Қайднома

Қидирув

Килиан Мбаппе: «Реал»дан ўтсак, қолганлар қалтираб қолишади»

Килиан Мбаппе: «Реал»дан ўтсак, қолганлар қалтираб қолишади»

  11.01.2018 11:41
  0
  4324
Килиан Мбаппе: «Реал»дан ўтсак, қолганлар қалтираб қолишади»

«ПСЖ»нинг иқтидорли ҳужумчиси Marca нашри мухбирига ўзининг болаликдаги «кумир»лари, «Реал»га қарши нимчорак финал беллашувлари арафасида жамоа олдида турган вазифалар ва нима учун пойтахт клуби таклифини мамнуният билан қабул қилгани ҳақида гапириб берди.

- Кўпчилик «Реал» - «ПСЖ» қарама-қаршилигини муддатидан аввалги финалга қиёсламоқда. Бу фикрга қўшиласизми?

- Ҳа. Чунки бу дунёнинг энг кучли икки жамоаси ўртасидаги беллашув. Кучли клуб битта - «Реал». У Чемпионлар кубогига ҳаммадан кўпроқ сазовор бўлган, қаторасига икки мавсумдан бери нуфузли совринга эгалик қилмоқда. Биз эса энди қаддимизни ростлаяпмиз. Лекин қарама-қаршиликнинг ўта кескин бўлишига кафолат бераман. «Сантьяго Бернабеу»га фақат ғалаба илинжида борамиз.

- Мадриднинг бош аренасига йўл олиш арафасида ҳиссиётлар қандай?

- Бир қатор машҳур стадионларда ўйнаганман. Лекин «Сантьяго Бернабеу»да эмас. Шу боис, у ерга бир кун аввал боришни, стадион билан танишиб, ўйинга пухта тайёргарлик кўришни истардим.

- Айрим футболчилар ёрқин ўйинлари билан из қолдирадилар. Бу сиз учун қўшимча мотивация бўла оладими?

- Мотивация бу сиз ҳам талаб даражасида - нимчорак финалдан бошлаб барча учрашувлар муҳим аҳамият касб этади. Мадридда нималарга қодир эканлигимизни бутун дунёга намойиш этиш имконига эгамиз. Хуллас, жамоа­мизни фақат ғалаба қониқтиради.

- Рақибнинг шонли тарихи ва сон-саноқсиз совринлари халал бермайдими?

- Албатта, юксак натижалар ва буюк тарихга муносиб эҳтиром бажо келтирамиз. Лекин майдонга тушганимизда бутун эътиборимиз ўйинда бўлади. Биздан фақат ўз маҳоратимизни намойиш этиш талаб қилинади.

- «Реал»нинг қайси хусусияти сизга кўпроқ ёқади?

- Жамоанинг ҳамжиҳатлиги. Ҳар бир позицияда рақибимиз чинакам юлдузларга эга, улар ўз вазифаларини яхши билишади. Боз устига, анчадан бери ёнма-ён тўп суришади.

- Роналдуга қарши ўйнаш - нав­батдаги даҳо билан учрашишми?

- Ҳа, Криштиану - болалик пайтимда «кумир»им бўлган. Вальдебебасда у билан илк марта танишганимда ўзимни бахтиёр ҳис этганман. Лекин ҳозир у - рақибим, ўртага муҳим ғалаба қў­йилган. Шу сабабли, кимга қарши тўп суришимдан қатъий назар фақат ғалабани кўзлайман.

- Лекин Роналду сиз учун намуна бўлиб қолаверадими?

- Албатта, у каби ўйинчилардан кўп нарсаларни ўрганиш мумкин. 5та «Олтин тўп» кўп нарсани англатади. Роналду - фантастик ўйинчи. Аммо Парижда ҳам ундан қолишмайдиган футболчилар бор. Масалан, Неймарнинг савияси уникидан паст эмас. Кавани ҳам моҳир ҳужумчи.

- Жамоангиздаги ҳужумкор учлик - MCN (Мбаппе - Кавани - Неймар) ажойиб ҳамкорликни йўлга қўйишган. Уни сақлаб қолиш қанчалик муҳим?

- Очиғи, бу борада ўйлаб ҳам кўрмаганман. Биз учун энг кучли ҳужум чизиғига эга бўлиш эмас, энг кучли жамоага айланиш муҳимроқ. Сермаҳсул трио сифатида эътироф этишлари ёқимли, албатта. Аммо бу ҳеч нарса бермайди. Ғалабани эса яхлит жамоа таъминлайди.

- Сўнгги йилларда жамоангиз Европа тожига даъвогарлик қилмоқда. Ҳозирда ажойиб таркибга эга. Айтинг-чи, «ПСЖ» учун зафарлар даври келдими?

- Нега энди «йўқ» дейишим керак? ЕЧЛнинг гуруҳ босқичини ажо­йиб тарзда босиб ўтдик, амалдаги чемпионни мусобақадан чиқариб юбориш имкониятига эга бўлиб турибмиз.

Рақибимизда ўз унвонини ҳимоя қилишдек масъулият босими мавжуд, биз эса бундай юкдан холимиз. Демак, эркинроқ ҳаракат қилиш имконига эгамиз.

- Неймар майдонда сизга устозлик вазифасини ҳам адо этади. Унинг ўйинларидан завқ олиш муваффақият калитими?

- Четдан кузатадиган кишиларда Неймар ўзгача таассурот қолдиради. Кўпчилик уни кўнгилхушликларни ёқтирадиган, фақат ўзини ўйлайдиган худбин сифатида тасаввур қилишади. Бироқ амалда бундай эмас. Буни Неймар билан бир жамоада ўйнаётганлар, у билан дўстлашганлар яхши биладилар.

У атрофидагиларга бефарқ бўлмаган, жамоа манфаатларини устун қўядиган ажойиб инсон ва садоқатли дўст. Дарҳақиқат, ўйин услуби дриблингга асосланган. Аммо ундан бундай қилмасликни сўраш, тўғри эмас. Финтлар бобида ҳеч ким унга тенглаша олмайди. У эса шу устунлиги эвазига ғалабани таъминлаши мумкин. Буни қадрлаш керак.

- Сиз ўзингизга харидор бўлган жамоага қарши ўйнашдан хижолатда бўлмайсизми?

- Йўқ, бу футболчи фаолиятида учраб турадиган ҳолат. «Реал»га ўтишим хусусида гап-сўзлар кўпайди, музокаралар ҳам бўлиб ўтди. Бироқ улар энди ўтмишда қолди. Ҳозир «ПСЖ» аъзосиман ва унинг шарафини ҳимоя қилиш учун бор маҳоратимни ишга соламан.

- Айтинг-чи, «Реал» ва «Барселона»нинг гегемонлиги давом этяптими?

- Сўнгги йилларда бу клублар етакчилик қилишди. Лекин ҳозир уларга муносиб қаршилик қила оладиган жамоалар шаклланди. «Манчестер Сити» - кучли, биз ҳам осонликча ён бермаймиз, бу ёқда «Ювентус», «Бавария» дегандек...

- Демак, «Реал» билан бўладиган қарама-қаршилик парижликлар ло­йиҳасининг қанчалик жиддий эканини кўрсатиб берар экан-да?

- Шубҳасиз. Бу жуфтликда ғолиб чиққан жамоа ЕЧЛнинг фаворитига айланади. Агар биз «қироллик клуби» тўсиғидан ўта олсак, қолганларнинг тиззалари қалтираб қолиши аниқ. Ва аксинча, «Реал» кейинги босқичга чиқса ҳам шундай бўлади.

- Нима учун Парижга ўтишга қарор қилдингиз?

- Чунки, у - она шаҳрим. Менинг ўрнимда мадридлик футболчи ҳам шундай йўл тутган бўларди. «ПСЖ» шарафини ҳимоя қилишга бел боғладим ва бу билан фахрланаман.

- Бироқ жуда ёшсиз. Келажакда ҳар қандай воқеа содир бўлиши мумкин.

- Сиз ҳақсиз, келажакда нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Ҳали узоқ тўп суришимга умид қиламан ва дунёнинг энг кучли клубида ўйнашни истайман. «ПСЖ»да шундай имкониятлар бор. Агар жамоа мен билан биргаликда юксалишда давом этса, уни тарк этиш учун менда ҳеч қандай асос қолмайди.

- Айнан сизга хос бўлган учқур тезликни қаердан олгансиз? Бу туғма истеъдодми ёки машаққатли маш­ғулотлар маҳсули?

- Мен доимо тез ҳаракат қилишга одатланганман. Лекин уни янада ошириш учун анчагина тер тўкишга тўғри келган. Доимо яхши спорт формасида бўлиш учун тинимсиз машқ қилиш талаб этилади.

- Энди 19 ёшга чиққанингизга қарамасдан, кўплаб рекордларни янгиладингиз. Масалан, ЕЧЛ тарихидаги энг ёш тўпурар. Сизнинг ёшингизда бундай сермаҳсулликни ҳеч ким кўрсата олмаган. Муваффақиятлар сири бошингиздами ёки оёқларингизда? Балки оила аъзоларингиз таъсиридандир?

- Ҳа, биринчи навбатда оила аъзоларим кўмагининг самараси. Улар доим мен билан. Шиддатли воқеалар қуршовида эканимда улардан мадад оламан, йиқилсам турғазиб қўйишади, мустаҳкам туришга ўргатишади.

Қолаверса, ҳали ҳеч нарсага эриша олмаганимни, совринлардан четда эканимни ҳам мулойим тарзда тушунтирадилар. Шулар туфайли совринлар коллекциясини яратишни дилимга тугиб қўйдим. Шулар туфайли терга ботгунча машқ қилишга одатландим.

- Бошқа юлдузлардан кўра барвақт порлаганингиз наҳотки ўзингизга ишонишингиз учун камлик қилса?

- Тўғри, рекордлар қачондир янгиланиши учун қайд этилади. Буни уддалаган футболчида ўз кучига бўлган ишонч ортади. Аммо бу сов­рин билан тенглаша олмайди. Бу борада мақтана олмайман.

- «Реал»га қарши баҳсда сиз ватандошингиз Рафаэль Варан билан учрашасиз. Бу иқтидорли футболчи билан алоқа ўрнатганмисиз?

- Албатта, у ибрат олишга арзийдиган ажойиб футболчи. Рақибларини ҳурмат қиладиган ва кўплаб совринларни қўлга киритган профессионал. Франция терма жамоасида ҳам юксак савияда тўп суради.

- Бенземанинг терма жамоага жалб этилмаётгани испанияликларни ҳайрон қолдирмоқда. Сиз қандай фикрдасиз?

- Биз учун Карим ажойиб ўйинчи. Лекин очиғи, у билан қандай воқеалар юз берганлигини аниқ билмайман. Шу боис, бу масалага изоҳ беролмайман.

- Ватандошларингиз орасида кимга ҳавас қиласиз?

- Зиданга! Уни бутун Франция яхши кўради. Футбол ишқибозлари эса уни даҳо сифатида ҳурмат қиладилар. Унинг «Реал»да эришган натижалари ҳам ҳайратланарли. Чунки, «Қироллик клуби»ни бошқаришнинг ўзиёқ унча-мунча мураббийнинг қўлидан келмайди!

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz