Қайднома

Қидирув

Жамолиддин Шарипов: «ЎФФ янгиланиши сабаб режаларимиз ўзгариб кетди»

Жамолиддин Шарипов: «ЎФФ янгиланиши сабаб режаларимиз ўзгариб кетди»

  08.01.2018 03:36
  0
  274
Жамолиддин Шарипов: «ЎФФ янгиланиши сабаб режаларимиз ўзгариб кетди»

Футзал бўйича 2018 йилги мавсум ҳам худди футболда бўлгани каби янги формат асосида ўтади.

Режага кўра, март ойида старт оладиган Ўзбекистон чемпионатида олий лига жамоалари илк маротаба уй-сафар тизимида иштирок этишади. Афтидан, ҳозирги ҳолатда ички биринчиликда узоқ танаффус юзага келадиган кўринади.

Февраль ойида ўтказиладиган Осиё чемпионатида қатнашадиган термамиз учун эса бу яхши ҳолат эмас. Расмий учрашувлар йўқлиги сабаб футзалчиларимиз ўйин амалиётисиз қолиб кетишяпти.

Шунга қарамай, клублар ҳамда термамиз ўқув-машғулот йиғинларини тўхтатмаяпти. Биз Ўзбекистон чемпиони - «Олмалиқ» жамоаси етакчи футзалчиси Жамолиддин Шариповдан интервью олдик.

- Жамолиддин, «Олмалиқ»нинг янги мавсумга тайёргарлиги қандай кетяпти?

- Аслида машғулотларга август ойидаёқ киришгандик. Шу пайтгача чемпионат баҳслари сентябрь ёки октябрь ойидан бошланарди. Лекин ЎФФнинг бироз кутилмаган қарори туфайли янги мавсумга март ойидан старт бериладиган бўлди.

Бунинг натижасида олий лига клубларининг режалари ўзгариб кетди. Шунга биноан янги йилдан машғулотларни бошлаймиз.

- Таркибда ўзгаришлар борми?

- Ҳа. Тажрибали футзалчиларимиз бошқа клубларга ўтиб кетишди. Масалан, Артур Юнусов «Локомотив», Дилшод Ирсалиев «Пахтакор» билан шартнома имзолади. Ўз ўрнида, сафимизга қўшилганлар ҳам бор.

«Ардус»дан Даврон Абдураҳмонов янги мавсумни «Олмалиқ» таркибида бошлашга яқин турибди. «Металлург»да ижара асосида ўйнаган Суннат Куралов жамоамизга қайтди. Янги йилдан бошланадиган йиғинимизда яна кўплаб футзалчиларнинг кўрикдан ўтиши кутиляпти.

- Юқорида ЎФФнинг янгилиги ҳақида гапирдингиз. Футзалчилар уни қандай қабул қилишди?

- Шахсан мен учун бу жуда қизиқ туюлмоқда. Барча футзалчилар қатори чемпионат бошланишини сабрсизлик билан кутяпман. Унинг қанчалик самарали бўлишини, албатта, вақт кўрсатади.

- Жамоалар узоқ вақт ўйин амалиётисиз қолиб кетишяпти. Мартгача ҳали анча вақт бор. Бу зарарга ишламасмикан?

- Ушбу масалада бир нима дейиш қийин. Лекин футзалчи учун ўйин амалиёти жуда муҳим.

Албатта, чемпионат бошлангунига қадар ўртоқлик ўйинлари ўтказилади. Лекин назорат баҳслари барибир, расмий учрашувлар ўрнини боса олмайди. Хуллас, янги тизимга кўникишга мажбурмиз.

- «Олмалиқ»нинг ўтган йилги иштироки клуб раҳбарияти томонидан муҳокама қилиндими?

- Ҳа, Олмалиқда мавсум якунларига бағишланган йиғилиш ва унинг якунида катта концерт дастури бўлиб ўтди. Клубимиз раҳбарлари чемпионлик билан табриклашди, совға-саломлар улашилди.

- Янги мавсум учун режалар тасдиқландими?

- Бизга бу ҳақда айтишмади. Шу кунларда ўз базамизда янги мавсумга тайёргарлик кўриш учун йиғиламиз. Бўлажак йиғинда режалар билан таништиришса керак.

- Жамоа билан шартномангиз қанча муддатга имзоланган?

- Битим якунига етганди. Яқинда клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби билан келишган ҳолда келишувни яна бир йилга узайтирдик.

- Қолган жамоалар ҳам таркибларини сезиларли даражада кучайтиришяпти. Шу маънода, янги мавсумдан нималар кутяпсиз?

- Ўтган йили «олтин дубл»га эришдик. Лекин чемпион бўлишдан кўра, уни ҳимоя қилиш қийинроқ, дейишади. Табиийки, шунга монанд тарзда тайёргарлик кўрамиз. Ҳозирдан ҳеч иккиланишсиз айтишим мумкинки, келаси мавсум ҳар қачонгидан ҳам шиддатли ўтади.

Биринчи галда чемпионатимиз янги тизим асосида ўтказилади. Қолаверса, бизга рақобатчи бўлиши кутилаётган жамоалар сиз айтгандек, таркибларини кучайтириб олишди. Айниқса, «Пахтакор» бу борада фаоллик кўрсатди.

- Терма жамоадаги фаолиятингиз якунландими?

- Худди шундай. Колумбияда ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг терма таркибида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Тажрибали футзалчилар фаолиятларини якунлашди. Уларнинг ўрнини ёшлар эгаллашди. Бу нормал ҳолат.

Чунки кейинги мундиалга қадар янги жамоани шакллантириб бориш лозим. Ҳозирдан ўзгаришлар амалга оширилса, ёшлар мундиалнинг саралаш баҳсларига қадар тайёр бўлишади. Шуни тўғри тушунган ҳолатда дўстларим қатори мен ҳам термадаги фаолиятимни якунладим. Лекин клубда ўйнашда давом этаман.

- Хосе Мария Мендездан кейинги терма жамоанинг ўйинлари ҳақида нима дейсиз?

- Сўнгги йилларда қўлга киритилган муваффақиятларда Пулписнинг хизматлари катта. Айнан унинг қўл остида жамоа футзалимиз тарихида илк бор жаҳон чемпионатида қатнашди.

Бугунги кунда бош мураббий Баҳодир Аҳмедов испаниялик мутахассиснинг ишини худди ўша йўналишда давом эттирмоқда. Унга Нодир Элибоев яқиндан ёрдам беряпти.

- Осиё чемпионати қуръаси ҳақида фикрингиз қандай?

- Бу гуруҳдан чиқишимиз керак, чунки рақиблар биздан кучли эмас. Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида японларни мағлуб этишни уддаладик. Лекин ўйинлар осон кечмайди.

Қитъа чемпионатининг финал босқичига кучсиз жамоалар чиқмаган. Уларнинг ҳар бири ўз олдига улкан мақсадлар қўйгани аниқ. Албатта, биринчи галдаги вазифа - гуруҳдан чиқиб олиш.

К. АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.