Қайднома

Қидирув

ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджоновнинг Янги йил табриги

ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджоновнинг Янги йил табриги

  31.12.2017 14:24
  0
  143
ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджоновнинг Янги йил табриги

ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон халқи, футбол жамоатчилиги, мухлислар ва ОАВ ходимларини кириб келаётган Янги йил билан табриклади.

«2017 йил тарихда қолаяпти. Янги йил билан бирга янги режалар, янги мақсадлар ва янги лойиҳалар кириб келмоқда.

Ўтган вақт мобайнида ўзбек футболи турли даврни бошдан кечирди. Афсуски, ғалабалардан кўра мағлубиятлар кўпроқ бўлди. Миллий терма жамоамиз Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга кирита олмади. Ўсмирлар ва Ёшлар терма жамоалари ҳам билдирилган ишончни оқлай олишмади. Аммо эндиликда ўзбек футболида янги давр бошланмоқда.

12 сентябрь кунидаги Ҳисобот-сайлов конференциясидан бошлаб шу кунга қадар ўтган қисқа вақт давомида футболимизда катта ислоҳотлар амалга оширилди ва бу ислоҳотлар давом этяпти.

Биринчи навбатда, ўзбек футболида амалга ошириш керак бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди. ЎФФ байроғи остидаги мусобақалар ўтказилиши савиясини ОФК стандартлари ҳолатига олиб келиш, терма жамоаларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокини янги босқичга олиб чиқиш бирламчи вазифа қилиб қўйилди.

Иккинчи устувор вазифа эса, техникавий ривожлантириш масалалар бўлиб, унга болалар ва ўсмирлар, оммавий футбол, аёллар футболи, футзал ва пляж футболини ривожлантириш, мураббийларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби вазифалар киради.

Учинчи устувор вазифа, ПФЛ ва ҳудудий федерациялар фаолиятини кучайтириш бўлиб, унда асосий эътибор, футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ва биринчилиги мусобақаларини ўтказиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ЎФФнинг аъзолари ҳисобланган 14 та ҳудудий федерациянинг мамлакат футболини ривожлантиришдаги роли ва даҳлдорлигини оширишга қаратилди.

Тўртинчи устун эса, халқаро муносабатлар бўлиб, бу жабҳада асосан ФИФА, ОФК, УЕФА ва бошқа конфедерациялар, ҳудудий федерациялар, миллий федерациялар билан ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини кучайтириш, муваффақиятли синовдан ўтган халқаро тажрибаларни ўзлаштириш масалаларига эътибор қаратиш кўзда тутилди.
Юқоридаги устувор вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон футбол федерацияси ходимлари томонидан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш, жойларда болалар ва ўсмирлар орасида футболни янада оммалаштириш борасида Ўзбекистон Футбол Федерацияси бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Янги йил арафасида пойтахтимиздаги мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда “Келажак умидлари” деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбир давомида юртимизнинг машҳур футболчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси сифатида болаларга тўплар ва спорт формалари, шунингдек, Фахрий ёрлиқлар топширишди.

Келаси йилда бутун Република бўйлаб 1000га яқин ана шундай мусобақалар, тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Футболимиз пойдевори ҳисобланган болалар футболини ривожлантириш учун хориждан бир қатор етук мутахассислар юртимизга жалб қилиняпти. Жумладан, сербиялик Завиша Михайлович, “Реал” Мадрид академияси мураббийи Кико Зунига пойтахтимизда бўлишди. Январь ойида юртимизга бельгиялик мутахассислар Крис ван Пуйвельде ва Бекир Тедек ташриф буюриши кутилмоқда.

Ушбу мутахассислар юртимизда фаолият олиб бориш орқали, истеъдодли болаларни саралаб олиш ва уларнинг истеъдодини сайқаллаш борасида Ўзбекистондаги мураббийларга ўз маслаҳатларини бериб боришади. Шунингдек, юртимиздаги ёш футболчиларни Европанинг кучли клубларига тавсия қилишади.

Миллий чемпионатимиз савиясини ошириш ва клублар ўртасидаги рақобатни кучайтириш мақсадида, Олий лига ва Биринчи лига Суперлига ва Про-лигага айлантирилиб, мусобақа формати ўзгарди. Эндиликда Суперлигада 12та жамоа кураш олиб боради. Бу эса ўз навбатида миллий чемпионатда шиддат ошишини таъминлаб беради.
Янги мавсумдан бошлаб клублар олдига қўйиладиган талаблар ҳам ўзгарди. Эндиликда ҳар бир клуб ўз қошида академия, футзал ва аёллар жамоаларига эга бўлиши керак бўлади.

Футболчилар чиройли футбол намойиш қилиши учун учрашувлар бўлиб ўтадиган стадион ва майдонларнинг сифати ҳам талабга жавоб берадиган бўлиши, 1200 люксдан кам бўлмаган ёритиш ускуналарига эга бўлиши шарт қилиб белгиланди. Мухлисларга қулайлик туғдириш мақсадида, ўйинлар бошланиш вақтлари иш вақтидан кейинга (18:30, 20:30) қўйилди.

Миллий чемпионат футболчиларининг жисмоний ҳолатини назорат қилиб бориш, терма жамоаларимизга ҳар томонлама кучли футболчиларни етиштириб бериш мақсадида ўзбек футболи тарихида биринчи марта Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан футболчилардан нормативлар қабул қилиш йўлга қўйилди. Бу нормативлар футболчларни ўз устида ишлашга мажбур қилади. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати кучли бўлса, терма жамоаларга номзодларни саралаб олишда мураббийлар қийинчиликка дуч келишмайди.

Халқаро алоқаларни мустаҳкамлар мақсадида ўтган тўрт ойдан кам вақт давомида ФИФА ва ОФК президентлари Жанни Инфантино ва Шайх Салмон Иброҳим бин Халифа билан учрашувлар ўтказилди. Бу учрашувларда ўзбек футболини ривожлантириш масалалари муҳокам қилинди. ФИФА ҳамда ОФК томонидан юртимизда футболни янги босқичга олиб чиқиш учун катта маблағлар ажратилишига келишиб олинди.

Декабрь ойи бошида ОФК президентининг юртимизга ташрифи ва Ўзбекистон Кубоги финалини бевосита стадиондан томоша қилиб бориши катта воқелик бўлди.

Бундан ташқари, БАА, Қатар, Жанубий Корея, Япония футбол ассоциациялари президентлари билан ўтказилган учрашувлар ва имзоланган меморандумлар ҳам ўзбек футболи учун жуда манфаатли бўлди. Ана шу меморандумлар асосида терма жамоаларимиз ўртасида ўртоқлик ўйинлари ташкил этилди.

Ўзбек футболи тарихида биринчи марта Миллий чемпионатимизда иштирок этадиган клублар мураббийлари ва ходимларини малака ошириш учун хорижга юбориш йўлга қўйилди. Суперлига клублари декабрда Қатарнинг машҳур “Aspetar” тиббий марказида малака ошириб қайтишган бўлса, клуб мураббийлари январь ойида Жанубий Кореянинг Кей-лигасида тажриба тўплаш имкониятига эга бўлишади.

Ўтаётган йил ёқимли ғалабаларни тақдим қилганини ҳам эътироф этиш керак. Жумладан, Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси декабрь ойида Тайландда бўлиб ўтган Халқаро мусобақада муносиб иштирок этиб, финалда Япония терма жамоасини мағлубиятга учратди ва юртимизга ғалаба билан қайтди.

Эндиликда, Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги жамоани катта мусобақа – Осиё чемпионати кутиб турибди. Январь ойида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида Олимпия терма жамоамиздан фақат ва фақат ғалаба кутиб қоламиз. Ушбу терма жамоа йигитлари келажакда Миллий терма жамоа асосини ташкил қилишади. Шу сабабли ҳам улардан умидимиз катта.

Миллий терма жамоамиз – футболимиз юзи. Ушбу терма жамоанинг натижаларига қараб ўзбек футболига Халқаро футбол жамоатчилиги баҳо беради. Шу сабабли ҳам миллий терма жамоамизнинг кучайтириш, юқори савияга олиб чиқиш учун кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, терма жамоамизга муносиб спарринг рақиблар топиш, кучли терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказиш борасида ҳам музокаралар муваффақиятли якунланмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йилнинг март ойида Жаҳон чемпионатига йўл олган Марокаш терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказиш борасида келишувга эришди. Шунингдек, май ойида яна бир ЖЧ иштирокчиси Эронга қарши ўйин ўтказилади.

Ўзбекистон миллий терма жамоасига тез орада хориждан кучли мураббий олиб келинади. Бу мураббий албатта ўз терма жамоаси билан Жаҳон чемпионатига йўл олган, катта тажрибага эга мураббий бўлади.

Ишончимиз, комилки, бу амалга оширилаётган ислоҳотлар тезда ўз самарасини бериб, ўзбек футболи яна юқори босқичга чиқади. Олимпия ва Миллий терма жамоаларимиз Токио ва Қатарда бўладиган Олимпиада ва Жаҳон чемпионатларига йўлланмаларни қўлга киритиб, бутун ўзбек халқини хурсад қилишади.

Азиз дўстлар! Кириб келаётган янги 2018 йил оилангизга тинчлик, хонадонингизга барака олиб кирсин. Янги ғалабалар, янги муваффақиятлар доимо ёр бўлсин. Бундан буён муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ва халқимизни хурсанд қилиб, футболимизни биргаликда кўтарамиз деган умиддаман», - дейди ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов табригида.


Манба: www.the-uff.com


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.