо» ареналаридан бошқа ҳеч қайси стадионда тўлиш даражаси 50 фоиздан ортгани йўқ. Энг ачинарлиси, пойтахтнинг 3та етакчиси, доимо чемпионликни кўзлайдиган «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив»да энг паст кўрсаткич қайд этилди. Бу жамоаларнинг ўз майдонидаги ўйинларида стадион тегишлича атиги 3, 12 ва 15 фоизга тўлди, холос. Умуман, пойтахтда бу борадаги кўрсаткичнинг йилдан-йилга пасаётгани ташвишланарли ҳол, албатта.



Биласиз, «Нефтчи» 2015 йили янги стадионга эга бўлди. Лекин жамоанинг салбий натижалари таъсирида мухлислар ташрифи мисли кўрилмаган даражада пасайди. Фарқ-ни қаранг, олдинлари Фарғона клуби ўз аренасида чамаси 15-18 минг томошабин қаршисида ўйнарди. Энди эса жамоа ўз мавқеини йўқотди ва ҳаттоки, 721 нафар мухлис учун ўйнади... Футболда мухлисларни алдаш иложсиз эканлигини шу фактнинг ўзи билан тушуниш мумкин эмасми?



Янги ва эски чемпион - «Локомотив»нинг уй аренасига энг кўпи 5821 мухлис тушди. Энг паст кўрсаткични айтишга ҳам уялади киши - 453. Тўғри, жамоада аввалги мавсум билан солиштирганда, бироз ўсиш бор. Аммо ўртача кўрсаткич чемпион учун жуда кам, барибир. Футбол ким учун ўйналишини унутмаслик керак. Пойтахт клубларининг мухлис йиғиш масаласида қийналаётганини ўйин вақтига боғлиқ муаммолар билан изоҳлаш мумкинми? Ҳа, албаттта. Аммо асосий масала бу эмас. Зеро, футбол ўйинлари ташвиқоти жуда кам, кенг жамоатчилик аниқ вақтни билмайди ва шу тариқа қизиқиш ўз-ўзидан сусаяди. Клублар ўйинларни ташкиллашда Ўзбекистон кубоги финалига қайсидир маънода қўлланма сифатида қараши керакдир. Ҳар ҳолда, ишларга шу тариқа ёндашиш эвазига мухисларни стадионларга қайтариш имкони бор. Аслида бизда футболни кўп жойлардагига нисбатан кучлироқ севишади, бироқ ўйинларни ташкиллашга юзаки қараш оқибатида кўпчилик стадионлардан йироқлашган. Энди барчасини яна ўнглаш учун қўшимча чора-тадбирлар зарур. Ҳа, айрим клублар ютуқли лотерея воситасида мухлисларни жалб этишга ҳаракат қилди, лекин бунинг самараси унча сезилгани йўқ. Демак, бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш талаб этилади. Мисол учун, янгича услубдаги реклама наф бериши мумкин. Тўғри, бунинг учун озгина харажат қилиш керак. Дейлик, эҳтиёж сезилса, хориждан маркетингга ихтисослашган яхши консалтинг марказларини жалб этиш лозим.



«Динамо» кўрсатаётган ўйини сифати, унинг натижалари ва жамоа стадионига тушаётган мухлислар сони ўртасидаги боғлиқликни тушунтириш қийин, Очиғи, бу ҳақиқий парадокс! Биринчи факт иккинчисига мутлақо зид. Ваҳоланки, Самарқанддаги аренага 14 минг томошабин ҳам сиғмайди. Лекин фидоий мухлислар натижалар пасайиб кетишига парво қилмай, стадионни тўлдиришга ошиқаверишди. Жамоа ҳаттоки, ойлаб гол уролмасада, умумий ҳолат ўзгаргани йўқ. Қойил, сизларга самарқандлик мухлислар. Аслида «Динамо» тарафкашлари бундан анча кўпроғига лойиқлар. Жамоа юқори ўринларда юрмаган тақдирда ҳам, айнан ўз майдонидаги учрашувларда маҳаллий футболсеварлар учун чинакамига жон куйдириши, масъулиятни тўла ҳис қилиб ўйнаши шарт. Кўрсаткичларга қарасак, «Динамо» якунланган мавсум бу вазифани имкон қадар уддалади, шекилли. Акс ҳолда, мухлислар фаоллиги бироз тушарди, барибир.



Ўзаро солиштиришми ёки чин дилдан ҳавас қилиш, энди миллий чемпионатимиз кўрсаткичларини Эрон Про-лигаси натижалари билан боғлаб кўрайлик. Форс диёрида давом этаётган жорий мавсумда 11та клубнинг ўйинларига 150-600 нафар томошабин тушган ҳолатлар ҳам кузатилди. Лекин умумий ҳисоб бўйича олсак, мухлислар ташрифи 10,9 фоизга ошди. Оддий айтсак, Эрон чемпионатининг ҳар бир ўйинини ўртача ҳисобда 8970 мухлис воқеа жойида томоша қилмоқда. Дейлик, амалдаги чемпион - «Пирузи» («Персеполис»)нинг бу борадаги ишлари ҳавас қиладиган даражада яхши. Теҳрон клуби уй аренасида ҳар сафар камида 30 минг (юқори кўрсаткич - 42 минг) мухлисдан далда олган ҳолда ўйнамоқда. Қисқаси, «Персиполис»нинг томошабин йиғиш бобидаги ўртача кўрсаткичи 34667га тенг. Қойилмисиз? Ҳа, Эронда мухлислар мададидан бебаҳра клублар ҳам йўқ эмас. Дейлик, Ҳузистоннинг «Истиқлол» жамоаси ҳаттоки, 1000 нафар мухлис тўплашга қийналмоқда. Таққослашни давом эттирсак, Саудия Арабистони Профессионал лигасида ўртача кўрсаткич 6980га тенг, Жанубий Кореяда бундан бирозгина паст - 6505. Хитой Супер-лигаси (23766) ва Япония олий дивизиони(18883) кўрсаткичига эса фақат ҳавас қилиш мумкин.



Айни пайт мухлислар учун кўнгил-очар масканлар кўп, шундай экан, футбол биринчи ўринли танлов бўлмай қолиши ҳеч гап эмас. Лекин Англия ва Германияда ареналар нечоғли тўлаётганига қарасак, бу фикр тўғридек туюлмайди. Хуллас, ареналар мухлислар учун чин дилдан яйрайдиган, кун бўйи жисмоний ва ақлий меҳнатдан толиққан  одамлар учун эса мароқли ҳордиқ чиқарадиган масканга айланиши керак! Европа ареналарида мухлисларнинг стадион томон оқими йўлида автотураргоҳлар ташкил этилади, клублар эпикировкаси имтиёзли нархда сотилади. Қолаверса, клублар президентлари сафар ўйинлари учун чипта харид қилишда баҳоли қудрат кўмак беришади. Яъни чипталар нархи қимматлашиб кетган тақдирда мухлислар билан ҳисоблашилади ва ҳоказо... Яна давом эттирайликми?



Япония ва Жанубий Кореяда футбол биринчи рақамли спорт тури саналмайди. Дейлик, сўнгги йилларда «кунчиқар юрт»да фигурали учиш катта қизиқиш уйғотаётган бўлса, корейслар орасида гольф, арабларда эса «Формула 1» оммалашиб бормоқда. Шунга қарамай, футбол ҳам ўзини ғариб сезаётгани йўқ - мухлислар ташрифи бир маромда. Олий лигамизда ҳам шундай ҳолат қарор топиши учун аввало, клублар рақобатбардош даражага чиқиб, сифатли ўйин намойиш қилиши керак. Мухлислар «№ 1» ва «№ 2» ўртасидаги ўйинда қандай натижа қайд этилиши, нечта гол урилишини ҳаттоки, тахмин қилолмасаларгина вазият бироз яхшиланади. 2018 йили йўлга қўйиладиган Супер-лига баҳсларида мухлисларни қайтариш масаласига ўта жиддий қараш талаб этилади. Бунинг учун биринчи навбатда, ўйинлар аҳамияти ошишини таъминлаш зарур. Ҳаммасини аввало, клублар раҳбарияти чуқур ҳис қилсагина ижобий силжиш кузатилиши мумкин.

«Истиқлол» аренаси ҳақида батафсил

2015 йили Наврўз байрами арафасида, аниқроғи 18 март куни Фарғонада янгитдан қурилган «Истиқлол» стадиони фойдаланишга топширилганди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 15 ноябрдаги «2012-2015 йилларда Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-1641-сон қарорига мувофиқ, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ушбу йўналишдаги ишларнинг изчил давоми сифатида бунёд этилган 20 минг сиғимли стадион ўзининг ноёб меъморий-муҳандислик ечими, бетакрор дизайни билан шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди. «Истиқлол» аренаси халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. 4та ёритиш минораси худди шаҳарнинг тўрт томонидан мухлисларни аренага чорлаётгандек таассурот уйғотади. Замонавий ёритиш тизими тунда ҳам стадион ичи ва атрофи кундузгидек чароғон бўлишини таъминлайди. Томошабинлар жойи, майдон ҳолати ҳавас қилгулик даражада. Голландиядан келтирилган махсус майса уруғи сепилгани натижасида майдон тўрт фаслда кўм-кўк яшнаб туради. Стадионда спортчилар, ҳакамлар, мураббийлар ва маъмурият учун алоҳида хоналар бор. Анжуманлар зали барча қулайликларга эга, ўйинни тасвирга оладиган ОАВ ходимларига ҳам зарур шароитлар яратилган. Муҳандислик таъминоти талабларига кўра, 20 минг томошабинга мўлжалланган ўриндиқлар пастки ва юқори қаватларга бўлинган. Видеотабло, замонавий аудиотизим мосламалари ва бошқа ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган шарҳловчилар хонаси ўйин пайти мухлисларни зарур маълумотлар билан тезкор равишда хабардор этиш, тўғридан-тўғри трансляция узатиш имконини беради.

Факт. Мазкур аренадаги илк ўйин 2015 йилнинг 3 апрель куни Ўзбекистон ва Янги Зеландия ёшлар терма жамоалари ўртасида кечганди.

Олий лига-2017: мухлислар ташрифи статистикаси

       Клуб             Арена         Ўртача    Энг ками     Энг кўпи    Сиғими

«Қўқон-1912»   «Марказий»    6983        3800            10576         10576     66

«Динамо»        «Динамо»       7642        3425            13105         13800     55

«Қизилқум»    «Ёшлар»         6429        2505            10103         11650     55

«Бухоро»        «Бухоро» СМ 11337       3524            18138         22700     50

«Навбаҳор»     «Марказий»    10240       3614            20220         22500     46

«Шўртан»        «Ғузор»          3603        999              7455           10417     35

«Насаф»          «Марказий»    6328        2748            18547         21000     30

«Насаф»          «Ғузор»          3099        1503            6204           10417     30

«Олмалиқ»      «Олмалиқ»     2968        1112            4950           12105     25

«Машъал»       «Б.Вафоев»    2368        1327            3837           11000     22

«Сўғдиёна»      «Жиззах»        2431        980              5200           11750     21

«Сўғдиёна»      «Сўғдиёна»     1711        1711            1711           10000     17

«Локомотив»   «Локомотив»  1445        453              5821           9400      15

«Пахтакор»     «Пахтакор»     4207        1112            11067         35000     12

«Нефтчи»        «Истиқлол»    2423        721              8117           20000     12

«Обод»           «Жар»            778          211              1260           9097      9

«Металлург»   «Металлург»  1164        579              2025           16000     7

«Металлург»   «Локомотив»  522          522              522             9400      6

«Обод»           ТТЙМИ            284          117              672             6010      5

 «Машъал»      «Ғузор»          451          451              451             10417     4

«Бунёдкор»     «Бунёдкор»     867       345       2123     34000   3

Довудхон Акрамов


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz