Қайднома

Қидирув

Янги ОЧЛ. У қандай бўлади?

Янги ОЧЛ. У қандай бўлади?

  02.01.2018 06:29
  0
  2410
Янги ОЧЛ. У қандай бўлади?

Сўнгги йилларда Осиё Чемпионлар Лигаси ўзбек клублари учун жуда оғир ўтмоқда. Охирги марта Миржалол Қосимовнинг «Бунёдкор»и беш йил муқаддам ярим финалга қадар етиб борганди.

Шундан буён кўп сувлар оқиб ўтди. «Қалдирғочлар»нинг ҳозирги таркиби аввалгисидан кескин фарқланади. Боз устига, бу жамоа Чемпионлар Лигаси янги мавсумида ҳам қатнашмайди.

Қолган клублар эса ҳозирча арзигулик натижа кўрсата олишмади. «Локомотив»нинг бир марта чорак финалга чиққанини айтмаса, бошқа мақтовга лойиқ муваффақият йўқ.

Масалан, ўтган йили бирорта клубимиз гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалай олмади. ОЧЛнинг бир мавсумида Ўзбекистондан тўрт жамоа қатнашган вақтларни кўрдик, аммо якуний натижа кўнгилдагидек бўлмади.

Аксинча, Чемпионлар Лигаси бошланишини хавотир ила қаршилашга кўникдик.

Жорий мавсум юртимиздан учта клуб Чемпионлар Лигаси гуруҳ бос-қичида иштирок этиши мумкин. Ҳозирча бу ҳуқуқ фақат «Локомотив»да бор. «Насаф» ва «Пахтакор» эса аввал «плей-офф» баҳсларидан ўтиб, асосий босқичда ўйнашга муносиб эканликларини исботлашлари лозим.

Бу борада «Насаф»да имконият яхшироқ. Аниқроғи, рақиб у қадар кучли кўринмаяпти. Қаршиликлар ўз майдонларида Иорданиянинг «Ал-Файсали» клубини қабул қилишади.

Аксинча, «Пахтакор»нинг рақиби анча жиддий - Қатарнинг «Ал-Гарафа» жамоаси. Пойтахтликлар учун ОЧЛ саралаши қай даражада оғир кечишини биргина мисол билан ҳам кўрсатиш мумкин - «плей-офф»нинг ягона баҳси сафарда, «Ал-Гарафа» майдонида бўлиб ўтади.

ГУРУҲ

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Агар клубларимиз олдига қўйилган вазифа фақат гуруҳ босқичида иштирок этиш бўлганида, балки бу қадар қайғурмасдик. Чунки биттагина ўйин-да ғалаба қозониб, кейин мавсумни тўлиқ бой бериш мумкинлигини «Бунёдкор» мисолида кўриб олганмиз.

Ёдингизда бўлса, Сергей Лушан бошчилигидаги «қалдирғочлар» Чемпионлар Лигаси саралашидан ҳар доим ўта олишган, аммо гуруҳ босқичида битта ҳам ғалабага эриша олмай, анча уятга қолдиргандилар. Бу анъана бошқа клублар томонидан ҳам «имкон қадар» давом эттирилган.

Ўтган йили ҳеч бир вакилимиз гуруҳдан чиқа олмаганини юқорида айтиб ўтдик. Бу йил ҳам мана шу нохуш анъана давом этган тақдирда ўзбек футболи мухлисларининг кўнгли ранжиши турган гап. Чунки биз ҳали ҳеч қачон доимий аутсайдерлар рўйхатида бўлмаганмиз.

Ўртамиёна бўлгандирмиз, аммо аутсайдер эмас. Масалан, терма жамоамиз ҳали жаҳон чемпионатида иштирок этмасада, бирорта ҳам Осиё кубогини «бегона» қилмаган. Шундай экан, клубларимиз қаторасига иккинчи йил ОЧЛда гуруҳда қолиб кетса, бизга ёқмаслиги аниқ.

Хўш, янги мавсумда вазият қандай кўриниш олиши мумкин?

РАҚИБЛАР

Якунига етган мавсумда Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган ва кубок соҳиби бўлган «Локомотив» Чемпионлар Лигасида янги мавсумни «В» гуруҳида бошлайди. «Темирйўлчилар»га Қатарнинг «Дуҳаил» ва БААнинг «Ал-Ваҳда» клублари қаршилик кўрсатишади.

Шунингдек, Эроннинг «Зоб-Оҳан» ҳамда Ҳиндистоннинг «Аизавл» жамоалари ўртасида кечадиган «плей-офф» босқичи ғолиби ҳам ушбу квартетдан жой олади. Гарчи бу жуфтликда ким ғолиб чиқишини олдиндан тахмин қилиш қийин бўлмаса-да, ҳинд футболига ҳурмат юзасидан индамай туришни маъқул кўрдик.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам «Локомотив»га осон бўлмайди. Чунки «Ал-Ваҳда»нинг қандай кучга эга эканини яхши биламиз. Қолаверса, «Зоб-Оҳан» ҳам «плей-офф»дан ўтган тақдирда жиддий кураш тақдим этиши турган гап. Бу жамоалар учун гуруҳда қолиб кетиш ҳақиқий фожиага тенг. Ўз навбатида, «Дуҳаил» ҳам ниманидир исботлашга уриниши аниқ.

«Насаф» эса «плей-офф»да «Ал-Файсали» тўсиғидан ўта олса, «С» гуруҳига жойлашади. Бу тўртликдан Эроннинг «Пирузи», Қатарнинг «Ал-Садд» ва Бирлашган Араб Амирликларининг «Ал-Васл» жамоалари жой олишган. Мазкур рақиблар қаршисида «Насаф»нинг имкониятлари у қадар юқори кўринмаслиги аниқ. Шундай экан, қаршиликлар исботлайдиган нарсалар жуда кўп.

«Пахтакор»нинг рақиблари ҳам анча жиддий. «Шерлар» учун ҳақиқий синов «плей-офф» босқичидаёқ бошланади. Шота Арвеладзе шогирдлари тўғри йўлдан кетишаётганини, аввало, «Ал-Гарафа»га қарши кечадиган баҳсда исботлашлари лозим

. Фақат шу ўйинда ғалаба қозонган тақдирда «А» гуруҳида БААнинг «Ал-Жазира», Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» ва Эроннинг «Тракторсози» жамоалари билан куч синашиш имкони туғилади.

Рақибларга қарайдиган бўлсак, бу квартетни «ўлим гуруҳи», деб аташ мумкин. Аммо «пахтакорчилар» энг аввало, ушбу турнирда қатнашишга муносиб эканликларини исботлашлари лозим. Фақат шундан кейингина гуруҳдан чиқиш ҳақида гаплашиш мумкин.

«ЛОКОМОТИВ»

«Темирйўлчилар» Ўзбекистоннинг етакчи клуби эканликларини исботлай олишди, аммо нима учундир бу етакчилик вақтинчадек таассурот уйғотаверади.

Бунга нима сабаб бўлаётганини ҳам тушуниш мумкин. «Локомотив» икки йилдан буён чемпионликка эришмоқда, аммо етакчи футболчиларни ўз сафида ушлаб қолишнинг уддасидан чиқолмаяпти. Ўтган мавсум якунига етгандан сўнг Сервер Жепаров, Темурхўжа Абдухолиқов ва Санжар Шоаҳмедовлар клубдан кетишганди.

Жорий мавсум ҳам ушбу анъана давом этиши мумкин, чемпионат тўпурари Марат Бикмаевга хориждан таклифлар бор. Шунингдек, жамоа келажаги бўлиши кутилган Икром Алибоевга ҳам «Пахтакор» жиддий қизиқмоқда. Жамоа сардори Темур Кападзе фаолиятини якунлаганини инобатга олсак, Алибоевнинг кетиши «Локомотив» учун катта муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Икром жамоада қолган тақдирда эса, «темирйўлчилар» Жалолиддин Машариповдан айрилишлари эҳтимоли катта. Чунки унинг трансфер ҳуқуқи «Пахтакор»га тегишли бўлиб, мавсум якунига кўра «шерлар» уни қайтариб олишни истаб қолишлари мумкин.

Албатта, «Локомотив» оғир вазиятдан чиқиб кета олишини кўп марта исботлаб улгурди. Хусусан, ўтган йили Сервер Жепаров, Темурхўжа Абдухолиқов ва Санжар Шоаҳмедовларнинг ўрнини боса оладиган футболчилар топилди. Бу йил ҳам шундай бўлишига шубҳа йўқ.

Балки амалдаги чемпион қўшимча кучлар эвазига Ўзбекистон чемпионатидаги рақобатбардошликни сақлаб қолар. Аммо бу йўқотишлар Чемпионлар Лигасига таъсир ўтказишини ҳеч қанақасига инкор этиб бўлмайди. Ўтган йили ҳам шундай ҳолат кузатилганди: янгилар жамоага мослашиб олгунга қадар ОЧЛда қимматли очколар бой берилганди.

«ПАХТАКОР»

Агар Чемпионлар Лигаси учун таркибни махсус кучайтириш зарурати туғилса, ўзбек клублари ичида бу ишни «Пахтакор» муносиб уддалай олиши мумкин. Ўтган мавсум ўртасида жамоага кучли сармоядорлар келишди ва таркибга бир қатор футболчилар қўшиб олинди.

Ҳозир «шерлар» сафида бир йўла уч нафар катта маош оладиган хорижлик футболчи тўп сурмоқда - Безерра, Канюк ва Симич. Шу билан бир қаторда маҳаллий футболчилар ҳам назардан четда қолгани йўқ. Давралар оралиғида «Пахтакор» таркибига Шерзод Аъзамов, Элдорбек Суюнов ва Забиҳилло Ўринбоев жалб этилдилар.

Аммо жамоада ҳали қиладиган ишлар етарли эканини ҳам инкор этиб бўлмайди. «Пахтакор» балки жуда яхши трансферларни амалга оширгандир, аммо таркиб кутилганидек кучаймаганини ҳам тан олиш лозим. «Шерлар» ўйинида биз кутган ўзгаришлар кўзга ташланмади, «Пахтакор» иккинчи даврани анча оғир ўтказди.

Тўғри, «шерлар» якунда кучли учликка киришнинг уддасидан чиқа олишди, аммо «Навбаҳор»га қарши сафарда кечган ўйиндаги мағлубиятдан сўнг ҳар бир очко қандай машаққатлар эвазига қўлга киритилганини ҳаммамиз кўрдик. «Пахтакор» иштирокидаги ўйинларда рўй берган машмашалар эса алоҳида тарих.

Балки ҳозир бу гапларни эслашнинг мавриди эмасдир, аммо Канюк, Безерра ва Симичлар олий лигада етарлича ёрдам бера олишмаган экан, ОЧЛ ҳақида қандай гап-сўз бўлиши мумкин? «Пахтакор» тобора камайиб бораётган мухлисларини келаси мавсум ҳаққоний равишда хурсанд қилишни истаса, таркибни яхшигина кучайтириши лозим.

Айниқса, ҳужум чизиғини ислоҳ қилиш зарурати бор. Игорь Сергеев ўйиндан-ўйинга тобора «ёпилиб» бормоқда, шундай экан, нима учун унинг ўрнига бошқа форвардни синаб кўриш мумкин эмас? Масалан, «Пахтакор» сафида ўтган мавсум «Олмалиқ»дан сотиб олинган ва 2,5 йиллик шартнома имзоланган Забиҳилло Ўринбоев бор. У иккинчи даврада биттагина учрашувда асосий таркибда майдонга тушди, холос.

Яқинда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси (U-23) Таиланддаги халқаро мусобақада ғолибликни қўлга киритди. Забиҳилло эса учта ўйинда тўртта гол уриб, мусобақа тўпурари бўлди.

Айниқса, финалда Японияга қарши кечган баҳсда Ўринбоев ҳақиқий етакчилигини исботлади ва жамоасини оғир вазиятдан олиб чиқди. Балки уни «Пахтакор» асосий таркибида ҳам синаб кўриш вақти келгандир?

«НАСАФ»

«Насаф» таркиб жиҳатидан юртимизнинг энг барқарор клуби ҳисобланади. Унинг футболчилари кўп йиллардан буён елкама-елка тўп суриб келишмоқда.

Шу билан бирга мазкур жамоанинг бошқалардан устун яна бир жиҳати бор - Рўзиқул Бердиев ҳар доим яхши легионер танлашни билган. Бир вақтлари таркибда Переплёткинс ва Бошковичлар тўп сурган бўлишса, кейинчалик Артур Геворкян узоқ йиллар давомида етакчиликни сақлаб келди. Ҳозир эса «Насаф» ҳужумини Драган Черансиз тасаввур этиш қийин.

Аммо «Насаф»нинг ўйини фақат легионерларга боғлиқ эмас. Клуб академияси янги иқтидорларни етказиб бера олиши билан довруқ қозонган. Ҳозир жамоа сафида Азиз Ғаниев, Одил Ҳамробеков, Бобур Абдухолиқов ва Шароф Муҳиддинов каби иқтидорлар тўп суришмоқда.

Январь ойида ўтказиладиган Осиё чемпионатида иштирок этадиган Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг асоси айнан шу футболчилардан ташкил топиши кутилмоқда. Шунингдек, келаси йили Осиё Чемпионлар Лигасида «Насаф»нинг асосий умиди ҳам улар билан боғлиқ.

Бир сўз билан айтганда, «аждарлар»да ниҳоят, ОЧЛни муваффақиятли ўтказиш учун ҳамма нарса бор. Фақат ўзларига бўлган ишончни ҳам кўтариб олишса, кифоя. Илгари жамоани тажрибасизликда айблаш мумкин эди. Аммо охирги уч йил давомида «Насаф» етарлича дарс олишга улгурди.

Энди Чемпионлар Лигасида қандайдир дебютант эмас, балки етарлича тажрибага эга жамоа сифатида иштирок этади. Шундай экан, қаршиликлардан кўп нарса кутишга ҳаққимиз бор. Муҳими, футболчиларнинг ўзлари ҳам буни ҳис эта олишсин...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz