Қайднома

Қидирув

Янги иш ёхуд болалар футболи ҳақида

Янги иш ёхуд болалар футболи ҳақида

  13.01.2018 00:18
  1
  897
Янги иш ёхуд болалар футболи ҳақида

Футболи ривожланмаган ҳар бир ўлка борки, у ерда аввало, болалар билан ишлаш тизимини юқори даражага кўтариш ҳақида бош қотиришади.

Футболда бугуни ўхшамай турганлар учун келажакка умид боғлаш - энг яхши йўл ва  восита. Аммо болалар футболини янги босқичга олиб чиқиш осон эмас, албатта. Бунинг учун ҳар бир қадамни обдон ўйлаб босиш талаб этилади.

Мураккаблик томони шуки, қайси қадам қай даражада тўғри ёки нотўғри эканлигини дарҳол, шу оннинг ўзида эмас, узоқ йиллар ўтгачгина билиш мумкин. Унгача хатога йўл қўйиб, барчасини барбод қилган киши аллақачон «Канада чегараси»га етиб олган бўлади.

Яъни айбдорни жазолаш имконсиз, барибир. Хуллас, хато йўл танланса, ҳаммасини жимгина янгитдан бошлашга тўғри келади. Энг ёмони, навбатдаги уриниш ҳам аввалгисидек натижасиз якунланмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди...

Ўзбек футболи ҳозир янгиланиш йўлида турибди. Демакки, болалар футболи масаласида ҳам янгиликка қўл уриш вақти келди. Тушунарлики, федерация аввалги хатолар яна такрорланишини истамайди. Шу сабабми, янги раҳбарият томонидан ўзгача йўл танланди.

Тасдиқланган дастурга кўра, мамлакатимиз 4та ҳудудга бўлинди ва ҳар бири учун алоҳида ривожланиш йўли белгиланди. Муҳими, ҳудудларда болалар футболи бўйича ишларни янада яхшилаш мақсадида Европа мамлакатларидан мутахассислар таклиф этилди. Энди водий футболи алоҳида, воҳани эса алоҳида йўлдан кетади.

Яна Тошкент шаҳри ва вилояти, Сирдарё ҳамда Жиззах битта ҳудудга бириктирилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти учун ҳам алоҳида тизим қабул қилинади. Такрор айтамиз, ҳудудларда болалар футболини ривожлантириш йўлида Германия, Испания, Италия ва сербиялик мутахассислар иш олиб боришади.

Тушунарлики, бу мамлакатларнинг ҳар бири нафақат катталар, балки болалар футболида ҳам эталон ҳисобланади. Айтиш жоиз, Ўзбекистон футбол федерацияси шу лойиҳа билан бир йўла икки ишга қўл урди. Биринчидан, юртимизга ҳали бирор марта Европадан болалар мураббийлари таклиф этилмаганди.

Шундай экан, ушбу қарор ўзбек футболи учун тарихий аҳамият касб этиши турган гап. Иккинчидан, ЎФФ қабул қилган дастурнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шуки, аввалги хатолардан имкон қадар қочишга ҳаракат қилинмоқда. Мақола аввалида таъкидлаганимиздек, болалар футболи жуда нозик мавзу ва кичиккина хато ҳам узоқ йилларга татийди.

ЎФФ эса бир ўқ билан икки эмас, тўрт қуённи уриш пайида. Яъни бири ўхшамаса, бошқаси муваффақият келтириши лозим. Балки қайсидир ҳудудда кутилган натижа бўлмас, аммо тўрт ўқдан бири нишонга тўғри борган тақдирда қолганлари ўрнини босиб кетади. Аммо буни билиш учун ҳам анча кутиш керак.

Германия футболи жорий асрнинг илк йиллари инқирозли ҳолатга тушиб қолганди. Аслида мамлакат миллий жамоаси иқтидорли ижрочилар масаласида ҳеч қачон қийналмаган. Аммо янги аср бошида немислар орасида энг юлдуз футболчи дарвозабон эди - Оливер Кан.

Германия футбол федерацияси раҳбарияти ўшандаёқ вазиятга тўғри баҳо берди ва асосий урғуни болалар футболига қаратди. Ваҳоланки, немислар ҳам Италия ёки Англия йўлидан бориб, Бундеслигани легионерлар ҳисобига кучайтириб, тез обрў қозонишлари мумкин эди.

Аммо улар болаларга алоҳида эътибор қаратишди ва орадан 15 йил ўтиб, бундестим ҳақли равишда жаҳон чемпиони бўлиб турибди. Германияда шундай тизим борки, бирор иқтидор четда қолиб кетиши мумкин эмас. Энг чекка ҳудудлардаги болалар мактаби ҳам мамлакат футбол федерацияси назоратида.

«Бавария» академиясидан тортиб, тўртинчи дивизионда иштирок этадиган қишлоқ жамоаси мактаби учун ҳам бир хил дастур ишлаб чиқилган. Германиялик мутахассислар ҳар ҳафта 7 кунга мўлжалланган ўқув-қўлланма тайёрлаб, уларни барча мактабларга вақтида етказиб берадилар. Натижада нафақат Мюнхен, балки энг чекка жойдаги иқтидорлар ҳам бирдек таҳсил олишади.

Бу тизимнинг аҳамиятли томони - барча болалар доимий эътиборда бўлишади. Бола физиологияси шундайки, кимдир 12, бошқаси 16-18 ёшида иқтидорини ишга солиши мумкин. Баъзан 16 ёшгача алоҳида кўзга ташланмаган бола футболдан кетишга қарор қилади. Германияда айнан шу масалага жиддий ёндашилади.

Болалар иқтидори ва маҳоратига қараб, турли гуруҳларга ажратилади. Хусусан, иқтидорини намойиш этолмаган тарбияланувчи ҳам эътибордан четга чиқарилмайди, шунчаки, захира гуруҳларига ўтказилади. Бундай гуруҳларда ҳам барча қатори яхлит дастур асосида иш олиб борилади. Вақти келиб, боланинг иқтидори юзага чиқа бошласа, уни яна асосий гуруҳга қўшиш мумкин.

Агар юртимизга шу тизим кириб келса ва чекка қишлоқларни ҳам қамраб олсами, самара келтириши тайин. Чунки Ўзбекистонда иқтидорли болалар жуда кўп. Яқинда JFL in Tashkent футбол мактаби катта мураббийи Рифат Акрамхўжаев Германияда бўлиб, малака ошириб қайтди.

У немис футбол мактаби тизими ҳақида анча ижобий фикр билдирар экан, шундай деди: «Барибир, ўзимизнинг болалар техник жиҳатдан кучлироқ. Барчасини ўз кўзим билан кўриб, амин бўлдим. Шунчаки, Германияда болалар билан ишлаш тизими тўғри йўлга қўйилган.

Агар худди немислар сингари иқтидорларни юзага чиқаришни ўрганиб олсак, биздан ҳам юлдузлар етишиб чиқишади». Ҳа, дарҳақиқат, юртимизда иқтидорлар кўп. Масалан, ўзингиз ҳам қишлоғингиз ёки маҳаллангиздаги шундай болаларни биласиз.

Аммо бу иқтидорлар четда қолиб кетишади. Айни шу сабабга кўра, ЎФФ янги иш бошлади. Бу сафар аввалги хатоларга йўл қўймаслик лозим. Айтинг-айтинг, орадан 4 йил ўтиб, яна «Канада чегараси»ни қидириб қолмайлик...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Barcha Liverpulning ashaddiy muxlislarini telegramda @liverpool98 kanaliga taklif qilaman. Aslo zerikmaysiz!!!
13.01.2018 02:21

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz