Бу дарвозабонни ёддан чиқариш қийин. У 14 йил аввал фаолиятидаги 1000-ўйинини ўтказиб, «Арсенал»дан «Манчестер Сити»га ўтди ва тез орада футбол билан хайрлашди.
Биз уни қадрдон мўйлови, ноодатий соч турмаги, қойилмақом «сейв»лари ва кутилмаган хатоликларга йўл қўйиши орқали таниганмиз. У 54 ёшни қаршилаганига қарамай, ҳамон шоуменлигича қолмоқда.
Унинг янги қизиқиши фигурали учишга тааллуқли бўлиб, ТВ-шоуларда қатнашмоқда. Ҳамон «Арсенал»ни севади, Арсен Венгер учун исталган танқидчи билан тортишишга тайёр.
Ўтмишнинг ажойиб кипери жаҳон чемпионати қуръасида қатнашиб, мундиалнинг ҳар бир баҳсида энг яхши футболчига топширилиши кўзда тутилган BUD Man of the Match соврини тақдимотида иштирок этди.
Россиялик ҳамкасбларимиз шу баҳона Дэвид Симэндан интервью олишди.
«ЭНГ ЯХШИ «СЕЙВ»НИ 39 ЁШДА БАЖАРГАНМАН»
- BUD Man of the Match совринининг энг яхши томони шундаки, ғолиб ишқибозлар томонидан аниқланади, - дейди Дэвид сўз бошида. - Бу эса футболчиларни нафақат самарали, балки чиройли ўйнашга ҳам ундайди.
- Тарихда кузатилган энг яхши «сейв»лар бўйича сўровларда қайси дарвозабон кўпроқ ғолиб чиқишини биласизми?
- Менга шаъма қилаётганингизни тушундим. Англия кубоги баҳсида «Шеффилд»га қарши кечган баҳсдаги халоскорлик вазифаси ҳақиқатан ҳам фаолиятимдаги энг яхшиси бўлган. Баъзан ўйлаб қоламан: ахир бу зўр-ку.
Икки метр узоқликдан зарба берилган пайт мен нариги бурчакда тургандим, чизиқ жуда яқин, таваккал сакраб, қўлларим билан тўпни тўсдим. Қизиғи, ўша футболчи тўпни бироз ёнроққа йўналтирганда, гол бўлиши муқаррар эди. Зарба бироз кучлироқ чиққанда ҳам ожиз қолардим.
Мабодо шериги қайтган тўпга келиб, уни дарвозага жойлаганда, ўша ҳолатни ҳеч ким эсламасди. Ҳаммасидан ёқимлиси, ўша «сейв»ни бажарганимда 39 ёшда эдим. Қандай реакция бўлишини тасаввур қиляпсизми? Майли, бу ўринда бироз ҳазиллашдим. Агар омма мени шу эпизод учун ҳамон эсласа, бундан асло ранжимайман.
«МЎЙЛОВ БИЛАН ТУҒИЛГАНМАН»
- Россиялик ишқибозлар сизни «Арсенал» клуби ва Англия термасидаги ўйинларингиз орқали яхши эслашади. Аммо ҳозирги мўйловсиз ва бошқача соч турмаги билан танишлари қийин бўляпти.
- Фаолиятимни якунлашим ҳамоно имиджимни ўзгартиришга қарор қилдим, дўстларим бундан шоу яратиш таклифини билдиришди. Зарур сумма тўпланса, сочимни жонли эфирда кесишим лозимлигини айтишди.
Натижада бизга ажратиб берилган 10 минг фунтни саратон хасталигига қарши курашуви фондга хайрия мақсадида ишлатдик. Ўйлашимча, ўша турмак ҳаётимда энг ёқимли лаҳзаларга олиб келган.
Ваҳоланки, сочимни аввал ҳам қисқартирганман. Бельгия ва Голландия майдонларида ўтказилган Евро-2000да шундай бўлган, аммо уни кимдир пайқаган деб ўйламайман.
Мўйлов эса бошқа гап. Гўёки ўзимни мўйлов билан туғилгандек ҳис қилардим. Аммо қайсидир паллада ундан воз кечиш кераклигини тушунганман.
Ҳозирги кўринишим ўзимга ёқади. Мени ҳамон эслайдиган россиялик мухлисларга айтмоқчиманки, энди ҳеч қачон сочимни ҳам, мўйловимни ҳам ўстирмайман.
- Станислав Черчесов ҳам 1963 йилнинг сентябрида туғилган, у ҳам дарвозабон бўлган, мўйлов қўйган. Танишмисизлар?
- Йўқ, у Россия термаси бош мураббийими? Авваллари бундай номни эшитмаганман. Ренат Дасаевни эса биламан - ажойиб дарвозабон эди.
Байрам кечасида учрашдик, ҳаттоки, Ренат, Гордон Бэнкс ҳамда Петер Шмейхель билан суратга тушдим. Рус ўлкасида буюк киперлар мактаби бор, ҳаммамиз, албатта, Яшинни яхши эслаймиз...
- Уни футбол тарихидаги энг яхши дарвозабон деб тан олинган.
- Ватанпарварлик ҳисси билан ўз фикримни айтсам, хафа бўлмайсизми? Менимча, энг яхшилар - Гордон Бэнкс ва Питер Шилтон.
«АРШАВИН ИККИ ЙИЛ МЕНИ ҲАЙРАТЛАНТИРГАН»
- Игорь Акинфеев шаънига кўп илиқ сўзларни айтдингиз.
- Тан оламан, унинг ўйинини ҳеч қачон кўрмаганман. Шунчаки, бир неча марта у ҳақда сўрашганда, турли гаплар билан вазиятдан чиқишга уриндим. Ўзингиз ўйланг, Россия термасида ёмон дарвозабон бўлиши мумкинми? Ишончим комилки, у ажойиб кипер.
- Мураббийни кўрмагансиз, асосий дарвозабонни ҳам - россиялик бирор ўйинчини танийсизми?
- Ҳозир ўйнаётганлардан - йўқ. Улар АПЛ ёки Европанинг бошқа чемпионатларида ўйнашмаса, қандай танийман? Тан олинг, Англияда яшаб, Россия чемпионатини кузатиш учун ўзгача бўлиш керак.
Агар футболчиларингиз хорижда танилишни хоҳлашганда, лигангизни тарк этишарди. Аммо афтидан, бу уларга керакмасдек.
- Андрей Аршавин кетган.
- Ва икки йил мобайнида мени ҳайратга солган. Паст бўйли, деярли белимдан келади, лекин лигадаги ҳар қандай ҳимояни ёриб ўтарди. Унинг «Ливерпул»га қарши кечган баҳсдаги «покер»и ва техникаси умрбод ёдимизда қолади.
Афсуски, ҳаммаси икки йил давом этди, холос, аммо ўша дамлар ҳам Аршавин, ҳам жамоа учун ажойиб тарзда ўтганди. Рости, унинг пасайишига нима сабаб бўлганини билмайман.
«ВЕНГЕР - «АРСЕНАЛ»НИНГ ЭНГ КАТТА ЮТУҒИ»
- «Арсенал»да ҳам мунтазам равишда пасайиш кузатилади. Сиз ҳамон Венгерни қўллаб-қувватлайсизми?
- Wenger - in! Ҳамиша шундай дейман ва фикримни ўзгартирмайман. Арсен - буюк мураббий, бироқ «Арсенал» суперюлдузларни сотиб ололмас экан, у нима ҳам қиларди? Қолаверса, клуб етакчиларни ушлаб қололмайди.
Раҳбарият эса бозор талаб этадиган катта маош беролмайди. Венгер ўйинчиларни тарбиялайверади, якунда уларни йўқотаверади. Ҳа, биз Ляказеттни олдик, у яхши йигит, лекин топ-форвард даражасига чиқа олармикин? Қолаверса, Озил ва Санчес жамоани тарк этишлари мумкин - шундан кейин юқори ўринлар учун курашиб бўларканми?
Афсусдаман, лекин клуб бизнеси шундай ишлайди, акционерларга ҳам ҳеч ким таъсир ўтказолмайди. Шундай экан, Венгер - «Арсенал»нинг барча даврлардаги энг катта ютуғи.
- «МЮ»га қарши кечган баҳсда «Арсенал» яхши ўйин кўрсатиб, ютқазди. Кўплаб қулай вазиятларни кўкка совурди. Де Хеа дарвозасини ажойиб тарзда қўриқлади. Сизнингча, Давид жаҳоннинг энг яхши киперими?
- У шубҳасиз, АПЛда энг яхши. Шу ўринда унинг ҳайратомуз тарзда фаолият бошлаганини унутмайлик. Эсимда, биринчи мавсумда жуда қийналган.
Ўз чизиғида ҳаммасини яхши уддаласада, тўпга чиқишда хатоларга йўл қўярди. Испанияда «тоза» тўпларни ушлаб қоларди: у ерда де Хеани туртишмасди, тирсак билан уришмасди, ҳакамлар кичик тўқнашувда ҳам фол қайд этишарди.
Давид Англияда ҳам ҳуштак чалинишини кутди, рақиб эса гол уриб кетаверди. У бундай синовга тайёр эмасди, аммо ҳозир анча ўсишга эришди, кучайди ва жаҳонда энг яхши дарвозабон бўлиш учун ҳамма нарсага эга.
- Хуллас, ҳозир энг яхши посбон ким?
- Ўтган йили Буффонга овоз бергандим. Уни фақат ёши ва хизматлари учун эмас, балки клуби билан Италия чемпионлигига эришгани, ЕЧЛ финалига чиққани туфайли қўллаб-қувватлаганман. Жанлуижи хато қилмасди, мунтазам равишда жамоасини қутқарарди.
Аммо барибир, жаҳоннинг энг кучли дарвозабони сифатида Нойерни тан оламан. Унда ёшлик шижоати, жисмоний барқарорлик, реакция, оёқ билан ўйнаш кўникмаси бор. Мануэль - ҳақиқий девор.
- Ҳозир дарвозабонларга қўйиладиган талаблар ўзгарган. Гвардиола, мисол учун, Хартни ҳужумларни яхши бошлай олмагани учун таркибга киритмади.
- Кипер нафақат сўнгги ҳимоячи ролини ўйнаши керак, балки ҳар икки оёқда турли мураккабликдаги узатмаларни амалга ошириши лозим. 90-йиллар бошида, масалан, мен ҳужумни ўнг оёқда яхши бошлардим, чапни ишлатишни хаёлимга ҳам келтирмасдим.
Умуман, замонавий футболда Симэн ҳеч нарсага ярамасди. Йўқ, яна ҳазиллашдим. Талаб қўйилса, бошим билан кросс қилишни ҳам ўрганаверардим.
«РАФИҚАМ РУСЧАНИ БИЛАДИ»
- Қуръа натижаларидан кўнглингиз тўлдими?
- Албатта. Айниқса, Англиянинг турнирни Тунисга қарши баҳс билан бошлаши маъқул келди. Жаҳон чемпионатларидаги дебютимни 1998 йили айнан шу терма билан ўйинда нишонлагандим, шундай экан, ёқимли хотиралар бор.
Ҳа, Бельгиянинг рақиб экани ҳам бироз ўйлантиради, аммо биз жуда кучлимиз ва уларнинг АПЛда тўп сурадиган ўйинчилари ҳақида маълумотга эгамиз. Ўша Азар, Де Брюйне, Алдервейрелд ҳамда Куртуанинг плюс ва минусларидан хабардормиз.
- Россияга қандай ҳиссиётлар билан ташриф буюрасиз?
- Бу ерда ҳамиша саришталик ҳукмрон, ҳар ҳолда дастлабки таассуротларим шундай. Қор ёққандек, аммо йўлларни тозалашибди. Умуман, мамлакатингизга илиқ муносабатдаман.
Рафиқам фигурали учиш билан шуғулланади, у кўп йиллар мобайнида рус томошабинлари кузатадиган шоуда қатнашган, улар дўстлашиб, сизнинг тилингизда суҳбатлашишган. Бир неча йиллар аввал у билан Британия телевидениесидаги шоуда қатнашгандик, ўшанда ҳам руслар бизга ёрдам беришганди. Шундай экан, Россия менга узоқ эмас.
- Ҳаммаси россиялик фигурачиларнинг Олимпиададан четда қолишларигача етиб бормоқда.
- Бу масала бўйича етарли маълумотга эга эмасман. Қайтараман: Россияга муносабатим яхши ва сиёсатга аралашиб, ТВ орқали нима дейишаётганини муҳокама қилиш ниятим йўқ. Ҳаётдаги қизиқишларим бошқа.
- Хўш, ҳамон футбол билан яшаяпсизми ёки эндиликда фигурали учишга эътибор қаратасизми?
- Гоҳида хайрия учрашувларида кўриниш бериб, баъзан ТВда экспертлик қиляпман. Аммо ҳеч қачон Тьерри Анри ёки Гари Линекердек бўлолмаслигимни биламан. Ҳақиқатан ҳам асосий вақтимни муз устида ўтказсам керак.
Шунингдек, гольф ўйнамоқчиман. Омма орасида камроқ кўриниш бериб, футболчи эмас, шунчаки, бахтли инсон бўлиб қолмоқчиман.
Ў.УМАРОВ тайёрлади
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20