Қайднома

Қидирув

Тил масаласи ёхуд нима учун «Олмалиқ» АГМКга айланди?

Тил масаласи ёхуд нима учун «Олмалиқ» АГМКга айланди?

  15.01.2018 06:29
  0
  1751
Тил масаласи ёхуд нима учун «Олмалиқ» АГМКга айланди?

Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кунни яхши эслайман. Мактабда, ҳамманинг олдида эълон қилинганди. Хурсанд бўлганман.

Аммо аҳамиятини тўлиқ тушунганман, деб айта олмайман. Чунки, эндигина 9 ёшда эдим. Бўлиб ўтган воқеа эса улкан ва тарихий аҳамияти жиҳатидан минг йилларга татигулик эдики, ўша вақтда кўламини ҳис қила олмаганман.

Балки, ҳозиргача ҳис қилмасман. Аммо мана шу чала-ярим тушунчам билан ҳам фахрга тўлганим рост. Ўзбекистонликман, ахир.

Шундан буён кўп сувлар оқиб ўтди. Ўтган ҳафта «Олмалиқ» футбол клубининг номи ўзгарди - энди уни АГМК деб атаймиз. Бу қисқартма сўз, узайтирганда эса тахминан шундай бўлса керак - «Алмаликский горно-металлургический комбинат». Нима учун тахминан?

Чунки компьютеримда русча ҳарф териб бўлмайди, фақат ўзбекча ва инглизча. Ўзбекча - тушунарли, инглиз тили эса халқаро тил. Бошқасига ҳеч эҳтиёж бўлмаган. Шундай экан, модомики, хато қилган бўлсам, узр.

Гарчи одатда ўзбек тилида хато ёзганда узр сўрашмаса ҳамки, мен ўзимга буни эп кўрмадим. Ўзбекчада қанақа ёзишгани ҳақида эса қуйироқда гаплашамиз. Ҳозир яна АГМК масаласига қайтсак...

Хуллас, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг 29 йил ўтиб Ўзбекистон чемпионатида АГМК деб аталмиш клуб иштирок этади. ОТМК эмас, айнан АГМК. Ким ва нимага асосланиб бундай қарор қабул қилинганини билмайман, аммо ҳужжат ишлари аллақачон тахт қилиб қўйилган. Энди орқага қайтариш жуда қийин.

Балки ўтган вақтни сарҳисоб қилар бўлсак, бу жуда катта фожиа эмасдир. Чунки ундан-да фожиалироқ бўлган ҳолатлар етарли. Масалан, кўплаб ташкилотларда ҳозиргача ҳужжат ишлари Давлат тилида юритилмайди. Бирор жойга Давлат тилида ариза кўтариб борсангиз, қош чимириб, энса қотирадиганни ўзингиз ҳам неча марталаб кўргансиз.

Шундай экан, Ўзбекистон чемпионатида Алмаликский горно-металлургический комбинат жамоаси иштирок этса нима қилибди? Ким бунга қарши бўлади? Ўзбекистон футбол федерациясими? Ёки Профессионал футбол лигасими? Қайси ЎФФ ва ПФЛ ҳақида гапиряпмиз, ўтган ҳафта янги мавсум регламентини рус тилида чиқарган ташкилотми?

Нима учун Ўзбекистон чемпионатида иштирок этадиган жамоа номи ўзбек тилида эмаслигини улар айтсинми? Масалан, «Қўқон-1912» клубининг расмий сайти номи www.kokand1912.uz бўлиб келмоқда. Аммо бундан кимга қандай оғирлик тушди?

Айтишларича, «Олмалиқ»ни АГМК деб номлашда ҳеч қандай қонунбузарлик йўқ экан. Балки. Номни қабул қилишдан аввал ҳуқуқшунослар билан обдон маслаҳатлашилган бўлса керак. Шундай экан, қонунчилик борасида бирор эътироз билдириш ниятимиз ҳам йўқ. Аммо бу дунёда қонундан ташқари ахлоқ меъёри ҳам бор эмасми? Миллий ғурур-чи? Ўзига нисбатан ҳурмат-чи?

Бошқалардан ҳурмат талаб қиладиган инсон, аввало, ўзини ҳурмат қилиши шарт. Буни биринчи бўлиб мен айтмаяпман ва шунчаки баландпарвоз гап ҳам эмас.

Қолаверса, бу нақлни бир инсонмас, бутун бошли миллатга ҳам қўлласа бўлади. Аммо фақат ўзимдан келиб чиқиб гапирмоқчиман-ки, кимнингдир иззат-нафсига тегиб кетмайин. Агар бўлса, албатта...

Бу масалага аввал ҳам кўп тўхталганман. Бизда - Ўзбекистонимизда нафақат ташкилот ёки футбол клублари, балки аксарият кишиларнинг исм-шарифи ҳам тўғри ёзилмаган. Кимнингдир номини ёзиб, масалани чуқурлаштирмаслик учун яна «фалончи» ва «фисмадончи»дан келиб қўя қоламиз.

100 йил олдин «Фалончижон» ёки «Фисмадончихон» бўлганлар ҳозир «Паланчиджан» ва «Писмаданчихан»га айланган. Чунки ҳужжатида шундай ёзилган. Бир вақтлари фуқаролик ҳолати далолатномасини ёзиш ташкилотларида ишлаган валломатларнинг ўз биларлиги натижаси бу.

Тўғри, мус­тақилликдан айланай, ҳозир вазият анча яхшиланди. Энди оталар фарзандига гувоҳнома олишга борганда номини тўғри ёзишни талаб қилмоқда. Аммо 30, 40, 50 йил олдин туғилганлар нима қилсин?

Мавзу шундан очилган экан, яқинда бўлиб ўтган яна бир воқеани эслаб ўтсам. Ташкилотлардан бирида айнан шу масалада юзага келган тушунмовчилик туфайли узоқ йиллик, тажрибали ходим ишдан бўшаб кетди. Унинг айби эса расмий хабарда (ҳужжатларда эмас) раҳбарлардан бирининг номини ўзбек тилига мослаб ёзиш таклифи бўлди. Шу, холос.

Келаси йилдан эътиборан Ўзбекистон чемпионатида АГМК номли клуб иштирок этади. Айтишдики, ўз тилини «жуда ҳам яхши кўрадиганлар бўлса» бемалол ўзи учун ОТМК деб аташи мумкин. Қаршилик йўқ. Бироқ расмий ҳужжатда барибир, АГМК бўлиб қолаверади. Бояги воқеа билан деярли ўхшаш жиҳат, шундай эмасми?

Бахтимга, менда бундай муаммо деярли йўқ. Яъни, исмни тўғри ёзиш масаласида. Ота-онамга раҳмат, хув ўша мазлум даврларда ҳам Зафар Қосимов деб тўғрилаб ёздиришган. Атрофда айнан шу масалада муаммога дуч келаётган қанчадан-қанча кишиларни биламан.

Ҳатто ҳужжатдаги исмидан уяладиганлар ҳам бор. Мен эса мана шу тўғри исмим билан нафақат фахрланаман, балки уни бузиб ёзмасликлари учун ҳам масъулман. Чунки қўйиб берсангиз, ҳозир ҳам Қосимовни Касимов дейдиганлар топилади. Майли, уларнинг тилида «Қ» ҳарфи йўқдир, аммо борини тўғрилаб ёзса бўлади-ку, тўғрими?

Бунақалардан ҳар доим исми-шарифимни аниқ ёзишни талаб қиламан. Паспортим бор, Мустақил Давлат - Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман. Бирор жойга борсам, исм-шарифимни ёзиб олишадиган бўлса, у ҳатто қаерлардадир қолиб кетадиган тўлов қоғози бўлса ҳам, паспортимни очиб, олдига қўяман. Шунақаларга «ҳай-ҳайлаб» турмасангиз, бирпасда номингизни... бузиб қўйишади.

АГМКга эса ҳеч ким «ҳай», демаган кўринади. Ёки пастроқ овозда айтган. Кейин «айтдим-ку», деб ўзини овутиш учун. Низомини рус тилида ёзадиган федерациянинг эса бирор нарса дейиши аввалдан мантиққа тўғри келмасди. Улар ўзбек футболини кўтариш учун келган, тилни тўғрилаш учун эмас. Бу масалада саволни бошқаларга бериш лозим. Кимга? Буниси энди очиқ қолади.

Баъзиларнинг иддао қилишича, «Олмалиқ»нинг бир лаҳзада АГМКга айланганида ҳеч қандай муаммо кўринмаяпти. Чунки футболимизда «Локомотив», «Динамо», «Металлург» ва яна баъзи номлар борки, улар орасида ҳокисоргина АГМК ҳам юрса, ҳечқиси йўқ.

Мен эса Давлат тили ҳақидаги Қонун қабул қилинган ўша вақтда, 9 ёшлик чоғимда туйганим ҳисларни ҳалигача ардоқлаб келаман. Майли-да, ишқилиб қачондир Ўзбекистон деб аталмиш диёрдаги номлар ҳам ўзбекча бўлиб қолар.

Бу тилда Фурқат, Муқимий, Беҳбудий, Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов ижод қилган. Алишер Навоийни эса гапириш ҳам шарт эмас. Чунки уни нафақат унутмаслик, балки китобини очишдан олдин қўлни яхшилаб ювиш ҳам шарт.

Мана шундай буюк шахслар ҳурматидан ҳам қачондир Ўзбекистонда ҳамма нарса ўзбек тилида бўлар.

Биз эса фарзандимизга туғилганлик гувоҳномасини олишда барибир эҳтиёт бўлиб тураверайлик. Ҳа, ҳушёрликни сусайтириш керакмас. Чунки «джан»лар ва «ханлар» ҳали-ҳамон бор, шекилли...

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz