Қайднома

Қидирув

Леонардо Бонуччи 2018 йилдан умидвор

Леонардо Бонуччи 2018 йилдан умидвор

  14.01.2018 03:38
  0
  924
Леонардо Бонуччи 2018 йилдан умидвор

2017 йилнинг иккинчи ярми «Милан», айниқса, унинг янги сардори Леонардо Бонуччи учун жуда омадсиз ўтди.

Ёзги трансферлар мавсумида катта харажат қилган клуб бунинг самарасини ҳали кўрганича йўқ, «Ювентус» сафида совринларга кўмилган ҳимоячи эса Миланда ишончни сира оқламаяпти.

Аммо у яқин келажакка катта умид билан қарамоқда. Леонардо хусусан, клуб журнали мухбирлари билан суҳбат чоғи янги йилда ҳаммаси изга тушишидан умидвор эканлигини алоҳида таъкидлади.

- Аввало, Рождество билан боғлиқ илк хотираларингизни эсга олсак...

- Бу байрамни ҳар доим оила даврасида, ота-онам билан ўтказардик. Одатда уйимизда 20-25 киши тўпланарди ва 3 кун давомида стол атрофидан кетмасдик: тинмай овқатланардик, ўйнаб-кулардик (кулади). Қисқаси, Рождество - оилавий байрам. Аммо улғайган сари оилам ва яқинларимга етарли вақт ажратолмай қолдим.

Шу боис, охирги йилларда байрамни баъзи-баъзида бирга нишонладик, холос. Асосан ёзги таътил вақти бирга дам оламиз. Футболчининг ҳаёти жуда гўзал, аммо кўпинча кўп нарсадан воз кечишингга тўғри келади. 

Шунингдек, чарчоқ аломатларини йўқотиш учун дам олишинг керак. Хуллас, Рождество муносабати билан берилган 5-6 кунлик таътилни ҳам имкон қадар осуда ўтказишга интилдим.

- Бу сафар Италияда ҳаттоки, байрам кунларига ҳам ўйинлар белгиланди. Ушбу ғояга қандай қарайсиз?

- Байрам кунлари ўйнаш қизиқиш уйғотди. Очиғи, футболчилар бу ғояни қўллаб-қувватлашлари керак. Ахир одамлар оила бўлиб, стадионга талпинишади. Шунга мос равишда чиройли ўйин кўрсатилса, бас. Умуман, бундай тақвим чемпионат фойдасига ишлаши мумкин.

Дейлик, Англияда футболчилар Рож-дество кунлари деярли ҳар 48 соатда майдонга тушишади. Ўйлашимча, мазкур янгилик мухлисларда футболга қизиқишни янада оширади.

- Жорий мавсум сиз учун омадсиз давом этяпти. Эсласак, «Ювентус»даги дебют мавсумда ҳам ишларингиз унча юришмаганди...

- Ҳа, мавсум кўп жиҳатлари билан ўша даврни эсга соляпти. Стартдаги катта иштиёқ, кўплаб янги футболчилар... Битта фарқ бор - бошланиш марраси. Чунончи, «Юве» декабрь ойида етакчилар сафида эди. Тушуниш қийин ҳолат эса январда бошланган.

«Милан» эса старт чизиғидаёқ муаммолар гирдобида қолди. Янги жамоа тузиш осон эмас, албатта. Демоқчиманки, бизга ўзаро тушуниб ўйнашни изга солиш учун вақт етишмади, омад ҳам... Аммо ишончим комил, «Милан»ни ўзига муносиб мавқега олиб чиқамиз ҳали.

- Футболчи учун нима муҳимроқ: фикрлашми ёки жисмоний тайёргарлик? Гаттузонинг баҳолашича, икки жиҳатнинг нисбати  тенг - 50га 50.

- Менимча, оғир вазиятларда фикр юритиш муҳимроқ. Ҳа, тан оламан, «Милан»даги фаолиятимни миям турли ғояларга тўлиб кетгани ва жисмоний тайёргарлигим юқори эмаслиги туфайли анчайин оғир бошладим.

Дисквалификациядан сўнг ҳар икки йўналишда алоҳида иш олиб бордим ва шундан кейингина ўз даражамга яқинлашдим. Умуман олганда, Гаттузонинг фикрига қўшиламан: фикрлаш ва жисмоний куч бирдек муҳим. Аммо мураккаб вазиятларда айнан фикрлаш тезлиги мақсадга етишда қўл келишини унутмаслик керак.

- Одатда майдонда бор диққатни ўз ишингизга қаратасиз. Уйга қайтгач, ўйин ёки машғулотни узоқ таҳлил қиласизми ёки...?

- Ҳаммаси натижага боғлиқ (кулади). Сўнгги  пайтлар таҳлилга кўп вақт кетяпти. Зеро, аввало, ўзим яхши ўйнамоқчиман, шу аснода  жамоага кутилган даражада ёрдам беришим мумкин. Авваллари асосан салбий жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратардим.

Ҳозир эса муайян вазиятларда янада аниқроқ ва масъулиятлироқ тўп суришим мумкин бўлгани ҳақида ўйлайман. Тўғри, бир неча соатдан кейин ҳаммасини унутаман. Ахир кейинги баҳс муҳимроқ саналади. Умуман, ўйиндан сўнг ухлашим жуда қийин...

- Айтингчи, қандай отасиз, фарзандларингизга етарли вақт ажрата оляпсизми?

- Турмуш ўртоғимнинг айтишича, ўта қаттиққўлман. У болаларимизга шундоқ ҳам кам вақт ажратаётганимни таъкидлаб, юмшоқроқ муносабатда бўлишим кераклигини тез-тез такрорлайди. Аммо уларга ўзим вояга етган муҳитдан келиб чиққан ҳолда тарбия беришни маъқул кўраман.

Фарзандларим муносиб таълим олишлари, ҳаммасига эътиборли бўлган ҳолда, турли синовларга тайёр туришларини хоҳлайман. Бирга дам олиш ва ўйнаш имкони топилганида эса, ҳар доим дарвозадан жой оламан. Улар шунда гол уриб, хумордан чиқишади (кулади).

- Футбол сизга нима берди-ю, нималардан маҳрум қилди?

- Маълум бир ёшга етганингдан сўнг танганинг ҳар икки томонини ҳам кўрасан. Футбол кўп нарса бергани аниқ. Биринчидан, болаликдаги орзум ушалди. Тушунарлики, дунёдаги миллионлаб болалар профессионал футболчи сифатида танилишни исташади, аммо ҳаммага ҳам бундай бахт насиб қилавермайди. Мени эса кўчаларда ҳам танишади.

Иккинчидан, кўплаб совринларга эга чиқдим, ҳаётим тўкин-сочин. Аммо айнан футбол ва машҳурлик мени оддий одамлардек яшаш завқидан айир-гани ҳам ҳақиқат.

Бу майдондаги ўйиннинг давоми эканлигини яхши тушунаман, шунинг учун кўчада мени таниб, тўхтатганлар билан мулойим гапиришга уринаман. Бироқ ҳар доим бундай хушмуомалаликни сақлаш қийин, айниқса, муваффақиятсиз ўйинлардан сўнг.

- Янги йилдан нималарни кутяпсиз?

- Аввало, оила аъзоларим соғ-саломат бўлишларини истайман. 2018 йил «Милан» учун тарихга айланган йилдан анча омадлироқ кечишидан умидворман. Бунга нафақат клуб, балки италиялик барча мухлислар муносиб.

Ахир мамлакат термасининг ЖЧга чиқолмагани футболимизга берилган кучли зарба бўлди-ку. Шахсан ўзимга келсак, мавсум аввалида олдимга қўйилган мақсадларга эришмоқчиман.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz