Қайднома

Қидирув

Универсал аскар - Роберто Фирмино

Универсал аскар - Роберто Фирмино

  30.12.2017 06:41
  0
  1453
Универсал аскар - Роберто Фирмино

Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг сўнгги турида «Ливерпул»нинг ҳужумкор квартети - Мане-Коутиньо-Салоҳ-Фирмино «Спартак» мудофаасини ёриб ўтиб, 7та гол уришди ва шу тариқа «Энфилд»нинг ҳайратомуз ҳайқириғидан баҳра олишди.

Ҳозирча ушбу тўртликдан энг кам эътибор ҳамиша табассум қилувчи бразилияликка қаратилмоқда. Ваҳоланки, ЕЧЛнинг жорий мавсумида айнун у барқарорлик бобида бошқа шерикларини ортда қолдирмоқда.

Фирмино бундай муваффақиятга меҳнатсеварлиги орқали эришган.

Фирминонинг болалиги бошқа бразилиялик футболчиларникидан фарқланмайди. Отаси Жозе Роберто кўчада сотувчилик қилган. Турли концерт ва фестиваллар ўтказилаётган жойларда ичимлик сотарди.

Онаси Мария Сисера эса бу пайтда кичкинтой Роберто ва унинг синглисига қарарди. «Болалигимда онам ва отам футбол ўйнашимга қарши чиқишган. Улар ўқишимни хоҳлашган. Ҳаттоки, уйга қамаб қўйишарди.

Тўп тепиш учун дераза орқали қочишга тўғри келарди», - дея эслайди Фирмино. Унинг қадрдон шаҳри Масейо ажойиб пляжлари ва одатий криминал воқеалари билан танилган.

Шу боис онаси Робертони кўчага қўйиб юборишдан қўрқар, жиноий бандаларга қўшилиб қолишидан ҳайиқарди. Бразилиядаги фаолияти «Клуб Регатас Бразил»да бошланди ва у ярим ҳимоя чизиғида тўп сурди.

«Робертонинг оиласи қашшоқ эди. У футболни ялангоёқда ўйнашга мажбур бўларди. Унги пул бериб, йўл харажатлари ва экипировка масаласида ёрдамлашардим», - дейди Фирминонинг биринчи мураббийи Луис де Фариас хотиралари билан ўртоқлашаркан.

Қаҳрамонимиз «КРБ»да узоқ қолиб кетмади. Ҳаммасига клуб стоматологи Марселлуш Портелле сабабчи бўлди. У келажакда ўсишга эришиш учун ёш бразилиялик жамоасини алмаштириши лозимлигини таъкидлаб, унинг учун «Сан-Паулу»да кўрик уюштирди.

Робертонинг эслашича, икки ҳафта давом этган кўрикда нафақат тўпга тегиш, балки уни кўришга зўрға улгурган. Шунга қарамай, олдида бошқа бир имконият очилди - «Фигейренсе».

«Дастлабки кундаёқ чалқанча услубда иккита гол уриб, ҳаммани лол қолдирдим! - дея ёдга олди Фирмино. - Иккинчи куни эса бу ерда менга илиқ муносабатда бўлишларини тушундим».

Аввалги ўсмир ўйинчи камгапликни маъқул кўрди. «Оиламни ташлаб, жанубга бориш осон эмасди. Онам ҳар куни йиғларди. «КРБ»ни тарк этгач, бир йил мобайнида яқинларимдан узоқда юрдим. Аммо бу ҳаёт, орзуга эришиш йўлида ҳар қандай қийинчиликка бардош бериш керак», - дейди Фирмино.

2009 йили Роберто ўсмирлар кубогида Неймар ҳамда Маркиньос ҳамроҳлигида ажойиб ўйинлар ўтказди. Кейинги йили эса «Фигейренсе»нинг олий дивизионга қайтишида кўмаклашди ва мавсум кашфиётига айланди. Шундан сўнг унга Европа клубларидан қизиқиш кела бошлади.

«Ҳеч қачон қўрқмаганман, ҳамиша қатъиятли бўлганман. Нимани хоҳлаётганимни билганман, об-ҳаво, тил ва маданият масаласида мураккабликлар туғилишини билганман. Бироқ жангчи каби олға қадам ташлаб, чақирувлардан муносиб ўтдим», - дейди бразилиялик Германияга йўл олиши ҳақида гапираркан.

Бошқа қитъадаги янги мамлакатга мослашиш осон кечмади. Дастлабки мавсумда Чинеду Обаси шериклигида машғулотларга кеч қолди. Натижада икковлон ўринбосарлар таркибига «сургун» қилиндилар. Кейинчалик Роберто бундай аҳмоқона ишни такрорламади.

Жамоадошлари ва клуб ходимлари Фирмино ўзини уйидагидек ҳис этиши учун ҳамма нарса қилишга тайёр эдилар. Ўйини қовушмаганда ҳам унга ишонишда давом этишарди.

«Хоффенхайм»га Маркус Гиздоль келгач, бразилиялик футболчи барқарорликка эришди. Ушбу мутахассис қўл остида Роберто ҳужум чизиғининг ҳар қайси қисмида эркин тўп сурадиган универсалга айланди.

Гиздоль рақибдан келиб чиқиб Фирминога турли вазифаларни юклар, қаҳрамонимиз эса уларнинг барчасини аъло даражада уддаларди. Германияда Робертонинг илк фарзанди - қизалоғи туғилди, янги дўстлари ва ўзига ишончи ортди, орзусини амалга оширди - Бразилия термасига чақирилди.

Фирмино олмон ўлкасини тарк этгач, «Хоффенхайм» скаути Лутц Пфанненштиль бразилиялик ҳужумчини «Футбол менежер» ўйини орқали топганини тан олганди. «Уни тахминан 4 миллион еврога сотиб олгандик, якунда эса 41 миллионга сотдик. Демак, ўйлашимча, ҳаммасини тўғри қилганмиз. Бу - муваффақиятли скаутинг», - деганди Пфанненштиль.

«Хоффенхайм»нинг 2014|2015 йиллар мавсуми сўнгги уй учрашувида фанатларга ажратилган секторда «Ҳар қандай ҳолатда ҳам Роберто бизнинг сафдошларимиздан бири бўлиб қолаверади» деб ёзилган баннер осилди.

«Бу ерда ўтказган тўрт йилим ажойиб тарзда ўтди. Футбол борасида кўп нарсаларни ўргандим, жуда катта ҳаётий тажриба тўпладим. «Хоффенхайм» ҳамиша қалбимда қолади», - деганди Фирмино хайрлашув чоғи.

Тўрт йил аввал бразилиялик ҳужумчи Россияга ҳам келиши мумкин эди. Германия ОАВнинг хабар беришича, 2013 йили «Локомотив» унинг учун 12 млн. евро таклиф қилган. «Ўйиним россияликларда илиқ таассурот қолдирганидан хурсандман.

Агентларим «Хоффенхайм» ҳозир мени сотмаслигини билдиришди. Аммо қачондир Москвага борсам, ёмон бўлмасди. Россия пойтахти мафтункор шаҳар деб эшитганман», - деганди Фирмино ўшанда. Айнан ўша йилнинг сентябрида футболчига «Зенит» қизиқди.

Маълум бўлишича, Роберто бир ярим йил аввал селекционерлар эътиборини ўзига қаратган, шундан сўнг питерликлар уни астойдил кузатишган. Ушбу трансфернинг амалга ошишини «Зенит» спорт директори Дитмар Байерсдорфер хоҳлаган, аммо якунда томонлар келиша олишмаган.

Фирминони Россия билан, гарчи реалликка алоқадор бўлмасада, яна бир қизиқарли факт боғлаб туради. Интернетда Робертонинг машҳур рус актёри Юрий Никулиннинг эвараси эканлиги ҳақида бир нечта маълумотлар учраганди.

Табиийки, бу бекор гап, ишонмаганлар ЖЧ-2018 вақтида бразилиялик ҳужумчининг ўзидан исбот талаб қилишлари мумкин.

«Коутиньо ҳамиша тўғрисўз бўлган. Туманли ўлкада кун бўйи ёмғир ёғиши мумкинлигини айтган, кейинчалик эса бундай эмаслигини кўрдим. Қолаверса, «Ливерпул»да ҳамма бир оила экани, барча ўйинчилар дилкаш эканини таъкидлаганида ҳам ишонгандим.

Ҳақиқатан бу ерга келишни жуда хоҳлагандим», - дейди Фирмино. Унинг айтишича, немис ва инглиз футболи бир-бирига ўхшаркан. Эҳтимол, шу сабабли ҳам Англияга мослашишда қийналмаган бўлса керак.

Германиядаёқ Робертонинг ажойиб дриблинг соҳиби экани ойдинлашганди, бу эса ҳар доим ҳам жамоа фойдасига ишламасди. Туманли ўлкада уни одатий финтлардан бироз йироқлаштириб, жамоавий ўйинчига айлантиришди. Фирмино бир ҳаракат билан икки-уч нафар рақибини алдаб ўтиши мумкин, тўпсиз ҳаракатланиши эса таҳсинга сазовор.

Тўпни олиб қўйишга келганда эса, АПЛнинг аксарият футболчилари унга тенглашолмасликлари аниқ. Ўтган мавсум қаҳрамонимиз 58 марта рақибларидан тўпни олиб қўйди. Бу эса Матип, Кэхилл, Мустафи ҳамда Вертонгеннинг кўрсаткичидан яхши. У мустақил равишда тўпга эгалик қилиш, бундан ўзи ва шерикларига максимал фойда келтиришга қодир.

«У тўпни йўқотиши ҳамоно, дарҳол уни қайтариш учун курашади. Бу ҳолатни қайта-қайта такрорлашга тайёр. Фирмино жамоа двигателига ўхшайди, ҳамиша ўйин жараёнига тааллуқли бўлади. Майдоннинг ҳар ерига улгуради, рақибни ҳушёрликка ундайди, мисли кўрилмаган даражада иш бажаради», - дейди Юрген Клопп.

Фирминода Салоҳ ва Манедаги каби юқори тезлик йўқ, шунга қарамай, жисмоний ҳолати маромида, бир ўйинда ўртача 9-11 километр масофани босиб ўтади.

«Қора иш»ларни бажариш бўйича исталган ўрта чизиқ вакилидан устун чиқиши мумкин, ҳимоячиларни ўзига қаратиш орқали шерикларига бўш ҳудудлар яратиш бўйича тенгсиз. Роберто қанотларда бемалол ўйнайди, рақиб жарима майдончасига ёриб кириб, ҳужумга кескинлик бағишлайди.

Гол уради, самарали узатмалар беради, тўпни олиб қўйиш орқали рақиб ҳужумини тўхтатади - бу вазифаларнинг барини қойилмақом тарзда уддалайди.

Албатта, ушбу муваффақиятларнинг қўлга киритилишига Юрген Клопп ҳам сабабчи ва буни Фирминонинг ўзи ҳам тан олади. «У ҳар кунги машғулотларда менга кўмаклашади, бу мутахассисдан кўп нарса ўргандим.

Юрген энг яхши жиҳатларимни рўёбга чиқармоқда. Прессинг ишлатиш жараёнида бажонидил қатнашаман. Рақибга босим уюштириб, унинг эркин нафас олишига йўл қўймасликни ёқтираман», - дейди бразилиялик.

Шу билан бирга Фирминонинг урган голларини турлича нишонлаши ҳам диққатга молик. Бир қарасангиз, оригинал рақс ижро этади, бошқа сафар овчи каби нишони мўлжалга олади, ҳазилнамо ҳаракатлари ҳам ўзига ярашади.

Ўткир Умаров


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz