Қайднома

Қидирув

Омон Ғофуров: «Профессионал клубда академия бўлиши зарур»

Омон Ғофуров: «Профессионал клубда академия бўлиши зарур»

  07.01.2018 03:36
  0
  1031
Омон Ғофуров: «Профессионал клубда академия бўлиши зарур»

ЎФФ томонидан Ўзбекистоннинг профессионал клублари ўртасидаги 2018 йил учун футбол бўйича мусобақалар регламенти тасдиқлангач, унда қайд этилган талаблар ҳақида ЎзПФЛ бош директори Омон Ғофуров ўз фикрларини билдириб ўтди.

Талаблар ҳақида

- Биз ФИФА ҳамда ОФК регламентини яхшилаб ўрганиб чиқдик. Профессионалликни даъво қилувчи ҳар бир клубда, энг аввало, академия бўлиши шарт. Клуб ўз тарбияланувчилари асосида шакллантирилиши зарур.

Шунингдек, клублар келажакда академияда етишиб чиққан истеъдодли футболчиларни бошқа клубларга сотиш ёки ижарага бериш орқали яхшигина маблағ ишлаб олиши мумкин.

Аёллар ва футзал жамоасига эга бўлиш ҳам жуда муҳим. Шу тариқа мазкур клубнинг нуфузи ошади, унга бўлган қизиқиш кучаяди.

Формат ҳақида

- Миллий чемпионатимиз формати 16та клубдан 12та клубга ўзгартирилди. Эндиликда Суперлига жамоалари икки босқичда, дастлаб икки даврадан иборат уй-сафар тизимида баҳс олиб боришади.

Иккинчи бос­қичда эса, жамоалар ўз ўринларидан келиб чиқиб, 1-6-ўринлардаги жамоалар ҳамда 7-12-ўринлардаги жамоалар яна иккита гуруҳга бўлинадилар ва уй-сафар тизимида майдонга тушадилар. Бунда «олтин очко» қоидаси амал қилади.

Яъни, 1-6-ўринларни эгаллаган жамоаларнинг 7-12-ўринлардаги жамоалар билан ўтказган учрашувларидаги барча натижалар чиқариб ташланади. 1-6-гача бўлган жамоалар ўртасидаги ўйинлар очколари сақлаб қолинади. Шунингдек, 7-12-ўринлардаги жамоалар очколари ҳам худди шундай тарзда ҳисобланади.

Про-лигада 1-ўринни эгаллаган жамоа Суперлигага тўғридан-тўғри йўл олади. Суперлигада 12-ўринни олган жамоа Про-лигага тушиб кетади. Про-лигадаги 2 ва 3-ўрин соҳиблари Суперлиганинг 10 ва 11-ўринлардаги жамоалари билан ўтиш баҳс­ларида иштирок этишади.

Бу ўзгаришдан асосий мақсад миллий чемпионатимиздаги курашни кучайтириш, учрашувлардаги шиддатни янада оширишдан иборат. Эндиликда юқори ўринларда бораётганлар билан аутсайдерлар ўртасида фарқ олдингидек катта бўлмайди.

Шунингдек, Суперлига клубларининг ёшлар жамоалари U-14, U-16, U-18 ёшгача футболчилар ўртасидаги мамлакат биринчилигида иштирок этишади. Илгари ушбу ёш тоифаларида Ўзбекистон биринчиликлари ўтказилмаган. ПРО-лига ёшлар жамоалари эса U-14 ва U-16 тоифаларида ўзаро баҳс юритишади.

Стадионларга қўйиладиган талаблар ҳаҚида

- Чиройли ва томошабоп футбол намойиш этиш учун биринчи навбатда шунга мос майдон бўлиши керак. Ана шундан келиб чиққан ҳолда, Суперлигада иштирок этадиган клублар майдонининг чими борасида алоҳида талаблар қўйилди. Яъни, чим халқаро талабларга жавоб берадиган, юқори сифатли бўлиши зарур.

Шунингдек, стадионда мухлислар учун барча қулайликлар яратилиши, журналистлар, юқори мартабали меҳмонлар учун алоҳида трибуналар ажратилиши шарт. Бундан ташқари, стадионларда ёритиш ускуналари 1200 люкс бўлиши кераклиги регламентда кўрсатиб ўтилди.

Кўпгина стадионларда шу пайтга қадар ёритиш тизими яхши ишламагани туфайли ўйинларни вақтли, кундуз куни ўтказишга мажбур бўлишаётганди. Бунинг натижасида мухлислар ташрифи кама­йиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Ишқибозларни стадионларга қайтариш учун, энг аввало, ўйинлар вақтини улар учун қулай пайтга тайинлаш зарур эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, янги мавсумдан бошлаб Суперлига учрашувлари соат 18:00дан кейин бошланиши регламентга киритилди. ПРО-лига ҳамда Ўзбекистон кубоги ўйинлари эса соат 17:00дан кейин старт олади.

Легионерлар лимити ҳақида

- Ўзбекистон Суперлигаси иштирокчи клублари эндиликда 5 нафаргача хорижлик футболчиларни 4+1 форматида рўйхатдан ўтказиш имконига эга бўлишади. Сўнгги йилларда чемпионатимизда легионер дарвозабон ўйнаши мумкин эмасди.

Бу тақиқ ҳам бекор қилинди. Қолаверса, клуб тизимида ишлайдиган ходимлар борасида ҳам аниқ лавозимлар бўйича кимлар фаолият олиб бориши регламентда кўрсатиб ўтилди.

Мухлислик маданиятини ошириш ҳақида

- Бу энг долзарб масалалардан бири. Аксарият стадионларга ташриф буюрувчи ишқибозлар ёмон хулқ-атворлари сабабли бошқаларни стадионга келишдан бездириб қўйишади. Айнан маданиятсиз мухлислар туфайли кўплаб ишқибозлар стадионларга фарзандлари билан ташриф буюра олишмайди.

Мана шу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, янги мавсумдан бошлаб клублар олдига мухлислар билан иш олиб бориш вазифасини қўйдик. Агарда қайсидир жамоа ишқибозлари стадионда ўзларини ёмон тутишса, ҳакам ва футболчиларни ҳақорат қилишса, ўша клубга 500 миллион сўмга қадар бўлган жарималар солиниши регламентга киритилди. Молиявий жазога тортилмаслик учун ҳам эндиликда клублар ўз мухлислари билан иш олиб боришга мажбур бўлишади.

Мураббийларга қўйилаёт­ган талаблар ҳаҚида

- Суперлигада иштирок этувчи клублар мураббийлари эндиликда талабнома («заявка») беришдан олдин ўзларининг чорак ва йиллик режаларини бизга тақдим этишлари керак.

Уни Ўзбекистон футбол федерацияси Илмий-методик бўлими мутахассислари ўрганиб чиқишади. Агар мураббийнинг режаси талабга жавоб бермаса, уни ўзгартириб, қайтадан топширмагунча, мураббий 2018 йилги ўйинлар талабномасига киритилмайди. Шунингдек, жамоа футболчилари ҳам белгиланган нормативларни бажаришмаса, 2018 йилги мавсумда ўйнашга рухсат берилмайди.

Про-лига бўйича қўйилган талаблар ҳаҚида

- Аввалига, Про-лигада 24 ёшгача бўлган футболчилар тўп суриши режалаштирилганди. Кейинчалик мутахассислар ва жамоатчилик фикри чуқур ўрганиб чиқилиб, жамоаларнинг ҳозирги аҳволидан келиб чиққан ҳолда, бу чеклов олиб ташланди.

Эндиликда Про-лигада исталган ёшдаги футболчилар тўп суришлари мумкин. Лекин шу билан бирга, биз жамоалар олдига асосан ёшларга катта эътибор қаратиш вазифасини қўйганмиз.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz