Қайднома

Қидирув

«Про-лига» ёхуд иккинчи даражадаги лигамизни ривожлантириш учун нималар қилиш керак?

«Про-лига» ёхуд иккинчи даражадаги лигамизни ривожлантириш учун нималар қилиш керак?

  25.12.2017 06:23
  0
  1418
«Про-лига» ёхуд иккинчи даражадаги лигамизни ривожлантириш учун нималар қилиш керак?

Ўзбекистон чемпионати янги йилдан буткул бошқача қиёфага киришидан умидвормиз, албатта. Бу гап фақат олий лига эмас, қуйи дивизионга ҳам тегишли.

Биринчидан, ҳар икки дивизионга янги, жарангдор номлар танланди - тегишлича Суперлига ва Про-лига. Элита ҳақида кўп гапирилди, гапирилмоқда.

Лекин миллий чемпионатимиз тизимида иккинчи даражада турувчи лигани ҳам зинҳор унутмаслигимиз керак.

Хўш, Про-лига шунчаки, «собиқ биринчи лига» бўлиб қолишини истамасак, қандай чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим?

ЎЗГАРИШЛАР

Тушунарлики, ўзгариш фақат ном билан боғлиқ бўлса, лигада ҳеч қандай силжиш кузатилмаслиги эҳтимоли катта. Яхши биласиз, вақтида миллий чемпионатни назорат қилувчи ташкилот тузилганди - Профессионал футбол лигаси номи остида. Ҳа, ПФЛ ҳозир ҳам мавжуд. Аммо унинг шу вақтга қадар чин профессионалларча фаолият юритганини кўрмадик.

Хуллас, ном алмашгани билан ишга ёндашув ўзгармаса, наф чиқишидан умид қилиш қийин. Хўш, ҳозирги ўзгаришлар ҳақида ижобий фикр билдириш мумкинми? Тўғри, ҳозирдан бу саволга жавоб беришнинг имкони йўқ. Ҳа, турли янгиликлар аллақачон бошланди. Энди ҳаммаси фақат бир нарсага боғлиқ - янгиликлар ғояси қоғозда қолиб кетмаслигига.

Келаси мавсум Суперлигада 12та жамоа иштирок этиши маълум. Про-лига эса 18та клубни ўз ичига олиши белгилаб қўйилган. Ҳозир суҳбатимиз айни шу лига ҳақида.

Зеро, саволлар етарли. Биринчи савол: Про-лига-2018 қандай ўтади? «Биринчи» ўрнига «Про» ибораси танлангани амалда савия кўтарилишини таъминлайдими? Тушунарлики, бунинг учун жиддий ишларни амалга ошириш талаб этилади.

ПРО-ЛИГА

Олдимизда турган саволларга жавоб беришдан олдин аввалги мусобақа ҳақида бироз фикр билдириш лозим. Ҳар қанча оғир бўлса ҳамки, очиқ тан олиш керак - биринчи лига турнири ўзининг бутун тарихида мудом эътибордан четда қолди. Мисол учун, лига ўйинлари трансляция қилинмади, ОАВда мусобақа номигагина ёритилди, баъзан ёритилмади...

Шунингдек, биринчи лигадаги долзарб масалаларни қамраб олган интервьюларни ҳам ўқимадик, ҳисоб. Ваҳоланки, лигага нисбатан қизиқиш даражаси пастлигини айтишга асос йўқ. Чунончи, халқимиз футбол шайдоси ва биринчи лига айниқса, вилоятлар ва чекка туманларда жонли футбол томоша қилиш манбаи саналади.

Фақат муаммо шундаки, бундай имконият ҳар доим ҳам юзага келавермайди. Сабаблар эса жуда кўп: ташкилотчиликка боғлиқ нуқсонлар, реклама ва ташвиқотнинг йўқлиги, ўйинларни ноқулай вақтга белгиланиши ва ҳоказо... Шуларнинг ҳаммаси бир бўлиб, жойларда стадионлар нисбатан тўлишига имкон бермаган.

Тўғри, баъзи клублар истисно, албатта. Аслида эса биринчи лига ўйинлари мухлис жалб этишда элита учрашувларидан ҳам қолишмаслиги керак. Ахир бу турнирда туман ва чекка шаҳарлар шарафини ҳимоя қиладиган жамоалар бор. Биламизки, туманларда футболга қизиқиш бошқача, яъни анча кучли.

Зеро, жамоада кимнингдир дўсти тўп суради, бошқа бировнинг қариндоши. Хуллас, кўпчилик таркибдаги йигитларга жуда яқин. Шундай экан, ҳамма ўз таниши ўйинини бевосита стадионда томоша қилишни хоҳлайди. Дейлик, ҳамқишлоғи майдонда жавлон урса, ким бунга бефарқ қарайди? Барчаси бошимиздан ўтган, биламиз.

Энди ўз-ўзидан табиий савол туғилади: мухлисларга шундай яқин чемпионатга қизиқиш даражаси паст бўлиши мумкинми? Афсуски, бизда йиллар давомида биринчи лигага талаб меъёрида эътибор қаратилмагани оқибатида қизиқиш аста-секин сўниб борди.

Энди бундай номли турнирнинг ўзи йўқ. Янги мавсумдан эътиборан Про-лига ўйинларини томоша қиламиз. Хўш, лига ўйинларига қизиқишни ошириш учун нималарга урғу бериш керак?

МАТБУОТ

Биринчи лиганинг энг катта камчилиги ўйинларнинг ёритилмаслиги эди. Эҳтимол, «етарлича ёритилмасди» дейиш тўғрироқ бўлар, аммо бутун бошли мамлакат даражасида ўтказиладиган иккинчи рақамли мусобақага қайсидир спорт газетасининг биттагина саҳифаси ҳам ажратилмаслиги асл ҳолатни билдириб қўяди, барибир.

Ҳар ҳолда, биринчи лига ўйинлари телевидениеда олиб кўрсатилмасди, учрашувлардан кейин мураббийлар фикри берилмасди. Демакки, ОАВ ҳам турнирга паст назар билан қараган. Энди Про-лига бошқача савияга чиқишини истасак, аввало, айни шу камчиликка барҳам беришимиз лозим.

Мисол учун, Про-лиганинг ҳар туридан ўрин олган лоақал битта ўйин трансляция қилинсин, ҳафта давомидаги учрашувларга бағишланган алоҳида кўрсатув тайёрлансин ва газеталарда ҳам кўпроқ жой ажратилсин. Шундагина мухлисларнинг қизиқишлари нисбатан ошади.

Ҳа, ҳаммаси айтишга осон, амалда эса анча мураккаб. Масалан, «Спорт» телеканалида олий лига баҳсларини ёритишга мўлжалланган «ФИФА» дастури бор. Унда ҳар бир турдан сўнг етарли маълумотлар тақдим этилади.

Аммо қуйи лига ҳақида айтарли маълумот берилмасди. Трансляция ҳақида-ку гапириш ҳам ортиқча. Хуллас, Про-лига даражаси собиқ биринчи лиганикидек қолишини истамасак, айнан шу масалани ҳал қилишга киришишимиз зарур.

МАТБУОТ ХИЗМАТИ

Профессионал футбол лигаси ташкил этилганидан сўнг олий лигада иштирок этадиган ҳар бир клуб олдига матбуот хизматини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди. Муҳими, бу талаб имкон даражасида бажарилди ҳам. Ҳа, қайсидир жамоада шунчаки, «Борми? Бор!» қабилида ташкил этилган бўлса, айримларида матбуот хизмати профессионал тарзда фаолият юритмоқда.

Хуллас, бирор клуб матбуот котибисиз қолгани йўқ. Ҳаттоки, ярим профессионал даражада фаолият юритган ва якунда чемпионатдан четлаштирилган «Обод» ҳам матбуот хизматига эга эди. Аммо биринчи лигада бу масалага панжа ортидан қаралди.

Тўғри, айрим клубларда матбуот хизмати йўқ эмас, хусусан, олий лигадан тушган ва яна юқорига қайтган жамоаларда бир йил муддат матбуот котиби штати сақлаб қолинди. Дейлик, «Динамо», «Сўғдиёна», «Андижон» ва «Шўртан» клублари биринчи лигада ўйнаганида, уларда матбуот хизмати ишлаб турди.

Энди Про-лига вакиллари олдига ҳам матбуот хизмати ташкил этишни мажбурий шарт сифатида қўйиш вақти келди. Ҳар ҳолда, умумий савияни биринчи лигадагига нисбатан кўтариш учун иштирокчиларга қўйиладиган талабларни жиддийлаштириш шарт.

Футбол - мухлислар учун. Бу тинмай такрорланадиган гап. Аммо замонавий футбол майдондаги 90 дақиқалик ўйингина эмас. Мухлислар етарли маълумот олишмас экан, замонавийлик ҳақида гапириш ўринсиз...

ТАШКИЛОТЧИЛИК

Ҳа, футбол мухлислар билан гўзал ва ҳозир биз учун айни шу масала оғриқлидир. Ахир 35 минг мухлисга мўлжалланган стадионда 1000-1500 киши ўтириши ачинарли ҳол эмасми? Табиийки, бунинг ҳам ўзига хос сабаблари бор ва ташкилотчиликдаги қусурлар асосийларидан биридир. Бу муаммо йиллар давомида нафақат биринчи, балки олий лига учун ҳам долзарблигича қолди.

Шундай бўлгач, қуйидаги фикрлар Про-лига баробарида Суперлигага ҳам тааллуқли. Тақвимдаги ўзгаришлар, ўйинлар вақтининг ноқулайлиги, мухлислар учун етарли шароит яратилмагани ҳақида жуда кўп гапирилган. Профессионал тарзда иш юритишни хоҳлайдиган ташкилот учун майда-чуйда жиҳатлар бўлмаслиги лозим.

Яъни ҳаммасига бирдек эътибор қаратиш шарт. Бизда айни шу нарса йўқ. Битта мисолимиз қўполроқ чиқса, узр. Бизда барча стадионларда ҳам зарурий шароитларга эга умумий ҳожатхоналар мавжуд эмас. Боз устига, аксариятида пуллик хизмат йўлга қўйилган.

Қайси жамоа аренасида мухлислар учун ҳожатхоналар кўпроқ қурилган ва барча шароитлар муҳайё этилган ва энг муҳими, улар пуллик бўлмаса, у профессионалликнинг оддий бир бандига мувофиқ иш ташкил қилган ҳисобланади. Мухлисларни стадионга чорлаш учун машҳур хонандаларни чақириб, концерт бериш ёки ютуқли лотерея ўйинлари ўтказиш шарт эмас.

Шунчаки, шароитларни биноий ҳолга келтириб, сифатли футбол таъминланса, бас. Хусусан, тақвим қурмағурни ҳар нуқтада ўзгартиравермайлик, ўйинларни мухлислар учун қулай вақтга белгилайлик.

Шунга қўшимча тарзда жамоалар чиройли ўйин кўрсатса, стадионларимизга ташриф масаласида ўсиш кузатилади, албатта. Бошқача ифода этсак, клуб ўз мухлисларини ҳурмат қилса, улар суюклиларини асло ёлғизлатиб қўйишмайди. Жамоа биринчи лигада ўйнаган тақдирда ҳам.

МИСОЛ

Ўтган мавсум олий лигада «Навбаҳор» мисолида қизиқ ҳолат вужудга келди. Профессионал футбол лигаси тақвимига биноан, клубнинг қайсидир ўйини етакчилар ўртасидаги принципиал баҳс вақтига тўғри бўлиб қолди. «Спорт» телеканали ҳар икки учрашувни жонли трансляция қилишни режалаштирганди, бироқ бунинг учун ўйинлардан бири вақтини ўзгартириш лозим эди.

Шунда телеканал раҳбарияти «Навбаҳор»га мурожаат қилиб, учрашувни бор-йўғи ярим соат илгари бошлашни сўраган. Аммо клуб илтимосни қабул қилолмади. Чунки Намангандаги ўйин учун  17 минг дона чипта сотилган бўлиб, ўйиннинг эртароқ бошланиши мухлисларга ноқулайлик туғдирарди.

Шу сабаб, жамоа раҳбарлари ўйин вақтини ўзгартиришмади. Демоқчимизки, «Навбаҳор» бежиз мавсум бўйича энг кўп мухлис йиққан жамоалар қаторига киргани йўқ.

Қачонки, ҳамма ишга худди шундай ёндашиб, мухлислар манфаатини иккинчи даражага суриб қўймаса, стадионларимиз эртами-кеч, худди олдингидек, тўлиб-тошади, албатта. Тўғри, бунинг учун ўйинлар шиддатини ҳам кескин ошириш лозим.

ШИДДАТ

Ўзбек футболидаги муаммолардан яна бири - ўйин суръати ҳар доим ҳам юқори бўлавермаслиги. Гарчи охирги йилларда принципиал баҳслар сони нисбатан ортган бўлса ҳамки, ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Биринчи ўринда, келишилган ўйинларга қарши курашга янада жиддийроқ эътибор қаратиш шарт.

Яқинда биринчи лига клубларидан бирининг мураббийи билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, қуйи лигамизда келишилган ўйинлар балоси кенг тарқалган экан. Шахсан ўзи асосий таркибнинг 2-3 нафар етакчи футболчиси рақиб билан тил бириктириб, ўйинни «бериб юборгани»ни билишини таъкидлади.

Яъни айтайлик, «Х» жамоа ўйинни осонгина ютиш илинжид «U»нинг асосий футболчилари билан келишишга уринади баъзи ҳолларда. Бунда аввало, етакчи ҳужумчи ва ҳимоячиларга мулозамат кўрсатилади. Ҳар ҳолда, ҳужумчи ўта қулай вазиятга чиқиб ҳам, «гол уролмаслиги», ҳимоячи эса хавф туғдириши тайин рақиб вакилини тўхтатиб қолишни «истамаслиги» мумкин.

Афсуски, бундай ҳолатлар футболимизда йўқ эмас. Биласиз, охирги 3 йил давомида ЎФФ таркибида «Келишилган ўйинларга қарши кураш» қўмитаси иш олиб борди. Гарчи бу қўмита бирор ўйин келишилган ҳолда ўтганини аниқламаган бўлсада, тан олайлик, умумий ҳолат ҳарқалай, бироз яхшиланди.

Аммо шуниси борки, қўмита ўз фаолиятида биринчи лигага унча эътибор қаратмади. Ҳозир ЎФФ томонидан унинг иши қайта ташкил қилинмоқда. Магарки, футболимиз ривожини истасак, янги қўмита Суперлига ва Про-лигага бирдек қараши шарт...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz