Исландия миллий жамоаси бош мураббийи Хеймир Хадльгримссон шогирдлари Россия мундиалида янги футбол мўъжизаси тақдим этишларига шубҳаланмаяпти.
Дейлик, ЖЧ-2018да дебютант сифатида иштирок этувчи жамоа устози RT бошловчиси билан суҳбат давомида исландларни гуруҳдан олиб чиқишни мўлжаллаётганини яширмади.
Унинг ишонтириб айтишича, шимолликлар ҳар қандай ҳолатда ҳам, ғалаба йўлида чинакам кураш олиб боришади. Хадльгримссон шунинг баробарида исландиялик мухлислар ҳам Россияда ўзларини алоҳида кўрсатишларидан умидвор.
Ҳарқалай, унинг жамоаси ва фанатлар гуруҳи ўртасида ўзгача муносабат шаклланиб улгурган. Исландлар буни Евро-2016да тўла исботлашганди. Хуллас, мураббий ўша тарих яна такрорланишига ишонмоқда..
«ЭНДИ ЖАҲОН САҲНАСИДА ИСЛАНД ФУТБОЛИ БИЛАН ҲАМ ҲИСОБЛАШИШГА МАЖБУРЛАР»
— ЖЧ—2018 Исландия футболи тарихидаги илк мундиал бўлади. Евро-2016дан кейин қўл остингиздаги жамоа учун имконсиз ишнинг ўзи йўқдек таассурот уйғонди. Хўш, жаҳон форумида ҳам барчасини яна бир марта тасдиқлай оласизларми?
— Факт шуки, Россия мундиалида қатнашиш ҳуқуқини ҳақиқий курашлар натижасида қўлга киритдик ва энди финал раундида бу тасодифий якун эмаслигини исботлашни истаймиз. Муҳими, миллий жамоамиз охирги вақтларда сифатли футбол кўрсатяпти.
Яъни яхши натижаларга чиройли ўйин орқали эришяпмиз. Шундай экан, эндиги мақсад тайин - ЖЧда футболимиз учун янги саҳифа битишимиз керак. Аммо барчасига реал кўз билан қараш зарур.
Дейлик, Россияда ажойиб ўйин кўрсатган ҳолда, нисбатан кучлироқ ҳамда мундиал нафасини кўпроқ туйган жамоаларга ютқазиб қўйишимиз ҳеч гап эмас, ахир бу футбол. Хуллас, ҳозирдан баландпарвоз гаплар айтишдан тийиламан.
— Умуман, жамоа қайси маррани кўзламоқда: чемпионатда ғолиб чиқишними, ярим финалними ёки чорак финални?
— Аввало, айтишим керак, Исландия термаси учун ЖЧ иштирокчисига айланишнинг ўзи катта натижа ҳисобланади. Финал босқичида гуруҳдан чиқиш эса бутун Исландия учун оламшумул ютуқ бўлади.
Мана, охирги 5—6 йил ичида етарли салоҳиятга эгалигимизни ва ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсата олишимизни теран тушуниб етдик. Зеро, жамоанинг ғалаба ҳақида ўйлашида ҳайратланадиган томони йўқ. Аммо статистикага назар ташласак, бизда жаҳон кубогини бошимиз узра баланд кўтариш имконияти йўқ, ҳисоби.
Аммо оптимистик руҳни сақлаб қолаверамиз, барибир. Умуман, ҳозирча олдимизга аниқ вазифа қўйган эмасмиз, бироқ «плей-офф»га чиқишни хоҳлашимиз ва бу йўлда бор куч-имкониятларимизни ишга солишимиз тайин.
— Исландия термаси жаҳоннинг энг кучли жамоалари билан ўйнашга улгурди. Агар рақиб танлаш имкони бўлганида, қайси термаларга қарши тўп суришни хоҳлардингизу, кимларга тўқнаш келишни истамасдингиз?
— Мундиалнинг финал босқичига енгилгина ютқазадиган бирор кучсиз жамоа йўл олганига ишонмайман. Ҳа, Исландия термаси энг кучли рақиблар синовидан ўтишга улгурди.
Шуниси аниққи, қайси жамоа билан ўйнамайлик, бизга осон бўлмайди. Умуман, энг кучли терма жамоалар қуръа жараёнида биринчи саватчага жойлаштирилганди. Хуллас, улар билан тўқнашишдан қочиш имконсиз...
— Жамоангизга жаҳон чемпионатида Евро-2016дагига нисбатан қийинроқ бўлиши тахмин қилиняпти.
Зеро, Францияда сизларга кўпчилик катта эътибор қаратмаган ва муваффақиятли ўйнашингларни ҳам кутмаган. Энди Россияда ҳар бир рақиб Исландия термасига алоҳида ёндашиши турган гап.
— Ҳа, худди шундай. Европа биринчилигидаги муваффақиятимиздан сўнг барча бизга бошқача қарамоқда. Яъни бутун жаҳонда исланд футболига муносиб баҳо бера бошлашди. Шундай бўлгач, энг юқори рақобатга тайёр бўлишимиз керак.
«МУВАФФАҚИЯТ СИРИ - ЖАМОАНИНГ ЎЗИ»
— Россия термаси собиқ бош мураббийи Дик Адвокаат жамоангизни намуна сифатида кўрсатди: «Исландлар ички жанжалдан холи ажойиб жамоа тузишган. Унда шахсий манфаатлар иккинчи ўринда, асосийси - интизом ва бирлик». Бу мураббий сифатидаги шахсий ютуғингизми ёки миллатга хос фазилат? Асосий сир нима?
— Аслида яхши муҳит шаклланганини ўз ишимга боғлагим келади-ю, бунинг иложи йўқ. Зеро, муваффақиятларимиз сири — бутун жамоанинг ягона мақсад йўлида тер тўкиб ишлагани ва тинимсиз меҳнатдир. Бу юксалишда футболчилар, мураббийлар штаби, раҳбарият ва миллий ассоциациянинг улуши тенг.
Шунингдек, мухлислар ва ОАВ вакилларининг жамоага ўзгача муносабатлари ҳам алоҳида ўрин тутади, албатта. Оддий айтганда, муваффақиятда барчанинг бирдек ҳиссаси бор. Ҳа, замонамизда пулнинг ўрни катта, аммо ҳамма молиявий манфаатдорликка бирдек интилишини айтиш ўринсиз.
Исландия термасида йигитлар пулни асло биринчи ўринга қўйишмайди ва бундай ёндашув муҳим. Эҳтимол, футболчиларимиз ҳаваскорлар орасидан чиқишгани учун шундайдир. Албатта, бошқа термаларда таниқли, ёрқин футболчилар кўп. Демак, уларга айнан яхлит куч бўлиш билангина муносиб қаршилик кўрсатишимиз мумкин.
— Кўпинча кутилмаганда шов-шув кўтарган жамоа кўп ўтмай, инқирозга юз тутади. Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида Исландия термасига мухлислик қила бошлашди. Шу ҳолат футболчиларга акс таъсир кўрсатмасмикан?
— Йўқ, бундай бўлишидан қўрқмайман асло. Чунончи, елкамизда қандай масъулият турганини футболчиларга мудом тушунтириб келяпмиз. Муваффақият йўлида қандай тўсиқларни енгганимизу, нечоғли ҳаракат қилганимизни футболчилар ҳали унутишмаган.
Тўғри, муайян натижага эришилгач, ўз имкониятига юқори баҳо бериб юбориш хавфли. Исланд футболи Россия мундиалида иштирок этиш билан чекланмоқчи эмас.
Йигитларимизга бир гапни такрорлашдан сира чарчамаймиз: «Муваффақият, мундиал — якуний мақсад эмас». Исландия термаси сири - жамоанинг ўзи.
«МУХЛИСЛАР ВА ЖУРНАЛИСТЛАР БИЛАН ЎРТАМИЗДА ЎЗАРО ИШОНЧ БОР»
— Замонавий футболда катта маблағ айланмоқда. Бироқ пул мотивациянинг асосий душманидир. Мана, ихтиёрингизда Англия премьер-лигасида ўйнаётган футболчилар бор. Уларни пул бузмаяп-тими, демак, ҳаммаси ички табиатга боғлиқдир...
— Шахсан мен ҳеч қачон пул ҳаммасини издан чиқаришию, бузиб юборишини айтган эмасман. Ҳа, баъзи ҳолатларда футболчи катта шартномага эга бўлгач, иштиёқни йўқотиб қўйиши мумкин.
Аммо жаҳоннинг энг яхши ўйинчилари сезиларли молиявий рағбатга эга бўлишгач, ғалабага интилиш ҳиссини йўқотишганига бирор мисол йўқ. Хулоса шуки, ҳаммаси инсоннинг шахсий характеридан келиб чиқади.
— Евро-2016 чорак финалида исландиялик мухлислар «Стад де Франс» аренасининг кичиккина қисмини эгаллашганди. Шунга қарамай, ҳисоб-китобларга кўра, ўшанда мамлакат аҳолисининг 10 фоизи стадионда йиғилган экан.
Уларнинг хатти-ҳаракатлари - синхрон чапак чалиш, «викингча ҳайқириқ» чемпионатнинг ўзига хос безагига айлангани ҳам рост. Очиғи, стадиондаги ажиб манзара бутун дунёни зир титратганди. Қизиқ, бундай қўллаб-қувватлаш алоҳида машқ қилинганми ёки ўз-ўзидан юзага келган?
— Ўйлашимча, ҳар икки вариантда жон бор. Чунончи, турнир давомида миллий жамоани қўллаб-қувватлаш даражаси ўйиндан-ўйинга кучайиб борди. Аммо авваллари бундай ҳолат кузатилмаган.
Мисол учун, 4-5 йиллар олдин ҳам ўйинлар вақти миллий жамоа либосига бурканган мухлислар жуда озчиликни ташкил этишарди. Энди эса бутун трибуналар кўк тусга кирмоқда. Камига ҳамма ўйин олдидан мамлакат мадҳиясини жўр овозда куйлайди. Бунда алоҳида тайёргарлик ҳисси ҳам, табиийлик ҳам бор, албатта.
— Сизнингча, Россияда ҳам бундай гўзаллик такрорланадими?
— Ҳа, албатта. Билишимча, исланд мухлислари ЖЧга катта иштиёқ билан ҳозирлик кўришмоқда. Ахир мундиал оилалар учун бўш вақтни мазмунли ўтказиш баробарида алоҳида кўзга ташланиш имконияти ҳисобланади.
Одатда кўплар фанатларимиз стадионга фарзандлари, аёллари ва бувилари билан киришади. Умуман, биздаги мухлисларни жамоа билан боғлаб турадиган жиҳатлар кўп. Дейлик, аксар фанатларимиз таркибдаги қайсидир йигит билан дўст ёки қариндош...
—Ҳа, Европа чемпионатида сизларни мухлисларнинг бутун бир катта армияси бевосита қўллаб-қувватлаб турди. Мундиалда ушбу армия сафи янада кенгайиши мумкинми? Наҳотки, бутун Исландия жамоани ёлғизлатиб қўймаслик учун бир ойлик таътилга чиқиб кетса...
— Ҳар қандай ҳолатда ҳам, жамоамиз Россияда мухлисларсиз ўйнамаслиги тайин. Яна бир нарсага аминман, исландияликлар чемпионат ўйинлари ўтказиладиган қайси шаҳарга боришмасин, ўзларини тартибли меҳмонлардек тутишади.
Ҳа, Европа чемпионати давомида мамлакатимизда сезиларли муаммолар юзага келгани рост. Хусусан, чорак финал ўйинини Францияда томоша қилиш учун шунчалик кўп мухлис йўл олдики, Исландиядаги кўпгина компаниялар ўз иш фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришдан ўзга чора тополмади.
— Миллий жамоанинг ҳар бир ўйинидан олдин мухлислар билан учрашиб, мулоқот қилишингиз ростми? Бунинг моҳияти нима? Боз устига, айрим бетга чопар мухлислар сизга қандай ўйнашни ўргатишга уринишлари мумкин...
— Ҳа, кўпчилик доимий учрашувларга имкон топаётганимга ишонмайди. Ўзаро учрашув чоғи турли тоифага мансуб кишилар билан гаплашаман. Энг муҳими, мулоқотимиз ўзаро ҳурмат асосида ўтади. Биз мухлислар ҳурматини жойига қўямиз - улар билан алоҳида учрашишимиз бунинг яққол исботидир.
Энди битта фактга эътибор қаратинг, 6 йил давомидаги мулоқотларимизда кўтарилган мавзулардан ҳеч бири на интернет ва на ОАВ ёритилди. Гап шундаки, мухлислар учрашув пайти телефонларини ўчириб қўйишади, ҳеч ким бирор нарсани ёзиб олмайди, ижтимоий тармоқларга маълумот тарқатмайди - қоидамиз шундай.
Аммо мулоқот жараёнида мухлислар бўлажак учрашувда футболчилар қайси позицияларда ҳаракатланишларию, тактика ва бошқа кўплаб маълумотларни олишади. Ҳаммаси фақат ўзимиз учун.
— Исландияда кўпчилик бир-бири билан яқин танишлигини айтдингиз. Ҳар бир оила қайсидир жиҳат билан қайсидир футболчига боғлиқ экан. Шундай ҳолатда кўпчилик эътиборини тортиш қийиндир...
— Умуман олганда, унчалик эмас. Исландиянинг ғарбий қирғоғидаги оролда туғилганман ва у ерда тахминан 4 мингга яқин киши яшайди.
Барчасидан зерикканим ёки толиққанимни сезсам, ўша ерга йўл оламан ва киндик қоним тўкилган масканни яёв айланиб, анча енгил тортаман. Чунончи, у ерда ҳамма мени танийди, қандай инсонлигимни билади.
— Айниқса, ЖЧ даражасидаги ўйинларда ҳар нарсага тайёр туриш керак: футболчини либосидан тортиб қолиш, жароҳат етказишга уриниш, симуляция, рақибни издан чиқариш... Сизнингча, зафар қозониш учун булар нечоғли аҳамият касб этади?
— Ҳаммаси ўйиннинг бориши ва таблодаги ҳисобга боғлиқ. Албатта, ғирромликни сира ёқламайман. Бу борада яхши бир ҳикмат бор: «Сен интилаётган мақсадга яқин йўл бўлмайди». Тўғри, айрим ҳолатларда қарши ҳужумга ўтган футболчини қоидага хилоф равишда тўхтатиб қолган ўйинчини олқишлайсан, зеро, у жамоани муқаррар хавфдан асрайди. Бироқ бунинг эвазига сариқ ёки қизил карточка олиб, қўшимча муаммоларни юзага келтириши мумкин. Умуман, бу саволга жавоб қайтариш анча мушкул.
— Умуман, нима муҳимроқ - ҳалол ўйинми ёки жамоа манфаати, ғалаба ва мухлислар қувончи?
— Натижа йўлида ғирромлик қилиш мумкинми? Йўқ, асло. Футбол ҳам худди ҳаётдек. Яъни аввало, ҳалолликка интилиш мақсадга мувофиқ. Шахсий фикримча, ҳар бир инсон ўз фалсафасидан келиб чиқиб яшаши, ишлаши керак.
И.ОБИДОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20