Қайднома

Қидирув

«А» Сериясидаги энг ёш «Ювентино»нинг интервьюси

«А» Сериясидаги энг ёш «Ювентино»нинг интервьюси

  12.01.2018 03:34
  0
  872
«А» Сериясидаги энг ёш «Ювентино»нинг интервьюси

Мойзе Кин 28 февраль куни 18 ёшга тўлади. Эътибор беринг, кўплаб тенгдошларининг орзу чегарасига ҳам сиғмайдиган натижалар унинг учун реалликка айланиб улгурди:

«А» серияси ва Чемпионлар Лигасидаги дебют (Кин - 2000 йилдан кейин туғилганлар орасида бундай бахтга эришган европалик биринчи футболчи), «Ювентус»нинг асосий жамоаси учун урилган илк гол…

Муҳими, Мойзе жорий мавсум «Верона»да ҳам алоҳида иқтидор эгаси эканлигини исботламоқда. Унинг шахсий статистикаси ҳаммасига далил: 720 дақиқа ва 2та гол.

Ҳа, бу 17 ёшли ўсмир учун чакки эмас. Ромео ва Жульетта шаҳрида кўпчилик «Янги Балотелли» ҳақида гапирмоқда, ҳамма-ҳамма Кинни ўзгача таърифламоқда.

Шунинг ўзиёқ «бьянконерлар» ихтиёридаги асосий вундеркиндлардан бири мавсумнинг биринчи ярмида нақадар яхши ўйнаганини англатади.

Хуллас, Tuttosport нашри 31 декабрь куни «Бентегоди» аренасида ўтказилган «Верона» - «Ювентус» ўйини (1:3) арафасида ёш футболчидан махсус интервью олди.

— Мойзе, август ойида чемпионат танаффусига қадар шунча кўп ўйнашни ўйлаганмидинг?

— Очиғи, «Верона»ни танлаганимда, бундай ҳисоб-китоб билан бош оғритмагандим. Шунчаки, туринликлар яхши кузатиб қўйишди: «У ерга асосий таркибдан жой олиш учун кетяпсан».

Ҳа, ортда қолган вақтда етарли ўйин амалиётига эга бўлдим ва бундан хурсандман. Лекин жамоага янада кўпроқ наф келтириш асносида мухлисларни қувонтиришга қодирлигимни яхши биламан. Тўғри, ҳали ўйин бобида кўп жиҳатларни мукаммаллаштиришим керак.

— Биринчи навбатда, айнан нимани назарда тутяпсан?

— Деярли ҳар доим асосан ўнг оёқ билан зарба йўллайман. Демак, чап оёқни ишга солиш устида алоҳида шуғулланмасам бўлмайди.

— Бироқ «Милан» дарвозасига айнан чап оёқда гол урдинг...

— Бу - тинимсиз ҳаракатларим мукофоти. Энди шу руҳда давом этиб, бўшашмасам, бас.

— Гол шарафига кўплаб SMS-хабарлар олганинг аниқ. Улардан энг ёқимлисини ким жўнатди?

— Онам. У дуо матнини ёзибди.

— Доннарумма дарвозасини ишғол қилгач, қандай ҳиссиётлар оғушида қолдинг?

— Жижо билан дўстмиз: майдонга тушишдан олдин бироз чақчақлашгандик, ўйиндан кейин эса йўлларимиз кесишмади. Доннарумма - жаҳон футболидаги энг иқтидорли киперлардан бири.

Ҳиссиётларга келсак, аввалига гол урганимга ишонмадим ҳатто - таърифланмас туйғу. Шу онда миямда бошқа фикр чарх урди: «Энди яна гол уришга уринишим, жамоамиз ғалаба қозониши керак».

— Доннарумма каби таниқли агент Мино Райола мижозисан. У қайси маслаҳатни кўпроқ такрорлайди?

— Мино мудом Ибрагимовичдан ўрнак олиб ўйнаш кераклигини уқтиради. Айтганча, у мени Златан билан таништириб қўйган - ўзаро муносабатларимиз зўр.

— Хўш, Ибрага хос қайси хусусиятга эга бўлишни истардинг?

— Ишга жиддий ёндашуви ва озгина жаҳлдорлиги мақтовга лойиқ. Менга маъқул ҳужумчилар орасида Балотелли ҳам бор ва у билан ҳам жуда иноқмиз. Марионинг техникаси ва тезлигига ошуфтаман.

— Эътиборлиси, кўпчилик сени «Янги Балотелли» қабилида мақтамоқда. Демак, бундай эътироф ўзингга ёқади, шундайми?

— Мариони моҳир ҳужумчи сифатида қадрлайман. Бироқ футболда ўз номимга эга бўлишни хоҳлайман - Мойзе Кин.

— Айтишларича, «Юве» вакили Стефано Стураро йиғинлар чоғи PlayStation бўйича асосий рақибинг саналган экан...

— Ҳа, жуда кўп ўйнаганмиз. Одатда у «Бавария»ни танларди, мен эса «Реал»ни.

— Виртуал ўйиндаги Кин реал ҳаётдагисига ўхшайдими?

— Йўқ, ижодкорлар негадир тезлигимни пасайтириб қўйишган.

— Агар «Юве» дарвозасига гол урсанг, уни нишонлайсанми?

— Йўқ (Кин ўйинда 82 дақиқа ҳаракатланди, бироқ майдонни голсиз тарк этди).

- Ким билан футболка алмаштиришни истардинг?

- Маркизио ёки Буффон билан. Тўғри, Жижининг ўйингача тикланолмаслиги ҳақида ўқидим. Умуман, унга ҳурматим баланд. Зеро, доимо ўзгача муносабатидан ҳайратланиб келганман.

 Дейлик, ўтган йили менга «Кичкинтой», дея мурожаат қилиб, худди ўғлидек кўрганди. Ёшимиз ўртасидаги фарқни инобатга олсак, бунда ажабланарли томони йўқ.

Айтишим жоиз, Буффон мулоқотда шунчалик оддий ва самимийки, беихтиёр уни сенсирашга ўрганиб қолганман.

— Аллегри билан муносабатларинг қандай?

— Яхши. У барча қатори менга ҳам доимо қаттиққўллик қиларди, аммо бундай ёндашуви аввало, ўзимга фойдали. Ахир «ўчиб» қолган не-не иқтидорларни кўрганман. Шундай экан, ўринли «қўпол»лик учун Аллегридан бир умр миннатдорман.

— Ундан эшитган энг кучли ва оғриқли танбеҳ мазмунини айтиб бера оласанми?

— Айтмаганим маъқул, бундай воқеаларни достон қилишдан маъно йўқ... (кулади).

— «Верона» бош мураббийи Пеккьининг асосий талаби нима?

— Оддий - жамоа учун ўзимни аямай ишлашим керак.

— Футбол ва умуман, ҳаётдаги қайси хатти-ҳаракатингни такрорлашни хоҳламайсан?

— Айни пайтгача жиддий афсус-ланишга сабаб бўладиган қандайдир «жинни»лик қилганим йўқ, менимча.

— Дибала билан машғулотларда қандай ишлаганингларни тез-тез эслаб турсанг керак...

— Ҳа, ёқимли хотиралар. Паулонинг ҳаводаги тўпларни ўзига бўйсиндириши шунчаки, ақлга сиғмайди. Худди оҳанрабоси бордай, тўп унга «ёпишиб» олади!

— Футболга боғлиқ бир хил туш кўриб турасанми?

— Ҳа, нуқул ЧЛ финалида бош билан гол ураман - испан жамоаси дарвозасига (кулади).

— Мавсум учун олдингга аниқ марра қўйганмисан? Дейлик, 10та гол уриш...

— Балки кўпроқ ҳам урарман. Лекин асосийси, аниқ зарбаларим «Торино» учун наф келтириши керак.

— Веронада сенга Туриндаги нима етишмаяпти?

— Витторио бўйлаб сайр. Муҳими, бу ерда ҳам ўзимни яхши ҳис қиляпман: гўзал шаҳар, мазали таомлар.

— Татуировкаларинг орасида алоҳида ўрин тутадигани ҳам борми?

— Ҳар бири маълум маънога эга ва барчаси қадрли. Мисол учун, қўлимда осмон ва зинапоялар акс эттирилган - ёруғ йўл. Зиналар бўйлаб юқорига кўтарилиш учун чинакамига ишлаш шарт.

Қисқача маълумот

Мойзе Кин 2000 йилнинг 28 февраль куни Верчелли шаҳрида ивуарликлар оиласида туғилган. Футбол билан аввалига «Асти» мактабида шуғулланган ва 10 ёшида «Ювентус» ёшлар секторига қўшилган.

2017 йилнинг 27 май куни топ-чемпионатда гол урган янги асрнинг илк вакилига айланди. Тезкор ва кучли марказий ҳужумчи. «Верона»да ижара келишуви асосида тўп сурмоқда.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz