Қайднома

Қидирув

Футболда ҳаммаси ҳомийларга боғлиқми?

Футболда ҳаммаси ҳомийларга боғлиқми?

  27.12.2017 06:21
  0
  1241
Футболда ҳаммаси ҳомийларга боғлиқми?

Нафақат замонавий футбол, балки бутун спортни ҳам ҳомийлик шартномаларисиз тасаввур қилиш қийин бўлиб қолди.

Айниқса, халқаро спорт ташкилотларининг фаолияти бевосита ҳомийлар ва реклама келишувларига боғлиқ. Жумладан, ФИФА ҳомийларни жуда яхши кўради. Тўғри, уларни ҳамма ҳам алоҳида ардоқлайди.

Лекин айнан халқаро футбол уюшмаси сармоядорлардан катта пул ундириш баробарида ҳар доим уларга ўз сўзини ўтказиб келади.

Бошқача айтганда, футбол турнирлари ҳомийлари қаторига қўшилишни истаган ҳар бир компания ФИФА шартларини сўзсиз қабул қилишга мажбур.

Хоҳ Coca-Cola ёки McDonald’s бренди, хоҳ бошқаси бўлсин, ҳар бир ҳаракатини футболнинг олий ташкилоти розилиги билан амалга оширади. Акс ҳолда, ФИФА ҳамкорликни шундоқ тўхтатади - тамом. Аммо баъзан...

Krasava ўрнига - Telstar

Adidas келаси ёз Россияда 2та йирик лойиҳасини тугатади - миллий терма жамоа ва ЖЧ-2018. Хуллас, Россия жамоаси шундан кейин янги ҳомийга юзланади. Умуман, Германиянинг машҳур бренди нафақат терма жамоа, балки бутун рус спорти билан ҳам хайрлашади.

Дейлик, шу йил охирига қадар Adidasнинг Россиядаги 160тадан ортиқ савдо шахобчаси ёпилади. Гап шундаки, рус диёрида немис брендининг даромади йилдан-йилга сезиларли даражада пасаймоқда. «Кутилишича, турли санкциялар ва нефть баҳосининг ўзгариб туриши оқибатида Россия бозоридаги ишлар орқага кетишда давом этади.

Шунинг учун 100та дўконни ёпишга улгурдик ва йил охиригача яна 50дан ортиғи фаолиятини тўхтатади», - деди Adidas ижрочи-директори Каспер Рорштед. Боз устига, Adidas ва ФИФА ўртасидаги алоқалар ҳам яхши эмас. «Одатда ЖЧнинг махсус тўпи дизайни ва номи мундиал мезбони билан келишган ҳолда тасдиқланади, бироқ ФИФА ҳомийлари бу сафар негадир ўзбошимча иш тутишди.

Натижада ташкилий қўмита Adidasни тўп дизайни устида яхши ишламаганликда айблади. Шунингдек, унинг номи ҳам эътироз туғдирди. Чунончи, ЖЧ-70нинг расмий тўпи ҳам Telstar, деб номланган эди...» - ЖЧ-2018 ташкилий қўмитаси шундай баёнот берди. Лекин янги тўпга нисбатан эътирозлар асосан унинг дизайнига боғлиқ.

Мисол учун, аввалги мундиалларнинг расмий тўпларида мезбон мамлакат маданияти акс эттирилган. Қолаверса, 2010 йилги ЖЧ тўпига ЖАР расмий тилларидан бирининг номи танланган - Jabulani. 2014 йили эса бразилияликлар Brazuca атамасини маъқул кўришдики, бу мамлакатнинг маҳаллий шевадаги номи ҳисобланади.

Ҳаттоки, Конфедерациялар кубогида ҳам мамлакат маданияти ҳисобга олинган: Kopanya (КК-2009) ва Kafusa (КК-2013). Telstarга келсак, бу атаманинг Россияга дахли йўқ умуман. Аслида чемпионат тўпи ва тимсолига чиройли номлар ўйлаб қўйишганди - Krasava ҳамда Zabivaka. Бироқ якунда соф русча атамалар маъқул кўрилмади.

Энди ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқлашдан маъно йўқ. Чунки якуний қарор қабул қилинди, аммо ФИФА ва асосий ҳомийлардан бири ўртасида бошланаётган можаро - ёқимсиз ҳолат. Жанни Инфантино бу борада ҳеч қандай изоҳ берганича йўқ. Аслида ФИФА бош ҳомийлардан бирига нисбатан бироз енгил муносабатда бўлмаслиги ақлга сиғмайди.

Зеро, Adidas энг оғир дамларда ҳам ташкилотни қўллаб-қувватлаб келди. Яъни коррупцияга боғлиқ жанжаллар вақтида. «Adidas Group ўз маҳсулотларида этиканинг энг юқори стантартларига мувофиқ келувчи ҳар қандай миллий маданиятни акс эттиришга тайёр. Фақат ФИФА бу борада аниқ кўрсатмалар бериши керак.

Adidas - кенг қамровли футбол бренди ва биз турли миқёсда соҳани қўллаб-қувватлашда давом этамиз» - бу компания баёноти. Тахмин қилиш мумкинки, Инфантино Adidas билан дўстона алоқаларни сақлаб қолади, барибир. Дейлик, тўп номини ўзгартириш катта муаммо саналмайди.

Ҳозирдан ФИФА 1|8 финалдан эътиборан Telstar 18 атамаси ёнига Mechta иборасини қўшишни тасдиқлагани ҳақида хабарлар йўқ эмас. Тўғри, ЖЧ тарихида бунақаси ҳали кузатилмаган. 

Қойилмақом «еттилик» ва ФИФА

ФИФАда 7та топ даражадаги ҳомийи бор - Adidas, Coca-Cola, Visa, Hyundai-Kia Motors, Qatar Airways, Wanda ва Gazprom. Ташкилот буларга яқин ҳамкор сифатида қарайди ва ҳар бири билан имкон қадар узоқ муддатли шартнома тузатди. Ўз навбатида, ҳамкор-ҳомийлар ФИФАга боғлиқ кўплаб лойиҳаларни молиялаштиришади.

Ушбу элит гуруҳга кириш осон эмас, албатта. Мисол учун, «Зенит», «Шальке», «Челси» ва «Црвена Звезда» каби клубларга ҳомийлик қилиш асносида футболга бош суққан «Газпром»нинг анча кутишига тўғри келди. 2014 йили Emirates билан келишув муддати тугагачгина Россия компаниясига жой топилди.

Айтганча, халқаро футбол уюшмаси ғазнасига 118,3 миллион фунт «тўккан» араб авиакомпанияси қатори 8 йиллик ҳамкор Sony ҳам катта доирадан чиқди. Буниси ФИФАни 222 миллион фунтга бойитганди.

Шу тариқа бўшаган жойга «Газпром» таклиф этилди ва 2015-2018 йилларга мўлжалланган шартнома расмийлаштирилди. Британиянинг The Telegraph нашри маълумотларига кўра, «Газпром» 4 йиллик келишув бўйича ФИФАга чамаси 52-65 миллион фунт беради.

ФИФА топ-ҳамкорлар қатори ўзининг бош мусобақаси - ЖЧ ҳомийлари билан ҳам фаол ишлайди. Бундай «гуруҳ» рўйхати анча узун. Мисол учун, 2014 йилги мундиалда Anheuser-Busch InBev, Castrol, Continental, McDonald~s, Johnson - Johnson, Marfrig, Yingli Solar каби компаниялар ФИФА билан ҳамкорлик қилди.

Одатда бундай «кичик» шериклар билан тузиладиган шартномалар баҳоси сир тутилади, аммо Британия матбуоти маълумотларига таянсак, ФИФА ҳар бир вақтинча ҳомийдан камида 6,5, кўпи билан 25 «лимон» фунт олади.

