Қайднома

Қидирув

Январдаги янгилик ёки яна олимпиячиларимиз ҳақида...

Январдаги янгилик ёки яна олимпиячиларимиз ҳақида...

  07.01.2018 11:33
  0
  468
Январдаги янгилик ёки яна олимпиячиларимиз ҳақида...

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси икки ҳафтадан сўнг бошланадиган Осиё чемпионатида иштирок этади. Олти йил муқаддам ўсмирларимиз худди шундай мусобақада ғолибликни қўлга киритган эди. Ҳозир ҳам деярли ўша таркиб. Фақат анча улғайган ва кучга тўлган. Энди шу кучни қитъа биринчилигида яна бир бор кўрсатиш лозим. Хўш, бу қанчалик ҳақиқатга яқин иш? Жамоа билан икки ҳафта бирга бўлган ва Таиланддаги халқаро мусобақада бошидан охиригача иштирок этган инсон сифатида кўрганларимнинг бир қисмини айтиб ўтмоқчиман. Нима учун ҳаммасини эмас? Буни ҳам тушунтириб кетаман.

Гап ўзимизникию, лекин бир нарса айтаман - мустақил ишлаб ўрганган журналист учун делегациянинг расмий вакили бўлиш осон эмас экан. Қайси маънода осон эмас? Янгилик дарёдек оқиб ётибди, аммо ҳаммасини ҳам матбуотга бера олмайсиз. Илгари ҳам турли мусобақаларни ёритиш учун хорижга борганман, аммо делегация  таркибида бўлмаганман. Ўша вақтларда бирор кичкинагина янгилик топиш ҳам анча мушкул иш эди. Журналист бўлгандан кейин, боз устига мустақил бўлгач, кимгадир ёқмайдиган нимадир ёзиб қўйишинг тайин. Ўша ёқмаганлар эса сенга маълумот беришларини тақиқлаб қўйиш ваколатига эга. Натижада шунча жойга овора бўлиб борганга яраша ишлай олмай, хунобимиз ошарди. Аммо шунинг ҳам гашти бор экан, кичик янгилик ундирсак ҳам қўшқўллаб, хурсанд бўлиб таҳририятга тутқазардик.

Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлди. Делегация таркибида бўлганингдан сўнг янгилик дегани кун эмас, соат эмас, дақиқа сайин чиқиб тураркан. Аммо бало шундаки, ҳаммасини ҳам айта олмайсан. Ёзиб бериш ҳақида-ку, гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Зеро делегация таркибида бўлганинг­дан кейин кўп нарсаларни ўйлашга мажбур бўлиб қоларкансан. Ёзганинг жамоага зарар келтирмайдими? Уни ўқигач футболчиларнинг кайфияти қандай бўлади? Мураббийлар штабига юқоридан тош ёғилмайдими? Ҳаммасини ҳисобга олиш шарт. Чунки битта аравадасан.

Шунинг учун ҳам, мустақил журналистман деган, эркин ёзиб ўрганган одам клуб ёки федерацияда матбуот котиби бўлиб ишламаслиги керак экан. Сафарга ҳам ўз таҳририяти ҳисобидан бориб, қийналиб топганларини ёзиб юравергани маъқул. Аммо ўрни келганда яна айтиб кетай, барибир ёшлар терма жамоаси билан Таиланд сафарига борганимдан афсусда эмасман. Нима учун? Чунки энди жамоа «ошхонаси» қанақа бўлиши ва футболчию мураббийлар қандай қозонда қайнашини жуда яхши биламан. Бир марта бориб келишга арзийдиган иш.

Майли, энди Осиё чемпионати ҳақида гаплашсак. Ёшларимиз Хитойда бўладиган қитъа биринчилигида яхши иштирок эта оладими, деган саволга жамоа билан 10 кун бирга бўлган инсон сифатида жавоб бермоқчи эдим. Жавобим эса қуйидагича - ҳа, муносиб иштирок эта олади. Ҳатто чемпион бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда шундай иқтидорга эга. Таркибдаги 23 футболчининг ҳар бири муносиб танланган ва ўз кучига ишонади. Агар бу йигитлар «М-150 CUP» мусобақаси финалида Японияни енгиб, ғолиб чиққан экан, уларга ишониш учун яна нима керак? Ёдингизда бўлса, Дилшод Нуралиев бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳам айнан японларни енгиб, Осиё чемпиони бўлган эди.

Хуллас, ўша гапим гап - бу йигитлар бизни яна хурсанд қила олади. У ёғини сўрасангиз, миллий терма жамоанинг яқин беш йиллик келажаги ҳам айнан улар бўлади. Жавоҳир Сиддиқов, Дос-тонбек Ҳамдамов, Азиз Ғаниев, Одилбек Ҳамробеков, Шароф Муҳитдинов, Рустам Ашурматов, Ислом Қобилов, Дониёр Нарзуллаев, Акром Комилов, Отабек Шукуров, Ислом Кенжабоев, Элдор Шомуродов, Забиҳилло Ўринбоев, Бобур Абдухолиқов - номларни кўряпсизми?

Таиланддаги мусобақа финалида Японияга қарши майдонга тушиш олдидан Равшан Ҳайдаров шогирдларига: «Қачонгача японларга қараб юрамиз? Сиз улардан умуман кам эмассиз. Фақат буни исботлашингиз керак. Қани, майдонга тушингларда, исботланглар!» - деди. Ва улар исботлашди ҳам. Ўша ўйинни стадионда томоша қилган инсон сифатида айтаман, бизникилар японлардан асло кам эмас эди. Керак бўлса, устунлик қилди. Японлар ўйинни кучайтирса, бизникилар икки ҳисса куч билан «босиб» ташлашди. Бунақа ўйинни томоша қилиб, фақат роҳатланиш мумкин. Ҳеч қандай ташвишсиз, жамоанг кучига ишониб ўйин томоша қилиш ҳам катта бахт, аслида...

Афсус, бизга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ўйин ТВ орқали жонли трансляция қилинмади. Sport TV ходимлари қўлларидан келган барча ишни қилишди, аммо... Майли, бу ҳақида чуқурлашмайлик. Вақти келиб ҳаммасини билиб оласиз. Боз устига яхши янгилик ҳам бор - Sport TV барибир М-150 Cup финалида Япония ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўртасида кечган баҳсни кўрсатишни режалаштирган. Насиб қилса, 1 январда ўйин намойиш қилинади. Байрам совғаси бу. Учрашувни ўзингиз томоша қиласиз ва баҳони ҳам ўзингиз берасиз.

Мен эса яна бир бор Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига ишонишимни айтмоқчиман. Тўғри, жамоада муаммолар етарли. Масалан, 23 ёшга тўлган футболчи ўз клубида 1 миллион сўм маош учун футбол ўйнаб юрганини ўз кўзим билан кўрдим. Бу пулга кап-катта йигит ота-онасининг ёрдамисиз футболда қола олмаслигини ҳам яхши биламиз, аммо нима қилайлик, улар билан шартномани биз эмас, клубдаги раҳбарлар имзолайди. Мукофот пулларини қачон бериш (ёки умуман бермаслик) ҳам уларнинг хоҳишига боғлиқ. Замонавий футболда профессионал ўйинчи фақат яшил майдондаги кураш ҳақида ўйлаши керак, дейишади. Аммо бизда бошқача. Бизнинг футболчилар эртага машғулотга йўлкирани қаердан олишни ҳам унутиб қўймаслиги керак.

Хуллас, шунақа гаплар. Балки Осиё чемпионатига футболчилар хаёлни бир жойга қўйиб, турли ташвишларни бироз бўлса-да унутиб борар. Ҳар ҳолда «М-150 Cup» мусобақасидаги ғалаба учун ташкилотчилар томонидан ЎФФ ҳисобига 20 минг АҚШ доллари ўтказиб берилган. Балки Хитойга кетиш олдидан шу пулдан озгина бўлса ҳам мукофот пули берилар. Балки берилмас. Аммо шунда ҳам ишонинг, бу йигитлар Осиё чемпионатида қўлидан келган барча ишни қилади. Уларнинг қўлидан эса кўп нарсалар келишини ўз кўзим билан кўриб келдим.

Футболдан узоқлашманг. Январда яхши янгиликлар бўлиб қолиши керак...

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 25-сентябрдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz