Қайднома

Қидирув

Копадзе совринлар бўйича бутун дунёда тўртинчи...

Копадзе совринлар бўйича бутун дунёда тўртинчи...

  02.01.2018 00:21
  0
  886
Копадзе совринлар бўйича бутун дунёда тўртинчи...

Мана, Ўзбекистон чемпионати бош лигаси номи тарихга юзланмоқда. Келаси мавсумдан эътиборан элит дивизионимизни Суперлига ибораси билан тилга оламиз.

Табиийки, олий лига ҳам бутун тарих учун қисқа даврда шонли йўлларни босиб ўтди, биринчиликда миллий миқёсда олсак, бир қатор афсонавий футболчилар тўп суришди.

Ҳа, биз одатда олий лигага танқидий назар билан қараймиз кўпинча. Аммо чемпионат савияси ўз йўлига, унинг қаҳрамонларини вақтида муносиб эътироф этиш керак, барибир. Англаган бўлсангиз, бугун Ўзбекистон чемпионатида кўп бора ғалаба нашидасини суришган футболчиларга назар соламиз.

Аввало, айтиш жоиз, сўнгги мавсумларда чемпионлик рутбаси пойтахт клубларидан ортмагани сабаб, олий лига ғолиблари рўйхатининг юқорисида у қадар катта ўзгариш бўлгани йўқ.

*****

Жорий йилги мавсум якунида катта футболдаги фаолиятига нуқта қўйган Темур Кападзе Ўзбекистон миллий чемпионатида олтин медаль ютиш бобида 3 нафар рекордчидан биридир.

1998 йили «Нефтчи» орқали катта саҳнага чиққан миллий жамоамизнинг собиқ ярим ҳимоячиси ҳисобида элит лигамизнинг 12та олий пробали медали бор.

У шулардан 10тасини кетма-кет равишда қўлга киритган - 2001-2010 йилларда. Кападзенинг 2011-2015 йиллар оралиғида хориж чемпионатларида ҳам ўйнаганини инобатга олсак, рекордчи футболчи 2001 йилдан кейин олий лигамизда фақат мавсум-2014дагина якуний ғалабани тантана қилмаган.

Айтганча, Темур 2013 йили «Актобе» клуби сафида Қозоғистон чемпиони ҳам бўлган.

Факт. Темур Кападзе жаҳон футболида чемпионлик сони сони бўйича 4-ўрин (!)ни эгаллаб турибди (манба: transfermarkt.de). Қойилмисиз?

«Русенборг» билан 16 марта Норвегия чемпиони бўлган Роар Странд бу борада жаҳон рекордчиси саналади. Кейинги ўринларда Альфредо ди Стефано ва Александр Шовковский бор - 14тадан олтин медаль.

*****

«Локомотив» билан 2013 йилнинг 10 декабрь куни шартнома тузган Игнатий Нестеров осиёлик дарвозабонлар орасида алоҳида мавқега эга. Яъни миллий жамоамиз киперининг шахсий статистик кўрсаткичлари яққол кўзга ташланиб туради.

Игнат 2001 йили Самарқанд «Динамо»си сафида олий лигага кириб келганди. У ортда қолган даврда худди Кападзе каби нақ 12 марта мамлакат чемпиони бўлди. Битта фарқи шуки, Темур 4та жамоада олтин медаль ютган бўлса, Игнатий 3та клубнинг биринчи ўринни эгаллашига ҳисса қўшган.

Дарвозабоннинг фаолияти ҳали давом этишини инобатга олсак, у бу борада яққол рекордчига айланиши ҳам мумкин. Айтганча, 2016 йилнинг қишида Нестеров Теҳроннинг «Персеполис» клуби эътиборига тушганди, бироқ бу қизиқиш якунда амалий натижа билан тугамади.

Факт. Игнатий Нестеровнинг чемпионлик масаласидаги серияси 6 мавсумга тенг. У 2002-2007 йиллар оралиғида «Пахтакор»нинг кетма-кет равишда зафар қучишида бош роллардан бирини ижро этган.

*****

1996 йилги мавсумда Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси ўз тарихидаги биринчи ва ҳозирча ягона бўлиб турган чемпионликни нишонлаганида, унинг таркибида 18 ёшли Анвар Солиев ҳам бор эди.

Собиқ ҳужумчи кейинчалик навбати билан «Пахтакор» ва «Бунёдкор» клублари шарафини ҳимоя қилиб, кўп бора шоҳсупага кўтарилди. Оддий айтганда, Анвар коллекциясида ҳам олий лигамизнинг 12та чемпионлик медали бор.

Қолаверса, Солиев шу 3та жамоа сафида жами 9 марта Ўзбекистон кубоги соҳибига айланган.

Факт. Анвар Солиев ҳисобидаги 12та олтин медалдан 8тасида «Пахтакор» белгиси бор. Диққатга сазовор томони, собиқ ҳужумчи биринчи ва иккинчи чемпионлик ўртасида 5 мавсум «олтин» ютмаган. 

*****

«Навбаҳор» 1997 йили чирчиқлик 15 ёшли ўсмир йигитча Сервер Жепаровни ўз тизимига қўшиб олганди. Унинг жамоа асосий таркибига киришигача 3 йил кетди.

«Пахтакор» атрофида миллий жамоа базасини яратиш жараёни бошлангач, Серверни ҳам Тошкент клубига таклиф этишди. 2010-2015 йилларда хорижда ўйнаган моҳир ярим ҳимоячи айни пайт Эрон чемпионатида тўп сурмоқда. Булар Жепаровнинг самарали профессионал фаолиятида оддий саҳифалар ҳисобланмайди, албатта.

Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси ҳисобида жамланган олий лиганинг 9та олтин медали кўп нарсадан далолат беради. Уни  бемалол ўзбек футболининг янги асрдаги бунёдкорларидан бири сифатида таърифлаш мумкин.

Факт. Сервер Жепаров 8та чемпионликни кетма-кет равишда қўлга киритган бўлса, охиргисини 7 йиллик танаффусдан кейин расмийлаштирди.

*****

Кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмагандир, 2002 йили «Пахтакор»нинг ички биринчиликдаги бош тўпурари мақоми туркманистонлик марказий ҳимоячи Гочқули Гочқулиевга насиб қилганди.

Туркман йигити ўша мавсум олий лига баҳсларида нақ 14та гол урган ва якунда йилнинг энг яхши футболчисини аниқлаш сўровида 2-ўринга лойиқ кўрилганди.

Айни пайт Туркмнистон чемпионати иштирокчиси - «Олтин аср» клубида мураббий ролини бажараётган собиқ ҳимоячи ҳисобида 2та Ўзбекистон кубоги ҳам бор.

Факт. Гочқули Гочқулиев Ўзбекистонда энг кўп чемпион бўлган хорижлик футболчи саналади. У 7та олтин медални «Пахтакор» (4 марта) ва «Бунёдкор» (3 марта)да ютган.

*****

Тожиевлар оиласининг ўртанча вакили Камолиддинни алоҳида таништиришга ҳожат йўқ. Вақтида Хитой чемпионати кумуш медали совриндори бўлган бу футболчи «Пахтакор»даги фаолияти давомида 7 марта чемпионлик рутбасига эришган.

У юртимизда «Пахтакор»дан ташқари, «Сўғдиёна» сафида ҳам маълум муддат тўп сурган.

Факт. Камолиддин Тожиев битта клуб сафида чемпион бўлиш бобида юртимизда иккинчи яхши кўрсаткичга эга футболчидир.

*****

Бухоролик Элдор Магдеев «Пахтакор»нинг олтин даврида 6 марта чемпион мақомини олиш баробарида мамлакат кубогини 7 марта боши узра баланд кўтарган, лекин ҳар доим ҳам асосий таркибнинг ўзгартирилмас футболчиси саналмаган.

Вақтида ўз салоҳиятини Хитой чемпионатида ҳам синаб кўрган Элдор фаолияти якунида «Оқ-тепа»да ўйнаганини эслатиш жоиз.

Факт. Элдор Магдеев чемпионлик серияси бўйича  энг яхши кўрсаткичлардан бири муаллифидир.

Ўзбекистон олий лигасида энг кўп чемпион бўлган футболчилар

Футболчи

Жами

Клублар

Темур Кападзе

12 марта

2001 («Нефтчи»); 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007 («Пахтакор»); 2008, 2009, 2010 («Бунёдкор»); 2016, 2017 («Локомотив»)

Игнатий Нестеров

12 марта

2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007 («Пахтакор»); 2009, 2010, 2011, 2013 («Бунёдкор»); 2016, 2017 («Локомотив»)

Анвар Солиев

12 марта

1996 («Навбаҳор»), 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2014, 2015 («Пахтакор»); 2008, 2009, 2011 («Бунёдкор»)

Сервер Жепаров

9 марта

2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007 («Пахтакор»); 2008, 2009 («Бунёдкор»); 2016 («Локомотив»)

Гочқули Гочқулиев

7 марта

2002, 2003, 2004, 2005 («Пахтакор»); 2008, 2009, 2010 («Бунёдкор»)

Камолиддин Тожиев

7 марта

2002, 2003, 2004, 2005, 2007, 2014, 2015 («Пахтакор»)

Элдор Магдеев

6 марта

2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007 («Пахтакор»)

Марат Бикмаев

5 марта

2002, 2003, 2004 («Пахтакор»); 2016, 2017 («Локомотив»)

Асрор Алиқулов

5 марта

2003, 2004, 2005, 2006, 2007 («Пахтакор»)

Хайрулла Каримов

5 марта

1996 («Навбаҳор»); 2008, 2009, 2011, 2013 («Бунёдкор»)

Анзур Исмоилов

5 марта

2003, 2004, 2005, 2006, 2007 («Пахтакор»)

Сергей Лебедев

4 марта

1992, 1993, 1994, 1995 («Нефтчи»)

Рустам Дўрмонов

4 марта

1992, 1993, 1994, 2001 («Нефтчи»)

Ислом Иномов

4 марта

2004, 2006, 2007 («Пахтакор»); 2011 («Бунёдкор»)

Зайниддин Тожиев

4 марта

2002, 2003, 2004, 2006 («Пахтакор»)

Виктор Карпенко

4 марта

2008, 2009, 2010, 2011 («Бунёдкор»)

Жасур Ҳасанов

4 марта

2008, 2009, 2010, 2013 («Бунёдкор»)

Шунингдек... Шавкат Саломов - 3 марта (2008, 2009, 2011 - «Бунёдкор»), Алексей Николаев - 3 марта (2003, 2004, 2005 - «Пахтакор»), Павел Бугало - 3 марта (1992, 1998 - «Пахтакор»; 2008 - «Бунёдкор»), Ривалдо - 3 марта (2008, 2009, 2010 - «Бунёдкор»), Азиз Ҳайдаров - 3 марта (2008, 2009, 2010 - «Бунёдкор»), Александр Гейнрих - 3 марта (2002, 2005, 2007 - «Пахтакор»), Станислав Андреев - 3 марта (2007, 2012, 2014 - «Пахтакор»), Игорь Сергеев - 3 марта (2012, 2014, 2015 - «Пахтакор»), Александр Лобанов - 3 марта (2012, 2014, 2015 - «Пахтакор»), Миржалол Қосимов - 3 марта (1998, 2002, 2003 - «Пахтакор»), Равшан Бозоров - 3 марта (1992, 1993, 1994 - «Нефтчи»), Олег Шацких - 2 марта (1992 - «Пахтакор»; 1996 - «Навбаҳор»), Жаъфар Ирисметов - 2 марта (2000 - «Дўстлик»; 2003 - «Пахтакор»), Одил Аҳмедов - 2 марта (2006, 2007 - «Пахтакор»), Анвар Бердиев - 2 марта (2001 - «Нефтчи»; 2013 - «Бунёдкор»).

Биласизми?

Айни пайт «Бунёдкор» ёшлар жамоасига устозлик қилаётган Шуҳрат Мақсудов фақат 1992 йили мамлакат чемпиони бўлган ва 6 марта (1993, 1996, 1997, 1998, 1999, 2000 йиллар) вице-чемпион мақоми билан чекланган.

1999 йилнинг 28 июль куни Европа Чемпионар Лигасида гол урган илк осиёлик футболчига айланган юртдошимиз Максим Шацких Киев «Динамо»си билан Украина биринчилигида 6 марта ғолиблик нашидасини сурган.

«Бунёдкор» билан 3 марта олий лига бош совринини ютган Ривалдо Бразилияда 1 марта, Испанияда 2 марта ва Грецияда 3 марта чемпионликни тантана қилган.

Лионель Месси ва Жанлуижи Буффон 8 мартадан, Криштиану Роналду эса атиги 5 марта мамлакат чемпиони бўлишган, Стивен Жеррард ҳисобида эса миллий биринчилик олтин медали йўқ.

Довудхон АКРАМОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz