Қайднома

Қидирув

Ярослав Крушельницкий: «Икки кунлик машғулотдан бир кунлик ўйин афзал»

Ярослав Крушельницкий: «Икки кунлик машғулотдан бир кунлик ўйин афзал»

  03.01.2018 17:04
  0
  297
Ярослав Крушельницкий: «Икки кунлик машғулотдан бир кунлик ўйин афзал»

Ўтган мавсум якунларига кўра Тошкент шаҳар чемпионати, яъни иккинчи лигада 2-ўринни эгаллаган Тошкентнинг «Оқ-тепа» жамоаси янги мавсум тайёргарлигини 11 декабрдан бошлади. Машғулотлар жамоа базасида кунига бир маҳалдан ўтказиляпти. Клуб раҳбариятининг хабар беришича, «Оқ-тепа» келаси йили Про-лигада қатнашади. Яқинда ушбу клуб бош мураббийи Ярослав Крушельницкийни суҳбатга тортиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.

- Ярослав, биринчи ўқув-маш­ғулот йиғинида асосий эътибор нимага қаратиляпти?

- Илк йиғин бўлгани учун ҳозирча кунига бир маҳалдан машғулотлар ўтказяпмиз. Биринчидан, таркибимиздаги деярли барча футболчилар жуда ёш. Уларга бирданига кучли юкламалар берсангиз, кўтара олмаслиги аниқ. Олдиндан режаларимизни тасдиқлаб олганмиз. Шу асосда ишлаймиз.

- Ўтган йилги таркибни сақлаб қолдингизми?

- Ҳа, таркиб деярли сақлаб қолинди. Сир эмаски, бугунги кунда ЎФФ томонидан футболимизда кескин ўзгаришлар амалга ошириляпти. Клубларга қўйилган талаблар сезиларли даражада кучайган. Уларга жавоб бериш мақсадида биз ҳам жамоадаги ислоҳотларни шунга монанд тарзда ўзгартирганмиз. Қолаверса, келаси йили элитада 12та жамоа иштирок этади, дейиш­япти. Шундай бўлган тақдирда айрим футболчилар олий дивизиондан ўзларига қўним топа олмайдилар. Табиийки, баъзи ўйинчилар жамоасиз қолишади. Чунки олий лига талаблари ҳам ўзгарган. Катта эҳтимол билан элита клублари билан шартнома имзолай олмаган футболчиларнинг катта қисми биринчи лига жамоаларига иш излаб келишади. Балки уларнинг айримлар билан шартнома имзолармиз. Лекин шунчаки номи учун битим тузмаймиз. Ҳамма қатори кўрикдан ўтишади, талабимизга жавоб берганларни сафимизда олиб қоламиз. Ҳозирдан айтиш мумкинки, келаси мавсум биринчи лигада ҳам кўзга кўринган тажрибали футболчилар тўп суришади. Барибир, асосий эътиборни ўзимизнинг ёшларга қаратганмиз. Ҳозирги машғулотларда иштирок этаётган футболчиларнинг катта қисми 18-19 ёшда. Уларнинг камида 3-4 йил битта жамоада бирга ўйнашларини таъминлашимиз керак. Аввал ўзларини қуйи лигада кўрсатишса, ўйлайманки, улар футбол бозорида анча харидоргир бўлишади. Айнан шу йўналишда ишлаяпмиз.

- «Оқ-тепа» биринчи лигадаги рақобатга тайёрми?

- Ҳа, элита йўлланмаси учун курашадиган жамоалар билан рақобат қилишга шаймиз. Ўтган мавсум иккинчи лигада қатнашдик. Ўйинларимизга олий лига клубларидан кўплаб селекционер мураббийлар келиб, томоша қилишарди. Айрим футболчиларимизга ҳозирнинг ўзидан таклифлар бор. Ўша мутахассисларнинг айтишича, ўтган мавсумдаги таркиб билан ҳам биринчи лигада яхши ўйин намойиш этиш мумкин экан.

- Лекин барибир, таркибни кучайтиришга эътибор қаратасиз, шундайми?

- Албатта. Юқорида айтганимдек, таркибимизда олий лигада суяги қотган футболчилар ҳам пайдо бўлиши мумкин.

- Жамоангизда кимларни кўришни истардингиз?

- Ҳар бир мураббий ўз жамоасида кучли футболчилар тўп суришини хоҳлайди. Лекин ҳар доим ҳам истак билан иш битавермайди. Олий лигада бир неча йилдан бери ўйнаб юрган футболчилар бирданига биринчи лига клубида ўйнашга рози бўлавермайдилар. Аммо ЎФФ ва ПФЛ олиб бораётган сиёсат туфайли баъзи ўйинчиларда танлов учун бошқа йўл қолмайди. Бир нарсани аниқ айтишим мумкинки, келгуси йилдан Про-лига деб номланадиган турнирда ўзгариш бўлади. Шу пайтгача олий ва биринчи дивизион ўртасида каттагина тафовут юзага келганди. Жамоалар ўртасидаги савия осмон билан ерчалик эди. Қуйидаги клублар Ўзбекистон кубогининг биринчи босқичидаёқ ўз иштирокларини тўхтатишарди. ПФЛ томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлардан сўнг Про-лигада ҳам тажрибали футболчилар етарлича бўлади. Билишимча, 24 ёш қилиб белгиланган чегара олиб ташланади. Бунинг натижасида Суперлигага бериладиган йўлланмалар учун кураш ҳам кескинлашади. Ҳар бир мамлакат ҳеч бўлмаганда иккита кучли футбол лигасига эга бўлиши шарт. Агар биз шу қаторда иккинчи лигани ҳам тартибга солиб олсак, футболимиз тараққиётида олдинга жуда катта қадам ташланган бўларди.

- Ўзгаришлардан яна бири олий лигада иккита босқичдан иборат чемпионат баҳслари ўтказила бошланади. Яъни, биринчи бос­қич якунларига кўра, 1-6-ўринларни эгаллаган жамоалар иккинчи этапда чемпионлик ва совринли ўринлар учун курашни давом эттиришади. Қолганлар эса элитада «жон» сақлаб қолиш учун курашишади. Бу янгиликка муносабатингиз қандай?

- Бу ҳақда янгиликни амалда синаб кўргандан кейингина гапириш мумкин бўлса керак. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам футболчилар ва мураббийлар ўйинларнинг кўплигидан ютишади. Биласизми, ҳамиша машғулот ўтказишдан кўра ўйин­ларда иштирок этиш афзал бўлиб келган. Мен ёш мураббий сифатида узоқ муддатли ўқув-машғулот йиғинларини хушламайман. Ўйин сони қанчалик кўпайса, футболчи шунча кўп тажриба тўплаб боради. Осиёда январь ойи охири ва февралнинг бошларидан ОЧЛ ўйинлари бошланади. Бу пайтга келиб ОЧЛда қатнашадиган жамоаларимиз эндигина машғулотларга киришаётган бўлишади. Араб чемпионатларида эса мавсум айни қизиган паллага киради. Шу жиҳати билан ҳам бошқа давлат клублари бизнинг жамоалардан устунликка эришяпти.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz