Ўзбекистон футбол федерациясининг маркетинг ҳақида чиқарган хабарини алоҳида эътибор билан ўқиб чиқдим. Нима учун алоҳида эътибор? Чунки, ЎФФ ва ПФЛда айнан шу нарса азалдан катта муаммо эди.
Хабарда эса масалага ойдинлик киритилишига умид қилган бўлсам керак. Умид оқланмади. Аммо ўқиганларим орасида ёққани ҳам бор, албатта. Эртакларда ҳам подшонинг олдига яхши ва ёмон янгилик олиб келишганида, аввал яхшисини етказиш буюрилган экан.
Биз ҳам яхшисидан бошласак. Бу хабарни ўқиш орқали ўзим учун янги ибора кашф этдим - мерчендайзинг. Футбол ташкилотининг расмий сайтида чиққан хабар туфайли иқтисодиёт борасидаги билимимни ҳам синаб кўрдим. Тан оламан, бунинг учун интернетни анча титкилашга тўғри келди.
Чунки, иқтисодчи эмасман. Шунинг баробарида федерациядагиларнинг иқтисод бўйича билимига ҳам қойил қолдим. Ҳеч ким билмаган нарсаларни билишар экан-ей...
МЕРЧЕНДАЙЗИНГ - НИМА У?
Агар оламга машҳур энциклопедия - википедия алдамаётган бўлса, мерчендайзинг деганлари маркетинг жараёнининг бир қисми саналади. У орқали дўкондаги маҳсулотни сотиш услуби аниқлаб олинаркан.
Яъни, маҳсулот тури, қай тариқа қадоқланиши, пештахтага харидор эътиборини тортадиган қилиб қўйилиши ва рекламадан тортиб, нарх ёзилган қоғозча қандай туришигача белгилаб бераркан. Аммо мерчендайзинг бевосита савдо масаласига аралашмаслиги ҳам алоҳида ёзиб қўйилибди. Молингизга қанча чегирма қўясиз, улгуржи бериб юборасизми ёки чакана сотасизми - бу ёғи билан иши йўқ.
Энди ЎФФ расмий сайтидаги хабарда мерчендайзинг ҳақида нима дейилганига эътибор қаратсак: «Футбол клублари мерчендайзинг маҳсулотларини (клуб атрибутикаларидан фойдаланилган сувенир маҳсулотлар) ишлаб чиқариш ҳуқуқига эгалар. Ишлаб чиқаришдан олдин маҳсулотлар эскизлари ва дизайни ПФЛ маркетинг бўлимига тақдим этилиши ва тасдиқланиши зарур.
Футбол клублари ўз стадионларида мерчендайзинг маҳсулотларини сотувчи камида битта савдо шохобчасини ташкил қилишга мажбурлар.
Футбол клублари ўз уй стадионларидаги учрашувлар чипталарининг сотувидан тушган маблағнинг 2 фоизини ҳар йили ПФЛ ҳисобига ўтказиб боришлари шарт».
Кўриб турганингиздек, мен википедияда ўқиб олганим мерчендайзинг билан ЎФФнинг тушунчаси бир-бирига унчалик ҳам мос келмас экан.
Айниқса, чипталардан тушган пулнинг 2 фоизи ПФЛ ҳисобига ўтказиб берилишининг мерчендайзингга қандай алоқаси борлигига тушунмадим. Аммо майли, бунақа ибораларни иқтисод фани олимлари ва ПФЛга қўйиб берайлик-да, масаланинг асл моҳиятига ўтайлик.
Ўзбек футболида маркетинг масаласи қай даражада? Унинг истиқболи қандай? Умуман, маркетингни ривожлантириш учун нималар қилиш мумкин? Хориж футболи тимсолида бу борада ўз нуқтаи назаримизни билдиришга уриниб кўрамиз.
ПФЛ ВА ҲОМИЙЛАР
Маркетинг ҳақида гап борар экан, энг аввало, Профессионал футбол лигасининг ўзида ҳолат қандай эканига эътибор қаратсак. Бу ташкилотга пул келадиган бошқа бирор манба борми ёки фақат клублардан йиғиб олинадиган маблағ эвазига кун кўрадими? Умуман, профессионал мусобақаларни ўтказадиган ташкилот қандай бўлиши лозим?
ПФЛ ташкил этилганидан буён қанча вақт ўтган бўлса, биз уни фақат клублардан йиғилган бадал пулини сарфлайдиган ташкилот сифатида биламиз. Буни яшириш шарт эмас.
Ҳамма умид янги раҳбариятга боғланган эди, аммо афсуски, ҳозирча бу масалада ҳам бирор ўзгариш рўй берганини кўрмадик. Йўқ, узр, ўзгариш бор экан - ўша бадал пули миқдори сезиларли равишда оширилди. Шуни кутганмидик?
Таассуфки, ПФЛнинг қай тариқа пул ишлаши мумкинлигини ҳозирча тасаввур қилиб кўриш ҳам қийин. Яъники, охирги вақтларда кўп гапирилаётган маркетинг ва балки, мерчендайзинг ҳам жуда оқсаётир.
Айтайлик, ПФЛнинг ҳатто ўз ҳомийси ҳам йўқ. Яъни, бирор компанияни реклама қилиб, шу орқали пул ишлашни билмайди. Келинг, шу ўринда бошқа ўлкаларда вазият қандай эканига эътибор қаратсак.
Узоққа бормаймиз-да, Россия Премьер-лигасидан мисол келтириб қўя қоламиз. Бунинг учун ташкилотнинг расмий сайтига кирамиз ва «ҳомийлар» деб аталмиш ҳаволага мурожаат қиламиз. Компьютерингиз сичқончасини бир «ниқташ»нинг ўзиёқ сизга бир олам ҳомийлар рўйхатини чиқариб беради.
Бу ерда дунёга машҳур Nike бренди дейсизми ёки «Росгос-страх»га ўхшаган маҳаллий етакчи компаниялар дейсизми, барча-барчаси бор. Атайлаб санаб чиқдим, 11та компания РФПЛ билан ҳамкорлик қиларкан. Орасида авиакомпаниялар ҳам мавжуд. Мана буни профессионаллик деса бўлади!
Энди бир ўйлаб кўринг, шундай бақувват ҳамкорларга эга ташкилот фақат клублардан йиғиладиган бадал пулига қараб қолиши мумкинми? Ҳали биз Испания Ла-лигаси ёки Германия Бундеслигаси ҳақида гаплашмадик. Уларнинг ҳар бири қандай пул ишлашни жуда яхши билади ва лозим бўлганда клубларга ўзи ёрдам бериши мумкин.
Бизда-чи?
БИЗДА
ПФЛ келаси йилдан эътиборан олий лигани Суперлига, биринчи лигани эса Про-лига деб аташга қарор қилди. Аммо ном ўзгаргани билан яна ҳаммаси аввалгидек қолиб кетмасмикан?
Ҳозир ўзбек футболида вазият шундайки, клублар ўзаро тил бириктириб, алоҳида чемпионат ташкил этиб олса, ПФЛ молиявий жиҳатдан ҳеч қандай босим ўтказа олмайди. Тўғри, бу чемпионат расмий мақомга эга бўлмаслиги мумкин, аммо йирик миқдордаги бадал пулини тўлай олмаган жамоа қаердадир футбол ўйнаши лозим-ку, шундай эмасми?
Майли, бу чемпионатда ғолиб чиққан жамоа Осиё Чемпионлар Лигасига йўл олмасин, аммо томошабин тўплаш бўйича Суперлига ғолибидан ўтиб кетмаса, нима десангиз денг.
Олий лигада чемпионликка эришган «Локомотив»нинг ўйинига бу йил қанча мухлис келди? Ишонаверинг, агар «Нефтчи» ёки «Динамо» қандайдир ҳаваскорлар мусобақасида ғолиб чиқса, стадионга ишқибоз сиғмай кетади. Яна ҳам бу ареналар сиғими «Локомотив»никидан бир неча баробар кўп...
Мен бу билан клубларни алоҳида мусобақа ташкил этишга чақирмоқчи эмасман. Шунчаки, улар бўлмаса ПФЛ ҳам ҳеч нарсага арзимайдиган ташкилотга айланиб қолиши мумкинлигини назарда тутдим.
Зеро Профессионал футбол лигаси фақат клублардан бадал пули йиғиб оладиган ташкилот, холос. Ёки қаердадир адашяпманми?
КЛУБЛАР
Агар ПФЛ клублардан бадал пули йиғиб оладиган ташкилот бўлса, клубларнинг ўзи мажбурий ҳомийлардан ундирилган пулларни «ювадиган» жойга айланиб қолган. Ҳукуматимизга раҳмат, ўтган йиллар давомида футболни ривожлантириш учун кўплаб қарорлар қабул қилди.
Хусусан, олий лигадаги ҳар бир клубга йирик завод ва ташкилотларни ҳомий этиб белгилагани ҳам шулар жумласидан. Дастлабки режа бўйича бу билан молиявий муаммоларни бартараф этиш ва футболимизни ривожлантириш кўзда тутилганди. Аммо амалда қандай бўлиб чиқди?
Ҳозир Ўзбекистон чемпионатида ўзини уддалай оладиган фақат битта клуб бор, у ҳам бўлса - «Пахтакор». Қолган жамоаларнинг барчаси мажбурий ҳомийлар қўлига қарайди. Ҳомий пул бермай қолса, ойлар ва ҳатто йиллар давомида футболчиларга маош берилмаслиги мумкин.
Аммо ёмон томони шундаки, ҳомий берадиган пул ҳам ҳар доим футболчиларга етиб келавермайди. Чунки олдин нафси ўпқондек ҳакалак отган айрим клуб раҳбарлари ва мураббийлари тўйиб олишлари лозим. Бу «анъана» неча йилдирки давом этиб келмоқда.
Муаммони қандай бартараф этиш мумкин? Битта йўли бор - клубларни хусусийлаштириш. «Бўйнидан боғланган ит овга ярамас», деган нақл бекорга айтилмаган. Клублар мажбурий ҳомийлардан тушадиган пулга кун кўраверар экан, раҳбарига инсоф битиши ҳам шунчалар қийин бўлаверади.
Бир жамоани билардим, 15-20 йил олдин олий ва биринчи лигада ўз ўрнига эга эди. Аммо унга ҳомийлик қиладиган корхонага Испаниядан сармоядорлар келди-ю, икки-уч йилга қолмасдан клуб ҳам ёпилиб кетди. Чунки испаниялик раҳбарлар шунчаки пул бериб қўймади, балки ҳисобот ҳам сўради.
Уларни алдаш эса қийин экан, «Стадионни реконструкция қилиш учун темир-бетон сотиб олдик», деб қоғоз тўлдирган билан иш битмади. Оқибатда, бутун бошли шаҳар футболсиз қолди.
Хўп, ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти шу масалада нималар қилмоқчи? Иқтисод китобидан турли терминларни топиб, расмий хабарга зеб бериш яхши, албатта. Аммо «Пахтакор»га келгани каби ҳомийларни яна қаердан топса бўлади? Nike`ни қандай қилиб олиб келамиз?
Ўзбек футболи раҳбариятида шу саволларга жавоб борми?
МТЖ
Инсоф юзасидан айтганда, юқорида келтирилган икки таклифни амалга ошириш анча қийин. Чунки, ўзини оқламайдиган ишга пул тикишни ҳеч ким истамайди.
Буни жуда яхши биламиз. Зотан ПФЛга Nike каби ҳомийлар, клубларга эса «Пахтакор»ники сингари сармоядорлар келиши жуда мушкул.
Бунинг учун олдин ҳамма жойни тозалаб чиқиш керак. Аммо баъзи ишлар борки, уни қўллаш учун ортиқча куч ҳам, катта билим ҳам шарт эмас. Масалан, Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳомий жалб этиш.
Билсангиз, дунё футболи амалиётида пул ишлаш учун энг яхши воситалардан бири сифатида терма жамоа кўрилади. Чунки у ўз номи билан бутун бошли миллат жамоасидир. Муҳим ўйинлар бўлганда ҳатто футболнинг «ф» ҳарфини тушунмайдиганлар ҳам унга албатта мухлислик қилади.
Келинг, шу ўринда ҳам узоққа бормайлик-да, яна ўша Россия термасини мисол қилиб келтира қолайлик. Юқорида Россия Премьер-лигасида 10дан ортиқ ҳомийлар борлигини айтгандик. Буни қарангки, Россия миллий жамоасида ҳам ҳомийлар сони оз эмас экан.
Энг алам қиладигани эса, Асакадаги автомобиль ишлаб чиқарувчи «Равон» бренди ҳам мана шундай ҳомийлар сирасига киради. 2017 йилнинг 1 октябридан Россия футбол иттифоқи ва «Равон» бренди расман ҳамкорликни бошлади.
Мана шу ҳамкорлик доирасида Россия терма жамоаси 7 ва 10 октябрда Эрон ҳамда Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик ўйинларида ҳам майдонга тушди. «Ravon - официальнўй спонсор футбольной сборной России», деган шиорни ўзингиз ҳам эшитган бўлсангиз керак.
Энди савол пайдо бўлади: наҳотки, Ўзбекистон терма жамоаси билан ҳам ҳамкорлик қиладиган компания топилмаса? Топилади! Фақат бунинг учун ишлаш керак.
Агар фақат бадал пулини бир неча баробар ошириш ва чипта пулининг 2 фоизини клублардан олиб қўйиш билан футболни ривожлантиришни истаётган бўлсак, унда «ўзгариш» деган сўз ҳам футболимизда шунчаки бир иборага айланиб қолиши аниқ. Худди «мерчендайзинг» сингари...
Зафар ҚОСИМОВ
Манба: www.interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20