Қайднома

Қидирув

Юрий Сёмин: «Локомотив» фаворит эмас»

Юрий Сёмин: «Локомотив» фаворит эмас»

  28.12.2017 03:29
  0
  870
Юрий Сёмин: «Локомотив» фаворит эмас»

Ҳамюртимиз Виталий Денисовнинг клуби - «Локомотив» қишки танаффусга Россия премьер-лигаси-2017|2018 турнир жадвали пешқадами сифатида чиқди.

Диққатга сазовор томони, «темирйўлчилар» 20-турдан кейин энг яқин таъқибчилар - «Зенит» ва «Спартак»дан нақ 8 очкога ўзиб кетишди.

Хўш, Юрий Сёмин жамоаси финишга қадар ушбу устунликни сақлаб қолиб, ажойиб имкониятдан фойдалана оладими? Юрий Павлович ўртадаги катта фарққа қарамай, камтарона фикр билдирмоқда:

«Зенит»га охирига қадар муносиб рақобат тақдим этиш учун қишки трансферлар бозори пайти таркибни имкон даражасида кучайтиришимиз шарт».

Ҳар ҳолда, «Локо» бош мураббийи «Советский спорт» газетасига берган интервьюсида клубнинг муваффақиятли юриши сабабларига тўхталиш баробарида чемпионлик пойгасида фаворит эмасликларини алоҳида таъкидлади.

- Ўйинларга тайёргарлик жараёнида футболчилар барчасига катта масъулият билан ёндашмоқдаларки, айнан шу ҳолат муваффақиятларимизга асос бўлиб хизмат қилмоқда - шогирларига мақтов йўллаш билан сўз бошлади Юрий Сёмин «Тосно»га қарши ўйин (3:1)дан кейин. - Йигитлар энг майда жиҳатларга ҳам талаб даражасида эътибор қаратишяпти.

Бу масалада фақат бошланғич таркибда майдонга тушаётганларни эмас, балки нисбатан кам ўйин вақтига эга бўлаётган футболчиларни ҳам алоҳида мақташни хоҳлардим.

Демакки, жамоамизда якдиллик, ҳамжиҳатлик, яъни барқарор муҳит ҳукмрон. Футболчилар мақсадимиз, олдимизда турган вазифалар моҳиятини теран тушунишади. Муҳими, улар буни ўйинлардаги ҳаракатлари билан ҳам кўрсатиб келишяпти.

- «Локомотив» қишки танаффусга хотиржам ҳолда чиқди: энг яқин таъқибчиларга нисбатан нақ 8 очко кўп тўпладинглар. Шунга мувофиқ, жамоангизни чемпионлик пойгасининг бош фаворити сифатида тилга олиш мумкинми?

- Очиғи, ўзимизни ҳеч қачон фаворит ўрнида кўрмаганмиз, кўрмаймиз ҳам. «Локомотив»ни меҳнаткаш жамоа сифатида таърифлаш маъқулроқ. Умидворманки, ўйинимиз турдан-турга яхшиланиб бораверади. Хуллас, фаворит эмасмиз, бу мақом бошқаларга сийлов...

- Қишки трансферлар бозори учун қандай масалалар қўйилган? Хабарларга қараганда, «Локо» Дзюбани сотиб олишни кўзлаётган экан.

- Тушунарлики, «Зенит» билан охиригача чинакам рақобатлашиш учун таркибни кучайтиришимиз шарт. Лекин ҳозир аниқ фамилияларни тилга олишдан маъно йўқ. Бир нарса аниқ, айни пайт таркиб эҳтиёжига қараб, энг зарур футболчилар билан шартнома тузишга уриниб кўрамиз.

- «Локомотив»да бир қатор ёш футболчилар бош кўтаришди. Яъни ёшларнинг катта гуруҳи бирданига кўзга ташланди. Бундай ижобий ҳолат нима билан боғлиқ?

- Ортиқча сир йўқ - йигитлар ўз устиларида доимий равишда қаттиқ ишлашди ва мазмунли ўйинлари ҳисобига таркибдан ҳақли равишда жой олишди. Қисқаси, улар энг яхшилар қаторига кирганлари учун майдонга тушишяпти.

- Чемпионатда якуний ғалабага эришиш учун мураббийлар штаби ва жамоанинг ягона кучга айланиши муҳим, албатта. Аммо бунда клуб раҳбарияти ҳам катта ўрин тутиши тайин. Хўш, бу борада ҳаммаси жойидами?

- Ғалабалар бизни бирлаштирмоқда. Охиригача шундай давом этишидан умидворман.

- Европа Лигаси илк «плей-офф» босқичига ташланган қуръа натижаларини қандай қабул қилдингиз?

- «Ницца» шубҳасиз, савияли жамоа. Муносиб рақиб. Французлар ихтиёрида Марио Балотелли ва яна кўплаб иқтидорли ижрочилар бор. Демак, жиддий тайёргарлик кўришимиз талаб этилади.

Яқин орада «Ницца» иштирокидаги ўйинларни кўргани бораман, қандай тактик чизмалар асосида ҳаракатланишини кузатиб қайтаман. Зеро, «плей-офф»даги илк ўйин ўта муҳим. Умуман, «Локомотив»нинг Европа Лигасида ҳам йўқолиб қолмаслигига ишонаман.

Ў. УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz