Қайднома

Қидирув

Тартиб интизом муҳим

Тартиб интизом муҳим

  03.01.2018 22:06
  0
  698
Тартиб интизом муҳим

ЎФФ миллий чемпионатда иштирок этувчи клублар футболчиларини махсус тест-синовга жалб этгани ҳақида хабар берилганди. Бундан асосий мақсад - Суперлига клублари футболчиларининг жисмоний ҳолатини назорат қилиш, терма жамоаларимизни муносиб номзодлар билан таъминлаш. ЎФФ томонидан тасдиқланган режа асосида «Олмалиқ», «Машъал», «Навбаҳор», «Қўқон-1912» ва «Цементчи» клублари футболчилари биринчилар қатори нормативларни топширишди. Жараён 4та босқичдан иборат:

1. 30 метрга югуриш

2. Турган жойдан узунликка сакраш

3. 7х50 метрга югуриш

4. Yo-Yo тести

Хўш, нормативлар топшириш бўйича натижалар қандай? 30 метрга югуриш ва узунликка сакраш бўйича 5та клубнинг ҳеч қайси футболчиси белгиланган нормативдан ўтолмагани ачинарли ҳол. Нормативларни топширолмаган футболчиларга чемпионат стартига қадар муҳлат берилади. Демак, улар мураббийлари белгилаб берган дастур асосида ўз устиларида жиддий ишлашлари керак. Зеро, Суперлига бошланиши арафасида футболчилардан яна бир марта нормативлар қабул қилинади. Хуллас, такрорий синовлардан ҳам ўтолмаган футболчиларнинг чемпионатда ўйнашларига рухсат берилмайди.

Нормативларни қабул қилаётган педагогика фанлари номзоди, профессор Шамиль Исеев бу ҳақда қуйидагича фикр билдирди: «Миллий чемпионатимиз футболчиларини нормативлар жараёнига жалб этиш ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов талаби бўлиб, бу орқали уларнинг жисмоний ҳолати назорат қилиб борилади. Бундай амалиёт бутун дунёда бор. Масалан, Европанинг кучли чемпионати иштирокчилари ҳар мавсум олдидан Yo-Yo тестидан ўтишади. Шу аснода футболчининг тезкорлиги, чидамлилиги аниқланади. Терма жамоамизнинг халқаро майдондаги  муваффақиятсиз ўйинлари асл сабаби ҳам айнан шу масалага бориб тақалади. Масалан, ЖЧ саралаши доирасидаги ўйинларни таҳлил қилсак, айниқса, учрашувларнинг охирги қисмида футболчиларимиз ижросидаги техник-тактик ҳаракатлар пасайганини кўриш мумкин - тўпни олиб қўйиш, узатиш, узун «пас» бериш, «иккинчи қават»даги кураш ва бошқа жиҳатларда хатолар кўпайган. Хулоса битта - футболчиларнинг жисмоний ҳолати талаб даражасида эмас, шунинг учун улар 90 дақиқа давомида фаол ҳаракатланолмайдилар. Демакки, миллий чемпионатимиз футболчилари жисмоний ҳолатини яхшилак, бу терма жамоаларимиз ўйинларига ижобий таъсир кўрсатади. Ушбу нормативлар биринчи навбатда, клублар мураббийлари учун ёрдам. Зеро, ҳар бир футболчи натижаларини клубларга тақдим қилмоқдамиз. Нормативлардан ўтолмаган футболчилар учун мураббийлар индивидуал дастур ишлаб чиқиб, машғулот тартибини белгилаб беришади. Февраль ойида яна бир марта нормативлар қабул қилинади. Ўша тест-синовларидан ўтолмаган футболчилар Суперлигада ўйнай олишмайди».

Ўз навбатида, ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов ҳам нормативларга яна бир бора тўхталди: «Бундай нормативлар энди доимий равишда олинади. Тартиб-интизом ҳамиша биринчи ўринда туриши шарт. Қаерда тартиб-интизом ўрнатилмас экан, натижалар салбийлашиб бораверади. Ўз устида ишламайдиган, тартиб-интизомга амал қилмайдиган футболчи ёки мураббийдан натижа кутиш мантиқан нотўғри. Оддий айтганда, тартиб-интизомга риоя қилмайдиганларга энди орамизда ўрин йўқ».

Мазкур тест-синовлари тизими ЎФФ Техник ривожлантириш бошқармаси илмий-методик гуруҳи мутахассислари, хусусан, Шамиль Исеев ва профессор Раҳмон Нуримов томонидан ишлаб чиқилган. Жараён мавсум давомида 3 марта ўтказилади. Барча нормативлар замонавий технологиялар ёрдамида олинаётганини таъкидлаш керак. Махсус электрон хронометрлар футболчилар ҳаракатини қайд этиб, аниқ натижаларни чиқариб бермоқда. 25 декабрь куни «Металлург» ва «Бухоро», эртасига «Пахтакор» ва «Бунёдкор», кеча эса «Қизилқум» вакиллари нормативларга жалб қилинишди. «Насаф» футболчилари бугун, «Локомотив» аъзолари эса эртага тест топширишади.

Нормативлар ҳаҚида

30 метрга югуриш. Футболчилар масофани белгиланган вақтда босиб ўтишлари керак. Бунда футболчининг тезлиги синаб кўрилади. Зеро, тезкорлик замонавий футболнинг энг асосий талабларидан бири. Айниқса, ҳужумчилар учун тезлик биринчи ўринда туради.

Узунликка сакраш. Иккинчи шарт воситасида футболчининг жисмоний кучи текширилади. Бу хусусан, дарвозабонларга муҳим жиҳат.

7х50 метрга югуриш. Бунда футболчининг тезлиги ва чидамлилиги синовдан ўтади. Футболчилар 50 метр масофага югуриб, ортга қайтишади ва бу ҳолат 7 марта такрорланади.

Yo-Yo тести. Бундай норматив Европа клубларида ҳам мавжуд бўлиб, футболчи 20 метрга сигнал бўйича югуради. Шу аснода тезкорлик, диққатни жамлаш, жисмоний куч текширилади.

 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz