Айни пайт Германияда ёш ўйинчилар танлови масаласида муаммо йўқ, умуман!
Мамлакат миллий жамоаси бош мураббийи Йоахим Лёв Бундеслигада бош кўтарган ҳар бир супериқтидорга эътибор билан ёндашмоқда ва у шунга яраша бундестим келажагидан мутлақо хотиржам.
Мисол учун, «Гамбург»нинг 17 ёшли ҳужумчиси Янн-Фите Арпнинг истиқболи ҳам чакки кўринмаяпти.
Жорий 1000 йилликнинг илк вакили
Янн-Фите Арп Бундеслиганинг жорий мавсуми биринчи ярмида дебют қилганлар орасида алоҳида ўринга эга. Чунончи, 7-турдан ўрин олган «Гамбург» — «Вердер» учрашуви (0:0) 86-дақиқасида илк марта майдонга тушган ёш ҳужумчи Бундеслига тарихига кирди.
Арп 2000 йилнинг 6 январь куни туғилган. Хуллас, у Германия чемпионатида кўриниш берган ҳозирги 1000 йилликнинг биринчи вакили бўлди. Тўғри, ёш футболчи мажбурий ҳолатда, яъни «Гамбург» жароҳатлар оқибатида кадрлар муаммосига дуч келгани туфайли дебют қилди.
Аммо факт шуки, 40-рақам эгаси майдонда саноқли дақиқалар ҳаракатланди ва тарихга кириш асносида жорий асрда тавваллуд топган йигитчалар 90-йилларнинг «қария» вакилларига рақобат тақдим этиш тараддудида эканликларини кўрсатиб қўйди.
Муносиб форвард
Арп жорий мавсум «Гамбург» ёшлар жамоасининг 23та ўйинида қатнашиб, 26та гол урди. Бошқача айтганда, у жамоанинг жами голларидан деярли ярмига муаллифлик қилди.
Шундай экан, унинг дебюти бежиз эмас. Янн-Фите «Тоттенхэм» етакчиси Гарри Кейнга кумир сифатида қарайди. Ваҳоланки, англиялик амплуадоши атиги 24 ёшда. Муҳими, Арп майдондаги ҳаракатлари билан айнан ўзидан 7 ёш катта ҳужумчини эслатиб юборади.
Кўзни қамаштирувчи тезлик, ажойиб техника — булар ёш йигитчанинг асосий қуроллари. Янн-Фите шунинг баробарида тўп билан нафис муомала қилади, зарбаси ҳам чакки эмас. Ижтимоий тармоқларда Арпнинг қойилмақом голлари ёзуви жуда кўпки, улар ҳаттоки, ўша Кейн ҳавасини ҳам уйғотиши турган гап.
Ҳа, немис йигити ўйини ҳали идеал даражага чиқмаган. Дейлик, бош билан ўйнашда нўноқроқ, чап оёғида ишлашни хушламайди. Энг муҳими, Янн-Фитеда бундай камчиликларни тўғрилаш учун вақт ҳам, иштиёқ ҳам етарли.
Термадаги истиқбол
Германия миллий жамоаси одатда классик марказий ҳужумчисиз ўйнайди. Бироқ бу вақтинча ҳолат: немислар Мирослав Клозега муносиб ўринбосар чиқмагани сабаб, шундай усулни қўллашга ўтишди.
Энди эса вазият ўзгармоқда. Ҳар ҳолда, Йоахим Лёв «РБ Лейпциг» вакили Тимо Вернерга соф ҳужумчи сифатида қарамоқда. Шуни ҳисобга олсак, Арп ҳали анча ёш бўлсада, маълум вақтдан кейин миллий жамоада классик ҳужумчи ролини бажариши мумкин.
Зеро, бундестим фанатлари яхши натижаларга қарамай, эски даврни ҳам қўмсашмоқда. Хуллас, улар термада соф ҳужумчи - чин голеадор кўришга муштоқлар.
Янги авлод
Янн-Фитени ҳозирдан 2000 йилдан кейин туғилган ўсмирлар орасида энг иқтидорлиси сифатида мақташмоқда. У жорий йил Германиянинг U-17 тоифасидаги термаси етакчиси ролида намоён бўлиб, Фриц Вальтер номидаги соврин - олтин медаль соҳибига айланди.
Бу соврин вақтида Тони Кроос, Леон Горецка, Тимо Вернер ва Марио Гётце каби футболчиларга берилганди. Дарвоқе, Арп Ҳиндистонда ташкиллаштирилган ўсмирлар ўртасидаги ЖЧнинг бош юлдузи ҳам бўлди: 4та ўйин-да 4та гол уриш баробарида яна 2тасига ассистентлик қилди.
Даъвогарлар бор
«Ювентус», «Челси», «Боруссия» Д. ва «Бавария» каби суперклублар аллақачон Арпга «қармоқ» ташлади. Йигитча эса бундай эътиборга оддий муносабат билдирмоқда:
«Ҳали деярли ҳеч нарсага эришганим йўқ, профессионал футболда ўйнаш тажрибам ҳам йўқ. Демоқчиманки, ҳозирдан катта клубга ўтиш - катта таваккал». Жуда тўғри ва доноларча ёндашув.
Шу жойда «Гамбург» селекцион хизматини ҳам алоҳида эътироф этиш керак. Клуб ёш иқтидорни вақтида пайқаб, уни тезда ўз томонига оғдирди. Энди «динозаврлар» ҳар қандай ҳолатда ҳам, унинг трансфери учун яхшигина маблағ сўрашга ҳақлилар.
Меҳнатсеварлик ва иқтидор ўзаро уйғунлашса, одатда катта натижалар бўй кўрсатади. Янн-Фите Арпда иқтидор ҳам, ишлашга лаёқат ҳам бор.
Демак, Германия Бундеслигасида майдонга тушган янги минг йилликнинг илк вакили мақоми унинг учун ҳали оддийгина натижа бўлиб қолиши мумкин. Ахир ҳужумчи 17 ёшидаёқ кимсан «қирол» Миро Клозе вориси бўлишга даъвогар саналмоқда...
А. АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20