Қайднома

Қидирув

Пепе: «Португалия жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб бўлишга қодир»

Пепе: «Португалия жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб бўлишга қодир»

  01.01.2018 03:41
  0
  504
Пепе: «Португалия жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб бўлишга қодир»

Ўтган йили ёзда Португалия миллий жамоаси сафида Европа чемпиони мақомига эришган «Реал»нинг собиқ ҳимоячиси Пепе айни пайт Туркияда ўйнамоқда.

Аниқроғи, «Бешиктош» билан шартнома тузган муросасиз футболчи клубнинг ЕЧЛдаги муваффақиятли юриши (турклар «плей-офф» масаласини енгилгина ҳал қилишди)га баҳоли қудрат ҳисса қўшди, қўшмоқда.

Табиийки, турк диёрида «Мадрид»даги фаолияти давомида энг нуфузли турнирларда ғалаба нашидасини сурган португалиялик фахрийга эътибор катта.

Мисол учун, яқинда маҳаллий Sabah нашри Европанинг амалдаги чемпионини махсус суҳбатга тортиб, кўплаб қизиқарли саволларга жавоб олди.

Биз эса sovsport.ru сайтида берилган интервьюнинг энг эътиборли парчаларини ҳукмингизга ҳавола этишни лозим топдик.

- Фаолиятингиз давомида сиз билан ишлаган энг яхши мураббийлар ҳақида гапириб берсангиз...

- Аввало, барча клубларда мурабийлар билан яхши ҳамкорлик қилганимни айтишим керак. Уларнинг ҳар биридан нималарнидир ўрганганим - айни ҳақиқат. Мисол учун, Шенол Гюнешни олайлик.

Туркияга келишимдан анча аввал ҳамюртим Рики Куарежма бу мураббий ҳақида кўп илиқ гапларни айтганди. Дарҳақиқат, Гюнеш чинакам интеллектуал экан.

Жуда серғайрат инсон. Мана, ёши анча катта бўлишига қарамай, ҳар бир машғулотда 100 фоиз эътибор билан ишламоқда, ўзини сира аямайди.

- Умуман, айнан «Бешиктош»да тўп сураётганингиздан бахтиёрмисиз?

- Аслида «Реал» билан алоқани узганимдан кейин турли клублардан таклиф олгандим. Туркияда ўйнаш вариантини танлаганимга келсак, асосий сабаб битта - бу ерда самимий ва меҳрибон кишилар кўп.

Ҳар ҳолда, шу юртда тўп сурган португалиялик футболчилар барчасини оғиз кўпиртириб мақташарди. Мана, ўзим ҳам юқори самимийликка гувоҳ бўляпман. Шахсан мен учун бундай ёндашув пулдан анча муҳим.

Демакки, агар бошқа жамоани танлаганимда, балки ҳозиргидек бахтиёрликни ҳис қилмасмидим...?

- Хўш, «Бешиктош» фаолиятингиздаги охирги жамоа бўлиши мумкинми?

- Клуб билан 2 йиллик шартнома тузганман. Ишончим комил, бу муддат ичида ишончли тўп сура оламан. Қолганини вақт кўрсатади. Аммо бу «Бешиктош» билан келишув муддатини узайтириш ниятида эмаслигимни билдирмайди асло.

Ҳаммаси жамоага нечоғли манфаат келтиришим ва ўзимни қандай ҳис этишимга боғлиқ. Умуман, бу масалада якуний тўхтамга келиш учун вақт етарли.

- Жамоангиз ЧЛ нимчорак финалида «Бавария»га қарши ўйнайди. Бўлажак қарама-қаршиликда устун келиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Тушунарлики, «Бавария» мусобақа фаворитларидан бири саналади. Мана, жамоада яқинда бош мураббий алмашди ва у аввалгига нисбатан ҳам кучлироқ ўйнай бошлади. Табиийки, «Бешиктош» ҳам ўз салоҳиятини кўрсатишга ҳаракат қилади. Демоқчиманки, немисларга муносиб қаршилик кўрсатиш учун бор кучимизни сарфлаймиз.

Қайтараман, «Бавария»нинг жуфтлик фаворити эканлигини инкор этиш қийин. Лекин футболда ғалаба ҳар доим ҳам етакчига насиб этавермайди. Тўғри, бутун Европада кўплаб обрўли таҳлилчилар бизни «дафн» қилишга улгуришди, мен эса хулоса чиқаришда шошилмасликни маслаҳат бераман. Ўйлайманки, жамоамиз катта «сюрприз» улашишга қодир.

- «Реал» ҳаётингизда қандай ўрин тутади? Ҳарқалай, кўп йиллик умрингизни «Мадрид»га бағишлагансиз...

- Ҳа, Мадридда нақ 10 йил тўп сурдим. Кўплаб футболчилар бундай фаолиятни фақат орзу қилишади. Муҳими, «Қироллик клуби» ғалабалари йўлида бор куч-маҳоратимни аямадим. Ҳозир ҳам бу жамоани яхши кўраман, унга бефарқ эмасман. Дейлик, ҳамон «Реал» мухлисиман.

Биласиз, «Мадрид» доимо энг сара футболчилар хизматига таянади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, собиқ жамоамга барча учрашувларда омад тилайман. Фақат ҳозирги клубим билан тўқнаш келсагина унга ғалабани раво кўрмайман. Чунки аксарият профессионаллар қатори енгилишни сира ёқтирмайман.

- Статистикага қарасак, фаолиятингиз давомида 21та нуфузли совринга эга чиққансиз. Бошқача айтганда, имкони бор барча сов-ринларни ютгансиз, фақат жаҳон чемпионати кубоги бундан мустасно. Қизиқ, ЖЧ-2018 масаласида Португалия терма жамоаси олдига қандай вазифа қўйилган?

- Устун ва заиф жиҳатларимизни яхши биламиз. Тўғри, ҳозир терма жамоалар миқёсида рақобат жуда баланд. Демоқчиманки, биз билан бемалол беллашиш имкониятига эга жамоалар етарли. Албатта, ҳар бир рақибга ҳурмат билан ёндашамиз.

Евро-2016да «Мен эмас, биз!» шиори остида тўп суриб, чемпионликка эришганимиз бизга қўшимча куч бағишлайди. Хуллас, Россияда ҳам Франциядаги муваффақиятни такрорлашга уриниб кўрамиз.

- Криштиану Роналду бир сафар сизни туғма етакчи сифатида эътироф этганди. Бу фикрга қўшиласизми?

- Фақат бир жиҳатни баралла айтишим мумкин - майдонда ҳар бир ҳаракатни масъулиятни тўлиқ ҳис қилган ҳолда амалга ошираман. Шунингдек, доимо ўз маҳоратимга ишониб тўп сурганман. Футбол - ўта жиддий талабчанликни ёқтирадиган машаққатли меҳнат!

- Ноодатий савол: Роналдуни дейлик, Куарежма билан таққослай оласизми?

- Криштиану билан узоқ вақт битта жамоада тўп сурдим. У буюк ижрочи ва ҳақиқий меҳнатсевар. Куарежма эса шунчаки, «феномен». У билан 3 йил «Порту»да ёнма-ён ўйнадим, ҳозирда «Бешиктош» шарафини ҳимоя қиляпмиз. Дарвоқе айнан Куарежма туфайли шу ердаман.

- Якунда оилангиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз...

- Ота-онам бразилиялик. Улар умр бўйи машаққатли меҳнат билан менга ғамхўрлик қилишди. Ўз навбатида, шунга муносиб жавоб беришни ўйлаб, болалигимдан пул топишга уриндим.

Мисол учун, балиқ овлаб, уни бозорда сотардим ва пулни онамга берардим. Футболга эса болалигимдан жиддий ёндашганман, албатта. Отам ўйинларимни телевизор орқали кўришни орзу қиларди. Шукрки, бу орзусини рўёбга чиқардим - 17 ёшда уйдан чиқиб кетиб, олис Португалияга йўл олдим.

Табиийки, бундай жиддий қарорни қабул қилиш кўз ёшларисиз бўлмади. Муҳими, отам мени қўллаб-қувватлади ва ўз келажагим сари талпинаётганимни таъкидлаб, оқ йўл тилади. Эсимда, хайрлашув чоғи у ортига ўгирилиб қарамаган ва менга ҳам қийинчиликлар олдида бош эгмаслик зарурлигини уқтирганди.

- Охирги савол: сизнингча, футбол тарихидаги энг яхши ўйинчи ким?

- Шахсан мен учун Криштиану Роналду. Буни у билан ёнма-ён ишлаган ва ўйнаган футболчи сифатида айтяпман...

С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz