Қайднома

Қидирув

«Боруссия» Дортмунд реаниматори

«Боруссия» Дортмунд реаниматори

  01.01.2018 06:23
  0
  560
«Боруссия» Дортмунд реаниматори

Мантиққа зид, тафаккур қабул қила олмайдиган воқеалар баъзан футбол оламида ҳам учраб туради.

Таажжубки, мавсум бошидан буён ғалаба нима эканини билмай келаётган «Кёльн» ўз халоскори бўлмиш Петер Штегерни кўчага чиқариб қўйгач, ҳуррият шарафига дастлабки зафарини қайд этди.

Ҳа, кайфият жойида бўлса, ҳатто «така» ҳам «бўри»ни ғажиб ташлашга қодир! Ишсиз қолган Штегер эса Австрияга қайтишга мажбур бўлди.

Бироқ ўз юртида онаси билан бир пиёла чой ичишга улгурмай, яна Германияга йўл олди – Кёльнда яроқсиз бўлиб қолган мураббийни Дортмундда қучоқ очиб кутиб олишди.

Буни қарангки, омадсиз Штегер билан боғлиқ иккинчи парадокс ҳам узоқ куттириб қўймади – «чалажон» «Боруссия» Д. қаторасига икки ғалабага эришиб, мавқеига мос ўринга кўтарилиб олди!

Хўш, кўпчиликка нотаниш бўлган Петер Штегер ким ва у Бундеслигага қандай келиб қолди?

Маълумот учун

Петер ШТЕГЕР

Туғилган санаси ва манзили: 1966 йил 11 апрель (51 ёш), Вена (Австрия)

Футболчилик фаолиятида Австриянинг «Фаворитен», «Форвертс», «Фёрст»,  «Аустрия», «Тироль», «Рапид», ЛАСК «Адмира Ваккер» ва «Унтерзибенбрунн»  клубларида ярим ҳимоячи сифатида ўйнаган. Австриянинг 4 карра чемпиони ва мамлакат кубогининг 4 карра соҳиби. Шунингдек, Австрия миллий жамоаси сафида 65 марта майдонга тушиб, 15та гол урган.

2007-2013 йиллар оралиғида «Фёрст», ГАК,  «Винер-Нойштадт» ва «Аустрия» клубларида спорт директори ва бош мураббий лавозимларида ишлаб, 2 марта Австрия чемпиони бўлган. 2013-2017 йилларда  Германиянинг «Кёльн» жамоасини бошқарди. 2017 йилнинг декабридан «Боруссия» Д. бош мураббийи.

2013 йилда қарзлар ботқоғига ғарқ бўлган «Кёльн» ўз фаолиятини якунлаш, мухлислар эса мустақил равишда пул тўплаш билан унинг тарқатиб юборилишига йўл қўймаслик тадоригини кўраётган эдилар. Ўшанда «такалар» иккинчи лигада рисоладагидек тўп сура олмасдан, аутсайдерлар сафига тушиб қолишганди.

Ана шу қалтис вазиятда мутасаддилар австриялик Петер Штегерга ишонч билдиришди. «Бунга қадар хориждан кўплаб таклифлар олган бўлсамда, четга чиқишнинг иложи бўлмаганди. Шу сабабли Австрияда ишлаб юргандим. «Кёльн» варианти юзага келганида эса хорижда ишлаш имкониятига эга эдим. Шу сабабли узоқ ўйлаб ўтирмадим»,-деди Петер.

Штегернинг мураббийлик фао­лия­ти қизиқарли ва ажабланарли. У ўз вақтида спорт директори бўлишни орзу қилган ва 2000 йилларда айнан шу вазифада ишлаган. 2004|2005 йиллар мавсумида унинг «Аустрия»си омадсизликка дуч келиб, бош мураббий Гюнтер Крон­штейнер истеъфога чиқарилди.

Мавсумни якунлаш вазифасини мутасаддилар Петер зиммасига юкладилар. Шу тариқа Штегер «Аустрия»ни бошқара бошлади. Жамоа «Рапид»ни қувиб ета олмаган бўлсада, мавсумни кучлилар қаторида якунлади.

Орадан етти йил ўтгач, Штегер «Аустрия»га чинакам бош мураббий сифатида қайтди ва жамоани ортиқча қийинчиликларсиз шоҳсупага олиб чиқди. Бироқ мухлислар хурсандчилиги узоққа чОзилмади - мураббий «Кёльн» таклифини қабул қилди.

Немислар Петердан ташқари жамоанинг энг яхши тўпурари Филипп Хозинерни ҳам олиб кетишлари ойдинлашгач, мухлислар ўртасидаги норозиликлар кучайиб кетди. Оқибатда Штегер Германияга йўл оладиган бўлди: «Қаерда бўлишимдан қатъий назар, мен «Аустрия» ва унинг мухлисларини ҳурмат қиламан.

Шу боис, жамоани Хозинердан жудо қилишга виждоним йўл қўймайди. Боз устига, «Аустрия» ЕЧЛда иштирок этади». Дарвоқе, ўшанда ҳужумчи «Кёльн» таркибига ўтди ва суюкли устозига совға сифатида «Гамбург» дарвозасини ишғол этди. Аммо у аввалги Филипп эмасди: 2015 йилнинг қишида саратон хасталиги туфайли жарроҳлар унинг буйрагини олиб ташлашди. Штегер эса «такалар»­ни ҳақиқий серкадек бошқариб, элитага олиб чиқди.

Аммо кучлилар сафида муаммоларга дуч кела бошлади: 2014|2015 йиллар мавсумининг дастлабки 4 учрашувидан 3тасини жамоа нурсиз дуранглар билан якунлади. Шундан кейин мухлислар бош мураббийни танқид қила бошладилар. У эса омадсизликда айби йўқлигини исботлашга уринди: «Агар эътибор берсангиз, сўнгги 15 йил ичида жамоа 5 марта Бундеслигадан тушиб кетди.

Савияли футболчиларнинг етишмаслиги оқибатида биз ҳужумкор таркибни шакллантира олмаяпмиз». Штегернинг қанчалик ҳақ экани тез орада маълум бўлди: «Кёльн» мавсумни ортиқча муаммоларсиз якунлади, унинг ҳимоя чизиғи ишончлилик бобида Бундеслигада бешинчи натижани қайд этди. Бироқ энг ғаройиб воқеалар ҳали олдинда эди.

- Ҳимояда ҳаракатланиш ҳужумдагидек қизиқарли эмас. Аммо бизга ҳозир ҳаммасидан кўра натижа муҳимроқ!, - Петер айнан шу ақидага амал қилган ҳолда ишлай бошлади. Албатта, баъзан ҳимояланиш ҳужум қилишга қараганда қийинроқ бўларди. Лекин мураббий ўз шогирд­лари қалбида иштиёқ чўғини алангалата олди.

Ҳар бир учрашув арафасида ва ўйиндан кейин футболчилар билан доира ташкил этиш ва уларни жангга чорлаш Штегер учун анъанага айланди. Натижада чинакам мўъжиза бўй кўрсата бошлади: 2016|2017 йиллар мавсумини кўтаринки кайфиятда бошлаган «такалар» кетма-кет ғалабалар эвазига иккинчи ўринга чиқиб олишди.

Бироқ декабрга келиб узоқ давом этган пасайиш даври бошланди: жамоа қаторасига 6та учрашувни мағлубият билан якунлаб қуйи поғоналарга тушиб кетди. Жамоани «уйғотиш» лозимлигини тушунган мураббий яна ўзига хос ностандарт қарор қабул қилди. Яъни иккинчи даврага пухта тайёргарлик кўришни мақсад қилганлар иссиқ ўлкаларга жўнаб кетишди. Петер эса шогирдларини Кёльнда олиб қолди.

- Рақибларимиз Германияга қайтишгач, бу ердаги совуқ иқлимга мослашиш учун ортиқча куч сарфлаб, вақтдан ютқазишади. Биз эса изғиринга чиниққан ва курашга чанқоқ ҳолда майдонга тушамиз, - деб изоҳ берганди мураббий бу антиқа режасига.

Дарҳақиқат, 2017 йилнинг дастлабки беллашувларида «такалар» «бўрилар»дан устун келдилар, «Дарм­штадт» парчалаб (6:1) ташланди! Мавсум якунида «Кёльн» узоқ йиллардан бери илк марта ЕЛ йўлланмасини қўлга киритди. 20 май куни жамоа «Майнц» устидан 2:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришганди.

Мухлислар ўша куни Штегерга қўшиқ орқали мурожаат қилишди: «Бизнинг Венгеримиз бўлиб қол!» Самимий мулозаматдан мураббийнинг кўнгли тоғдек кўтарилган бўлсада, холис баҳо бериш қобилиятини йўқотиб қўймади: «Мураббий ҳаёти турли бос­қичлардан иборат.

Бунга биз «Боруссия» М.даги Юлиус Шуберт мисолида яққол ишонч ҳосил қилдик. Бугун сен қаҳрамонсан, лекин эртага сени кўчага чиқариб қў­йишлари ҳеч гап эмас. Шундай экан, доимо ҳар қандай вазиятга тайёр туришинг шарт!

Ажабо, наҳотки ўша қувончли паллада «Кёльн»даги охирги ғалабасини нишонлаётгани мураббийнинг кўнг­лидан ўтган бўлса? Орадан етти ой ўтган бўлса ҳамки, унинг садоқатли шогирдлари ғалаба нима эканини билмай келишди, чемпионатдаги барча антирекордлар янгиланди, жамоа ЕЛдан жуда барвақт чиқиб кетди.

Оқибатда муваффақиятсизликдан ке­йин юз бериши муқаррар бўлган воқеа амалга ошди - 3 декабрь куни Петер Штегер истеъфога чиқарилди. «Ортда қолган йиллар давомида шаҳар ва жамоа мухлислари қалбимдан жой олишди. Имкониятга эга бўлишим билан Кёльн­га албатта келаман!», - деганча жамоа билан хайрлашган мутахассис она шаҳри - Венага учиб кетди.

Ниҳоят, ўз уйида онаси билан хотиржам чойхўрликка имкон туғилди. Бироқ ногаҳони қўнғироқ барчасини чиппакка чиқарди. «Кечқурун ярим соатча онам билан дийдорлашгандим. Шошилинч тарзда Дортмундга учишимга тўғри келди. Шу боис волидам билан бафуржа суҳбатлашиш имкони бўлмади.

Тўсатдан юз берган ўзгариш уни ранжитмади, аксинча, онам мендан жуда мамнун эканлигини изҳор этди. Чунки энди «Боруссия»дек гранд жамоани бошқараман!» - деди Штегер Дортмунддаги тақдимот маросимида.

Ҳа, боши берк кўчага кириб қолган номдор жамоа айнан Петердек реаниматор кўмагига муҳтож эди. Ҳимоя чизиғидаги носозликларни фақат Штегер бартараф этиши мумкинлигини ниҳоят тушунган мутасаддилар вақт­ни бой бермадилар.

Натижада аутсайдерни қониқтирмаган мутахассис раҳбарлигида «Боруссия» иккита учрашувда юз фоизлик натижа қайд этиб, нуфузига мос ўринга кўтарилиб олди.

Қизиғи, шундаки, Штегернинг истеъфоси «Кёльн»га ҳам қўл келди - «Альянц Арена»даги мағлубият (0:1) учун «такалар»ни айблашга тил айланмайди, «бўрилар»дан тортиб олинган уч очко эса мавсумдаги дастлабки ғалабанинг маҳсули бўлгани учун қадр­лидир.

Мазкур ажабтовур ўзгаришлар Бундеслига реаниматорининг амалдаги ва собиқ жамоаси натижаларини диққат билан кузатишга даъват этади.

Абдуллохон Исроилхонов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz