Хабарингиз бор, InterFutbol йил давомида ойнинг энг яхши футболчи ва мураббийларини аниқлаб, ўзига хос рейтинг юритиб боради.
Хусусан, олий лига-2017да фаоллик кўрсатганлар ҳам мунтазам равишда эътироф этилди. Асосийси, якуний рўйхат пешқадамлиги энг муносибларга насиб қилди.
Демак, газетамиз талқинига кўра, йилнинг энг яхшилари деб топилганлар, ой давомида кучли учликдан ўрин олганлар ҳамда умумий жадвал бўйича маълумотлар билан танишинг.
Футболчилар орасида энг яхши кўрсаткич «Локомотив» вакили Марат Бикмаевга тегишли. 26та гол билан олий лига тўпурарлари рўйхатида биринчи ўринни қўлга киритган тажрибали ҳужумчи учун 2017 йил чин маънода эсда қоларли бўлди.
Нашримиз томонидан эълон қилинадиган лауреатлар рейтингида эса Марат жами 18 очко тўплаб, энг яқин таъқибчиларидан сезиларли фарқ билан ўзиб кетди.
Албатта, эътироф ҳар кимни янги марралар сари ундайди. Демак, Бикмаевнинг кейинги мавсумларда ҳам кўрсаткичларини янада яхшилашига умид бор. Ҳар ҳолда, яшил майдонда барқарор тўп суриш учун унда куч ҳам, маҳорат ҳам етарли.
«Қўқон-1912»даги ўйинлари орқали қайта кашф этилган Жавоҳир Сиддиқовга эса 2-поғона насиб қилди. «Ўзбек Мессиси» сифатида эътироф этилаётган тезкор ярим ҳимоячи умумий рўйхатда 10 очко тўплади.
Албатта, ўтган мавсум кашфиётига айланган Қўқон жамоаси биринчи даврани кўтаринки кайфиятда ўтказган, эришилган ғалабаларда айнан Сиддиқовнинг ҳиссаси катта бўлганди.
Бугунги кунда Жавоҳир Ўзбекистон (U-23) терма жамоаси сафида Хитойда ўтказилаётган Осиё чемпионатида қатнашмоқда. Қувонарлиси, қитъамиздаги аксарият мухлису мутахассислар ҳам унинг ажойиб ҳаракатларини завқ билан кузатишаётганини бот-бот таъкидлашмоқда.
Бир хил - 6 очкодан тўплаган Темурхўжа Абдухолиқов ва Драган Черан 3-ўринни бўлишиб олишди. Мазкур ҳолатда Қатарнинг «Ал-Сайлия» клубида тўпурарлик маҳоратини намойиш этган Темурхўжанинг натижаси мақтовга лойиқ. Голеадорлик хусусияти туфайли қатарлик мухлислар меҳрини қозонган форвард катта эҳтимол билан кейинги мавсумни ҳам хорижда ўтказади.
«Насаф»нинг сербиялик ҳужумчиси ҳақида ҳам кўп гапирилди, унинг жамоаси учун катта фойда келтиргани эътироф этилди. Черан чемпионат мерганлари пойгасида 19та гол билан Бикмаевдан кейинги ўринни эгаллади. Албатта, жиддий ўзгаришларга юз тутаётган миллий чемпионатимизда шундай легионерлар сони кўпайса, фойдадан холи бўлмайди.
Шунингдек, лауреатлар якуний рўйхатида Одил Аҳмедов, Достон Ҳамдамов, Отабек Шукуров, Санжар Қувватов, Баҳром Абдураҳимов - 5 очко; Мурод Зуҳуров, Хуршид Хўжаев, Филипп Райевац, Азизбек Омонов, Рўзим Аҳмедов, Марко Симич - 3 очко; Шоҳруз Норхонов, Асилбек Омонов, Мурод Холмуҳаммедов, Амиржон Сафаров, Иван Нагаев, Гиди Канюк ҳамда Азиз Турғунбоев 1 очкодан тўплашди.
Мураббийлар орасида «Насаф» устози Рўзиқул Бердиевга тенг келадигани топилмади. Одатда, энг яхшилар рўйхатида биринчи поғона чемпионлар устозига насиб қиларди. Аммо ўтган мавсум «аждарлар»нинг баҳамжиҳат ўйини, Қарши клубидан бир қатор иқтидорларнинг кашф этилиши ва шунга ўхшаш омиллар Бердиевга устунлик берди.
Аслида ҳам, бу мутахассис сўнгги йилларда ўз ишига сидқидил ёндашиши, ўзбек футболи ривожига муносиб ҳиссаси қўшгани билан ҳурматга лойиқ. Энди «Насаф» қаршилик мухлислар орзиқиб кутаётган чемпионликни ҳам расмийлаштирса, муваффақият мукаммал бўлади.
2017 йил кашфиёти «Қўқон-1912» иккинчи даврада ҳам дастлабки босқичда кўрсатган шиддатини намойиш эта олганида, Нўъмон Ҳасанов бемалол Рўзиқул Бердиев билан пешқадамлик учун курашарди, аммо... Қўқонликларнинг оралиқ танаффусдан сўнг бироз бўшашишгани алоҳида масала.
Муҳими, «Қўқон-1912»да рақобатбардош таркиб шакллантирди, кўплаб ёшларнинг ўзларини намоён этишларига имкон берди, фойдали легионерларни танлади. Ишончимиз комилки, бу мураббий хатолардан тўғри хулоса ясаб, келгуси мавсум шогирдлари билан янада яхшироқ натижаларга эришади.
«Локомотив»ни навбатдаги чемпионлик сари етаклаган Мирко Йеличич 3-поғонада. «Темирйўлчилар» нафақат ғолиблик мақомини сақлаб қолишди, балки мамлакат кубогини ҳам ўз номларига расмийлаштиришди. Шу тариқа «Локо»нинг бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг кучли клуби эканига яна бир бор амин бўлдик.
Албатта, ушбу муваффақиятлар ўз-ўзидан келмади, ютуқлар замирида машаққатли меҳнат ётгани аниқ. Айниқса, австралиялик мураббий жамоани шакллантиришга катта ҳисса қўшди. Энди шундай ғалабалар ОЧЛ баҳсларида ҳам давом этса, тез орада Йеличичнинг номини қитъа лауреатлари рўйхатида ҳам кўрсак, ажабмас.
4-ўрин «Бунёдкор»га қайтиши ҳамоно клубдаги вазиятни ижобий томонга ўзгартириб, шогирдларини кубок финалигача олиб чиққан Миржалол Қосимовга насиб қилган бўлса, бир йўла уч мураббий - Виктор Кумиков, Шота Арвеладзе ҳамда Илҳом Мўминжонов тенг очко тўплаган ҳолда 5-поғонани бўлишиб олишди.
Шунингдек, йил давомида лауреатлар рейтингида кўриниш берганлар орасида Равшан Ҳайдаров, Улуғбек Бақоев, Александр Хомяков, Олег Тюлькин, ҳамда Жасур Абдураимовга ҳам жой ажратилди.
InterFutbol ғолибларни чин дилдан қутлаб, уларнинг келгуси фаолиятларида омад ва зафарлар ёр бўлишини тилайди. Насиб қилса, Суперлига номи остида бошланадиган янги чемпионатда футболчилар ҳамда мураббийлар ўртасидаги рақобат янада кучайиб, яшил майдонда кескин, муросасиз ва энг асосийси ҳалол ўйинлар гувоҳига айланамиз. Шундагина эътирофга муносиблар рўйхати янада кенгаяверади.
Энг яхши мураббийлар
Февраль
1. Мирко Йеличич («Локомотив»)
2. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)
3. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)
Март
1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)
2. Олег Тюлькин («Динамо»)
3. Александр Хомяков («Машъал»)
Апрель
1. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)
2. Александр Хомяков («Машъал»)
3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)
Май
1. Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)
2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)
3. Виктор Кумиков («Олмалиқ»)
Июнь
1. Виктор Кумиков («Олмалиқ»)
2. Жасур Абдураимов («Пахтакор»)
3. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)
Июль
1. Равшан Ҳайдаров (Ўзбекистон U-22 т.ж.)
2. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)
3. Олег Тюлькин («Динамо»)
Август
1. Улуғбек Бақоев («Бухоро»)
2. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)
3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)
Сентябрь
1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)
2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)
3. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)
Октябрь
1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)
2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)
3. Миржалол Қосимов («Бунёдкор»)
Ноябрь
1. Мирко Йеличич («Локомотив»)
2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)
3. Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор»)
энг яхши футболчилар
Февраль
1. Марат Бикмаев («Локомотив»)
2. Мурод Зуҳуров («Бунёдкор»)
3. Темурхўжа Абдухолиқов («Ал-Сайлия», Қатар)
Март
1. Одил Аҳмедов («Шанхай СИПГ», Хитой)
2. Драган Черан («Насаф»)
3. Шоҳруз Норхонов («Обод»)
Апрель
1. Марат Бикмаев («Локомотив»)
2. Филипп Райевац («Қўқон-1912»)
3. Асилбек Омонов («Навбаҳор»)
Май
1. Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912»)
2. Марат Бикмаев («Локомотив»)
3. Баҳром Абдураҳимов («Насаф»)
Июнь
1. Достон Ҳамдамов («Бунёдкор»)
2. Хуршид Хўжаев («Олмалиқ»)
3. Мурод Холмуҳаммедов («Қўқон-1912»)
Июль
1. Жавоҳир Сиддиқов («Қўқон-1912»)
2. Азизбек Омонов («Локомотив»)
3. Амиржон Сафаров («Динамо»)
Август
1. Отабек Шукуров («Бунёдкор»)
2. Рўзим Аҳмедов («Навбаҳор»)
3. Иван Нагаев («Бухоро»)
Сентябрь
1. Санжар Қувватов («Насаф»)
2. Марко Симич («Пахтакор»)
3. Баҳром Абдураҳимов («Насаф»)
Октябрь
1. Темурхўжа Абдухолиқов («Ал-Сайлия», Қатар)
2. Драган Черан («Насаф»)
3. Гиди Канюк («Пахтакор»)
Ноябрь
1. Марат Бикмаев («Локомотив»)
2. Баҳром Абдураҳимов («Насаф»)
3. Азиз Турғунбоев («Навбаҳор»)
Умумий натижа
Мураббийлар
1. Рўзиқул Бердиев - 22 очко
2. Нўъмон Ҳасанов - 11 очко
3. Мирко Йеличич - 10 очко
4. Миржалол Қосимов - 8 очко
5-7. Виктор Кумиков - 6 очко
5-7. Шота Арвеладзе - 6 очко
5-7. Илҳом Мўминжонов - 6 очко
8-9. Равшан Ҳайдаров - 5 очко
8-9. Улуғбек Бақоев - 5 очко
10-11. Александр Хомяков - 4 очко
10-11. Олег Тюлькин - 4 очко
12. Жасур Абдураимов - 3 очко
----------------------------------------------
Футболчилар
1. Марат Бикмаев - 18 очко
2. Жавоҳир Сиддиқов - 10 очко
3-4. Темурхўжа Абдухолиқов - 6 очко
3-4. Драган Черан - 6 очко
5-9. Одил Аҳмедов - 5 очко
5-9. Достон Ҳамдамов - 5 очко
5-9. Отабек Шукуров - 5 очко
5-9. Санжар Қувватов - 5 очко
5-9. Баҳром Абдураҳимов - 5 очко
10-15. Мурод Зуҳуров - 3 очко
10-15. Хуршид Хўжаев - 3 очко
10-15. Филипп Райевац - 3 очко
10-15. Азизбек Омонов - 3 очко
10-15. Рўзим Аҳмедов - 3 очко
10-15. Марко Симич - 3 очко
16-22. Шоҳруз Норхонов - 1 очко
16-22. Асилбек Омонов - 1 очко
16-22. Мурод Холмуҳаммедов - 1 очко
16-22. Амиржон Сафаров - 1 очко
16-22. Иван Нагаев - 1 очко
16-22. Гиди Канюк - 1 очко
16-22. Азиз Турғунбоев - 1 очко
------------------------------------------------
Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.
Ўткир УМАРОВ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20