Қайднома

Қидирув

Месси ва Роналду ЖЧ-2022да – реалликми ёки…

Месси ва Роналду ЖЧ-2022да – реалликми ёки…

  05.01.2018 06:27
  0
  2089
Месси ва Роналду ЖЧ-2022да – реалликми ёки…

«Барселона» клуби ва Испания миллий терма жамоаси собиқ ҳимоячиси Карлес Пуйолнинг фикрича, Россия-2018 мундиали замонавий футболнинг икки марвариди учун охиргиси бўлиб қолмайди.

Гап кимлар ҳақида кетаётгани ҳаммага маълум: албатта, сўнгги 10 йилда 5 мартадан «Олтин тўп» ютишган Лионель Месси ва Криштиану Роналду назарда тутилмоқда.

Хуллас, важоҳати ва узун сочлари билан энг сара ҳужумчиларга ҳам даҳшатли кўринган «Тарзан» ЖЧ финал босқичига қуръа ташлаш маросими арафасида шундай деганди: «Шубҳа қилмайман, ҳар иккиси ҳали кўп йиллар давомида энг юқори савияда ўйнай олади.

Менимча, улар 35-36 ёшда ҳам ўз салоҳиятларини йўқотишмайди. Чунончи, Роналду ва Месси барчасига чин профессионалча ёндашиб, мудом жисмоний томондан энг юқори талабларга мувофиқ бўлиш ҳақида алоҳида қайғуришади.

Тахминимча, агар ўзлари хоҳлашса, 2022 йилги жаҳон чемпионатида ҳам бемалол иштирок этишлари мумкин». Аввалроқ Жозе Моуриньо, шунингдек, Карлос Вальдеррама аргентиналик ва португалиялик юлдузнинг келажаги ҳақида шунга ўхшаш фикр билдиришганди.

Хўш, уларнинг Қатар-2022гача олий даражада ўйнашлари ҳақиқатга нечоғли яқин?

Жаҳон чемпионати тарихига назар

Месси ва Роналдунинг ЖЧга боғлиқ истиқболларини чамалашдан олдин мундиаллар тарихига назар солиш керак. Хўш, жаҳон футбол форумида неча ёшгача ўйнаш мумкин?

Қатарда ташкиллаштириладиган ЖЧ ўйинлари 2022 йилнинг ноябрь-декабрь ойларига белгиланган. Турнирга старт бериладиган санада Лионель Месси 35 ёш 4 ой 27 кунлик бўлади. Криштиану Роналду эса бироз каттароқ - 37 ёш 9 ой 16 кунлик. Бундай ёш кўплаб футболчилар учун футболдаги чегара ҳудуди ҳисобланади.

Мисол учун, Филипп Лам ва Хаби Алонсо каби профессионаллар бутсаларини 36 ёшга тўлмай туриб, михга илишди. Лекин иккинчи томондан олсак, жаҳон чемпионатининг бу борадаги рекорди анча баланд.

Дейлик, нақ 6 нафар футболчи 40 ёшдан ошганида ҳам энг олий турнирга борган, майдонга тушган. Демакки, Месси ва Роналду бемалол ЖЧ-2022ни «мўлжал»га олишса бўлаверади.

Одатда ҳимоячилар ва айниқса, дарвозабонлар бошқа позициялар вакилларига нисбатан узоқроқ ўйнашади. Шунинг учун, объектив баҳо бериш учун охирги 30 йил ичида жаҳон чемпионатида майдонга тушган энг «қари» ярим ҳимоячилар ва ҳужумчиларни алоҳида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Бундай рўйхатнинг юқори 10талигига қарасак, биргина Роже Милла яққол ажралиб турибди - 42 ёш. Қолган «қария»лар 36-37 ёшда. Демак, агар Криштиану Роналду Қатар мундиалига борса, бу жадвалда 3-ўринни банд этади.

Лионель Месси эса топ-10дан ташқарида қолади. Айтганча, фахрий ярим ҳимоячи ва ҳужумчилар рўйхатининг 10-қатори ҳозирча Карлос Вальдеррамага тегишли. Айнан колумбиялик афсонавий ҳужумчи Месси ва Роналдуни мақтаб, уларнинг 40 ёшгача юқори савияда ўйнашларини башорат қилганини эслатиш жоиз.

Узоқ фаолият сири борми?

Айни пайт «Нью-Ингленд Пэтриотс» клуби вакили Том Брэди фаолиятидаги энг яхши мавсумлардан бирини ўтказмоқда. Эътибор беринг, 40 ёшли фахрий АҚШ миллий чемпионатининг энг яхши ўйинчиси бўлишга даъвогарлар қаторида бормоқда.

Ҳа, Миллий футбол лигаси тарихига қарасак, бир қатор ўйинчилар 40 ёшдан ўтиб ҳам майдонга тушишган, аммо улар ҳеч қачон мусобақанинг асосий индивидуал совринига қўл узатишмаган. Брэдига келсак, у овқат-ланиш тартибига қатъий риоя қилади. Умуман, турмуш тарзини намуна сифатида кўрсатиш мумкин.

Мисол учун, Том ҳар куни эрталаб соат 6:00да уйқудан туришга одатланган. У кунига 12-25 стакан электролитик сув ичади, 3 маҳал овқатланади, албатта, бир вақтда. Таомномаси эса жуда жўн - балиқ гўшти ва янги сабзавотлар. Тамаддилар орасида доимий машғулотлар бор.

Дарвоқе, Супербоулнинг 5 карра ғолиби ёзда бу борада алоҳида китоб ҳам ёзди. Уни ўқиб чиққан спортчи кўп фойдали жиҳатларга эътибор қаратиши мумкин. Хусусан, Роналду ҳам Брэди китобини сотиб олган ва диққат билан мутолаа қилган бўлса, ажабмас. Аммо ўзи учун қандайдир янгилик кашф этганига ишониш қийин.

Гап шундаки, португалиялик ҳам соғлом турмуш тарзига қатъий ёндашади. Чунки футболчилик фаолиятини имкон қадар узайтирмоқчи. Шундай экан, у америкалик спортчининг таомномасидан кўчирма олишга муҳтож эмас. Зеро, CR7 қабул қиладиган калориялар меъёрини жуда яхши билади.

Боз устига, португалияликнинг столида ҳам денгиз маҳсулотларию, сабзавотлар биринчи ўринда туради. Месси-чи? Олдинлари у майдон четида  худди спорт журналистидек таассурот уйғотарди. Ҳарқалай, таомланиш масаласида португалиялик рақобатчисига сира ўхшамасди.

«Барселона» бош юлдузи фақат 2015 йилга келибгина физиотерапевтларнинг узлуксиз қистовларидан кейин пиццага нисбатан иштаҳасини пасайтириб, тартибли парҳезга амал қила бошлади.

Натижада 3,5 килограмм вазн ташлади ва эндиликда мушакларга боғлиқ жароҳатларга унча кўп йўлиқаётгани йўқ. Муҳими, Лео яна юқори маҳсулдорликни намойиш этяпти. Тўғри, аргентиналик даҳоча ҳалигача шоколаддан юз ўгирган эмас.

Энг асосийси, Месси ҳам, Роналду ҳам 30 ёшдан ошгач, физиологик ўзгаришларни сеза бошлашди, шекилли. Ҳар ҳолда, улар бундан 3 йилча олдин ўйин давомида ўз жойларини захира вакилига бўшатиб беришни сира хоҳламасдилар. Агар шундай ҳолат рўй берса, ҳаттоки, жанжал кўтаришарди.

Бошқача айтсак, ҳар иккиси мутлақо аҳамиятсиз ўйинлар, дейлик, «Қирол кубоги» доирасидаги оддий учрашувларда ҳам мунтазам иштирок этарди.  Бугун эса вазият бошқача - Месси ва Роналдунинг захира ўриндиғида қолишлари оламшумул хабар бўлмай қолди. Криштиану аввалги мавсумнинг иккинчи ярмида гол уриш бобида қандай тезлик олганини бир эсланг.

Айтишларича, Зайниддин Зидан куч-қувват битмас-туганмас манба эмаслигини такрорлайвергач, у барчасини тушуниб етган. «Атлетико» ва «Ювентус»га қарши ўйинлар бошида захира ўриндиғида қолган Месси эса бунга хотиржам муносабат билдирди: «Мавсум жуда узун, кучни тежаш керак».

Ёш ўтишининг ўйинга таъсири

Роналду аргентиналик рақобатчисидан деярли 2,5 ёш катта бўлсада, унда ЖЧ-2022да ўйнаш имконияти кўпроқ, барибир. Ҳарқалай, таҳлилчиларнинг хулосалари шундай.

Атлетик салоҳият, кучли ва аниқ зарба йўллаш, рақиб жарима майдони атрофида вазиятни тўғри баҳолаш - бу хусусиятлар Криштианунинг 5 йилдан кейин ҳам ўта эффектли ҳужумчи мақомида қолишини таъминласа, ажабмас. Фақат битта ўзгариш кузатилиши эҳтимоли катта - ҳозирги тезлиги пасайиб борса, шунчаки, соф марказий ҳужумчига айланади.

Бунга мисол тариқасида Рууд ван Нистелрой ва Филиппо Инзагининг 36-37 ёшда қандай ўйнашганини эслатиш кифоя. Амалдаги футболчилардан ҳам ёрқин намуна бор - Ариц Адурис. «Атлетик» фахрийси февралда 37 ёшга тўлади, майдондаги ҳаракатлари эса шунчаки, ҳавас уйғотмоқда.

Адурис ҳаттоки, қанотда ҳам бинойидек тўп сурмоқда ва 90 дақиқалик тинимсиз курашларга бемалол чидай оладигандек. Роналдунинг ҳозиргача машғулотларда катта ҳажмда ишлашини инобатга олсак, у 37 ёшида ван Нистелрой, Инзаги ва Адурисдан яхшироқ ҳолатда бўлса керак.

Мессига эса бироз қийинроқ. Ҳа, у ҳали узоқ вақт чаққон оёқлари ёрдамида тўпни ҳар кўйга солиши мумкин, бироқ тезлиги «10-рақам» позициясига жавоб бериши хусусида аниқ гапириш мушкул. Факт шуки, футболчи 35 ёшида майдонда худди 25 ёшлигидагидек тез югуролмайди - бунинг рецепти ҳали аниқланган эмас.

Леонинг ҳозирги қуроли ҳаммага маълум - жарима майдонига ақл бовар қилмас тезликда ёриб кириш ва вазиятга қараб, турлича зарба йўллаш. Хўш, агар шу фазилати бўлмаса, у жаҳоннинг энг яхши футболчиси ролига тортармиди? Хуллас, Месси фақат жарима майдони ичида ҳаракатланса, эффектли футболчи саналмайди.

Акс ҳолда, уни аллақачон ҳақиқий эмас, чалғитувчи «9-рақам»га айлантиришарди. Леони доимий ярим ҳимоячи ролида тасаввур қилиш ҳам имконсиз. Тўғри, аргентиналик заргарона узатмаларни амалга оширишни уддалайди, аммо бу ишни дейлик, Хави даражасида бажаролмайди, барибир.

Қолаверса, у тўпсиз ишлашни унча хушламайди. Бугунги Месси тўпсиз ҳолда оддий ўйинчидек экан, 35 ёшида ўзгариб қолмаса керак-ов...

Юлдузларнинг истиқболларида яна бир масала жуда муҳим. Замонавий футбол тенденцияларига қарасак, уларни 5 йилдан кейин ҳозирги клубларида тасаввур қилиш анча қийин. Дейлик, Роналду олдинда қанча эффектли ҳаракатланмасин, афсонавий мақомга эга бўлмасин, «Реал»даги ўрнини Флорентино Пересга хос прагматик қараш туфайли йўқотиши ҳеч гап эмас.

Мисол учун, Рауль «Реал» ўғлони ва афсонаси эди, бироқ 30 ёшдан ошгач, асосий таркибдан тушиб қолди ва яна 3 йилдан кейин жамоадан кетди. Ҳа, унинг хайрлашувида ўйин бобидаги пасайиш қатори ички муҳокамалар ҳиссаси ҳам бор эди. Шундай бўлсада, «Қироллик клуби»да Раулдек содиқ етакчи мавқеига қарашмагани ҳам айни ҳақиқат.

Португалия термасига келсак, бу жамоа ҳар доим ҳам жаҳон миқёсидаги мегаюлдузга эга бўлавермайди. Шундай экан, португаллар ўзларининг энг машҳур ўғилларига охиригача миллий жамоанинг асосий таркибидан жой топиб берсалар керак. 35 ёшли Лионелни қаерда кўриш эҳтимоли баланд?

Ҳа, ҳозир «Барса»нинг содиқ фарзандини четга суриб қўйиши ақлга сиғмайди, аммо у тезлигини йўқотса-чи? Катта эҳтимолки, Лео фаолиятини ўз хоҳлаганидек жонажон юртида тугатади. «Ньюэлс Олд Бойз» ёки ҳаттоки, «Росарио Сентраль» 35 ёшли юлдузни қучоқ очиб кутиб олиши муқаррар.

Бунга энг яхши мисол - Хуан Роман Рикельме. У 36 ёшида «Бока Хуниорс»дан «Архентинос Хуниорс» сафига қўшилганди. Мессининг миллий жамоадаги ўрни масаласида ҳам дангал гапириш қийин.

Аргентина - иқтидорли ҳужумчилар макони. Қолаверса, Пауло Дибала 29 ёшида мутлақо янги савияга чиқиши мумкин. Демак, Леодан жиддий рақобатга дош бериши талаб этилади, акс ҳолда...

Хулоса қандай?

Таҳлил ва фаразлар ўз йўлига. Месси ва Роналдунинг ЖЧ-2022да ўйнаш-ўйнамасликлари аввало, шахсий иштиёқлари ва асосан жиддий жароҳатларга йўлиқмасликларига боғлиқ. Жаҳон футболи тарихида ҳеч ким улардек кўп индивидуал совринларга эга чиқмаган (хусусан, клуб миқёсида).

Бошқача айтсак, гап ақлга сиғмас ишларга қодир икки буюк ижрочи ҳақида кетяпти. Шундай экан, уларнинг барча камтарона фаразларни четга суриб, Карлес Пуйоль, Жозе Моуриньо ва Карлос Вальдеррама ишончини оқлашлари ҳам ҳеч гап эмас.

Ахир Францеско Тотти (40 ёш), Фрэнк Лэмпард (38 ёш), Дидье Дрогба (39 ёш) ёки Андреа Пирло (38 ёш) ўзлари учун охирги мавсумда миллий жамоа ўйини картинасини бузиб қўйишмади-ку.

Якуний хулоса - мислсиз тажрибага эга фахрий камида ротация учун фойдали футболчи ролини бажариши мумкин.

Ҳ. АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz