ФИФА Испания футболига нисбатан санкция қўлламоқчи - сиёсат туфайли. Ҳар ҳолда, мамлакат футбол федерацияси (RFEF) бу борада махсус огоҳлантирувчи хат олди.
Унда ҳукумат RFEF ишига аралашишда давом этса, ФИФА низомига мувофиқ, Испания футболи олдига тўсиқ қўйилиши айтилган.
Зеро, миллий федерациянинг мустақил фаолият юритиши таъминланмаса, халқаро футбол уюшмаси уни маълум муддатга дисквалификация қилади.
Хуллас, Испанияда ишлар тезда тартибга солинмаса, ФИФА мамлакат футбол федерациясини ўз таркибидан чиқариб юбориши мумкин. Бундай ҳолатда ҳаттоки, миллий жамоа ҳам халқаро мусобақаларга қўйилмайди.
Муаммонинг асл моҳияти
Ёзда RFEFнинг собиқ президенти Анхель Мария Вильяр коррупцион ҳаракатда айбланди ва истеъфога чиқарилди. Айни пайт бу лавозимда Хуан Луис Ларреа (вақтинча бажарувчи мақомида) ишламоқда.
Лекин ФИФАда янги президент сайлаш жараёнига ҳукумат бевосита таъсир ўтказаётгани хусусида маълумотлар бор. Табиийки, бу жаҳон футболини бошқараётган ташкилот қоидаларига зид ҳолат.
Вильяр масаласи
Шу йил Испания футболида катта можаро юзага келди: маҳаллий федерация раҳбари Анхель Вильярни коррупция - ҳужжатларни қалбакилаштириш ва маблағ камомадида айблаб, ҳисбга олишди. RFEF вице-президенти ҳамда бош котиби, шунингдек, Вильярнинг ўғли Горкага ҳам қамоқ жазоси белгиланди. Катта Вильяр федерацияни деярли 30 йилдан буён бошқараётганди.
Яъни 1988 йилдан буён испан футболи раҳбари сифатида маълум ютуқларга эришган Анхель Мария ҳаттоки, Мишель Платинидан сўнг УЕФА президенти бўлиши мумкин эди.
Умуман, Испанияда қамоқ ҳақидаги ҳукмга нисбатан ачиниш ҳисси сезилмади. Зеро, Вильяр футбол бобидаги муваффақиятлар баробарида турли даражадаги кўплаб можароларга ҳам аралашганди.
Бу илк огоҳлантириш эмас
Испанияда 2 йилча олдин ҳам (Вильяр даврида) шунга ўхшаш ҳолат юзага келганди. Аниқроғи, телеҳуқуқларга боғлиқ муаммо кўтарилганди - ҳукумат даромадни тақсимлаш бўйича қарор чиқаргач, RFEF бунга қарши чиқиб, ҳаттоки, чемпионат ўйинларини тўхтатиб қўйганди. ФИФА ва УЕФА санкциялар билан таҳдид қилганидан кейингина можаро бир ёқли бўлди.
ФИФАнинг бу борадагитажрибаси
Халқаро футбол ташкилоти ҳукумат аралашуви сабаб, асосан Африка мамлакатлари федерацияларини жазолаган. Хусусан, вақтида Нигерия, Камерун, Того ва Бенин футболига нисбатан дисквалификация эълон қилинган ва бу катта ўзгаришларга йўл очган. Иккинчи томондан, одатда «қизил карточка» олган мамлакатда тезлик билан тартиб ўрнатилади ва ФИФА шу заҳоти санкцияни бекор қилади.
Мисол учун, 2 ойча аввал ФИФА Покистон футболи олдига тўсиқ қўйганди, қолаверса, Перу федерациясини аъзоликдан чиқариб юбориш ҳақида хабарлар тарқалганди. Гватемала ва Қувайтга нисбатан дисквалификациялар муддати эса баҳорда узайтирилди. Бу икки давлат миллий федерациясининг ФИФА оиласидан четлаштирилганига бир йилдан ошди.
Тўғри, Европада огоҳлантириш одатда расмий жазогача бормайди. Дейлик, ФИФА Туркия, Португалия ва Польшага «сариқ карточка» кўрсатган, аммо у «қизил»га айланмаган.
Грецияда эса 2006 йили ҳукумат футбол фаолиятини назорат қилишга қаратилган «профессионал лигалар» бўйича қонун чиқаришга уринганида, мамлакат федерацияси ФИФАдан чиқариб юборилган, аммо парламент тезда хатоликни тўғрилагач, атиги 10 кундан сўнг аъзолик ҳуқуқи қайта тикланган.
Испания термаси ҳолати
Тушунарлики, Испания термасининг ЖЧ-2018 иштирокчилари қаторидан тушиб қолиши ақлга сиғмайди. Ахир гап оддий эмас, топ-даражадаги терма ҳақида кетяпти. Боз устига, Россия мундиалига барча кучли жамоалар йўл олган эмас. Бироқ испанлар яқинда ҳам шунга ўхшаш муаммога юз тутишгани ва ФИФАдан огоҳлантириш олишганини унутмаслик керак.
Кўринишидан, мамлакатда ҳалигача ҳаммаси тўлиқ бартараф этилмаган. Шунинг учун ҳам, «қизил фурия»нинг ЖЧда қатнашолмаслиги ҳақидаги гаплар соф сафсатадек туюлсада, дисквалификация қўлланилмаслигига 100 фоиз кафолат бериш қийин.
Расмийлар муносабати
Испания бош вазири Мариано Рахо юзага келган вазиятга ўз муносабатини билдиришга улгурди. «Четлатилиш? Бундай сценарийни ҳаттоки, ўйлаётганим ҳам йўқ. Мутлақо ишончим комил, Испания термаси Россиядаги жаҳон чемпионатига боради ва камига у ердан ғалаба билан қайтади. Тегишли вазирнинг айтишича, ФИФАдан ҳеч қандай мактуб келмаган. Огоҳлантириш?
Бу ташкилотнинг айрим ходимлари юборган хат бўлиб, унда ўзаро учрашиш сўралган. Умуман, ҳукуматимизнинг бу масаладаги ҳаракати намунали ва шахсан мен Олий спорт кенгаши ҳамда вазирликни тўла қўллаб-қувватлайман», - деди сиёсатчи.
Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20