Ҳомийларнинг учинчи гуруҳи ҳам бор - миллий ва ҳудудий компаниялар. Улар билан ҳам айнан жаҳон чемпионати вақти шартнома тузилади. Бразилия мундиалида бундай компаниялар сони 6та бўлганди. Энди ФИФА Россия-2018га маҳаллий ҳомийлар жалб этишда муаммоларга учрамоқда.

Ҳозирга атиги битта битим расмийлаштирилди («Альфа-банк» билан). Octagon Russia агентлиги директори Мэттью Фенер Россиядан ҳомий топиш масаласидаги қийинчиликларни қуйидагича изоҳламоқда: «2та асосий сабаб бор.

Биринчиси - ФИФАда ЖЧ-2014дан кейин юзага келган ички чалкашлик, иккинчиси - Россияда кузатилаётган иқтисодий инқироз, бу ҳолат маҳаллий компаниялар ҳаётини анча оғирлаштирмоқда».

УЕФА ва хилма-хил ҳомийлар

Европа футбол ассоциациялари иттифоқи ҳам ҳомийларни эъзозлайди, албатта. Лекин УЕФА шартномаларга муносабат масаласида ФИФАдан кескин фарқланади. Чунончи, бу ташкилот Европа чемпионатидан ташқари, 2та сердаромад клуб турнирига эга. Табиийки, ЧЛ ва ЕЛ ҳам ҳомийларни ниҳоятда қизиқтиради.

Шунга мувофиқ, УЕФАнинг ҳомийлик шартномаларини 3та тоифага ажратиш мумкин. Биринчиси энг оммалашган турнир - Чемпионлар Лигасига боғлиқ. Рақамларда айтсак, УЕФА клублар ўртасидаги ЧЛ, ЕЛ ва Европа суперкубоги ортидан 2,35 миллиард евро топади.

Тушунарлики, сумманинг катта қисми бош турнир бўйича тузилган шартномалар улуши ҳисобланади. Европа Чемпионлар Лигаси ҳамкорлари орасида Nissan, Gazprom, MasterCard, Unicredit, PepsiCo компаниялари катта ўрин тутади. Яна  Gatorade, Sony Computer Entertainment Europe ва Heineken брендлари бор.

Heineken пиво компанияси билан шерикликда нозик жиҳатлари йўқ эмас. Гап шундаки, Франция, Қозоғистон, Туркия ва Россия каби мамлакатлар ҳудудида алкоголь маҳсулотларини реклама қилиш тақиқланган. Шунинг учун Россия ва Туркияда Heineken ўрнини Respect эгаллайди. Умуман, Голландия пиво магнати ҳар йили УЕФАга чамаси 65-70 миллион евро беради.

Яна бир катта ҳомий - Nissan эса ташкилотни 53 миллион евро билан сийлайди. Ҳамкорлик ортидан УЕФА қатори даромад оладиган ҳомий ҳам бор - Unicredit банки (ЧЛнинг 2015-2018 йиллардаги расмий банки). Молиявий гигант вакиллари маълумотлари бўйича айтсак, муассаса УЕФА билан 5 йиллик ҳамкорлик давомида шартнома қийматини 225 фоизга қоплаган. 

Иккинчи даражали ҳомий - Adidas. Немислар УЕФА белгиси остидаги ҳар қандай турнирга ҳакамлар формалари ва албатта, тўпларни етказиб беришади. ЕЛга келсак, бу турнир ҳомийлари рўйхати нисбатан камтарона: Hankook, Unicredit, FedEx, Enterprise Rent-a-Car, Heineken (Amstel).

Евро-2016 эса машҳур компанияларни ўзига жалб этди: Adidas, Carlsberg, Coca-Cola, Continental, Hyundai-Kia, McDonald~s, Orange, SOCAR ва Turkish Airlines. Рўйхатда шунингдек, Arbidel-HomeAway (Франция) ва HIsense (Хитой) бор эди. Умуман, УЕФА қитъа биринчилиги бўйича ҳудудий ҳомийлар билан қисқа муддатли шартнома тузишга ҳам алоҳида эътибор қаратади.

Олимпия иқтисодиёти

Олимпиада ҳаракати иқтисодиётини кўтариш Хуан Антонио Самаранчнинг президентлик даврида бошланган. Айнан у мусобақа томошабоплигини ошириш асносида реал даромад миқдорини кўпайтиришга асос солди. Яъни Олимпиадага қизиқиш ортгани билан йирик ҳомийлар сафи тобора кенгайди.

Иш шу даражага етдики, ХОҚ билан шартнома тузишни хоҳлайдиганлар ўртасида алоҳида саралаш ўтказиладиган бўлди. Хуллас, Олимпиада ҳамкорлари қаторига қўшилиш осон эмас. ХОҚ жарангдор ном  - ТОР-The Olympic Partner остида махсус дастур ишлаб чиққан.

Шартга мувофиқ, Олимпия қўмитаси фақат шаффоф иш тутадиган обрўли ва маблағ айланмаси катта компаниялар билан алоқа ўрнатади. Ҳамкорларнинг элит гуруҳидан жой олиш ҳуқуқи баҳоси йилдан-йилга ошяпти. Айни пайт Coca-Cola ва Omega МОҚнинг топ-ҳамкорлари саналади.

Ҳар иккиси Олимпия қўмитаси билан анчадан буён бирга: 1928 йил (Coca-Cola) ва 1932 йил (Omega). Visa, Procter - Gamble, Panasonic, General Elecrtic, Atos, Bridgestone, Dow Chemical Company - булар иккинчи рақамли ҳомийлар. ХОҚ шунингдек, 2015 йили Toyota билан ўта манфаатли шартнома тузди.

2024 йилгача мўлжалланган келишув баҳоси бир миллиард еврога тенг! Муҳими, Олимпия қўмитаси замондан ортда қолишни истамаган ҳолда, Alibaba Group билан узоқ муддатли ҳамкорлик масаласида ҳам келишиб қўйган. Олимпия ҳаракати яқинда Intelга ҳам қўшилди. Бу ҳамкорлик суммаси ҳақида маълумот йўқ, аммо катта маблағ айланишини осонгина фаҳмлаш мумкин.

Дарвоқе, Intel Олимпиаданинг узоқ йиллик ҳамкори - McDonald~s ўрнини эгаллади. Умуман, Олимпиада ўйинлари улкан савдо марказидир. ХОҚ буни яхши билади ва ҳудудий ҳомийлар олдига ҳам қатъий талаблар қўйишга одатланган. Шунга қарамай, уларнинг сони тобора ошяпти.

Мисол учун, Афинада 38та, Туринда 57та ва Сочида 87та маҳаллий компания ХОҚ билан бирга иш юритди. Эътибор қаратинг, 2004-2014 йиллар оралиғида ҳомийлик дастурлари ортидан келган даромад миқдори 302 млн. доллардан 1,4 млрд. долларга етди.

ФИФА ва бош ҳомийлар муносабати

Ҳомий                                   Шартнома муддати                Охирги келишув баҳоси

Adidas                                   2030 йилгача                            186 млн. фунт (ҳар 6 йил учун)

Hyundai-Kia Motors            2022 йилгача                            182 млн. фунт

Visa                                        2022 йилгача                            85 млн. фунт (ҳар 8 йил учун)

Coca-Cola                              2022 йилгача                            290 млн. фунт

Gazprom                               2018 йилгача                            52-65 млн. фунт

Qatar Airways                      2022 йилгача                            Аниқ маълумот йўқ

Wanda   2030 йилгача      130 млн. фунт (ҳар 4 йил учун)

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz