Қайднома

Қидирув

Рустам Ашурматов: Миржалол Қўшоқович тажрибали ва талабчан мураббий

Рустам Ашурматов: Миржалол Қўшоқович тажрибали ва талабчан мураббий

  27.12.2017 03:36
  0
  1185
Рустам Ашурматов: Миржалол Қўшоқович тажрибали ва талабчан мураббий

Якунланган мавсум «Бунёдкор» учун текис ўтгани йўқ. «Қалдирғочлар» чемпионатни 4-ўринда якунлаб, совринсиз қолишди. Боз устига, Ўзбекистон кубоги финал учрашувида ташаббусга эга бўла туриб, «Локомотив»га имкониятни бой беришди.

Оқибатда ОЧЛ йўлланмаси «Пахтакор»га насиб этди. Хуллас, «Бунёдкор» ўз тарихида илк бор қитъанинг энг нуфузли клублар турнирида иштирок этмайдиган бўлди.

Бунга биринчи даврада меъёридан кўп очко йўқотилгани сабабдир. Жамоанинг истеъдодли ҳимоячиси Рустам Ашурматов бу борада қандай фикрда? Қизиқсангиз, марҳамат, унинг интервьюсига эътибор қаратинг.

- Рустам, «Бунёдкор» мавсум учун қўйилган вазифаларни бажаролмади. Якунда совринсиз қолиш алам уйғотгандир...

- Ҳа, бу жуда аламли. Аслида соврин ютишга муносиб эдик. Ҳар ҳолда, йил давомида, айниқса, иккинчи даврада қаттиқ ишладик. Аммо футбол шунақа - кимдир ютади, бошқаси ютқазади.

Начора, камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, энди келаси мавсумга янада жиддийроқ ёндашамиз. Хуллас, насиб қилса, фақат чемпионлик учун курашамиз.

- «Локомотив»га қарши кечган ўйинларда мағлубиятни тан олдинглар. Бу жорий мавсум «темирйўлчилар» сизлардан дарҳақиқат, устун бўлишганидан ишорами?

- «Локо» бежиз қаторасига иккинчи марта чемпионлик шоҳсупасига кўтарилмади. Лекин шахсий фикримни билдирсам, ўзаро ўйинларимизда «Локомотив»га шунчаки, омад ҳам кулиб боқди. Айниқса, кубок финалида. Ахир гол уриш учун бизда кўпроқ имконият юзага келганди.

- Жамоага Миржалол Қосимов қайтганидан сўнг ўйин сифати ҳам, натижа ҳам яхшиланди. У футболчиларни қай тарзда руҳлантирди, нималарни ўзгартирди?

- Миржалол Қўшоқович тажрибали ва талабчан мураббий, қайси пайт қандай ўйнаш кераклигини жуда яхши билади. Энг катта плюси ҳам шу - ўйинларга тўғри муносабат.

- Дейлик, Қосимов ўз бошқарувидаги илк учрашувдан олдин айнан нималарга эътибор қаратганди?

- Биринчи галда, руҳий тайёргарликка. Чунки ўша пайт омадсизлар сабаб, футболчиларда кайфиятсизлик сезилаётганди. Сўзларидан аниқ иқтибос келтирсам, шундай деганди:

«Бунёдкор»дек клубга турнир жадвали пастки поғоналарида юриш сира ярашмайди. Сизларни билмадиму, лекин шахсан мен мағлубиятни ҳазм қилолмайман». Қисқаси, шундай ёндашувни онгимизга сингдиришга ҳаракат қилди. Очиғи, Миржалол Қўшоқовичнинг сўзлари бизга кучли таъсир қилди. Бунга иккинчи даврадаги ўйинларимиз исбот. 

- Умуман, «Бунёдкор»га совринли ўринлардан бирини эгаллаш учун омад етишмаганидан ташқари, яна қандай омиллар тўсқинлик қилди?

- Барчасига ўзимиз айбдормиз. Кераксиз жойда зарур очколарни бой бердик. Энг катта камчилик - барқарор ўйнамаслик. Оддий айтганда, бир маромда ҳаракат қилолмадик.

Кўпчилик бу ҳолатни «Бунёдкор» таркибида асосан ёшлар тўпланишгани билан боғлайди. Аммо бу фикрга қўшилмайман. Ахир ёшдек кўринаётган шу футболчилар олий лига ва ОЧЛда етарли тажриба ҳосил қилишган. Қолаверса, бизда тажрибали футболчилар ҳам бор. 

- Энди «Бунёдкор» ўз тарихида илк бор ОЧЛда қатнашмайди...

- Начора, шундай бўлиши керак экан, чидаймиз-да.

- Жамоангиз ёшларни кашф этиш бобида юртимизда етакчилар қаторида. Хўш, бу йил кимлар кашфиёт мақомига муносиб ўйнашди, сизнингча?

- Бундай ёшлар кўп - Фаррух Икромов, Даврон Умиров, Нурилло Тўхтасинов...

- Олий лига-2017да кузатилган воқеалар орасида энг кутилмаган 3тасини айтсангиз...

- Биринчиси - жамоамизнинг ОЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолгани. Шунингдек, келаси мавсум олий лигада 12та жамоа қатнашиши ҳақидаги қарорни ҳам ҳеч ким кутмаганди. «Обод»нинг четлатилгани ҳам кутилмаган воқеа, албатта.

- «Бунёдкор»нинг омадсиз ўйинлари рейтинги тузиб чиқилса, у қандай кўриниш олади?

- Шубҳасиз, бундай рўйхатнинг 1-қаторига кубок финали қўйилади. Сафарда «Қизилқум»га қарши кечган драматик ва голларга бой ўйинимиз 2-ўриндан жой олади. Ўша учрашувда қимматли 2 очкодан маҳрум бўлгандик.

Шахсан мен ўз майдонимизда «Пахтакор» билан бўлган ўйинни 3-ўринга қўярдим. Шу учрашувлар биз учун чинакамига омадсиз кечди. Яна Ғузорда «Шўртан»га имконият бой берилган ўйинни ҳам унумаслик керак.

- Мухлис нигоҳи билан қараганда, ўз ҳаракатларингиздан нечоғли қониқдингиз? Ўйинингизда ўсиш сезилдими?

- Буни мураббийлардан сўраганингиз маъқулроқ. Энг холис баҳони мутахассислар, журналистлар ва мухлислар беришади. Шахсий фикримга келсак, мавсумнинг аъло даражада ўтказганимни айтолмайман. Тўғри, ёмон ҳам ўйнамадим. Боз устига, биринчи даврада орттирилган жароҳат таъсир қилмай қолмади, барибир. 

- Янги формат асосида ўтказиладиган Супер-лигага қандай қарайсиз?

- 12та жамоа иштирок этишини ҳисобга олсак, ўйинлар қадри анча ошади, албатта. Демак, юқори даражали рақобатга шайланишимиз керак.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz