Қайднома

Қидирув

Ўзбек футболи ҳақида аччиқ ҳақиқат

Ўзбек футболи ҳақида аччиқ ҳақиқат

  08.01.2018 06:29
  0
  2678
Ўзбек футболи ҳақида аччиқ ҳақиқат

ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов ниҳоят, узоқ кутилган интервьюни берди.

Федерация раҳбари билдирган фикрлардан сўнг мухлису мутахассислар орасида турлича қарашлар бўлиши турган гап - бири салбий, бошқаси ижобий.

Чунки бир кишининг нуқтаи назари бошқасига тўғри келмаслиги табиий ҳол. Шундан келиб чиқиб, биз ҳам мазкур интервьюга муносабат билдиришга қарор қилдик.

Қуйидаги гаплар кимгадир ёқмаса, маъзур тутади, деган умиддаман. Ахир ҳақиқат кўпинча аччиқ бўлади.

АБРАМОВ ҲАҚИДА

Жаҳоннинг аксарият мамлакатларида футбол федерацияси ўз салобатини сақлаб туришга интилади. Ўз тизимида фаолият юритадиган мутахассислардан ички интизомга амал қилишни талаб этиш ҳам шулар сирасига киради. Абрамовнинг четлатилиши борасида ЎФФ томонидан чиқарилган хабарда мураббий ташкилот шаънига мос келмайдиган гаплар тарқатишда айбланганди.

Умид Аҳмаджоновнинг интервьюсида эса Вадим Карленовичнинг ўз вақтида амалга оширган кўп ишлари ва футболчиларни сотишдаги қинғирликлари тилга олинган. Мураббийдан лицензия олиб қўйилишига шу ҳам сабаб сифатида кўрсатилган.

Шу ўринда бир савол туғилади: агар Абрамов ЎФФнинг қарорига қарши фикр билдирмаганда, ўтмишдаги айблари ошкор бўлармиди?

Албатта, Аҳмаджоновнинг жон куйдириб айтган гапларига қўшилмай илож йўқ. Вадим Абрамов дарҳақиқат, қинғирлик қилган бўлса, жавобини берсин. Аммо у келаси мавсум Суперлигада 12та жамоа қолишига қаршилик билдирмаганда вазият қандай тус оларди?

Ўзбекистон чемпионатида ўтган йиллар давомида кўп шубҳали ишлар рўй берган. Масалан, неча йилдирки, келишилган ўйинлар ҳақида бонг уриб келамиз. Аммо Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси ҳам ҳеч кимни ошкор этмай, йўқ бўлиб кетди.

ЎФФ ўтмишдаги айбларни очишга бел боғласа, балки бу борада ҳам янгилик эшитармиз? Масалан, уч йил олдин «Пахтакор» - «Металлург» (3:2) ўйинида нима бўлганини ҳамон тушунмаймиз. Балки «қарталар»ни очиш вақти келгандир?

ФОРМАТ ҲАҚИДА

Умид Аҳмаджоновнинг интервью давомида билдирган бир фикрига ҳеч иккиланмай қўшилиш мумкин - 12 жамоалик тизим дарҳақиқат, ўзбек футболи манфаатига хизмат қилади. Шахсан ўзим шундай бўлишига жуда ишонаман. Анча йиллар олдин мазкур тизимга ўтиш кераклиги ҳақида мақола ҳам тайёрлаганман.

Ўша даврлар мана энди келяпти. Шундай экан, ЎФФ бошлаган ислоҳотлар наф келтиришига шубҳа қилмайман. Аммо гап шундаки, федерация бу янгиликларни ўз регламентига таянган ҳолда амалга ошириши керак эди.

Ҳаттоки, бу регламент аввалги раҳбарият даврида жорий этилган бўлса ҳам. Қонун (регламент эса футболимизнинг асосий қонунидир) - ҳаммага баробар бўлиши шарт.

Тўғри, бунинг учун бир йилни йўқотиш керак эди ва Аҳмаджонов шунга рози бўлмади. Интервью давомида ҳам нима учун яна кутиш кераклиги ҳақида ёзғирган. Аммо регламент талаб қилган бўлса, кутиш шарт эди.

Нима учун шарт? Чунки шунда қонун (регламент) бузилмайди. Эслаб қолинг, агар ЎФФ ўзи чиқарган қоидаларга амал қилмайдиган бўлса, бошқалардан қандай қилиб ҳурмат талаб қилиши мумкин?

Ўйлашимча, бир йил йўқотилган тақдирда ҳам ўзликни сақлаб қолиш шарт эди. ЎФФнинг янги раҳбариятида ниманидир исботлаш учун беш йил муддат бор. Бу вақт ичида қоидага амал қилиб ҳам кўп нарсаларга улгуриш мумкин.

ТАЪТИЛ

ЎФФ президенти суҳбат давомида бир нарсага алоҳида эътибор қаратган - олий лигада мавсум оралиғида уч ойлик танаффус бўлган ва футболчиларга 10-20 кунлаб дам берилган. Айнан шу нарса ўйинчиларнинг жисмоний тайёргарлигига зарар келтирган.

Очиғи, бундай фикрга нима сабаб бўлганига тушуниш қийин. Чунки футболчиларни таътилга чиқариш амалиёти фақат бизда эмас, бутун дунёда бор.

Масалан, ҳозир Испания, Италия, Германия ва Франция чемпионатлари қишки таътилга чиқди ва ўйинчилар дунёнинг турли чеккаларига дам олиш учун кетишган.

Улар бир кунлик ҳордиқ учун уч қадам ортга ташлашмайди. Аксинча, «яхши дам - меҳнатга ҳамдам» нақли футболга ҳам хос. Масалан, Англия футболи худди шундай танаффус йўқлигидан кўп жабр чеккан.

Премьер-лигада Янги йил арафасида «боксинг дей» ўтказилади ва клублар ҳар икки-уч кунда ўйин ўтказишади. Футболчиларга дам берилмаслигидан эса Хосеп Гвардиола, Антонио Конте ва Жозе Моуриньо каби таниқли мураббийлар кўп нолишган.

Айнан шу туфайли АПЛда иштирок этадиган клублар мавсумни жуда ҳорғин ҳолатда якунлашади. Ким билади, дейсиз, Англия термасининг Европа ва жаҳон чемпионатларидаги муваффақиятсизликларига ҳам балки шу сабаб бўлаётгандир?

Аммо Умид Аҳмаджоновни бир масалада мутлақо ноҳақ деб бўлмайди. Масалан, аксарият футболчиларнинг таътилдан кунора чойхонада ёғлиқ палов еб, ортиқча вазн билан қайтишини тўғри таъкидлабди. Аммо бунга таътил эмас, нопрофессионаллик сабаб бўлади.

Европада футболчилар дам олиш вақти ҳам спорт формасини ушлаш учун машқ қилиб туришади. Бизда эса чойхонага боришади. Бироқ бунинг учун таътилни йўқотиш эмас, шунчаки, ишни тўғри йўлга қўйиш керак, холос. Клубда соғлом рақобат кучайтирилса бўлгани, семириб, югуролмай қолган футболчи ўз-ўзидан четга чиқади.

«ДЕМБЕЛЛИК»

Федерация раҳбарининг яна бир масала бўйича айтганларига қўшилиш лозим. Инсоф юзасидан таъкидлаб ўтиш керакки, ҳали ҳеч қачон ЎФФдек катта ташкилот президенти молиявий масалалар, ФИФА ва ОФКдан келган пуллар қаерга сарфланаётгани, келишилган ўйинлар ва бошқа муаммолар ҳақида бу қадар очиқ гапирмаганди.

Айниқса, «дембеллар» масаласига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Шу вақтга қадар бундай муаммо борлиги ҳақида мутасадди тугул, журналистлар ҳам етарлича гапиришмаганди.

Энди ўз кўзим билан кўрган бир воқеага тўхталсам. Мавзуга жуда мос. Бир сафар Ўзбекистон ёшлар термасини кутиб олиш учун аэропортга чиққанимда гувоҳ бўлганман.

Жамоа учиб келган самолётда қайсидир клубнинг «дембель» футболчиси ҳам бор экан. У ўз иши билан хорижга чиқиб келяпти, бошқалар қатори шунчаки йўловчи, холос. Аммо ёшлар термасидаги футболчилардан бирига бамайлихотир иш буюриб, юкларини кўтаришни буюрган. Илтимос қилмаяпти, буюряпти!

Ёш футболчи эса айтганларини қулоқ қоқмай бажармоқда. Нима учун? Чунки улар бир клубда тўп суришади. Эртага қайтиб борганда «қулоғининг тагида шавла қайнаб қолиши» мумкин. Ёки майдонга тушганда ҳеч ким унга тўп узатмай қўяр. Қай бири ёмонроқ?

Ташқаридан қараганда, жуда хунук кўринганди ўша воқеа. Балки ким учундир арзимасдек туюлар, аммо бу ҳақида очиқ-ойдин гапиргани учун Умид Аҳмаджоновга фақат раҳмат айтиш керак.

Шу вақтга қадар мазкур муаммога ҳатто мураббийлар ҳам эътибор қаратишмаган. Балки уларга клубдаги ички муҳитдан кўра, футболчиларнинг маоши ва мукофот пулидан оладиган чегирмаси муҳимроқ кўрингандир?

ФУТБОЛ КИМ УЧУН?

Шахсан ўзимга интервью давомида айтилган бир гап жуда ёқди. Умид Аҳмаджонов шундай деган: «Бизнинг футбол - халқ эмас, футболчилар учун. Ҳақиқат шунда. Биз қилаётган барча ишлар эса уларни уйғотишга қаратилган. Аввалига яхшилаб югуришсин, халққа хизмат қилишсин. Бунинг учун эса тизимни ўзгартириш керак».

Интервьюдан сўнг Аҳмаджоновга эътирозлар кўп бўлганини айтиб ўтдик. Аммо кимдир мана шу гапларга ҳам қўшилмаса, уни бемалол нохолисликда айблайверинг.

Бўм-бўш стадионлар, келишилган ўйинлар, тотализатор, нохолис ҳакамлик - бизда футбол халқ эмас, мураббий, футболчи ва ҳакамлар учун эканини исботлаш учун яна нима керак?

Клубларнинг бюджети деярли юз фоиз ҳомийлар томонидан ташкил этилади. У ёғига эса турли «ўйинлар» бошланади - мураббий ўз шогирдини жамоага олиб келишга ҳаракат қилади, клуб бошлиғи эса ўзиникини. Чунки унга бериладиган кўтарма пули, маош ва мукофот пулидан ўз ҳиссасига эга бўлиши керак.

Боз устига, футболчи ҳам бунга қарши эмас. Чунки таркибда ўзидан кучлироқ саналган ўйинчилар кўп экани ва соғлом рақобатдан ўтолмаслигини яхши билади. Шундай экан, даромадининг ярмидан воз кечиб, жамоада қолишдан ўзи ҳам манфаатдор.

Нима учун бизда клуб ва ўйинчи ўртасида фақат бир йиллик шартнома имзоланади? Чунки келаси йили яна худди шундай «операция»ни амалга ошириб, пул ишлаб олишга имкон туғилади.

БАБАЯН

У ёғини сўрасангиз, мана шу қин-ғирликлар охир-оқибат Ўзбекистон миллий жамоасига ҳам таъсир ўтказмадими? Юртимизда иқтидорли футболчилар етарлича топилади ва биргина холис мураббий ишлаганда, балки жаҳон чемпионатига чиқардик ҳам. Аммо бутун бошли мамлакат термасини ўзимизнинг олий лигада «тобланган» шахсга топшириб қўйдик.

Оқибат нима бўлди? Игорь Сергеев гол уролмаса ҳам нима учун 12та ўйинда майдонга тушди? Бу саволга Умид Аҳмаджонов шундай жавоб берган: «Бош жамоамиз ЖЧга чиқолмади.

Самвел Бабаян эса Жанубий Кореяга қарши кечадиган ҳал қилувчи ўйин арафасида Голландиядан мураббий таклиф қиляпти. Учрашувга 10 кунгина қолган, бу вақт ичида футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини қандай қилиб ўзгартириш мумкин? Одамлар қорнини йўқотиш учун йиллаб ҳаракат қилишади.

Бу шунчаки мақтанчоқлик, холос. «Мен Голландиядан мураббий таклиф қилдим». Мураббий бу билан халқни алдади. Нима учун шу ишни олдинроқ қилмади? Нега ҳар бир ўйинни, футболчиларнинг жисмоний ҳолатини кузатиб бормади? Нима учун Бабаян ҳар доим Игорь Сергеевни майдонга туширган?

Ягона мақсад - уни хорижга сотиш эди. Бундай мураббийларнинг хаёлида фақат футболчиларни сотиб, пул ишлаш бор, холос». Умид Аҳмаджоновнинг бу гапларига қўшимча қилиш шарт бўлмаса керак. Ҳаммасини очиқ-ойдин айтгани учун барака топсин.

ЯКУНДА

Умид Аҳмаджонов ЎФФ раҳбарлигида 3 ойдан буён ишламоқда. Бу вақт ичида у бошқарган ташкилот анча-мунча хатоларга йўл қўйди. Буни фақат федерацияда ишлаётганларгина тан олмаслиги мумкин. Бошқалар ҳаммасини кўриб турибди. Аммо бир нарсада ЎФФни асло айблай олмайсиз - у дарҳақиқат, ишламоқда.

Тўғри, хатоларга йўл қўяётгандир, аммо ниманидир яхшилашга интилмоқда. Сиз учун қай бири маъқул эканини эса ўзингиз ҳал қилишингиз керак - ҳаммасини силлиққина қолдириб, ҳеч нарсага қўл урмаган маъқулмиди ёки 10та хато эвазига бўлса ҳам битта яхши иш бажаришми?

Албатта, мен ЎФФнинг хатоларини оқламоқчи эмасман, асло. Баъзан ташкилотда футболни тушунадиган одам қолмагандек туюлади. Аммо бунисини маълум вақт ўтгандан сўнг билиб олишимиз мумкин.

Мазкур ҳолатда фақат бир нарса муҳим - ЎФФ хатолардан тўғри хулоса чиқарадими? Агар хулоса чиқара олса, демак ҳаммаси яхши бўлади. Акс ҳолда...

Бу ҳақида энди насиб қилса, бир йилдан сўнг гаплашамиз.

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »

Кун фотоси

«ИНТЕРФУТБОЛ» газетасининг 14-августдаги сешанба сони

  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz