Қайднома

Қидирув

Ўзбек футболидаги узилиш

Ўзбек футболидаги узилиш

  29.12.2017 06:21
  0
  1552
Ўзбек футболидаги узилиш

Футболимизнинг янги тарихида ёрқин ғалабалар у қадар кўп эмас. Шу боис ҳам, 1994 йили Хиросима майдонларида қайд этилган зафарни бот-бот эсга олаверамиз.

Мана, орадан 23 йил ўтибдики, ўша чемпионлик футболимиз тарихидаги энг йирик ғалаба мақомида қолмоқда. Дейлик, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси яқинда Таиланднинг Бурирам шаҳрида ташкиллаштирилган M-150 Cup турнири ғолиби бўлди.

Табиийки, бу ғалабани 23 йил аввалгиси олдига қўйиш мумкин эмас. Чунончи, Таиланд мусобақаси шунчаки, келаси ой Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига қаратилган тайёргарлик учун аҳамиятли эди.

Ҳаттоки, шундай ўртоқлик даражасидаги турнир чемпионлиги ҳам бизга бошқача ҳиссиётлар тақдим этгани эса айни ҳақиқат. Ҳа, чемпионлик нималигини деярли унутиб қўйган эканмиз...

Охирги марта Дилшод Нуралиев бошқарувида ўйнаган Ўзбекистон ўсмирлар термаси Эрон мезбонлик қилган Осиё чемпионати-2011да ғалаба қозонганди. Мана, навбатдаги халқаро зафарни нақ 6 йил кутишимизга тўғри келди.

M-150 Cup мусобақаси ҳар йили ташкиллаштирилади ва асосан шу номдаги қувватлантирувчи ичимлик тарғиботига хизмат қилади. Алоҳида айтиш керак, бу турнир савияси анча баланд. Таиландга таклиф этилган жамоаларга қараб ҳам, барчасини билиб олиш мумкин.

M-150 Cup-2016да Жанубий Корея ёшлар термаси ғалаба қозонган экан. Жорий йилги турнирда эса Мьянма, Вьетнам ва Таиланд термаларидан ташқари, КХДР, Япония ва Ўзбекистон ёшлар жамоалари иштирок этди. Биласиз, финалда ёшларимиз япониялик тенгқурлари билан тўқнаш келишди.

Айнан шу иккиси мусобақанинг энг кучли жамоалари эди ва финал мантиқий кўриниш олди. Тенг кучли жамоалар қарама-қаршилиги ҳар доим юқори аҳамият касб этади. Шунга яраша, асосий вақтда ғолиб томон аниқланмади - 2:2. Пенальтилар сериясида эса вакилларимиз устун чиқишди.

Афсуски, мухлисларимиз бу ғалаба завқини етарлича туя олишмади. Нима учун? Чунки мусобақани ёритиш масаласи ҳаминқадар бўлди. Одатда ЎФФ матбуот хизмати халқаро турнирлар ҳақида имкон қадар хабар бериб турарди. Лоақал «Твиттер» ёки «Фейсбук»даги саҳифалар орқали энг зарур маълумотларни олишга одатланганмиз.

Имкон топилган тақдирда эса, ўйинлар «Спорт» телеканалида намойиш этилади. Аммо бу сафар федерация матбуот хизмати иши сезилмади. Ваҳоланки, Ўзбекистон ёшлар термаси Таиланддан бош соврин билан қайтди. Боз устига, ҳал қилувчи баҳсда Япония термасидек кучли рақиб доғда қолдирилди.

Равшан Ҳайдаров шогирдлари бу ўйинга қадар гуруҳ босқичида Мьянма (2:2) ва Вьетнам (2:1) терма жамоаларига қарши ўйнашганди. Аммо бу учрашувлар ҳақида нима биламиз? Кимдир тафсилотларни аниқ айтиб бера оладими?

Йўқ. Чунки турли нашрларда узуқ-юлуқ маълумот берилди, холос. Футболимизда ғалабалар камлиги айтилди, ҳар доим кузатилмайдиган зафарларни ҳам тайинли (тўғридан-тўғри) кўролмаслигимиз ғалати эмасми?

Футболда натижа муҳим. Баъзан бунга эришиш учун мухлислардан нималарнидир яширишга тўғри келишини тушунамиз, албатта. Аммо мухлисларни бутун бошли мусобақадан маҳрум қилиш ақлга сиғмайди.

Ахир футбол мухлислар учун-ку. Билингки, агар қайсидир ҳамюртимиз гольф ёки крикет бўйича жаҳон чемпиони бўлган тақдирда ҳам, футболда учралган битта мағлубиятчалик қизиқиш уйғотолмайди, барибир. Чунки футболни яхши кўраверамиз, унга талпинаверамиз.

Шундай экан, ҳаттоки, Мьянма термаси билан муроса кўчаси танланган тақдирда ҳам, ўйин ҳисоботи тўлиқ бериб борилиши шарт эди. Ўйинларни «Спорт»да кўрсатиш имкони бор экан, лоақал эртаси куни томоша қилишимиз керак. Фақат шундай ёндашув билангина футбол оммавийлигини ошириш мумкин. Акс ҳолда...

Фикримиз шундай - Ўзбекистоннинг ҳар қандай ёш тоифасидаги жамоалари ўйинлари бирдек ёритилиши шарт. Шаффофлик? Бу ҳақда жуда кўп гапирилди, аммо амални кўрмаяпмиз. КХДР ва Япония термалари иштирок этган мусобақада Забиҳилло Ўринбоев энг яхши тўпурар бўлди.

Жавоҳир Сиддиқовни эса турнирнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олишди. Аммо мухлисларимиз бу борада минимал маълумот билан чекланишди. Оддий мисол, финалда японларга қарши кимлар ўйнашганини биламиз, аммо аввалги 2та ўйинга боғлиқ маълумотлар қани?

Таркиб қандай кўриниш олгани ва кимлар гол уришганини тусмол қилиш мумкин, холос. Миллионлар ўйинига муносабат шуми? Бизда мавсум якунига етганига анча бўлди ва клублар бирор мусобақада иштирок этмаяпти. Ўзи терма жамоага қизиқиш ҳар доим жуда катта. Ўйинлардан холи вақт бу қизиқиш мисли кўрилмаган даражада ошиши тайин.

Тўғри, ЎФФ Таиланд мусобақасини қандай ёритишни режалаштиргани бизга қоронғу. Аммо бошида обдон маълумот берилгани (масалан, Мьянма термаси билан ўйин анонси), кейин ҳаммаси туман орасида қолиб кетгани ғалати. Мухлис ҳаммасини билишни истайди. Масалан, M-150 Cup мусобақаси ғолибига 20 000 доллар мукофот берилибди.

Бу ҳаммамиз учун жуда қизиқ. Нима, ЎФФ расмий сайтида бу ҳақда аввалдан хабар бериш қийинми-ди? Ахир шу тариқа мусобақа аҳамиятини англатиш мумкин эди-ку.

Ҳозир ҳам кеч эмас. Маълумот ҳар доим топилади. Масалан, ЎФФ ғолибларни алоҳида тақдирласа керак. Ҳар ҳолда, улар чемпион бўлишди. Зеро, январга белгиланган Осиё чемпионати олдидан жамоа кайфиятини кўтариб қўйиш зарар қилмайди.

Мана шундай янгиликларни яширишдан маъно йўқ. Модомики футболимизни ривожлантириш ва дунё даражасига олиб чиқишни истар эканмиз, мухлислар ҳеч нарсадан бехабар қолишмасин.

Узилиш бўлмасин. Бутун дунёда шундай. Дунёдан узилган ҳолатда эса элит даражага чиқиш мушкул, жуда мушкул. Шундай эмасми?

Умар БЕК


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz