Қайднома

Қидирув

Меҳнат ортидаги муваффақият

Меҳнат ортидаги муваффақият

  03.01.2018 20:56
  0
  1317
Меҳнат ортидаги муваффақият

Кундузи машғулот, кечқурун иш - ўзбекистонлик оддий кикбоксчи Шер Мамазулунов Россияни забт этиш баробарида автомобилларни ювиш шохобчасида ишлашдан уялмайди.

Сабаби, кикбоксингнинг ўзида яхши маблағ ишлаб топиш анча мушкул.

Men~sHealth нашри 14 декабрь куни TNA жангларида россиялик спортчи Дмитрий Меньшиковни мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпионига айланган Шер ҳақида мақола тайёрлади.

Кечки соат 10. Химкидаги автомобиллар ювиш шохобчаси. Ўзбекистонлик йигит мижозининг машинасини ювмоқда. Бир қарашда оддий йигитдек тасаввур уйғотади. Унинг бир неча кун муқаддам мамлакатдаги кикбоксинг бўйича энг кучли мусобақада жанглар ўтказгани ҳамда икки карра жаҳон чемпиони Александр Дробинин устидан ғалаба қозонганига ишониш қийин.

14 декабрда эса ўзбекистонлик йигит TNA қоидалари бўйича жангларда жаҳон чемпионига айланди. У Қозон шаҳридаги ринг­да россиялик Дмитрий Меньшиковни мағлубиятга учратди. Автомобилларни ювувчи оддий йигит қандай қилиб жаҳон чемпионига айланди?

Эрталабки соат 10:00. Москвадаги Комсомол майдонида жойлашган жанг­чилар клуби. Автомобиллар ювиш шохобчасидаги йигит таниқли жангчилар сафида машғулот олиб бормоқда.

Бу ўша биз сўз юритаётган қаҳрамон эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилиш учун у билан яқинроқ танишамиз: Шер Мамазулунов - 22 ёшли ўзбекистонлик кикбоксчи-автомобиль ювувчи, TNA 2017 қоидалари бўйича мусобақа иштирокчиси.

- Ҳа, мен ҳақиқатан ҳам автомобиллар ювиш шохобчасида ишлайман... Аниқроғи, ишлаганман - ҳозир менда мажбурий танаффус, сабаби, кейинги жангга астойдил тайёргарлик кўряпман. Ўзбекистонда кикбоксинг билан узоқ вақт шуғулланганман, Москвага эса пул ишлаб топиш мақсадида келдим.

Дастлаб қоровул бўлиб ишга жойлашдим. Лекин иш жадвали қониқтирмади, у машғулотлар олиб боришимга халал берарди. Шунинг учун автомобиллар ювиш шохобчасига ишга ўтдим. Бу кундузи машғулотларда қатнашиш, кечқурун эса ишлаш учун керак эди. Тўрт йилдан бери шундай яшайман...

Тўрт йил бир хил режимда: зал - иш, иш - зал. Мураббийининг сўзларига кўра, Шер учга-уч метрли майдонга эга кичик хонада ҳам яшашга мажбур бўлган. Мусобақаларга бориш эса унинг ҳаётига ўзгача ранг-баранглик олиб кирди.

Фақат қандай мусобақаларга? Ҳозирда кўплаб тажрибали кикбоксчилар менежерлари профессионал жангларни топа олмаётганидан шикоят қилишади.

Шуни айтиш мумкинки, буни амалга ошириш ҳақиқатан ҳам мушкул: айни пайт мамлакатда бешта таниқли промоушен бор, улардан фақат иккитаси мунтазам равишда турнирлар ўтказиб келмоқда.

Бироқ Шер бу муаммоларни ўзи ҳал қилишни бошлади: аввалига у ҳаваскорлар ўртасидаги кикбоксинг бўйича Москва чемпионатида ғалаба қозонди (бу мусобақада иштирок этиш учун Россия паспортига эга бўлиш шарт эмас).

Шундан сўнг профессионаллар ўртасида қатнашиш бўйича таклиф олди. Кейинчалик TNA жангларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу мусобақада Россия кикбоксингининг энг таниқли юлдузлари қатнашиб келишган - Жаббор Асқаровдан Артём Левингача.

- Профессионаллар ўртасидаги биринчи жангимни 2014 йилнинг охирида Москвада ўтказдим... Кейин Екатеринбург, Омск, Липецк ва ниҳоят, Қозондаги жангларда қатнашдим. Мусобақаларни, одатда, интернет орқали ўзим қидирардим, TNAга эса тасодифан тушиб қолдим. Биринчи марта уларнинг мусобақасида ўтган йили қатнашдим.

Жангдан уч кун аввал ҳам иштирок этишимни билмаганман. Шунчаки, залда машғулотлар олиб бориб, ҳеч нимага тайёргарлик кўрмаётгандим. Аммо кутилмаганда қўнғироқ қилишди: марокашлик спортчи аэропортда қандайдир муаммоларга дуч келгани боис жангга учиб кела олмаганди. Мени таклиф қилишди, келдим ва ғалаба қозондим.

Мусобақадаги илк рақибим голландиялик Жастин Дэп бўлди. Жанг анча оғир кечди, бироқ яхши натижа билан тугади. Ғалабадан сўнг мусобақадаги иккинчи жангга кучли тайёргарлик кўра бошладим.

Лекин бу ёрдам бермади - кўп хатоларга йўл қўйдим ва тажрибали, 2015 йилда TNA жанглари финалига етиб борган, лекин ўшанда Тимур Айляровга мағлуб бўлган Александр Дмитриенкога очколар бў­йича ютқазиб қўйдим.

Жангчининг мураббийи Руслан Кривуша шундай дейди:

- Шер орамизда бахтли тасодиф туфайли пайдо бўлиб қолди. Ўз шогирдларимни TNA жангларига олиб боргандим, ўша ерда уни учратиб қолдим. Менга ташкилотчилар бир кикбоксчи мураббийсиз келганини айтиб, «Унга машғулотларда ёрдам берасанми?», дейишди.

Рози бўлдим, қўлқопларни тутиб турдим, унинг қийшиқ зарбалар йўллашини кўриб, қандайдир маслаҳатлар бердим ҳамда унутиб юбордим. Кейинчалик менга маълум бўлишича, йигит Дробининни мағлуб этибди - характери менга жуда ёқди. Тасаввур қилиш қийин!

У мусобақадан кейин олдимга келиб, «Менга сиз билан ишлаш ёқди. Қўл остингизда машғулотлар олиб борсам майлими?», деди. Шер шундай жангда мўъжизавий тарзда ғалаба қозонганидан сўнг унга рад жавобини бериш мумкинмиди?

Шер кикбоксинг оламидаги анча кучли спортчиларни мағлубиятга учратган бўлсада, бошқа жангчилардан фарқли равишда, миллионлар оғушида қолишини кутаётгани йўқ.

Залда ва иш жойида тинимсиз меҳнат қилишда давом этмоқда. У нолимайди ҳамда ўзига етарли баҳо беришмаётгани ҳақида гапирмайди - шуни аниқ тушунадики, бу ҳаётда ҳеч ким ундан қарздор эмас. Келажаги ҳақида эса шундай дейди:

- Шунчаки, спорт билан профессионал даражада шуғулланмоқчиман, бунинг учун эса TNA жанглари чемпиони бўлишим лозим. VityazFight жамоаси билан шартнома имзолашни, ота-онамга ёрдам беришни хоҳлайман - менда катта оила бор.

Бу сўзлар замирида оддий маъно бор: агарда сен спорт билан жиддий шуғуллансанг, аммо у сени етарли даража боқа олмаса, бошқа жойда ишлашдан асло уялмаслик керак.

Ҳа, ҳақиқатан ҳам кўплаб кикбоксчилар ота-онасининг пули ёрдамида яшайди, бунга эса машғулотлардан ортиб, ишга вақт ажрата олмасликларини баҳона қилишади.

Бироқ бошқа кикбоксчилар орасида ҳам ўзгача мисоллар бор: кикбоксчи - қамоқхонада назоратчи, кикбоксчи-официант, кикбоксчи-қоровул, ММА жангчиси - тиш шифокори, ММА жангчиси - ўт ўчирувчи, ҳаттоки, банк ходими бўлган ММА жангчиси ҳам бор.

Кучли характерга эга бўлсанг ҳамда меҳнатдан қочмасанг бўлди, машҳур нашрлар сенинг чемпионликка қандай қадам қўйганинг ҳақида ёза бошлайди.

www.mhealth.ru – Ж.Бобохонов таржимаси


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz