Қайднома

Қидирув

Умид Аҳмаджонов: "Биз қайси 12 та клубни олиб қолсак экан деб бош қотираётганимиз йўқ"

Умид Аҳмаджонов: "Биз қайси 12 та клубни олиб қолсак экан деб бош қотираётганимиз йўқ"

  30.12.2017 21:07
  0
  592
Умид Аҳмаджонов:

Янги йил арафасида ЎФФ президенти Умид Аҳмаджоновнинг «Газета.uz» нашри билан суҳбати эълон қилинди. Унда бир қатор кескин фикрлар айтилганидан келиб чиқиб, ташкилот тартибни биринчи ўринга қўяётганини тушуниш мумкин эди. Бироқ бунга қадар эълон қилинган баъзи қарорлар футбол жамоатчилиги томонидан танқидий руҳда кўриб чиқилганди. Умид Аҳмаджонов «Дарё» нашри билан шу каби масалалар юзасидан суҳбат қурди.

— Умид Маҳаматжонович, бундан аввалги интервьюда кўп масалалар очиқлангани учун, айлантириб ўтирмай, керакли саволларни берамиз. Супер Лигада 12 та жамоа қолади дейилгач, формат уч марта ўзгарди. Аввалига 33 та тур, кейин 38 та тур дейилди. Энг сўнгида эса 32 та турлик формат афзал билинди. Буни қандай тушуниш керак?

— Айтайлик, бирор ташкилот ҳали хом бўлган режасини кўр-кўрона ҳимоя қилиш учунгина яхши таклифларни рад қилавериши тўғрими? Мен ундай деб ўйламайман. Сиз айтаётган йўналишлар жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилди ва биз унга бўлган муносабатларни ўрганиб чиқиш билан машғул бўлдик. Якунда эса энг муқобил вариантда тўхталиб, уни регламентга киритдик. Бунда асосий масала қўнимсизлик эмас, ЎФФ раҳбарияти футбол жамоатчилигининг фикрини ўрганиб чиқиб, асосли таклифларни инобатга олганида бўлиши керак. Биз фақатгина мутахассислар фикри билан чекланмай, оқилона фикр юритадиган футбол мухлисларидан тортиб, журналистлар берган таклифларга қадар ўргандик ҳамда якуний қарорни эълон қилдик.

— Бу яхшику-я, бироқ қайси 12 та клуб Супер Лигада тўп суришини қачон ошкор қилмоқчисизлар? Ахир жамоалар янги мавсумга тайёргарлик кўриши керак...

— Нафақат ўша 12 та, балки қолган клублар ҳам бирдек тайёргарлик кўраверсин. Чунки биз фақатгина Супер Лиганинг эмас, Про-Лиганинг ҳам савиясини кўтармоқчимиз. Худдики, биз номини эълон қилган 12 та клубдан бошқа ҳамма қўлларини силтаб, мавсумга қўл учида тайёргарлик кўриши керак бўлмаганидек.

Биз қайси 12 та клубни олиб қолсак экан деб бош қотираётганимиз йўқ. Бу ҳақда жамоаларнинг ўзи ўйласин. Биз Супер Лига клублари қандай талабларга жавоб бериши кераклиги борасида йўриқнома ёзиб қўйдик. Энди жамоалар шу талабларга жавоб бериш учун уруниб кўришсин. Эплай олган 12 тасини олиб қоламиз. Чемпионатни кучли тўртликда якунлаган-у, аммо талабга жавоб бермаган клуб ҳам Про-Лигага тушиб кетаверади.

Бу шуни билдирадики, ўтган чемпионат давомидаги рақобатдан кўра кўпроқ, клублар ўз инфротузилмасини ривожлантириш борасида ўзаро жиддий рақобат олиб боради. Кимгадир юқори дивизион керак бўлса марҳамат, бунинг учун нималар қилиниши кераклиги аниқ белгилаб қўйилган.

— Регламентда стадионнинг ёритиш ускуналари, замонавий чим ва шунга ўхшаш деталлар кўрсатилган. Бироқ 3—4 та стадионни айтмаса, қолганларида бундай шароит йўқ.

— Агар йўқ деб ўтирсак, бундан кейин ҳам ўтираверамиз. Талабга жавоб бермаганларни жазоласак, олдинга силжиш бўлади. Тўғри, биз ҳамма ўзига келиб олиши учун 2—3 йил вақт беришимиз мумкин эди. Бироқ мен аниқ биламанки, бунда бемалол 2 йилни йўқотамиз. Чунки клублар ҳаммаси тақалганида, энг охирги йилда ҳаракатни бошлаб қолади. Агар биз талабни ҳозирданоқ қўйсак, улар ҳам ҳозирдан отни қамчилайди. Майли, бир-икки клуб мухлислари ҳафа бўлсин, вақти келиб бунинг моҳиятини тушуниб етади.

— Вадим Абрамов масаласида ҳаммаси тушунарли. Унинг фаолиятида қоидаларга тўғри келмайдиган нимадир бўлган. Лекин жазолашни нега айнан ундан бошлаганинглар қизиқ...

— Шунчаки кимдир биринчи бўлиши керак эди. Биз ҳаммасини Абрамовдан бошлаш керак демадик, шунга тўғри келиб қолди. Тарихида сиз айтгандек бирор ножўя жиҳати бор яна бир қатор мутахассисларни Абрамовнинг тақдири кутиб турибди. Бу борада ишимиз ҳали тугамади, энди бошланди.

— Ёшини кичиклаштирган футболчилар масаласида нима дея оласиз. Улар билан ҳам шунчаки хайрлашиладими?

— Биз ўзимизнинг ваколат бўйича жазолаймиз. Яъни, биз фақатгина футболдан четлата оламиз. Сиз назарда тутаётган жараёнлар бизнинг ваколатга кирмайди. Шунинг учун ҳам, ишни Адлия вазирлигига топширдик. Улар масалани яхшилаб ўрганиб чиқади ва ўз ваколати бўйича иш кўради. Энг яхшиси шу. Муҳими, бундан кейин ўзбек футболида бу каби иллатнинг бўлмаслиги.

— Терма жамоа 2018 йил икки жиддий рақиб билан ўйнайди: Эрон ва Марокаш. Бироқ бош мураббийнинг ўзи қани? Яна қанча кутиш керак?

— Биз шунчаки икки рақиб жамоа номини аниқ қилдик. Яна 2 та жиддий ўйин пишай-пишай деб қолди. Аниқ бўлса, алоҳида хабар берамиз. Европанинг энг номдор термаларидан бирини Тошкентга олиб келиш устида иш кетяпти. Бу ўйин маҳаллий футбол мухлисларидан ҳеч кимнинг эътиборидан четда қолмайди.

Мураббий масаласида эса умуман шошилмадик. Бу қийин жараён. Баъзида номдор мураббийни олиб келасиз, катта пул берасиз. Лекин барибир натижа кўрсата олмайди, пулини олиб, қайтиб кетаверади. Биз ҳозир нафақат тажрибали ва ўз имзосига эга мураббийни, шу билан бирга нархи ҳам бизни қаноатлантирадиган, биз қўйган талабларга жавоб бера оладиган инсонни топишимиз керак. Ўйлашимча, бунга оз қолди.

— Бизнинг вазифамиз, ўзимиз билганимизча камчиликларни кўрсатиб бериш. Энди биз сиз айтаётган ишларнинг назорати қандай кечаётганини кузатиб борамиз. Умид қиламизки, қонун-қоидадан ташқарига чиққанларни муқаррар жазо кутади.

— Сўзсиз! Шусиз ишни тартибга солиб бўлмайди. Бунда журналистларнинг ўрни катта бўлади. Агар мамлакат клублари ўзимиз истаётгандек кўринишга тезроқ келиб олса, чемпионатнинг савияси сезиларли равишда ошиши керак. Бу эса ўз навбатида миллий терма жамоани кучайтиради деб умид қиламиз


Манба: daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz