Қайднома

Қидирув

Кашфиётлар ёхуд Отабек Шукуров ортидан яна кимлар хорижга йўл олиши мумкин (фотогалерея)

Кашфиётлар ёхуд Отабек Шукуров ортидан яна кимлар хорижга йўл олиши мумкин (фотогалерея)

  05.01.2018 00:23
  0
  5772
Кашфиётлар ёхуд Отабек Шукуров ортидан яна кимлар хорижга йўл олиши мумкин (фотогалерея)

Отабек Шукуров БААнинг «Шаржа» клуби билан шартнома тузди. Ҳа, бу Осиёнинг илғор клублари сафида эмасдир, аммо футболчимизнинг хорижга йўл олиши ижобий ҳолат, барибир.

Ишонинг, ҳар бир легионеримиз аввало, миллий футболимиз тарғиботчиси ҳисобланади. Агар вакилимиз яхши ўйин намойиш этса, чемпионатимизга қизиқиш ортиши шубҳасиз.

Қолаверса, Отабек «Шаржа»даги фаолияти орқали етакчи клублар назарига тушиши мумкин. Ҳар ҳолда, келаси мавсум ОЧЛда иштирок этмайдиган «Бунёдкор»да қолганидан кўра, шуниси маъқул.

Биласиз, Ўзбекистон ёшлар термаси жорий ойда Осиё чемпионати-2018да иштирок этади. Бу мусобақа ҳам янги иқтидорларни кашф этиши тайин.

Ёшларимиз яқинда Таиланддаги халқаро турнирда ғолиб чиқишди. Қитъа биринчилигида муваффақият такрорлансами, йигитларимиз етакчи клублар эътиборига тушишади.

Хўш, Отабек Шукуров изидан кимлар хорижга йўл олишлари мумкин, бу борада имкониятлар қандай?

Рустам АШУРМАТОВ

Клуби: «Бунёдкор»

Амплуаси: марказий ҳимоячи

Ёши: 21

Рустам нафақат «Бунёдкор», балки ўзбек футболининг энг умидли ҳимоячиларидан биридир. У 2 йилдан буён ўз клубининг асосий таркибида ўйнаб келмоқда. Бу вақт оралиғида олий лига ва ОЧЛнинг муҳим баҳсларида иштирок этди.

Айниқса, совуққонлик билан намойиш этадиган ишончли ўйини мақтовга лойиқ. Рустам Таиланддаги М-150 CUP мусобақасида Мьянма термасига қарши кечган дастлабки баҳс (2:2)да майдонга тушмади. Муҳими, Вьетнам ҳамда японияликлар билан бўлган учрашувларда тўлиқ 90 дақиқадан ҳаракатланиб, жамоамиз ҳимоясини анча кучайтирди.

Умуман, Ашурматов ҳозирданоқ хориж клублари кузатуви остида турибди. Осиё чемпионатида ўз савиясида ўйнаса, бу кузатув жиддий қизиқишга айланиши турган гап. Асосийси, кузатув ва қизиқишдан фойдалана олишда...

Ислом ҚОБИЛОВ

Клуби: «Бунёдкор»

Амплуаси: марказий ҳимоячи

Ёши: 20

«Бунёдкор» академияси иш бошлаганига кўп бўлмади, аммо шу қисқа вақт ичида кўплаб иқтидорлар вояга етказилди. Ислом Қобилов шундай футболчилар сирасига киради.

Ёш ҳимоячи ўтган мавсумни «Металлург»да ижара келишуви асосида  бошлади ва жамоа бошқарувига Миржалол Қосимов келгач, у ҳам қайтди. Ислом ҳимояда турли позицияларда ўйнай олади ва стандарт вазиятларда ҳужумга ёрдам бериши мумкин.

Унинг ўзига хос жиҳати - кучли зарба. Кутилмаганда, узоқдан зарба йўллаб, дарвозабонни қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин. Қобилов Осиё чемпионатида шу иқтидорини ишга солган тақдирда унинг қаршисида кўп эшиклар очилса керак.

Дониёр НАРЗУЛЛАЕВ

Клуби: «Насаф»

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Ёши: 22

Дониёр Нарзуллаев - универсаллик хислатига эга футболчи. У нафақат ярим ҳимоя, балки ҳимояда ҳам бемалол тўп суриши мумкин. Масалан, Таиландда бўлиб ўтган халқаро мусобақада ўнг қанот ҳимоячиси ролини бажарди. Аммо бу ҳолат унинг 3та голга ассистентлик қилишига халал бергани йўқ.

Хуллас, бу футболчи ўз қанотида ҳимояда ҳам, ярим ҳимояда ҳам бирдек ҳаракатлана олади. Демакки, майдонда катта ҳажмда ишлаш салоҳиятига эга. Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг қанотдаги ўйини кўп ҳолларда айнан Дониёрга боғлиқ.

Акром КОМИЛОВ

Клуби: «Бунёдкор»

Амплуаси: ҳужумкор ярим ҳимоячи

Ёши: 21

Акром Комилов 3 йилдан буён ўз клубида асосий таркиб вакили. Бунга қадар эса «Андижон» билан биринчи лигадан элитага қайтганди. Шундай экан, унинг тажрибасини баҳолаш учун ёшига қараш шарт эмас.

Ҳарқалай, юртимизда 4 йилдан буён катта футбол таъмини тотиб кўраётган ёш ўйинчилар саноқли. Тўғри, Акром учун ҳали исботлаши зарур нарсалар бир талай. Дейлик, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон миллий жамоасида тўп суришга муносиблигини кўрсатиши лозим.

Комилов вақтида Австрияда кўрикдан ўтганди. Энди эса кўрик шарт эмас, балки шартнома тузиш учун хориждан аниқ таклиф олиши лозим....

Достонбек ҲАМДАМОВ

Клуби: «Бунёдкор»

Амплуаси: ҳужумкор ярим ҳимоячи

Ёши: 21

Достонбек Ҳамдамовнинг ўйинига ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Унинг иқтидорини юртимизда ҳар бир мухлис яхши билади. Достон 2 йил муқаддам Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси, деб тан олинганди.

Ўшандаёқ унинг келажаги ҳақида кўп гапирилган. Аммо «Бунёдкор»даги беқарорлик Достонбекка ҳам панд берди. Шу билан бирга Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийининг фалсафасига мос келмагани сабаб, бироз вақт эътибордан четда қолди.

Муҳими, Ҳамдамовда ким аслида кимлигини исботлаш учун етарли вақт бор. Ярим ҳимоячи ҳамон юртимизнинг энг иқтидорли футболчиларидан ҳисобланади ва қитъа биринчилигида буни яна бир бора тасдиқлаши лозим.

«Бунёдкор» келаси мавсум ОЧЛда иштирок этмайди. Шундай экан, Достон учун Осиё чемпионати-2018 ягона имконият. У бор иқтидорини намойиш этган тақдирда нималар бўлишини эса жуда яхши биламиз.

Одил ҲАМРОБЕКОВ

Клуби: «Насаф»

Амплуаси: таянч ярим ҳимоячиси

Ёши: 21

Одил Ҳамробеков ёш бўлишига қарамай, мухлислар тилига анча олдин тушганди. «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг ёшларга эътибори жиҳатидан Қаршида жуда кўп иқтидорлар кашф этилди. Одил ҳам шундай футболчилар сирасидан.

У таянч ярим ҳимоясидаги ёшига хос бўлмаган ишончли ва тартибли ўйини билан тез танилди. Ҳамробеков марказда ҳимоя ва ҳужумни боғлашда самарали ҳаракатланади.

У ҳимоячиларга қай даражада ёрдам берса, ҳужум кескинлигини оширишда ҳам шундай фаоллик кўрсатади. Хитойда бу хислати аввало, ўзи, шунингдек, жамоага қўл келишига ишонамиз.

Азиз ҒАНИЕВ

Клуби: «Насаф»

Амплуаси: таянч ярим ҳимоячиси

Ёши: 19

Бир йил муқаддам Азиз Ғаниевга Россия чемпионатининг етакчи клублари қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ҳозирча Азиз «Насаф»дан кетгани йўқ, аммо ёш бўлишига қарамай, жамоасининг асосий футболчиларидан бирига айланиб улгурди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ҳам унинг ўзига яраша ўрни бор. Азиз Ғаниев учун январда бошланадиган қитъа биринчилиги ягона имконият эмас. Зеро, у клуби билан ОЧЛда ҳам иштирок этади.

Боз устига, ёш жиҳатидан 2020 йили Токиода бўладиган Олимпиада йўлланмаси учун курашиш имкониятига эга. Аммо ҳозирдан хориж клублари қизиқиши мавжуд экан, нима учун фойдаланмаслик керак?

Бобур АБДУХОЛИҚОВ

Клуби: «Насаф»

Амплуаси: ҳужумчи

Ёши: 20

Бобур Осиё Чемпионлар Лигасида гол урганида, ҳали 18 ёшга ҳам тўлмаганди. Ўтган вақт давомида унга нисбатан ишонч ошса ошдики, асло камайгани йўқ. Иқтидорли ҳужумчи Таиланд халқаро турниридаги ғалабада ҳам муҳим ўрин тутди.

У мусобақага кичик жароҳат билан борган бўлсада, захирадан майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3та гол ёзиб қўйди. Қувонтирадиган томони - Абдухолиқов меҳнаткаш футболчи.

У нафақат ҳужум, балки ярим ҳимоя ва керак бўлса, ҳимояда ҳам ёрдам бериши мумкин. Буни клуби ва ёшлар терма жамоасида аллақачон исботлаган. Вақти келиб миллий терма жамоада ҳам шундай даражага чиқишига ишонч бор.

Забиҳилло ЎРИНБОЕВ

Клуби: «Пахтакор»

Амплуаси: ҳужумчи

Ёши: 22

Забиҳилло Ўринбоев ёзда «Олмалиқ»дан «Пахтакор»га ўтди ва 2,5 йиллик шартнома тузди. Бу трансфер ҳужумчининг фаолиятида муҳим аҳамият касб этиши муқаррар, аммо футболчи ўйин амалиёти масаласида муаммоларга дуч келганини инкор этиб бўлмайди.

«Пахтакор» мураббийлар штаби ҳозирча Забиҳиллога етарлича эътибор қаратмаяпти. Аммо бу ҳолат Ўринбоевнинг ёшлар терма жамоасида ўзини кўрсатишига заррача тўсқинлик қилгани йўқ. У М-150 Cup мусобақаси доирасидаги 3та ўйинда 4та гол уриб, тўпурар бўлди.

Шу билан бирга японларга қарши кечган финал баҳсининг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. Забиҳилло Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сардори ҳисобланади. Ким билади, балки Осиё чемпионатидан сўнг унинг фаолиятида ҳам ўзгариш кузатилар.

Жавоҳир СИДДИҚОВ

Клуби: «Қўқон-1912»

Амплуаси: марказий ярим ҳимоячи

Ёши: 21

Жавоҳир Сиддиқов юртимизнинг энг иқтидорли ва шу билан бирга иқтидори муносиб баҳоланмаган футболчилари сирасига киради. У бўйдор ва гавдали эмас, аммо майдонга тушганидан сўнг на бўйи ва на вазнига эътибор берилади.

Жавоҳирнинг ўйинидан фақат завқ олиш мумкин. У бежиз М-150 CUPнинг энг яхши футболчиси мақомига муносиб кўрилмади. Аммо «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе серқирра ярим ҳимоячини таркибда олиб қолишни истамади ва «Қўқон-1912»га осонгина бериб юборди. Балки Осиё чемпионатидан сўнг у қандай «жавоҳир»ни йўқотганини ҳис қилар?

Ўз навбатида, Сиддиқов учун ҳам қитъа биринчилиги катта ва ягона имконият. Ҳар ҳолда, «Қўқон-1912» ОЧЛдан четда. Демак, Сиддиқов нималарга қодирлигини айнан Осиё чемпионатида исботлаши шарт.

ҚЎШИМЧА

Юқорида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг 10 нафар футболчисига атрофлича тўхталдик. Аммо келаси ой Хитойда бўладиган мусобақада кашф этилиши кутилаётган футболчилар рўйхатида бошқалар ҳам бор.

Қитъа биринчилигига 23 нафар футболчи боради ва уларнинг ҳар бири қаҳрамон бўлиш иқтидорига эга. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги мураббийлар штабининг энг катта ютуғи ва муаммоси шуки, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси тенг кучли 2та таркибга эга.

Бу йигитларнинг ҳар бири исталган дақиқада майдонга тушиб, ўйин тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин. Бу ёғини энди янги йилдан кейин кузатамиз...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz