Қайднома

Қидирув

Габриэль батистутанинг аламли тарихи

Габриэль батистутанинг аламли тарихи

  26.12.2017 06:22
  0
  2632
Габриэль батистутанинг аламли тарихи

Фаолияти давомида «Фиорентина» ва «Рома» клублари ҳамда Аргентина терма жамоаси олдинги чизиғида мўъжизавий ҳаракатланган собиқ ҳужумчи шифокорлардан оёқларини кесиб ташлашни илтимос қилди...

Ваҳоланки, у айнан шу сеҳрли оёқлари туфайли «Батигол» лақабини олиб, бутун дунёга танилганди. Ҳа, Аргентина ва италиялик миллионлаб мухлислар меҳрини қозонган Габриэль маҳсулдорлиги эваазига футбол тарихидан жой  олганди.

Дейлик, у ўтган асрнинг 90-йиллари Аргентина термаси учун 56та гол урган ва мамлакат футболида «Мессидан аввалги давр» рекордчиси саналарди. Мисол учун, Батистута ЖЧ-98 доирасидаги ўйинда атиги 11 дақиқа ичида «хет-трик» қайд этган ва «Чайф» гуруҳи бунга атаб, «Аргентина - Ямайка - 5:0» қўшиғини яратганди.

«Батигол» сўнгги вақтларда оёққа ортиқча оғирлик тушмайдиган спорт турлари - поло ва гольф билан шуғулланаётганди.

У яқинда Испаниянинг Marca нашрига интервью бериб, футболчилик фаолиятидан кейин ҳаётида юзага келган катта муаммолар хусусида атрофлича тўхталди.

Футболни ўйин эмас, касб ўрнида кўрарди...

- Доимо футболга касб сифатида қараганман ва унинг воситасида энг юксак чўққиларга кўтарилиш, камолотга эришишни орзу қилганман.

Яъни ўйиндан ўзгача лаззат олган эмасман. Масалан, мактабда волейбол ёки баскетболни афзал кўрардим. Майдонда вазифамни адо этгач, футболни шахсий ҳаётимга аралаштиришни сира истамасдим. Профессионал футболчи ҳаётида қувончли жиҳатлар жуда оз. Ишонинг, Роналду ёки Месси даражасига чиқиш анча мураккаб.

Хўш, унда нега 17 йиллик умрим (1988-2005 йилларда фаолият юритган)ни футболга бағишладим? Фақат нафсоният туфайли. Қолаверса, футбол ичидаги муҳит ёқарди: ўйинлар тақдим этадиган эҳтирос, жамоадошлар билан мулоқот, беозор болалик руҳияти.

Ҳозир менга айни шулар етишмаяпти. Бутсаларимни михга илганимдан кейингина футболни чуқурроқ англай бошладим ва унга нисбатан қизиқишим янада ошди.

Юришнинг иложи қолмаганида...

- Футболдаги ҳаётдан бутунлай аламзада бўлганимни айтолмайман. Лекин бир куни ҳаммасини тўхтатиш кераклигини тушундим: «Бўлди, етар». Футболда бор кучимни сарфладим, қувватим тугади, саломатлигимни йўқотдим. Охирги учрашувдан кейин 2 кун ўтгач, деярли юролмай қолдим.

Тўпиғим, айниқса, ўнг томонининг дабдаласи чиққан, пай ва мушакларим адо бўлганди. 86 килограммга тенг вазнимни қуруқ суяклар кўтариб турарди. Уларнинг бир-бирига қандай оғриқли ишқаланишини тасаввурга сиғдириш ҳам қийин.

Дейлик, неча-неча марта дарддан тун бўйи мижжа қоқмай чиққанман. Оғриқ қолдирувчи дорилар ичишимга қарамай, ҳаттоки, 3 метр наридаги ҳожатхонага ҳам боролмай қолгандим. Нақадар азоб...

Ўзи шифокордан оёқларини кесиб ташлашни сўраган...

- Бир куни оғриқ чидаб бўлмас даражада кучайгач, мени шифохонага олиб боришди. Шунда врачга сабрим тугагани айтдим: «Агар дарддан қутулишим аниқ бўлса, оёқларимни кесиб ташланг, илтимос. Оскар Писториус қисматидан хабардорман, у каби протез ёрдамида ҳаракатланишга розиман».

Бироқ шифокор илтимосимни инобатга олмай, ҳаракатланиш қобилиятини тиклашга кўмак берадиган жарроҳлик муолажаси - артродезни тавсия этди. Шу операциядан кейин аста-секин оёққа тура бошладим. Ҳозир ҳам оёқларим баъзан безовта қилади. Лекин гольф ёки поло учун куч-қувват топаман, барибир.

Шу ўринда, ёш футболчиларга маслаҳат бермоқчиман: имкони борича тез-тез спорт руҳшунослари билан учрашиб, кичик муаммоларни ҳам вақтида ҳал қилишга ўрганинг. Шунда саломатлигингизни йўқотиб, афсусланмайсиз. Менинг қисматим бунга 100 фоиз далил.

Рекорди Месси томонидан янгиланганида...

- Аргентина терма жамоасининг рекордчи тўпурари мақоми мен учун шон-шараф эди. Шу боисми, рекордим янгилангач, қалбимда бироз алам уйғонди. Иккинчи томондан, мендан ўзиб кетиш қайсидир оддий ватандошим эмас, «ўзга сайраёлик» ҳужумчига насиб этгани кўнглимни кўтаради.

Месси - тенги йўқ футболчи! У Аргентина футболи зафари йўлида бор куч-маҳоратини аямайди. Энди миллий жамоа савиясини унга мос равишда ошириш лозим. «Барселона»даги вазият эса анча осонроқ - клуб таркиби айнан Мессига мувофиқ ҳолда шакллантирилади. Ҳа, терма жамоада бундай имконият йўқ.

Қолаверса, «Эйбар» каби клублар ва Бразилия ёки Германия термалари ўртасида катта тафовут бор. Айтганча, агар Лео ўрнида бўлганимда, ЖЧ-2018га сўнгги имконият сифатида қарамасдим. Демоқчиманки, Месси фавқулодда ҳодиса ва жароҳатларни четлаб ўтса, Қатарда ҳам ўзини кўрсатади.

Кавани, Суарес, Игуаин ва Икарди унга ўзини эслатишади...

- Менга устозлик қилган барча мураббийларга чексиз ҳурмат билан қарайман. Ўйин услубим бўйича ортиқча кўрсатмаларга эҳтиёж сезган эмасман. Ахир бирдан-бир вазифам гол уриш эди! Шу сабабли ҳам, тегишли қарорларни мустақил равишда қабул қилиб, мақсадга эришардим.

Ҳозирги ҳужумчилар орасидан Кавани, Суарес, Игуаин ва Икардининг ҳаракатларига қарасам, ўз фаолиятим кўз ўнгимга келади. Ҳужумчиларнинг асосий таъқибчилари - ҳимоячиларга тўхталсам, бизнинг даврда уларнинг қаршилигини енгиш қийинроқ бўлган. Рамос, Пике, Варан, Годин, Маскерано - булар ажойиб ҳимоячилар, албатта.

Лекин Барези, Неста, Мальдини, Верховод ва Чамот мисолида энг олий савияни кўрганмиз. Замонавий футболда уларнинг даражасига тенг ҳимоячилар йўқ!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz