Қайднома

Қидирув

ОАВ ходимларига: холис бўлиш қоидаси борми?

ОАВ ходимларига: холис бўлиш қоидаси борми?

  18.01.2018 06:44
  0
  756
ОАВ ходимларига: холис бўлиш қоидаси борми?

ЎФФ ва ПФЛдаги янгиликлар одатда спорт нашрлари ва интернет манбалари орқали тарқатилади. Миллий футболимизга боғлиқ ўзгаришлар кўламини айнан шу икки ташкилот томонидан берилаётган хабарлар сонидан ҳам билиш мумкин.

Айни пайт футбол ислоҳотлари кўзланган мақсадлар моҳияти сақланган ҳолда, шаклан бироз ўзгариб тушунтириляпти. Лекин бу ҳолат айрим сайтларда «гапдан қайтиш» сифатида баҳоламоқда. Бир жиҳатни унутмайлик, футбол масаласидаги ислоҳотлар ҳам барчасини қонуний мустаҳкамлаш орқали амалга оширилади.

Аввало, ЎФФ Низомига кўра, Ижроий қўмита ва унинг Бюроси қарор қабул қилади ва у ташкилот аъзоларига кўрсатма кўринишида юборилади.

Тегишли қонун талабларига амал қилинса, ОАВ (хоҳ босма, хоҳ электрон) ва футбол масъуллари ўртасидаги муносабатларда тушунмовчилик юзага келмайди. Мақсад битта - жамоатчиликни ишончли хабар ва маълумотлар билан таъминлаш.

Ахборот олиш тартиби

«Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 9-10-моддаларига биноан, ҳар ким ахборот олиш учун бевосита ёхуд ўз вакиллари орқали оғзаки, ёзма, шу жумладан, электрон шаклда сўров билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Оғзаки сўровга имкониятга қараб, дарҳол жавоб берилиши керак.

Сўралган ахборотни белгиланган муддатда тақдим этиш имкони бўлмаса, бу ҳақда маълумот олишни истаган шахсга хабар юборилади. Сўралган ахборотни тақдим этиш икки ойдан кечиктирилмаслиги лозим. Тақдим этиш кечиктирилгани тўғрисидаги хабар ахборот сўраб мурожаат этган шахсга бир ҳафта ичида юборилади.

Бу хабарда қуйидагилар кўрсатилиши керак: ахборотни вақтида тақдим этолмаслик сабаблари; ахборот тақдим этиладиган сана. Агар орган ёки мансабдор шахс сўралган ахборотга эга бўлмаса, бу борада мурожаат этган шахсга 5 кундан кечиктирмай хабар жўнатиши шарт.

Агар сўралган ахборот махфий саналса ёки уни ошкор этиш натижасида шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият ва давлат манфаатларига зарар етиши мумкин бўлса, сўров рад этилиши мумкин.

Журналист мажбурияти

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркин бўлиб, ўз фаолиятини ушбу қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.

Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир. ОАВ орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

Мазкур қонуннинг 40-моддасига биноан, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақлидир.

«Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига кўра, оммавий ахборот воситалари эълон қилинаётган маълумотнинг тўғрилигини текшириб кўриши шарт. ОАВ ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Фуқаролик кодексининг 100-моддасига биноан, фуқаронинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қоида юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя этишга нисбатан ҳам тегишли йўсинда татбиқ этилади.

Ўз шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро (шунингдек, юридик шахс) бундай маълумотларни рад этиш баробарида улар оқибатида етказилган зарар ва маънавий зиён ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.

У жавобгар бўлмайди!

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: журналист қачон нотўғри маълумотлар учун жавобгар бўлмайди? Бунга «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун (янги таҳрир)нинг 40-моддаси иккинчи қисмида жавоб берилган: «Бош муҳаррир, шунингдек, журналист оммавий ахборот воситаларида ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун қуйидаги ҳолларда жавобгар бўлмайди:

- агар маълумотлар расмий хабарлардан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ёки расмий статистика ҳисоботлари маълумотларидан ёхуд ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари орқали олинган бўлса;

- агар маълумотлар олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга бериладиган муаллифлик чиқишлари ёки чиқишларнинг сўзма-сўз такрорланиши (стенография, аудио, видеоёзув)да бўлса».

Довудхон АКРАМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz