Қайднома

Қидирув

Сангия хотираси учун ёхуд «Манчестер Сити»нинг япониялик идеал ижрочиси

Сангия хотираси учун ёхуд «Манчестер Сити»нинг япониялик идеал ижрочиси

  13.01.2018 06:24
  0
  1557
Сангия хотираси учун ёхуд «Манчестер Сити»нинг япониялик идеал ижрочиси

У хитойлик эмас, балки япониялик. Уни вақтида «Реал» «брак»ка чиқарган, ўзи эса «Барселона» сафига қўшилишдан бош тортган. У ҳозирда «Манчестер Сити»да Хосеп Гвардиолага мисли кўрилмаган миқёсда кўмаклашмоқда. У - жаҳон ва Европа чемпиони. Кўпчилик бу таърифлар моҳир ярим ҳимоячи Давид Сильвага қаратилганини осонгина фаҳмлаган бўлса, ажабмас.

Фожиа ёки байрам?

Давид Сильва қиёфасига қараб, унинг ўта хотиржам йигит эканлигини тушуниш қийин эмас, тўғри, испан йигити охирги «Манчестер дербиси»да сардорлик боғичининг таъсиридами, худди Халкдек таассурот уйғотди.

Сильванинг футболда эришган катта ғалабалари рўйхати шунчалик узунки, унга беихтиёр ҳавасингиз келади. Давид Сильва - жаҳон чемпиони, Европа биринчилигининг икки карра ғолиби, Англия чемпионати олтин медали ва мамлакат кубоги соҳиби.

Аммо ҳақиқат шуки, чинакам чемпионларнинг ҳаёт йўллари фақат ғалабалардан иборат эмас. Улар ҳам худди оддий одамлардек баъзан шунчалик оғир йўқотишларга дуч келишадики, аламини бир умр унутмайдилар, унутолмайдилар... Хуллас, Давид 9 ёшга тўлган вақт унинг суюкли ва меҳрибон холаси Лоли қизчали бўлади.

Давид Сильва охирги вақтларда рақиб дарвозасини забт этгач, ҳар сафар голини оғир хасталик туфайли 5 ёшида вафот этган ўша жияни - Сантия хотирасига бағишламоқда. Футболчининг бутсасида ҳам чиройли ёзув кўзга ташланади - «Сантия». Қўлида эса махсус татуировка бор.

Отасининг алоҳида таъкидлашича, Синтиянинг ўлими Давидни шу даражада эзиб қўйгандики, у атиги бир неча дақиқада ўз-ўзидан улғайиб қолгандек таассурот уйғотган. Чунончи, ориққина йигит Сантиянинг аянчли тақдиридан кейин атрофдаги воқеалар, ҳаттоки, футболга ҳам бошқача ёндаша бошлаганди. Дейлик, Давидни «Реал» мактабига олишмагач, унинг ўзи «Барселона»нинг афсонавий академиясига боришдан бош тортади.

Давидга Лионель Мессидек афсонани тарбиялаган мактабдаги тартиб-интизомнинг ўта қатъийлиги ёқмаганди. Чунки «Ла Масия»да тартиббузарларга кескин чора кўрилар, интизомни бузганлар сира кечирилмасди.

Аслида Сильва кўринишидан қувноқ ва ёмшоқкўнгил йигитга ўхшаса-да, ҳар доим ҳам кимнидир ақл ўргатишига тоқат қилавермайди. Шунинг баробарида доимо ўзгаларга кўмаклашишни хуш кўради. Айниқса, жияни билан рўй берган нохушлик уни бошқа болаларга нисбатан меҳрини оширган... Муҳими, Давид ижтимоий ҳаётдаги хайрли ишлари матбуотда ёритилишини сира истамайди

. Яъни пинҳона хайр-саховатни маъқул кўради. Айтганча, орадан кўп йиллар ўтиб, Давиднинг холаси яна фарзанд кўради ва футболчи Йоанна исмли қизчанинг тутинган отасига айланади.

Хитойлик ёки япон?

Давид Хименес (футболчининг ҳақиқий исм-фамилияси) ёшлигида хитойликка ўхшамасада, Канар ороллари қуёшида тобланган испан йигитларидан алоҳида ажралиб турарди. Хусусан, кўзлари қисиқлиги билан.

Шу боисми, мактабдош ўртоқлари унга қизиқарли лақаб «ёпиштиришади» - «хитойлик». Давид кўчада бирга тўп кетидан чопадиган синфдош дўстларига ота томондан испан, она томондан эса япон эканлигини минг уқтирса-да, болалар «хитойлик» иборасидан воз кечишмайди.

Натижада бу лақаб унга умрбод ёпишиб қолди. Ҳа, Давиднинг онаси Япониядан, аммо исми негадир Эва, фамилияси ҳам японларга хос эмас - Сильва. Ташқи кўринишидан эса ҳақиқий япон аёлига ўхшайди.

Тўғри, Давидга қарасангиз, унинг осиёлик эканлиги тасаввурингизга сиғмайди асло. Шунга қарамай, футболчи томирларида японлар қони ҳам оқаётганидан фахрланади. Яна бир далил - Давид Япония футболи юлдузи - Хидетоши Наката билан қариндош ва айтишларича, болалигида айнан унга ўхшаган экан.

Айтиш керак, қаҳрамонимиз футбол масаласида «Рома»нинг афсонавий хавбегидан аллақачон ўзиб кетишга улгурди. Зеро, у еврофутбол таълимини олган, маълум-у машҳур мураббийлар қўл остида шуғулланган. Дейлик, полициячи сифатида ишлаган отаси вақтида Хуан Карлос Валерон билан бирга тўп сурган.

Давиднинг ўзи кейинчалик «Валенсия» мактабида таҳсил олди ва айнан левантияликлар илтимосига кўра, фамилиясини ўзгартирди - Хименесдан Сильвага айланди. Чунончи, «Лос Чес» академияда Хименес фамилияли футболчилар жуда кўп эди.

Муҳими, Давид «Валенсия»га чинакамига меҳр берди, жамоада бор кучи билан ўйнади. Унинг сотилиши масаласи келсак, клуб трансферга чорасизликдан кўнди - маблағ сув ва ҳаводай зарур бўлганлиги учун. Эътиборли факт, Давид ҳозиргача 2 мартагина жамоа алмаштирди. Бу унда садоқат тушунчаси анча ривожланганидан далолат.

Давид Сильва Валенсияда аввалига доимо ғингшиб юрди, худди Андрес Иньеста «Ла Масия»даги илк кунларда ўзини ноқулай сезгандек. Боиси, болакай ёлғиз яшашга кўникмаганди. Бувисининг айтишича, Давид табиатан барча ғам-ташвишларни ичига ютадиган йигит. Бундай характер билан эса нотаниш шароитга мослашиш жуда қийин.

Асосийси, Давид майдонда ўзини мутлақо эркин тутарди ва шу аснода жамоага киришиб кетди. Хуллас, вақтида «Валенсия»нинг чап қанот вингери ролида намоён бўлган «хитойлик» энди Хосеп Гвардиола учун «Янги Пирло»га айланиб улгурди. Фақат ёдда тутиш керак - «хитойлик» асли япондир!

«Реал» ёки «Барселона»?

Давиднинг Англияга йўл олганига 7 йил бўлди ва бу вақтда жамоадошларининг таърифлари сира ўзгармади - «Сильва - ўта содда йигит». Масалан, у оддийгина таомдан ҳам чинакамига ҳайратланиши мумкин.

Дейлик, бир сафар инглизларнинг олмали пирогини шу даражада мақтаганки, жамоадошлари буни эшитиб, мириқиб кулишган. Тўғри, ички қоидаларни хуш кўрувчи Гвардиола футболчиларга бундай пирог истеъмол қилишни тақиқлаб қўйган. Шундай экан, Сильва ҳозирда ёнғоқ қўшилган олий навли макарон билан чекланишга мажбур.

Хосеп чиндан ҳам, баъзан шафқатсиздек кўринади. У бир сафар ҳаттоки, қора танли «болакай» Эльяким Мангаланинг иссиқ бош кийимини олиб қўйди - машғулотларда кўзига хунук кўринган эмиш. Аммо у ҳамюртини алоҳида қадрлайди.

Дарвоқе, Гвардиола вақтида Давидни «Барселона» сафида кўришни истаганди. Умуман, Хосеп ва Давид ўртасидаги муносабатлар аъло даражада.

Дейлик, футболчи ёзда Пепнинг алоҳида  жамоаси - «тақирбошлар» сафига кириш учун сочини бутунлай олдириб ташлади. Тўғри, хавбек мураббийнинг илк таклифига рад жавоби берганди. Ҳозир ҳам Давиддан бу ҳақда сўрасангиз, у ҳазиллашишни ўрнига қўяди:

«Реал» ёки «Барселона»? Иккиси орасидан «Манчестер Сити»ни танлайман». Унинг кўплаб дўстлари эса бироз бошқача фикрни илгари суришади: «Агар Давид Манчестер эмас, Мадрид ёки Барселонада ўйнаганида,  аллақачон «Иккинчи Иньестага айланарди...». Қизиғи, футболчи болалик ва ўсмирлик йиллари асосан «Барса» вакилларига кумир сифатида қараган.

Дейлик, Микаэль Лаудруп ўйинларидан ҳайратга тушган, Карлес Пуйолга қойил қолган. Аммо ўзи Каталония клубига нисбатан ҳеч қандай меҳр сезмаган. Ҳаттоки, адаши ва энг яқин дўстларидан бири Давид Вилья «Барселона» шарафини ҳимоя қилган вақтларда ҳам.

Ғалаба ёки шон-шараф?

Шундай футболчилар борки, Андрес Иньеста, Андреа Пирло ёки Хави каби ижрочиларга чин рамз ўрнида қарашади. Улар учун шахсий мукофотлар олиб, тарихда қолишнинг аҳамияти йўқдек. Яқинда Нью-Йорк мэри ҳар йили 6 декабрь санаси шаҳарда «Андреа Пирло куни» нишонланишини маълум қилди.

Бундай ёндашув, эътибор, эътироф ҳар қандай «Олтин тўп»дан ҳам муҳимроқ, шундай эмасми? Давид Сильва ҳисобида шахсий совринлари кўп эмасдир, аммо у аллақачон ўз йўлини танлаган - жамоавий муваффақият ҳар нарсадан устун.

Дейлик, кўпчилик Давид Испания термаси тарихида энг кўп фойда келтирган футболчилар рўйхатида 4-ўринга чиқиб олганини ҳаттоки, сезмади ҳам. Факт шуки, у эффект масаласида ҳаттоки, Фернандо Морьентес, Эмилио Бутрагеньо ва Альфредо ди Стефанодан юқорида турибди.

Сильва майдонда кўзга унча ташланмаслиги мумкин, аммо ҳар доим ғалаба йўлида катта ҳажмда иш бажаришга одатланган. Унинг Испания термаси сафида Давид Вилья, Рауль, Карлес Пуйоль ва Хаби Алонсо каби афсоналардан ҳам кўпроқ майдонга тушгани нимадан далолат?

Умуман, ярим ҳимоячи Испания термаси сафидаги ўйинлари сони бўйича ҳали Андрес Иньестадан ҳам ўзиб кетиши мумкин, фақат Икер Касильяс рекордини янгилаш иложсиз. Хулоса битта - Сильва барқарорлик рамзидир. Дарвоқе, айримлар Давид ёшлигида шарқ яккакурашлари билан шуғулланганини айтишади.

Бу гапда асос йўқ. Давид муштлашишни билмайди. Тўғри, у «МЮ»га қарши кечган охирги дербида «Сити» сардори сифатида майдон марказида юзага келган тортишувларга қўшилди. Шунга қарамай, айтиш керак, ҳозирча Манчестер футболида биргина қора белбоғ соҳиби бор - Златан Ибрагимович.

«Юнайтед» ёки Сити?

«МЮ» мухлислари охирги дерби натижасидан жиғибийрон бўлишгани тайин, «Сити» тарафдорлари эса жамоанинг кутилганидан-да ёрқинроқ ўйин намойиш этаётганидан сармастлар. 2:1 ҳисобида «Сити» ғалабаси билан якунланган дербида биринчи гол айнан Давид ҳисобига ёзилди.

Кейин у Николас Отамендини самарали зарба йўлига чиқарди. Омад ҳамиша кучлига кулиб боқади - Сильва жорий мавсум дарҳақиқат, жуда муваффақиятли тўп сурмоқда. У АПЛдаги энг кучли 10 нафар футболчи рўйхатида турибди. Ҳа, Гвардиола тасарруфида майдонда ажиб ҳаракатланаётган қиёси йўқ ассистент бор экан, «шаҳарликлар» кейинги ўйинларга ҳам хотиржам қарашса бўлаверади.

Дейлик, «Манчестер дербиси»нинг 64-дақиқасида Сильва ажойиб узатмани амалга оширганида, кўпчилик жамоада ким асл етакчи эканлигини теран тушунди. У 31 ёшида Иньеста ва Пирло каби аслар қаторига қўшилиб улгурди. Давид ўз ўйини ва юзини сира йўқотмаган, япон ҳар доим майдонда фаоллиги билан ажралиб туради.

Гвардиола жамоаси жорий мавсум чинакам мўъжизавий ўйин намойиш қилаётганида ҳам Сильванинг роли катта. Алоҳида айтиш ўринли, Испания термаси вакили бу йил ниҳоят, Чемпионлар Лигасида илк марта бош совринни қўлга киритиш учун реал имкониятга эга. Ўхшамай қолса, бу борада Ибрагимовичга қулоқ солиши керак.

Зеро, Златан ғолибона фаолиятини биргина шу нуфузли совринга асло алмаштирмаслигини айтган. Сильва ҳам шундай ўйлашга ҳақли, ахир у ЧЛда ғолиб чиқмай туриб ҳам, испан футболи афсоналари сафидан жой олди. Инглиз футболи билимдонлари аллақачон тан олишган - Давид ажойиб узатмалар ва чиройли голларни юзага келтирадиган бетакрор плеймейкер.

Яна «Манчестер дербиси»ни эсга оламиз - дарвозабон Мораес Эдерсон чакки ҳаракат қилмади, кетма-кет берилган икки зарбани бартараф этди, лекин Сильванинг голи ва узатмаси бўлмаганида, «Юнайтед» мағлубиятдан қутулиб қолиши ҳеч гап эмасди.

Энди Гвардиоланинг бир гапига эътибор қаратинг: «Сити»ни бошқаришга розилик берганим сабабларидан бири - таркибда Давиддек ижрочининг борлиги. Бундай футболчилар билан бемалол совринлар учун курашиш мумкин». Демак, Сильвани  томирларида осиёликлар қони оқаётган энг кучли футболчи сифатида таърифлаш ҳам мумкин.

И.ОБИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz