Қайднома

Қидирув

Футбол ва молия - АПЛ трансферлари ҳақиқати

Футбол ва молия - АПЛ трансферлари ҳақиқати

  14.01.2018 06:29
  0
  847
Футбол ва молия - АПЛ трансферлари ҳақиқати

Арсен Венгер имконият туғилиши билан «Манчестер Сити» раҳбарияти Хосеп Гвардиола учун мукаммал таркиб шакллантириш йўлида миллион-миллион сарфлаганини тилга оляпти.

Soccer.ru сайти эса ракурсни кенгроқ олиб, АПЛнинг трансферлар дунёсини холис баҳолашга уринди. Хўш, лига бозорида қониқарли баланс мавжудми?

Венгер очиқчасига тан оляпти - Гвардиола ўзига хос ғояларга эга мураббий. Аммо «канорирлар» устози шунинг баробарида «Сити»нинг юксалишини аввало, нефть сармоялари билан боғламоқда. У яна 2004 йили «қудратли нефть» таъсирисиз ҳам худди бугунги «Сити»дек кучли жамоа тузганини қўшимча қилишни унутмаяпти.

Венгер ҳақми? Йўқ, албатта. Ҳар ҳолда, француз мутахассиси бироз бўрттиряпти. Дейлик, «Арсенал» тахтга кўтарилган ўша мавсум АПЛнинг трансферларга боғлиқ  баланси минус 243 млн. еврога тенг эди. Хусусан, Лондон жамоасининг ўзида сотув ва харид ўртасидаги фарқ минис 27 млн. евро бўлганди.

Шундай экан, АПЛда пул доим муҳим роль ўйнаган. Фақат битта фарқ шуки, авваллари футболчилар трансфери ҳозиргидан анча арзонроққа тушарди. Рақамларга эътибор қаратинг, АПЛнинг ҳисоб бўйича 26-мавсуми арафасида клублар томонидан амалга оширилган транфсерлар баланси (сотув-харид) жами минус 676 млн. евродан ошди.

Яъни 20та клуб футболчи олишга сотувдан тушган маблағга нисбатан шунча кўп ажратди. Эътиборга олиш керак, ички трансферлар ҳисоб-китобда алоҳида ўринга эга - бундай савдолар ҳам харид, ҳам сотув «база»сига қўшилган. Мисол учун, Ромелу Лукаку трансфери «МЮ» балансига харажат, «Эвертон»никига эса тушум сифатида киритилган.  

Олдинлари қандай эди? Илк мавсумга доир аниқ маълумотлар йўқ, аммо кейинги 25тасининг ҳар бирида трансферлар баланси минус кўринишини олган. Боз устига, шунча йил давомида тушум ва харажат ўртасидаги фарқи 8 миллиондан 700-780 «лимон»га кўтарилди.

Бу борадаги баланс минус миллиард еврога етиши ҳам ҳеч гап эмас, агарда қайсидир клуб бирор футболчини Неймарга белгиланган нархда сотиб олишга жазм этса. Умумий ҳисобда айтсак, охирги 10 йилда АПЛнинг жами трансферлар баланси минус 4 миллиард 661 миллион еврони ташкил этди.

Шуни инобатга олиб айтсак, Венгер қаерда ишлаётганини унутиб қўйган кўринади. Дейлик, 5 йил давомида бир неча юз миллион фунт ёки евро сарфлаган мураббийлар ҳам баъзан рақобатчилар янада кўпроқ харажат қилишаётганини айтишадию, битта муҳим жиҳатга эътиборсиз қарашади.

Ахир айни пайт муносиб ижрочининг баҳоси  чамаси 50 миллион еврога тенг. Мисол учун, «Арсенал» Месут Озил учун шунча тўлаган. Иккинчи томондан, қайсидир клуб шу футболчини арзонроққа сотиб олиши ҳам мумкин. Фақат сабр қилиши ва амалдаги шартномаси охирига яқинлашишини кутиши керак. Аммо рақобатчилар жим қараб туришмайди-да...

Умуман, футболчининг «аниқ» нархини чиқариш учун муайян формула йўқлигини ҳам унутмайлик. Шундай экан, «Ливерпуль», «Тоттенхэм», «Арсенал» ёки бошқасини муайян трансферга кўп сарфлагани учун айблаш ўринли эмасдек.

Ҳа, «Ливерпуль» Нобил Кейта трансфери йўлида «РБ Лейпциг» клубига 54 млн. евро тўлади. Табиийки, бу кичик сумма эмас. Лекин «қизиллар» неча йилдирки, нисбатан кўпроқ сарфлашга одатланиб қолишди - бу АПЛ талаби. Албатта, қайсидир клуб олигарх ёки шайх ихтиёрига ўтса, трансферлар динамикаси ўз-ўзидан ўсади.

Хусусан, «Челси» Роман Абрамовичнинг илк даврида энг кўп харажат қилган клуб бўлганди. Ҳа, «Манчестер Сити»нинг охирги йилларда янги футболчилар йўлида жуда кўп сарфлаётгани айни ҳақиқат. Бироқ АҚШ корпорациясига тегишли «МЮ»нинг харажати ҳам кам эмас-ку.

- «МЮ» - АПЛнинг охирги йиллардаги асосий «пул қопчаси». Ҳар ҳолда, бу клуб трансферларга ўртача ҳисобда «Манчестер Сити»га нисбатан кўпроқ сарфлаган. Аниқроғи, битта харидга 8 миллион евродан кўпроқ ажратган;

- Манчестер клублари охирги 5 йилда қолганлардан сезиларли даражада кўп сарфлаб, бу борада ўзаро «рақобатлашмоқда»;

- Битта трансфер учун кетган ўртача суммага қарасак, «Арсенал» ҳаттоки, «Челси»дан ҳам «сахий»роқ. Арсен Венгер арзон футболчиларни кам сотиб олади, бироқ бундай ёндашуви юқори натижаларга олиб келмаяпти...;

- «Челси» сотиш ишларида энг фаол клуб бўлсада, «Тоттенхэм» қониқарли трансферлар балансига эга ягона жамоа - «шпорлар»да харид суммаси тушумникидан кам;

- «Ливерпуль» 2та омадли сотув ҳисобига тушумнинг ўртача суммаси бўйича етакчилардан бири;

- «Арсенал» ҳар бир харид қилинган ва сотилган футболчи нархи ўртасидаги фарқ бўйича «Челси», «Тоттенхэм» ва «Ливерпул»дан олдинда;

- «Арсенал» трансферлар балансидаги минус миқдори катталиги бўйича АПЛнинг учинчи жамоасидир. «Канорирлар» охирги 5 йилда 354 млн. евро сарфлашган (кучлилар қаторида энг ками), аммо шунинг баробарида атиги 122 миллион еврога футболчи сотишган. 

Ғалабалар ва голлар сони трансферлар бюджетига боғлиқми? Табиийки, самара муҳим. Ахир умумий харажатинг миқдори эмас, балки битта ғалабага қанчадан тўғри келгани муҳим эмасми?

Дейлик, 3 очко йўлида «Манчестер Сити»га нисбатан кўпроқ сарфлаётган бўлсанг, харажатинг миқдори пастлиги нима маъно касб этади? Хуллас, умумий сумма эмас, унинг эффектига қараш керак.

Кўриниб турибдики, «Манчестер Сити» натижалари ажойиб. «МЮ» эса умумий нарх ва натижалар ўртасидаги баланс рейтингида эффектсиз клублар қаторида. «Манчестер Сити» ва «Арсенал»нинг натижалари бир-бирига анча яқин. Бошқача айтганда, харажат миқдорида катта фарқ йўқ, ғоялар бўйича эса Гвардиола олдинда.

Ҳа, «нефть» ҳар доим ҳам ғоялар ва мотивациядан орқада турмайди. Аммо «Лестер»нинг чемпионликка эришгани Англия футболида ҳаммаси пулга боғлиқ эканлигини инкор этувчи ёрқин далил. Мана, энг камтарона харажатга эга «Бернли» лигада битта ғалаба йўлида энг кам сарфлаётган жамоа бўлиб турибди.

Аслида «Манчестер Сити» авваллари ҳам оз харажат қилмаган, бироқ самара кўринмасди. Қолаверса, ёзда катта маблағдан воз кечган жамоанинг якунда олтин медаль ютолмагани ҳам кўп кузатилган.

«Ливерпуль», «Тоттенхэм», «Арсенал», «Челси» ва айниқса, «МЮ» - пляжга чиққан камбағал сайёҳ саналмайди. Хулоса шуки, чорак аср давомида трансферлар баланси бирор марта плюс ҳолатига келмаган лигада ҳам натижа фақат пулга боғлиқ эмас. Йирик трансферлар кампанияси неча марталаб кузатилган, кузатилади ҳам.

Шундай экан, Гвардиоланинг ютуқларию, кетма-кет ғалабалар сони бўйича рекордини биргина «нефть» таъсирига боғлаш ноўрин. Боз устига, у Ла-лига ва Бундеслигада ҳам шундай рекордларга эришганди.

Венгер эса «нефт»ни тинч қўйиши керак. Ахир вақтида Роберто Манчини ва Мануэль Пеллегрини шу «нефть» ёрдамида ҳам «Манчестер Сити»ни ҳозиргидек қудратли кучга айлантиролмагандилар-ку. Қолаверса, таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, АПЛнинг барча клублари йиллар давомида етарлича маблағ сарфлаган.

Фақат ҳеч бири бунчалик узун ғалабали серия қайд этолмаган. АПЛ - катта сармоя айланадиган чемпионат, бироқ чемпионлик энг бой жамоа эмас, балки энг эффектлисига насиб этади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2018. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.