Қайднома

Қидирув

Марсело Бьелса яна «офсайд»да

Марсело Бьелса яна «офсайд»да

  06.01.2018 06:28
  0
  283
Марсело Бьелса яна «офсайд»да

Марсело Бьелсанинг Лига 1га қайтиши ушбу чемпионатни кузатиш учун асосий сабаблардан бирига айланган. Аммо Эль Локо «Лилл»ни можароли тарзда тарк этди.

Бугун аргентиналик мураббийнинг нима сабабдан яна Францияга керак бўлмай қолгани ҳақида сўз юритамиз.

Асосий қаҳрамонлар:

Марсело Бьелса - «Лилль» бош мураббийи

Луис Бонини - Бьелсанинг Чили термасидаги собиқ ёрдамчиси

Фернандо Да Крус, Жоао Сакраменто, Бенуа Делаваль ва Франк Манто - Бьелсанинг «Лилл»даги ўринбосарлари

«Лилль» раҳбарияти — Бьелсани ишдан бўшатган жамият

Биринчи воқеа, биринчи кўриниш

«Пьер Моруа» стадиони

43 минг мухлис тўпланган аренада «Лилль» футболчилари «Марсел»-га қарши баҳс ўтказишди. Мақсад битта - ғалаба. Мазкур учрашувдан аввал «доглар»нинг чемпионатдаги ғалабасиз серияси 9та ўйинга етганди. Марсело Бьелса одатий қиёфада футболчиларни кузатиб, маълумот тўплай бошлади.

«Лилл»нинг қарши ҳужумда ўйнаш режаси 5-дақиқадаёқ бузилди. «Марсель» ўнг бурчакка яқин ҳудудда жарима зарбаси йўллаш ҳуқуқини қўлга киритди.

Флориан Товен узатма берди, Морган Сансон гол урди. Кейинги дақиқаларда «Олимпик» ғалабани сақлашга уринди, аргентиналик профессор эса жамоасининг бу мавсум кучсиз эканлигини яна ҳис этди. Ўша гол ягоналигини сақлаб қолди, «Лилль» эса хавфли ҳудудга тушиб кетди.

Биринчи воқеа, иккинчи кўриниш

«Пьер Моруа» стадионидаги трибунаости иншооти

L~Equipe мухбири Бьелсага эҳтимолли истеъфо ҳақида жиддий саволлар берди. Одатда, журналистлар билан суҳбатлашишни хуш кўрмайдиган Эль Локо жавобдан қочмади:

агар клуб 7 млн. эмас, 14 млн. компенсация тўласа, кетишга тайёрлигини билдирди. Унинг гаплари эса «Лилл»даги вазиятни янада кескинлаштирди.

Иккинчи воқеа, биринчи кўриниш

(«Метц» ва «Сент-Этьен» устидан қозонилган узоқ кутилган ғалабалардан сўнг)

Лиллдаги аэропортнинг кутиш хонасида қаҳва ичаётган Марсело Бьелсани ишқибозлар дарҳол танишди, аммо унинг ёнига боришга айримларгина журъат топишди. Лилль - Сантьяго рейсига рўйхатга олиш бошлангани хабар берилгач, Эль Локо ўрнидан қўзғалди. Чилига боришдан асосий мақсад - эски таниши, «Ла Роха»даги собиқ ёрдамчиси Луис Бонини билан учрашмоқчи эди.

Ўшанда Бьелса яқин дўстининг оғир хасталикка чалингани ва қўллаб-қувватлашга муҳтож эканидан хабар топганди. «Лилль» эса бош мураббийнинг режаларидан кейинроқ воқиф бўлди.

Иккинчи воқеа, иккинчи кўриниш

Бьелса етиб келган куннинг эртасига Луис Бонини ошқозон саратони туфайли 68 ёшида вафот этди.

Иккинчи воқеа, учинчи кўриниш

(«Лилл»нинг Домэн де Лучиндаги базаси)

Аргентиналик мутахассис Францияга қайтаётиб, тартиб-интизомга риоя қилмагани учун ишдан бўшатилганидан хабар топди. Эль Локо клуб базасига борди, аммо уни ичкарига қўйишмади, ҳаттоки, ҳужжат ва кийим- кечакларини олишга ҳам ижозат беришмади.

Учинчи воқеа, биринчи кўриниш

«Стад де ля Моссон»

«Лилль» сафарда «Монпелье»га қарши баҳсни бош мураббийсиз бошлаб, 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди.

Клуб ҳали Бьелса масаласига тўла ойдинлик киритмаган бир паллада жамоа натижаларга бир варакайига тўрт нафар шахс - Фернандо да Крус, Жоао Сакраменто, Бенуа Делаваль ҳамда Франк Манто жавоб беришлари ойдинлашди.

Учинчи воқеа, иккинчи кўриниш

Лиллдаги француз ресторанларидан бири

«Лилль» «Монпелье»га қарши баҳс юритаётганда ишдан бўшатилган аргентиналик мутахассис вақтини ресторанда, ноутбук ва конспектлар қаршисида ўтказаётганди.

У ўйинчилар ҳаракатини таҳлил қилиб, тегишли қайдлар киритди. Ресторан ходимлари унинг ҳаракатини қизиқиш билан кузатишди.

Тўртинчи воқеа, биринчи кўриниш

«Доглар» офиси

Франция матбуотига ишонсак, «Лилль» Эль Локонинг эҳтимолли ўринбосарини аниқлаш учун бир неча марта директорлар кенгашини тўплаган. Клуб уч нафар номзодга тўхталган - «ПСЖ» собиқ устози Лоран Блан, яқинда «Сент-Этьен»дан кетган Оскар Гарсия ва «Уотфорд» мураббий Марко Силва.

Тўртинчи воқеа, иккинчи кўриниш

Марсело Бьелса «Лилль» билан келишувни бекор қилиш бўйича муҳокама ўтказмоқчи эмаслиги, бунга бирор сабаб кўрмаётганини таъкидлади. Эль Локо судга ариза топшириб, юридик комиссия йиғилишини кутди.

Бу пайтга келиб, мураббийсиз қолган «Лилл»нинг ишлари юришиб кетди. «Доглар» кутилмаганда «Лион»нинг 672 дақиқали «қуруқ» сериясини бузиб, мавсум етакчиларидан бирини мағлубиятга учратишди - 2:1. Сўнгра «Тулуза»ни кичик ҳисобда енгиб, хавфли ҳудуддан узоқлашишди.

Хулоса

Ҳа, Бьелсани «Лилл»га «догларни ЕЧЛга олиб чиқиш мақсадида таклиф этишганди, аммо натижани дарҳол талаб қилишди. Чили сафари эса аргентиналикдан қутулиш учун сабаб вазифасини ўтади.

Пеп Гвардиола ёки Маурисио Почеттино сингари аксарият замонавий мураббийлар Марселони тактикалар даҳоси деб билишади, унинг 3+3+3+1 схемасини эса футбол феномени сифатида қадрлашади.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.