Қайднома

Қидирув

Қайтавераман, қайтавераман ёхуд битта клубга қайта-қайта бошчилик қилган мураббийлар

Қайтавераман, қайтавераман ёхуд битта клубга қайта-қайта бошчилик қилган мураббийлар

  20.01.2018 06:29
  0
  2660
Қайтавераман, қайтавераман ёхуд битта клубга қайта-қайта бошчилик қилган мураббийлар

Туркия футболидаги энг таниқли ва совриндор мутахассислардан бири Фотиҳ Терим ўз фаолиятида 4-марта (!) «Галатасарой» бошқарувини қўлга олди.

Лекин у «Клуб хизматимга эҳтиёж сезар экан, доим тайёрман - қайтавераман, қайтавераман!» қабилида иш тутувчи ягона мураббий эмас.

Хуллас, «Император»нинг Истанбул клубига навбатдаги қайтиши  жамоа билан йўллари кўп бора кесишган мураббийлар ҳақида гапириш учун жиддий асосдир.

Фотиҳ ТЕРИМ

(«Галатасарой» билан 4 марта ҳамкорлик)

1. 1996-2000. Ютуқлари: Туркия чемпиони (4 марта), Туркия кубоги соҳиби (2 марта), Туркия суперкубоги соҳиби, УЕФА кубоги ғолиби

2. 2002-2004. Ютуқлари: -

3. 2011-2013. Ютуқлари: Туркия чемпиони (2 марта), Туркия суперкубоги соҳиби (2 марта)

4. 2017-... Ютуқлари: !!!!

Фотиҳ Терим футбол майдонидаёқ «Галатасарой» афсонасига айланганди. Зеро, у ўйинчилик фаолиятининг 11 йилини «шерлар»га бағишлаган ва кўплаб совринлар ютиш асносида сардор мақомига кўтарилганди. Тан олинган мураббий ўз ҳаётидаги асосий клуб бошқарувини илк марта бундан 21 йил олдин қўлга олганди.

Айни ўша биринчи даври ҳозиргача энг самаралиси ҳисобланади: «Галатасарой» ички аренада мутлақ ҳукмронлик ўрнатишдан ташқари, евромайдонларда ҳам ўзини кўрсатган. Аниқроғи, истанбулликлар УЕФА кубогини бошлари узра баланд кўтаришганди.

Терим шундан кейин Италия футболини забт этишга отланиб, «Фиорентина» ва «Милан»да ишлади. Охирги 15 йил давомида эса жонажон клуби - «Галатасарой» ва Туркия миллий жамоасини навбатма-навбат бошқарди. Аниқроғи, Терим бу даврда мамлакат бош жамоаси бошқарувини 3 марта қўлга олди. Истанбул клубига эса яқинда 4-марта бош мураббий сифатида қайтди.

Юрий СЁМИН

(«Локомотив» билан 4 марта ҳамкорлик)

1. 1986-1990. Ютуқлари: -

2. 1992-2005. Ютуғлари: Россия чемпиони (2 марта), Россия кубоги соҳиби (4 марта), Россия суперкубоги соҳиби (2 марта)

3. 2009-2010. Ютуқлари: -

4. 2016-... Ютуқлари: Россия кубоги соҳиби, !!!!

Ажойиб ҳамкорлик. 70 ёшли Юрий Сёмин айни пайт жонажон клубини яна Россия премьер-лигаси олтин медали томон етакламоқда. Юрий Павлович «темирйўлчилар» сафига деярли 43 йил олдин, аниқроғи, 1975 йили футболчи сифатида қўшилганди.

1986 йилга келиб, уни Москва клуби бош мураббийи лавозимига тайинлашди. Сёмин илк уринишда 4 йил ишлаб, шогирдлари билан собиқ иттифоқ кубоги финалига чиқди. Бироқ шундан кейинги айрилиқ нақ 13 йилга чўзилди. Умумий ҳисоблаганда, Юрий Павловичнинг «Локомотив» бошқарувидаги даври деярли 20 йилга етди.

Эътибор беринг, Сёмин «темирйўлчилар» бош мураббийи ролида илк чемпионликни 38 ёшида нишонлаганди. Жорий мавсум якунида эса 71 ёшга тўлади. Демакки, «Локо»нинг тирик рамзи ўзига муносиб совға ҳозирламоқда. Ҳар ҳолда, унинг клуби Россия чемпионатида ишонч билан пешқадамлик қилмоқда.

Юпп ХАЙНКЕС

(«Бавария» билан 4 марта ҳамкорлик)

1. 1987-1991. Ютуқлари: Германия чемпиони (2 марта), Германия суперкубоги соҳиби (2 марта)

2. 2009. Ютуқлари: -

3. 2011-2013. Ютуқлари: Германия чемпиони, Германия кубоги соҳиби, Европа Чемпионлар Лигаси ғолиби

4. 2017 -... Ютуқлари: !!!

Қария Юпп мураббийлик фаолиятини узоқ 1979 йили қадрдон клуби - «Боруссия» (Менхенгладбах)да бошлаганди, бироқ орадан маълум вақт ўтгач, бутун ёшлик даври давомида асосий рақиби саналган жамоа бошқарувини қўлга олди.

Айтиш жоиз, Хайнкес илк уринишдаёқ «Бавария»ни 2 марта чемпионлик марраси сари етаклади. Кейин мюнхенликлардан нақ 20 йил айро юрди. 2009 йили Юрген Клинсманн истеъфога чиқарилгач, Юпп ниҳоят қайтди ва оз муддат вақтинча бош мураббий сифатида ишлади.

Яна 2 йилдан кейин эса тўлақонли устоз ролини бажариб, буюк қайтишни бошдан кечирди. Яъни 2 йиллик ишига 3та соврин ютиш билан хотима ясади. Қария мутахассис қойилмақом «требл»ни расмийлаштиришдан аввалроқ нафақага чиқишини эълон қилганди ва ўз аҳдида турди.

Шу тариқа футболдан кетган совриндор мураббий 4 йил осуда ҳаётдан завқ олиб яшади. Бироқ «Бавария» жорий мавсум бошида муаммоларга учраб, охир-оқибат, Карло Анчелоттига жавоб берди ва Юпп бободан ёрдам сўрагач, у мавсум охирига қадар ишлашга рози бўлди.

Дарвоқе, Хайнкес айни пайт клубни шартномасиз бошқармоқда. Муҳими, тажрибали мутахассис мюнхенликларни яна равон йўлга олиб чиқишни уддалади.

Нильс ЛИДХОЛЬМ

(«Рома» билан 4 марта ҳамкорлик)

1. 1973-1977. Ютуқлари: -

2. 1979-1984. Ютуқлари: Италия чемпиони, Италия кубоги соҳиби (3 марта)

3. 1987-1989. Ютуқлари: -

4. 1997. Ютуқлари: -

«А» сериясининг XX аср ўрталаридаги энг яхши футболчиларидан бири, машғулотлар фанати ва «Милан»нинг чин юлдузи (Лидхольм «россонерлар» шарафини 12 мавсум ҳимоя қилган). Деярли 40 ёшигача майдонга тушган швед футболчилик фаолиятини тугатгач, мураббийлик соҳасида ҳам бинойидек ишлади.

У хусусан, жонажон клуби - «Милан»ни 3 марта бошқарди, «Рома» билан эса йўллари нақ 4 бора кесишди. Оддий айтганда, Нильс «бўрилар»га жами 12 йил устозлик қилди.

Асосийси, Швеция футболи фахри Римда ҳимоя масаласида новаторлик тизимини йўлга қўйиб, «Рома»нинг скудетто ютишини таъминлади, қолаверса, жамоани Европа Чемпионлар кубоги финалига етаклади. Тўғри, римликлар ҳал қилувчи баҳсда пенальтилар сериясига кўра, мағлубликни тан олишди.

Лидхольм 1997 йили мураббийлик фаолиятини якунлади, бунгача эса ёш Франческо Тоттини оз-моз шуғуллантирди. Хуллас, бўлажак «Импера-тор»га «шаҳзода»лик даврида таълим берди.

Гаджи ГАДЖИЕВ

(«Анжи» билан 4 марта ҳамкорлик)

1. 1999-2001. Ютуқлари: -

2. 2003. Ютуқлари: -

3. 2010-2011. Ютуқлари: -

4. 2013-2014. Ютуқлари: -

Гаджи Муслимович «Анжи» бошқарувини 4 марта қўлга олиб, клубнинг турли даврларига гувоҳ бўлди. Биринчи уриниши энг омадлиси - махачқалъаликлар асрлар алмашуви даври элит дивизионга йўл олиб, бирданига медалларга даъвогарлик қилишганди.

Гаджи бобо Сулаймон Керимовнинг катта сармояси эвазига кучайган «Анжи»ни ҳам бошқариб, бир неча ой Роберто Карлос ва Самуэль Это`О каби юлдузлар билан ишлади.

Айтганча, унинг 5-марта бош мураббий сифатида қайтиши ҳақида ҳам гап-сўзлар тарқалганди, бироқ бу ўз тасдиғини топгани йўқ.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz