Қайднома

Қидирув

Ислоҳотлар мавсум имтиҳонига ҳозирланмоқда

Ислоҳотлар мавсум имтиҳонига ҳозирланмоқда

  11.01.2018 11:51
  0
  713
Ислоҳотлар мавсум имтиҳонига ҳозирланмоқда

Муҳтарам мухлис!

Аввало, янги йилда яна ғойибона учрашаётганимиздан мамнунлигимизни таъкидламоқчимиз. Ортда қолган йил давомида газетамизнинг 2-3-саҳифаларида 50дан ортиқ мақоламизни халқимизга ҳавола қилдик ва бунда кенг омманинг фикр-мулоҳазаларига алоҳида эътибор қаратдик

. Энг асосийси, биз илгари сурган ғояларнинг аксарияти мухлислар, мутахассислар ва футболимиз мутасаддилари томонидан қўллаб-қувватланди. Мутасаддилар деганда, ЎФФнинг янги таркибини назарда тутмоқдамиз, албатта. Бу - журналист учун катта мукофот ва инновацион ғоялар таклиф этилиши учун ўзига хос трамплин.

Зеро, таклиф ва ташаббуси маъқулланган қалам соҳиби янада кўпроқ изланади ва янги-янги ғояларни ўртага ташлайди. Бошқача айтганда, кўпчиликнинг ишончи, таклифларининг инобатга олиниши ижод аҳли учун илҳом манбаи ҳисобланади.

Шу маънода айтсак, «ИнтерФутбол»нинг 2017 йил 28 ноябрда чоп этилган 95-сонида берилган «Суперлига учинчи давраси механизмига муносабат» номли мақоламизда билдирилган таклифларимиз янги мавсум регламентида ҳисобга олинганидан бошимиз кўкка етди.

Аслида 2 йил аввал, яъни газетамизнинг 2015 йил 8 декабрдаги 97-сонида ёритилган мулоҳазалар, ниҳоят, ПФЛ томонидан маъқулланди. Матбуотнинг сўзига СЎЗ ўрнида қарашгани учун ПФЛ мутасаддиларига раҳмат! Ҳа, Президент Шавкат Мирзиёевнинг янгиланиш ва уйғонишга чорловчи нутқлари ўз самарасини бера бошлади.

Янги йил бошида фахр билан айтиш мумкинки, «ИнтерФутбол» таҳририяти ўзгача ишлаш кайфиятига анча аввалдан тайёр эди. Газета асосчиси ва бош муҳаррири Аҳадхон Абдуҳамитовнинг талаби ҳамиша қатъият руҳига асосланган ва ишончимиз комилки, кейинчалик ҳам шундай  бўлиб қолади.

Агар у қўллаб-қувватламаганида, янгича ёзишга чорламаганида, бугун ҳаётга татбиқ этилаётган таклиф ва ғоялар балки қоғозга тушмасми-ди? Футболимизда қандайдир муаммо кўзга ташланяптими ва бундан мухлислар асосли равишда норозими?

«ИнтерФутбол» дарҳол шу муаммо ва уни бартараф этиш йўлларини ёритади. Футболимиз мутасаддилари томонидан амалга оширилаётган умидбахш ислоҳотларни тарғиб қилиш, зарур пайт уларни қўллаб-қувватлаш ҳам «ИнтерФутбол» журналистлари учун бош миссиядир. Таъбир жоиз бўлса, бу таҳририят концепцияси!

Мамлакатимиз раҳбари халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирокчиларга «Янги лойиҳаларни амалга оширишга қодир, юксак интеллектуал салоҳиятли, ҳалол ва мард мутахассислар борми?» дея изтироб билан мурожаат қилди.

Бу изтиробга тўла хитобни тинглаган фидойи инсон ҳаётга, атрофидагиларга бефарқ бўлолмайди. Атрофи турли ёшдаги ва савиядаги мутахассисларга тўла Президент нима сабабдан бу саволни ўртага ташлади? Демак, ўша мутахассислар ишончни оқлашмаяпти ёки ҳарчанд уринишмасин, бунга имкон ва куч топишолмаяпти.

Юқорида айтганимиздек, ҳамма гап ислоҳотларга ҳар жиҳатдан тайёр бўлишда. Ўзгаришлар ва янгиланишлар даврига ҳам руҳий, ҳам интеллектуал нуқтаи назардан ҳозирланмаганлар ислоҳотларнинг тезкор ва тиғиз босими остида довдираб қолишлари аниқ. Тасалли шуки, ЎФФ ва ПФЛ мутасаддилари мана шундай тараққиётнинг барҳаёт босимига дош беришмоқда.

Наинки бардошларини кўрсатишмоқда, балки бу босимни енгиб ўтиб, кимларнидир довдиратувчи ислоҳотларни беқиёс жасорат билан ҳаётга татбиқ этишмоқда. Чемпионатимиз форматини ўзгартириш билан боғлиқ дадил қарорга алоқадор ғашлик ҳамон айримлар кўнглидан аримаётгани ҳам фикримиз исботидир.

Шу каби мулоҳазаларни газетамизнинг аввалги сонида ўқиган мухлислар бироз таажжубланишди ҳам. Уларга қарата айтамизки, «Матбуот - ошкоралик минбари ва гоҳо шундай мулоҳазаларга ўрин берилади!» Демоқчимизки, таҳририят ўз позициясида қатъий ва кимларгадир ёқмаслигидан қатъий назар, ЎФФ ва ПФЛ ислоҳотлар йўлидан чекинмаслигини жуда яхши билади. Умуман олганда, ислоҳотларга ғашлик билан қарайдиганлар тоифаси ҳар бир соҳада бор ва футболимиз ҳам бундан мустасно эмас.

Ота учун қайси бири афзал ва азиз: айтганига амал қилиб, «Борса келмас» йўлдан юрган ва фалокатга учраган фарзандми ёки ақл билан иш тутиб, «Борса келар» йўлини танлаган ва унинг орзуларини рўёбга чиқарган Кенжа ботир? Албатта, Кенжа ботир! Кўра била туриб, ота айтгани учун чоҳга бориш нодонликдир.

Она Ватан учун оқибати ҳалокатли жангга кириш - бутунлай бошқа масала. Футболимизни чоҳда ушлаб турган регламент умрини яна бир йилга узайтириш ҳақида ўйлаш тараққиёт мантиғига мутлақо тўғри келмасди. Бўлди энди! Ўша мавзу муҳокамасини тўхтатайлик. Янги мавсум эшик қоқаётган бир паллада эски «нағма»ларни эслашнинг нима кераги бор?

Ислоҳотлар аллақачон йўлга чиқди ва ортга қайтмайди, барибир. Тақдир 2017 йили футболимизга улкан имконлар яратди. ЎФФдаги ислоҳотлар аслида ўтган йилнинг июлида бошланиши лозим эди. Минг афсуски, Самвел Бабаян терма жамоамизни ЖЧга олиб чиқолмаслигини билсакда, сўнгги икки ўйин натижасини кутдик.

Кутмаслик керак эди! Шу бемаврид кутиш сабаб, балки мухлислар орзуси яна 4 йил сабр косаси тубига чўкди. Шуни била туриб, қалам соҳиби эски регламент умрини бир йилга узайтириш хусусида ёзса, бу энди хижолатли ҳол. Бошқа тарафдан олсак, бундай ёндашув матбуот сўзига маҳтал мухлислар кўнглига ғулғула солади, уларни чалғитади, иккилантиради.

Умид қиламизки, ҳамкасбларимиз бизни тўғри тушунадилар. Бу гап айниқса, янги регламентга нисбатан «Энди математик ҳисоб-китобларга тайёр туришимиз керак» қабилида истеҳзо билан қараётганларга тааллуқли. Унутмайликки, биз кучли бешлик сирасига кирувчи чемпионат эмас, балки миллий футболимиз муҳитида яшаяпмиз.

Чемпионатимиз ҳозирги ҳолатда онг ва тафаккур, инсоф ва диёнатга асосланган тизимга тайёр эмас. Футболимизни оловлантириш ва чинакам рақобатга тўйинтириш учун бугун мажбуриятга асосланган шундай регламентга эҳтиёж мавжуд. Бу шундай тизимки, унда жамоалар хоҳласа-хоҳламаса, ўзаро кескин рақобатлашишга мажбур. Рақобатни истамаган жамоа мухлислари олдида шарманда бўлиши муқаррар.

Мулоҳазаларимиз якунида ЎФФнинг яна бир ижобий таъсирини тилга оламиз. Гап шундаки, Равшан Ҳайдаров Таиланддаги халқаро турнирнинг дастлабки учрашувидан сўнг мутасаддилардан ғолиб бўлиш ҳақида махсус топшириқ олганини айтди. Яққол сезилдики, мураббийнинг ўзида аввал бундай режа бўлмаган.

Хуллас, у ўзи уйғонмади, аксинча, уйғотишди. Бугун футболимизда шундай руҳ ҳукмрон. Кўпчилик уйғонишни истамаяпти гўё. Аммо уйғонмасликнинг асло иложи йўқ. Ўйлаймизки, 23 ёшнинг нари-берисидаги, футболда суяги қотиб улгурган йигитлар буни теран англашади. Илло, ислоҳотларга интизор янги мавсум дастлаб айнан уларнинг ғалабаларини нишонлашга шай!

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz